ADOLAT 24

Туркий дунё Самарқанд бағрида бирлашди

Айни кунларда ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд яна бир халқаро анжуманга — Туркий давлатлар ташкилотининг саммитига мезбонлик қилмоқда. Бу ташкилот ўз-ўзи­дан пайдо бўлмаган. Унинг ташкил этилишида туркий тилли давлатлар раҳбарлари муҳим роль ўйнаган. Ташкилотнинг ўз шаклланиш тарихи бор. Бу тарих бир неча босқичлардан иборат.

Биринчи босқич унинг ташкил этилиши билан боғлиқ. Ташкилот 1992 йилда Анқарада туркий тилли давлатлар раҳбарлари — Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизис­тон, Туркманистон ва Туркия президентларининг учрашуви асосида юзага келган. Кейинчалик туркий тилли давлатлар раҳбарларининг учрашувлари 1994 йилда Истанбулда, 1995 йилда Бишкекда, 1996 йилда Тошкентда, 1998 йилда Остонада, 2000 йилда Бокуда, 2001 йилда Истанбулда, 2006 йилда Анталия­­да, 2010 йилда Истанбулда давом этди. Мазкур учрашувлар асосида туркий тилли давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик юзага келди. Бу ташкилот шаклланишининг илк босқичи эди.

2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида бўлиб ўтган нав­бат­­даги саммит Туркий тилли давлатлар ташкилоти фаолиятининг иккинчи босқичини бош­лаб берди. Бу саммитда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаш (Туркий кенгаш) ташкил этилди. Туркий кенгаши тузиш борасидаги Нахичеван битимига кўра, туркий тилли давлатлар ўртасида тармоқлараро ҳамкорликни инс­титуциявийлаштириш жараёни, Туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси каби шериклик алоқалари яратилди. Ушбу битимнинг 2-моддасига биноан тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни тоза сақлаш, маданий, илмий-техник, ҳарбий-техник, таълим, энергетика, транспорт, кредит соҳаларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкилотнинг асосий вазифалари қилиб белгиланди.

2021 йилнинг ноябрь ойида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммит Туркий давлатлар ташкилоти шаклланишининг учинчи босқичини бошлаб берди. Ушбу саммит давомида туркий давлатлар раҳ­барлари ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш)ни Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартиришга қарор қилинди. Бу ташкилотнинг фаолиятини кучайтиришга, дунё­вий аҳамиятини оширишга, халқаро ҳамжамиятдаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Эндиликда Туркий давлатлар ташкилоти қошида бир неча тузилмалар — Халқаро Туркий маданият ташкилоти, Туркий давлат парламент ассамблея­­си, Халқаро туркий академия­­си, Туркий маданият ва мерос фонди, Туркий савдо-саноат палатаси, Оқсоқоллар кенгаши, ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси, Бош котибият ва бош­­қа шу каби бўлинмалар фаолият юритмоқда.

Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти ўз бағрига бешта мамлакатни — Озарбайжон, Ўзбекис­тон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатлари­­ни бирлаштиради. Яна икки мамлакат — Турк­манистон ва Венгрия кузатувчи мақомига эга.

Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотга 2019 йилнинг октябрь ойида аъзо бўлган эди. Хўш, ўтган давр ичида Туркий тилли давлатлар ташкилоти билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик натижалари, муваффақиятлар нималарда кўзга ташланади?

Бу ўринда истиқболли ҳамкорликлар учта йўналишда намоён бўлади.

Биринчи йўналиш — республикамиз ва Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш билан боғлиқ. Бу ўринда ҳамкорлик доирасида иқтисодиётни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инфратузилмаларни такомиллаштириш ва бошқа муҳим лойи­ҳаларни ҳаётга жорий қилиш белгиланган ҳамда уларнинг аксарияти бажарилган. Савдо ҳамкорлиги нуқтаи назаридан Кас­пий денгизи орқали Шарқ-Ғарб йўлаги ташкил этилмоқда. Бу йўлак “Туркистон йўлаги”га босқичма-босқич уланмоқда. Ана шу йўлаклар доирасида божхона тартиблари соддалаштирилмоқда ва давлатларнинг қонун-қоидаларига уйғунлаштирилмоқда.

