ADOLAT 24

Яна обуна ҳақида

Яқинда журналист дўстларимдан бири аҳолининг маълум қатламларининг матбуот нашрларига бўлган муносабатини аниқлаш мақсадида норасмий сўровнома ўтказибди. Сўровномада қатнашган 100 та одамнинг 58 таси газета-журналлардан бирортасини ҳам мутлақо ўқимаслигини айтибди. Сўровнома иштирокчиларидан 11 таси бир-иккита газета-журнал ўқишини билдирибди. Респондентлардан 10 таси баъзи босма нашрларга обуна бўлган экан. Сўралганлардан 13 таси оммавий ахборот воситалари ҳаётимиз учун зарур эмас, деб жавоб беришибди. 7 таси газета-журналлар эндиликда талабга жавоб бермайди, деган фикрни билдиришибди.

Журналист дўстим бундан 8 йил олдин ҳам шундай норасмий сўровнома ўтказган экан. Ўшанда сўровнома натижалари, факт ва рақамлар бошқача бўлган экан. Яъни, газета-журналларни ўқимайдиганлар 19 та, ўқийдиганлар 46 та, обуна бўлганлар 35 тани ташкил этган.

Гапнинг рости, саккиз йил ичида рўй берган бундай ўзгаришларга, журналист дўстимнинг норасмий сўровнома орқали аниқлаган факт ва рақамларига унчалик ишонмадим. Эҳтимол, у аҳолининг оммавий ахборот воситаларига эътибор бермайдиган, босма нашрларни тан олмайдиган қисми ўртасида сўровнома ўтказгандир, балким рес­пондентларнинг саволларга жавобларини келтиришда, уларнинг қайси саволларга жавоб берганини аниқлашда янглишгандир, деган фикрга келдим.

Ахир эътибор беринг, 8 йил ичида босма нашрларни ўқимайдиганлар уларни мутолаа қиладиганларга, оммавий ахборот воситаларига обуна бўлмайдиганлар обуна бўладиганлар сонига нисбатан бир неча баравар ошибди. Энг ёмони, газета-журналларни мутлақо ўқимайдиганлар сўровнома иштирокчиларининг ярмидан кўпини ташкил этибди. Наҳотки, шундай бўлса?!

Афсус, минг афсус, журналист дўстимнинг сўровномасига жавоблардаги факт ва рақамлар ниҳоятда тўғри экан. Бунга айни кунларда яна бир видео сўровнома, аниқроғи, “Rost.24.uz.” сайти мухбири Машҳура Насриддинованинг одамлар билан газета-журналларни мутолаа қилиш борасидаги савол-жавобларини кўриб, ишонч ҳосил қилдим. Республика “Матбуот уйи” олдида ўтказилган бу сўровномада ҳар ўн одамдан тўққизтасининг газета-журнал ўқимаслиги аён бўлди.

