ADOLAT 24

УНИНГ ИСМИ МАТОНАТ…

Қирқ яшар мактаб ўқитувчиси саратон хасталигига чалинди. Шифокорлар узоғи билан бир йил умрингиз қолди дейишди…

Ўқитувчини бир савол қийнарди: “Ўлганимдан кейин хотиним ва қизларим қандай кун кўради?”

У инглиз тили ва адабиётидан дарс берарди, бестселлер бўладиган роман ёзиб, муаллифлик ҳуқуқини оиласига мерос қолдиришдан бошқа жўяли режа хаёлига келмади. Аввал умрида ҳеч асар ёзмаган бўлса ҳам, ҳозирги аҳволи ва қолган камгина вақти нуқтаи назаридан бошқа бирон бизнес бош­лашга имкони ҳам йўқ эди. Хуллас, у роман ёза бошлади.

Мақсади юксак адабий дурдона яратиш эмас, шунчаки оммабоп асар ёзиш эди. Жон-жаҳди билан киришди. Шу даражадаки, ҳаётини фақат бир йилу битта хонадан иборат деб тасаввур қилди. Ҳар куни асари устида ишлади, ҳеч нимани ўйламади: на касалини, на тузалишни. Муддат тугагунича ишни якунлай олса бас.

У бўлажак романи ўқувчиларини худди мактабдаги ўзининг ўқувчиларидек тасаввур қилди. Асари қаҳрамонларини ҳам ўқувчи болалардек деб билди, улардан илҳомланди, бутун ўқитувчилик тажрибаси давомида болалар билан бўлган мулоқоти, таъсирлари ва хулосаларидан фойдаланди.

Ўзига шартли равишда берилган йил ниҳоясига етар-етмас роман битди. Қаҳрамонимиз қўлёзмани нашриётга топшириб, шифокор қабулига борди. Шифокор эса рентген суратлари, қон таҳлиллари ва бошқа текширувлар натижаларини қайта-қайта кўриб, кўзларига ишонмади – саратон чекинганди! Бемор соғая бошлаганди.

Ўша ўқитувчи – ҳозирда жаҳонга машҳур ёзувчи Энтони Бёржес эди, унинг “Уйғотувчи апельсин” романи ҳақиқий бестселлер бўлди. Асар асосида кейинчалик Стенли Кубрик суратга олган фильм катта шов-шув ва жанжалларга сабаб бўлди, ҳатто бир муддат тақиқлаб ҳам қўйилди (бу бошқа тарих).

Бёржес ўша романдан кейин яна 50 дан ортиқ китоб ёзди. Бу ҳам камдек мусиқа ёза бошлади: 175 та мусиқа асари яратди! Ҳатто симфоник оркестр ҳам Бёржесга мусиқа буюртма қилган…

Ёзувчи мудҳиш ташхисдан кейин яна 34 йил яшади ва 1993 йилда ўпка саратонидан вафот этди (тақдир). Аммо бир саратондан бошқасигача у дунёга машҳур ижодкор бўлиб яшашга улгурди.

Ижод, севимли касб шундай – даволайди, юксалтиради. Ишга оёғингизни судраб келсангиз, истамай ишласангиз, ҳафсаласиз шуғуллансангиз – касб сизни емиради, ейди! Ҳар кимсага кўнглига ёққан касб билан шуғулланиш ва ундан манфаат кўриш бахти насиб этсин.

Қолаверса, ҳар биримизнинг ичимизда ҳали ўзимиз билмаган бир истеъдод муд­раб ётган бўлиши мумкин.

Машҳур рассом Гоген 40 ёшидан кейин рассомчилик билан шуғуллана бошлаганини биласиз. Аслида ёш жуда шартли нарса, агар ўзингизда куч ва иқтидор сезсангиз, фаолият турини ўзгартириш учун 40-50-60 ёш ҳам кеч эмас.

(Фейсбукдан олинди)

Tegishli xabarlar

УСТОЗ ВА ШОГИРДЛИК МАҚОМИ йўқолиб кетади(ми?)

admin

ШИРАКАЙФ ХАЙДОВЧИ

admin

Муаммолар бартараф этилмоқда

admin