Бу йўналишда маълум ишлар бажарилган. 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекис­тон ва Қозоғистон ўртасида “Рақамли ТИР” пилот лойиҳаси ишга туширилди. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб ушбу лойи­­ҳа доирасида Қирғизистон билан ҳам иш бошланди. Ташкилот саъй-ҳаракати билан дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида “ePermit” лойиҳаси тест режимида фаолият бошлади. Эндиликда ушбу лойиҳа доирасида Қозоғистон билан ҳамкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ташкилотга аъзо давлатлар учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам қулай имкониятларни яратмоқда. Хусусан, Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритдилар. Бу мамлакатимизга киритилган хорижий инвестициялар умумий ҳаж­мининг 10 фоизини ташкил этади. Ана шу инвестицияларнинг 1 миллиард АҚШ долларидан ортиғи 2021 йилда киритилган. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ўзбекис­тонга киритган инвестициялари кейинги бир йил ичида аввалги йилларга нисбатан 30 фоизга ошди.

Бундай ўсишни савдо-сотиқ соҳасида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Ўзбекистон билан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўтган йилда 9,3 миллиард АҚШ долларига тенг савдо-сотиқ ишлари амалга оширилган. Бу эса уларнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улушининг 20 фоиздан ошиқ эканини кўрсатади. Бошқача айт­ганда, 2021 йилда аввалги йилларга қараганда Ўзбекистон ва ташкилот аъзолари бўлган давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми 3 бараварга ошган.

Ҳамкорликнинг иккинчи йўналиши рақамли трасформация билан боғлиқ. Маълумки, соҳаларда рақамлаштиришни жорий этиш ҳар қандай давлатнинг тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, бу масала Туркий тилли давлатлар ўртасида ҳам ниҳоятда долзарб ҳисобланади. 2021 йилда Истанбулда ўтган саммитда қабул қилинган муҳим актлардан бири — “Туркий дунё нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилганди. Яъни, ҳужжатда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга имкон берадиган минтақалар­аро рақамли алоқани ўрнатиш масаласи белгиланган.

Ҳамкорликнинг учинчи йўналиши маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Сир эмас, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқлари қадим-қадимдан бир тарихий илдизга эга. Шу сабаб бу мамлакатлар халқлари ўртасида нафақат дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, балки маданий, маънавий, маърифий ҳамкорликларга кенг йўл очиб бериш ҳам ҳаётий зарурат ҳисобланади. Айниқса, бугун тараққиёт ҳаётнинг асосига айланган экан, таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликлар, фан соҳасидаги академик алмашинувлар, қўшма маданий тадбирлар, маданият, санъат аҳлларининг борди-келдилари ниҳоятда зарур.

Эндиликда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ягона алифбога ўтиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Мамлакатимизда туркий тилли давлатлар ижодкорларининг сараланган 100 жилд­лик асарлари нашр қилинаётганлиги ҳам ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Мамлакатимиз Президенти ушбу ташкилотни амалга оширилмаган катта имкониятлар ва бирлаштирувчи кучга, салоҳиятга эга бўлган минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми деб атаган ҳамда “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвес­тиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деб таъкидлаган эди. Шу билан биргаликда давлатимиз раҳбари ушбу ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ аниқ ва муҳим ташаббусларни илгари сурган эди. Ҳозирги пайтга қадар ана шу ташаббусларнинг 20 дан ортиғи амалга ошди.

Хусусан, Президентимиз ташаббуси асосида мамлакатимизда “Ёш тадбиркорлар форуми” ташкил этилди. Ўтган йилнинг 20 сентябрида республикамизда форумнинг “IDEA — Ёш тадбиркорлар форуми” деб номланган биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу форумда Озарбайжон, Туркия, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва юртимиздан 200 дан ортиқ ёш тадбиркорлар, экспертлар, Туркий тилли давлатлар ташкилоти вакиллари қатнашдилар. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар аҳолисининг 29 фоизини, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, ёшлар ва уларнинг лойи­ҳаларини қўллаб-қуватлаш, тадбиркорлигини ривожлантиришга қулай шарт-шароитлар яратиш ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиётларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Амалга оширилган ташаббуслардан яна бири транспорт ва божхона тартиб-тамойил­ларини рақамлаштириш билан боғлиқ. Бу борада туркий тилли давлатлар ўртасида катта ишлар амалга оширилди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг йирик логистика марказлари — “Universal Logistics Service” (Тошкент), “Akhtachi”(Андижон), “Termez Cavdo Centre” (Сурхондарё) 2021 йилнинг 14 октябридан бошлаб Туркий давлатлар ташкилотининг “Биродар портлар” гуруҳига қўшилди.

Маълумки, халқаро туркий ташкилот “Турксой” томонидан 2012 йилдан бошлаб ҳар йили ташкилотга аъзо давлатларнинг машҳур ва тарихий шаҳарларини “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Шу асосда 2021 йилда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар туризм вазирларининг навбатдаги йиғилишида Қўқон шаҳри 2022 йилда “Турк дунёсининг туристик пойтахти” деб эълон қилиниши амалга ошган навбатдаги ташаббуслардан бири бўлди.