Хўш, қандай қилиб бундай ҳолатга тушиб қолдик? Нега босма нашрларни кам ўқийдиган, баъзан эса умуман ўқимайдиган бўлдик? Нима учун маънавият, ижтимоий ҳаёт масалаларини ёритадиган матбуот нашрларига эътибор камайиб кетди. Бунинг сабаблари кўп. Сабаблардан бири ва энг асосийси, бугунги ҳаёт тарзимиз билан боғлиқ. Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин халқимиз учун демократик эркинликлар берилди, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб олиши учун имкониятлар яратилди. Бундай имкониятлардан боши осмонга етган одамлар ўзларини, биринчи навбатда, иқтисодий соҳага урдилар. Мустақиллик ислоҳотлари фа­қат иқтисодий соҳада, деб ўйладилар. Иқтисодий ютуқларга эришганларга бошқалар ҳам эргашдилар. Ахир бозор савдо-сотиқ, рес­торан ва бошқа шу каби иқтисодий соҳаларда осонгина маблағ топиш, бойиб қолиш имкони турганда ўқитувчилик, шифокорлик қилиш, китоб титкилаб илм излаш кимга хуш келарди. Шундай қилиб, жамиятда фақат бойлик тўплашни, нафсини қондиришни ўйлайдиганлар қатлами пайдо бўлди. Уларга нисбатан муносабат ҳам, эътибор ҳам аввалгидан кучайди. Шу сабабли улар бугун ҳам ҳаётда фаол, жамиятда салкам етакчи кучга айланмоқда, десак хато бўлмайди. Бунга мисол излаб узоққа бориб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шундоқ ён-веримизга назар ташласак бас. Мамлакатимизнинг хоҳлаган шаҳар ва қиш­лоғидаги бирор кўчага кирсангиз, ўнлаб, юзлаб турли хилдаги дўконларни, емакхоналарни кўрасиз. Улар қаторида ҳашаматли тўйхоналар қад ростлаган. Ушбу соҳа вакилларининг димоғи осмонда. Лекин ана шу кўчаларда кутубхона, қироатхона, газета дўкони, маданият, санъат масканларини, ёшлар ижодий, илмий даргоҳларини учратишимиз амри маҳол. Агар уларнинг бир-иккитаси мавжуд бўлса ҳам бу даргоҳларга одам кирмай, ҳувуллаб ётганига гувоҳ бўласиз. Гўё кимдир одамларни маданият, маънавият, санъат масканларидан қувиб чиқариб, бозорлар, дўконлар, емакхоналарга йўллаётгандай. Яъни, ҳамма ейиш-ичиш, бозор билан банд.

Тўғри, мамлакатимизда фақат иқтисодий соҳадагина эмас, бошқа соҳаларда ҳам, хусусан, маданият, маънавият, санъат соҳаларида ҳам жиддий ислоҳотлар ўтказилди, бу тизимларни тубдан ривожлантириш борасида қонунлар, қарорлар қабул қилинди. Афсуски, уларнинг ҳаётда, одамлар фаолиятида амалий натижалари сезилмаётибди. Борган сари аҳолининг маълум қатламлари орасида ижтимоий, гуманитар масалаларга қизиқиш сусаймоқда, маданий ҳаётдан узилишлар оқибатида маънавий қашшоқлик жараёни юзага келмоқда.

Маънавий қашшоқликнинг айрим кўринишлари оммавий ахборот воситаларига, босма нашрларга эътиборсизлигимиз, китобхонлик даражасининг ниҳоятда пастлиги, илм-фанга қизиқишнинг сусайганлиги каби ҳолатларда ҳам кўзга ташланади.

Эътибор беринг, ижтимоий ҳаётнинг барометри бўлган газета-журналларни ўқимасак, инсон қалбини тозартирадиган, унга гўзал ҳис-туйғуларни индирадиган китобларни мутолаа қилмасак, тараққиётга хизмат қиладиган илм-фанни ривожлантирмасак, буни маънавий қашшоқликдан бошқа яна қандай ном билан аташ мумкин? Аксинча, биз бугун оддий фуқародан тортиб раҳбарларгача газета-журналлар ўқимаслигимизни айтиб уялиш ўрнига, “газета-журналларни мутлақо ўқимайман”, деб ғурурланадиган, мақтанадиган бўлиб қолдик.

Дунё аҳлининг аксарияти китобхонлик билан шуғулланиб турганда, биз болаларимизга машина совға қилиб, китоб ўқитадиган бўлдик. Қилаётган илмий ишларимиз ҳаёт талабига жавоб берадими, йўқми, мутлақо қизиқмаймиз. Бугун орамизда етук мутахассисдан кўра дипломли “кадр” кўпайиб бормоқда. Хуллас, бугунги бундай ҳолатга тушишимизга тобора кучаяётган маънавий қашшоқлигимиз сабаб бўлмоқда, десак асл ҳақиқатга яқинлашган бўламиз.

