ADOLAT 24

“Меҳр қолур, муҳаббат қолур…”

Шоир Садоийнинг:

   Давлатинг борида, авжинг зўрида,

   Йўқлаб келар ҳатто бегоналар ҳам.

   Давлатинг йўғида, бахтинг шўрида,

   Саломинг олмайди девоналар ҳам –

 деган сатрларини куйга солиб, ёниб куйловчи соҳир овоз соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаровнинг қўшиқларини мухлисларнинг барчаси бирдек ёқтирар, жон қулоғи билан тинглар эди.

Нуриддин Ҳайдаров Фарғона давлат университетини тугатиб, Ўзбек давлат филармониясида яккахон хонанда, Тошкент ҳарбий билим юрти қошидаги ансамблнинг бадиий раҳбари, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасида Маънавият маркази директори каби масъулиятли вазифаларда фаолият олиб борган, қалби ҳамиша қўшиққа ошно санъаткор эди.

У 1990 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлган бўлса, 1997 йилда “Она замин юлдузлари” фестивали сов­риндори бўлган, 2001 йилда эса ўзбек санъати ривожига қўшган ҳиссаси муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Хонанданинг репертуаридан жой олган “Юлдузим”, “Насибам”, ўзи куй басталаган “Давлатим”, “Дўлана”, “Юр, муҳаббат”, “Айрончи қиз” каби кўплаб қўшиқлари халқ орасида оммалашган бўлиб, санъаткорни бугун ҳам мухлислари ҳурмат билан эслашади, аудиоальбомларидаги қўшиқларини севиб тинглашади.

“Машҳурларнинг аёллари” лойиҳасининг бугунги меҳмони халқимизнинг ана шундай ширали ва соҳир овоз соҳиби Нуриддин Ҳайдаровнинг турмуш ўртоғи Манзурахон Ҳайдарова билан суҳбатимиз санъаткорнинг оиладаги ўрни, инсонийлик фазилатлари ҳақида бўлди.


– Манзурахон опа, ёшлик инсон умрининг гул фасли, дейишади. Ёшликда берган кўнгил икки ёшнинг умр йўлларини бахт нури билан нурафшон этади ёки армон ҳисси билан тоабад юрагини куйдиради. Тўғрими?

– Чиндан ҳам ёшлик инсон ҳаётининг энг ажойиб фасли. Уни эсламаган, соғинмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Шоир айтганидек, ёшликнинг ўзи бир гўзаллик. Ҳар замонда бир замон деганларидек, у пайтлар давр ҳам ўзгача, оилалар жуда файзли, муомала ва муносабатлар, кийиниш услубимиз, яшаш тарзимиз ҳақиқий ўзбекона урф-одатларга асос­ланган эди. Олтиариқ туманида зиёли оиласида туғилганман. Отам ўқимишли бўлганлари учун бизнинг билим олишимизга алоҳида эътибор қаратар эдилар. Мактабни тугатиб, Фарғона давлат педагогика институтининг математика факультетига ўқишга кирганман.

У пайтларда 1 май халқаро бирдамлик куни сифатида кенг нишонланарди. Ўшанда биз, 1-курс талабалари ҳам дугоналаримиз билан узун сочларимизни майда ўриб, атлас кўйлак ва дўппи кийиб, байроқ кўтариб, олдинги сафда майдондан ўтганмиз. Нуриддин ака ҳам олдинги сафда байроқ кўтариб борганлар. Тасодифни қаранг-ки, ўшанда менга кўзлари тушган ва ёқтириб қолган эканлар… Кейинчалик айтишларича, менга гапиролмасдан анчагача кузатиб юрганлар. Лекин мен ҳамиша уларнинг нигоҳларини сезиб юрардим. Бир курсдош қизи бизни таништириб қўйгач, дўстона гаплашиб юрганмиз ва дўстлигимиз муҳаббатга айланган. Муносабатларимиз тилга тушиб, дадамнинг қулоғигача етиб борган.

– Дадангиз бу хабарни қандай қабул қилдилар? Ўша пайтларда у киши артист сифатида танилганмидилар? Баъзи ота-оналар артистга қиз бермайман, дейишади. Сизда бундай ҳол бўлмаганми?

– Асло сўраманг. Дадам давлат ишида ишлайдиган, қишлоғимиздаги энг обрўли, ҳамиша ўзи ва оиласи шаънини барча нарсадан устун қўядиган одам эдилар. Шундай одамга қизингиз қувалик йигит билан севишаркан дейишса, нима бўлишини тасаввур қилаверинг… Шундай жаҳллари чиққан-ки, ҳаттоки ўқишга боришимни ҳам тақиқлаганлар: “Мусиқада ўқиган йигит қанақа одам бўларди? Эртага оилам демайди ундайлар. Бунинг устига узоқ жой…” деганлар. У пайтлари Нуриддин ака ҳали элга танилмаган, институтнинг байрам тадбирларида қўшиқ айтиб юрардилар.