Амалга ошган ташаббуслардан яна бири аграр соҳа билан боғлиқ бўлди. Шу йилнинг 3-4 июль кунлари Тошкент шаҳрида ташкилотга аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалиги бўйича вазирларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Улар иштирокида ўтган йиғилишда Биринчи туркий агрофорум ташкил этилди. Уни келгусида анънавий ўтказиш белгиланди ва агрофорум дои­расида туркий тилли давлатлар ўртасида агросаноат маҳсулотларини айирбош­лашга эътибор қаратилди.

Туризмни ривожлантириш, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мус­таҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида ташкил этилган “Ёш лидерлар” форуми ҳам амалга ошган ташаббуслардан бири бўлди. Форум шу йилнинг 3-4 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилди. Натижада Бухоро шаҳри “Турк дунёсининг биринчи ёшлар пойтахти”, деб эълон қилинди. Форум доирасида “Туркий дунё ёшлари боғи”, “Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти” монументлари очилди.

Навбатдаги амалга ошган ташаббус Алишер Навоий номидаги “Турк дунёси борлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун” халқаро мукофотининг таъсис этилиши бўлди. 2021 йили 12 ноябрда Истанбул саммитида ушбу мукофотнинг таъсис этилгани ҳақида қарор қабул қилинди. Шу йили Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ана шу юксак мукофот билан тақдирланди. Ушбу халқаро мукофотнинг таъсис этилиши туркий тилли давлатларни бир-бирига яқинлаштиришга, дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мамлакатимиз Президенти ва ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг раҳбарлари томонидан билдирилаётган таклифлар ва ташаббуслар навбатдаги саммит ҳамда анжуманларда ўз ижросини топиб бораверади.

Дунё сиёсатдонлари ва халқаро экспертлар Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилотининг анжуманини шу ташкилотнинг биринчи саммити сифатида тарихда қолади, деб баҳолашмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки ушбу саммит туркий тилли давлатлар яхлит ташкилотга бирлашганидан кейин биринчи марта ўтказилмоқда. Қолаверса, унда кўтариладиган муаммолар, кун тартибига қўйиладиган масалалар кўлами, минтақалараро ҳамкорликларни янада кучайтиришга оид таклиф ва мулоҳазалар, ташаб­буслар ниҳоятда кўп. Жумладан, саммит доирасида Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий каби туркий тилли халқларнинг улуғ алломалари, шоир­лари маданий меросини ҳар тарафлама жиддий ўрганиш, уларга бағиш­ланган халқаро илмий анжуманлар ўтказиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйи­­ча туркий давлатлар ташкилоти тузилмаси, туркий халқлар меросини ўрганиш халқаро маркази, IT мутахассислар платформаси, Инжиниринг-технология маркази ҳамда туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот маркази кабиларни яратишга доир концепциялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Шунинг­дек, ушбу саммитда ёшлар ташаббусларини қўллаб-қуватлаш, савдо, инвестиция, яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникация, таълим ҳамда маданият соҳаларидаги ҳамкорлик­ларни кенгайтириш масалалари ҳам кун тартибига қўйилган.

9-10 ноябрь кунлари саммит доирасида “Боқий шаҳар” мажмуасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар, Иқтисодиёт, Савдо, Траспорт ва бошқа вазирликлар, турли идоралар вакиллари оммавий ахборот воситалари учун брифинглар ўтказдилар. Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев саммитда амалга ошириладиган ишлар хусусида маълумот берди. Уларнинг маълумотларига кўра, Туркий давлатлар ташкилотининг айни кунларда “Инвестициявий жамғармаси ҳақида”ги битим, “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида” битим, “Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик дастури” каби ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Умуман, Туркий давлатлар ташкилоти туркий тилли мамлакатларни бирлаштирган, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларига эга бўлган минтақавий ташкилотдир. Унинг нуфузи ва обрўси халқаро миқёсда ҳам ошиб бормоқда. Ҳозирга қадар 15 га яқин мамлакат Туркий давлатлар ташкилоти билан турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш борасида истакларини билдиришган. Самарқанд ўз бағрида ана шундай нуфузли ташкилотни ва унинг вакилларини, бошқача айтганда, туркий дунёни бирлаштирмоқда. Халқаро саммит бугун ўз ишини бошлайди.

Камол МАТЁҚУБОВ,

“Adolat” газетаси махсус мухбири

Tegishli xabarlar

Ўтган йилги фаолият сарҳисоб қилиниб, бу йилги режалар белгилаб олинди

admin

Муҳтож оилаларга ижтимоий ёрдам берилди

admin

Эркак номига доғ тушираётганлар… ёки аёл бахтсизлигидан фойда кўзлаётган “эркак”…

admin