Кейинги йилларда газеталар ва журналлар обуналари ҳақида кўп сўз юритиладиган бўлди. Шундай бўлиши табиий ҳол. Чунки обуна босма нашрларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан халқ билан боғлайдиган кўприк. Лекин бу кўп­рик эндиликда ниҳоятда омонат бўлиб қолди. Обуначилар сони кескин камайиб кетди. (Босма нашрлар савдоси эса мутлақо талабга жавоб бермайди). Бу кескин камайиш сабабларини оммавий ахборот “билимдонлари” ҳар хил шарҳлашади. Баъзилар “бугунги кунда босма нашрлар ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлди, улар ўрнини интернет тармоқлари эгаллади”, деб важ кўрсатадилар. Уларнинг бу важи асоссиз эканлигини ҳаёт ҳар қадамда исботлаб турибди.

Дунёнинг юксак тараққий этган мамлакатларида интернет ҳар қанча ривожланган бўлмасин, босма нашрларнинг аксарияти кунига бир неча миллион нусхада икки-уч мартадан нашр қилинмоқда. Айни пайтда, юртимизда интернет тармоқлари актуал хабарларни тарқатишдан ташқари олди-қочди, қўйди-чиқди, миш-мишларнинг, маънавий-маърифий чиқишлар ўр­нига маданиятимизга ёт бўлган мақолалар, маълумотлар эълон қилинадиган, ҳақоратлар уясига айланиб улгурди.

Билимдонларнинг яна бир гуруҳи собиқ шўролар даврида амалда бўлган “Мажбурий обуна” тизимини қайта тиклашни ёки босма нашрларнинг нархи ошганлиги сабабли обуначилар учун давлат томонидан маълум миқдорда субсидия ажратишни таклиф қилмоқдалар. Улар фикрича, ана шунда обуначилар сони ошиб, газета-журналларнинг фаол муштарийлари кўпаяр экан.

Оммавий ахборот воситалари билимдонларининг айримлари бос­ма нашрларни жойларга арзон нархларда ёки умуман бепул тарзда етказиб бериш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар. Аслида шундай тажриба хорижий давлатларда мавжуд. Яъни, босма нашрларнинг аксарияти савдо-сотиқ дўконлари, емакхоналар, корхоналар томонидан сотиб олиниб, бепул ўқиш учун қўйи­лади. Мижозлар, ишчилар улардан текин фойдаланадилар. Муштарийлар сонини кўпайтиришда бу ҳам бир чора саналади.

Умуман билдирилаётган таклиф ва мулоҳазаларда маълум маънода жон бор. Булар босма нашрлар обуналарини кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бизнинг мақсадимиз фақат босма нашрлар обунасини кўпайтиришдан иборатми? Ахир асосий мақсадимиз газета-журналларимизнинг фаол, кенг фикрлайдиган, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси, жамиятимиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган, мулоҳазакор муштарийларни кўпайтиришдан иборат эмасми? Шундай экан, газета-журналларни мутлақо ўқимайдиган, маънавий қашшоқлик вирусига гирифтор бўлганларга босма нашрларни қандай йўсинда бўлмасин етказиб бериш билан уларни фаол муштарийларга айлантириб, асосий мақсадимизга эришиб бўлармикан?! Демак, бу ўринда юқоридагилардан ташқари обуна масаласига бошқача ёндашув ҳам зарур.

Обуна пайтида яна бир ғалати жараён кўзга ташланади. Обуна иши билан асосан таҳририятлар ва бу жараёндан манфаатдор шахс­лар шуғулланадилар. Бир қарашда бу ҳолат кишида тўғридек таассурот қолдиради. Ахир маҳсулот чиқарган, яъни газета-журнал нашр этишга масъул бўлган таҳририят унинг савдоси билан ҳам шуғулланиши керак-да. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бу ўринда маҳсулот савдоси билан фақат таҳририят эмас, буюртмачи ҳам шуғулланиши лозим. Буюртмачи эса газета-журналларнинг муассислари ҳисобланади. Чунки босма нашрлар муассисларнинг ғоя­лари, фикр­лари, хулосалари асосида шакл­ланади. Шундай экан, муассислар қўл остидаги нашрларнинг обуналарига биринчи нав­батда жавобгар бўлиш­лари керак. Афсуски, кўп муассислар таҳририятлар билан ҳамкорликни улар устидан раҳбарлик қилиш, буйруқ бериш, деб тушунишади.

Эътибор беринг, мамлакатимизда бешта партия фаолият юритмоқда. Бу партияларнинг ўз нашрлари — газеталари бор. Ҳар бир партиянинг кўплаб аъзолари бор. Бироқ ана шу партияларнинг газеталари 1,5 мингдан бошлаб 5 минг нусхагача нашр этилади, холос. Бугунги сиёсий жараёнда бошқа оммавий ахборот воситаларига эга бўлмаган бу партиялар ўз ғоялари, ютуқлари, амалга ошираётган ишларини тиражи кам сонли газетаси орқали кенг омма нари турсин, ўз аъзоларига қандай етказар экан? Ёки бу партияларнинг аъзолари газета ўқимасдан туриб ўз ташкилотларининг ютуқ ва камчиликларидан қандай хабардор бўлар эканлар? Шундай экан, энг аввало, бу сиё­сий партиялар ўз нашрларининг обунаси ҳақида ўйлашлари керак эмасми?!

Ёхуд Халқ таълими вазирлиги муассислигида республикамизда “Тонг юлдузи”, “Класс”, “Гулхан”, “Ғунча”, “Маърифат” газеталари ва журналлари нашр қилинади. Уларнинг ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда умумий тиражи 15 минг нусхадан ошмайди. Тасаввур қилинг, мамлакатимизда 10 миллион ўқувчи мактабда таълим олади. Шундан тенг ярмини бошланғич синф ўқувчилари ташкил этади. Улар учун нашр қилинадиган “Тонг юлдузи” газетаси эса бор-йўғи минг дона чиқади. Ахир бу газета болаларнинг маънавий савия­сини оширишга, уларни ижодкорликка, яратувчиликка ундайдиган нашр-ку. “Маърифат” газетаси вазирликнинг қарор ва кўрсатмаларини мактаб­лардаги устоз ва мураб­бийларга етказувчи восита саналади. Аммо бу газетанинг тиражи республикамиздаги мавжуд мактабларга биттадан ҳам етмайди. Аслида бу газетанинг ҳар бир сони ҳар бир ўқитувчи учун асосий қўлланма вазифасини бажариши шарт.

Хўш, бу жараённи Халқ таълими вазирлигидагилар билишмайдими? Билишади, лекин мавжуд ҳолат улар ўз вазифаларини астойдил амалга оширишни исташмаётганини кўрсатади.

Бундай фикр ва хулосаларни “Ёшлар овози”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Маҳалла”, вилоят ва туман газеталари муассислари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Демак, бугун босма нашрларга обунани яхшилаш масаласи нафақат таҳририятларнинг, балки, энг аввало, муассисларнинг ишига айланиши шарт.

Ҳозирги пайтда кўпчилик обунанинг кўпайиши таҳририятларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади, деб қарашади. Тўғри. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Обунанинг кўпайиши, газетхонлар, муштарийлар сонининг ошиши айни пайтда халқимиз сиёсий онгининг ўсишида, мамлакатимизда маънавий дунёқарашнинг шаклланишида, ягона миллий ғоянинг таркиб топишида ниҳоятда муҳим роль ўйнайди. Буларнинг ҳаммасининг амалга ошиши учун одамлар, энг аввало, маънавий қашшоқлик вирусидан халос бўлишлари лозим.

КАМОЛ МУҲАММАД ЁҚУБ,

журналист

Tegishli xabarlar

Матбуот котиблари фаолияти такомиллаштирилади

admin

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

admin

Илм — тараққиётнинг бош мезони

admin