Нуриддин ака деҳқон оиласида камолга етган бўлиб, улар зиёли оилалардан-да тарбияли, маданиятли инсонлар эди. Фарзандларини оқил ва оқила йигит-қизлар қилиб камолга етказишган. Совчиликка келишганида қайнона-қайнотамнинг очиқ чеҳрали, имонли, инсофли одамлар эканлигини кўрган ота-онам тўйимизга розилик беришган, айниқса, қайнонам ўзининг оқилалиги, ширинсўзлиги билан оиламиздагиларнинг меҳрини қозонганлар. Институтни тугатишимизга бир йил қолганида, Нуриддин ака халққа танила бошлаганида тўйимиз бўлди.

– Бу оила сизни қандай қаршилади? Ўзбекчиликда келиннинг ўз вазифалари бор, ҳам ўқиш, ҳам уй юмушлари… Буларни уддалаш, қайнона-қайнотанинг кўнглини олиш осон эмас, албатта. Бундай пайтларда янги келин куёв боланинг кўмагига, маънавий қўллаб-қувватлашига эҳтиёж сезади, албатта.

– Бунга эҳтиёж бўлмаган, ишонаверинг. Турмуш ўртоғим оиласида кенжа бўлиши билан бирга ёлғиз ўғил эдилар. 4 нафар опалари бор эди. Улар мени, мен уларни жуда яхши кўрардик, ҳозир ҳам шундай. Мен бу оилага келин бўлиб, бегоналикни ҳис қилишимга йўл қўйишмаган. Қайнона, қайнотам ўз қизлари қаторида кўришар, бирон иш қилмоқчи бўлсам, дарров: “Дамингизни олинг, қизим, чарчаб қоласиз”, деб иш қилдирмасликка ҳаракат қилишарди. Қайнотам ширин муомалали, исломий билимларга эга инсон эдилар. Бирор марта овозлари баландлаганини кўрмаганман. Қайнона ойижоним халқ табобатини яхши биладиган аёл бўлиб, менга ҳам табиблик билимларини ўргатганлар. Ҳозир ҳам уларнинг бу ҳунарларидан фойдаланаман. Фарзандларим, невараларим, яқинларимнинг соғлигида муаммо бўлса, табиий йўл билан даволайман. Шундай оилага тақдирим боғланганидан ҳалигача қувонаман, Аллоҳга шукрона келтираман.

Нуриддин ака ёлғиз ўғил бўлса ҳам ота-онаси уларни керагидан ортиқ эркалатмасдан, меҳр ва самимийлик билан чиройли тарбиялаганлар. Улар невараларининг тарбиясига ҳам жуда эътиборли бўлиб, ҳам талабчан, ҳам меҳрибон эдилар.

– Оилага кўникиб кетишингизда Нуриддин аканинг ҳам хизматлари бўлдими?

– Йўқ деб айтолмайман, албатта. Уларнинг муомаласи, яқинларининг барчасини яхши кўриши, орамиздаги бир-бировга ҳурматнинг ўзи менга бу оилага боғланишимда, у кишининг яқинларига муносабатимда кўприк вазифасини ўтаган. Аслида мен жаннатга тушиб қолгандай эдим: бу оилада ҳеч ким менинг камчиликларимни айтиб, дакки бермас, тарбиялашга ҳаракат қилмас, ҳамма мени яхши кўрар эди, назаримда. Айниқса, бу оилада ўз ўрнимни топишимда қайнона ойижонимнинг кўмаклари катта бўлган. Дастурхон атрофида таом ширин бўлганини айтишса, “Овқатни Манзурахон пиширди, болам қилди, боламнинг қўли ширин-да”, дердилар. Аслида ўзи пиширган бўлса ҳам, ҳамма раҳмат менга ёғиларди. Оилада қайси бажарилган иш мақталса, дарров мен қилган бўлиб чиқаверар эдим. Мен бундан уялиб, хижолат бўлсам ҳам тўғрисини айтолмас, аммо шу ишни кейинги гал худди ойижонимникидай бажаришга интилар эдим. Ҳеч қачон келиннинг қўлидан нима иш келар экан, деб синчковлик билан қараб турмаганлар. Баъзан ёшлик қилиб, нотўғри иш қилсам ҳам секингина тушунтирар эдилар. Раҳматлик қайнона ойижоним бугун ўзлари йўқ бўлсалар ҳам худди ёнимдаги каби келинларимга қандай муносабатда бўлишни, фарзанд тарбиялаш, рўзғор тутиш, оилани қандай қилиб бахтли мас­канга айлантириш мумкинлигини ўргатиб кетдилар. Буларнинг барчаси менга катта ҳаётий сабоқ бўлди.

– Турмуш ўртоғингизнинг ота-она­ларига, опаларига муносабатлари қандай эди?

– Ота-онасини бир солиҳ фарзанд қандай севса шунчалик, балки ундан-да зиёда яхши кўрар эдилар. Айт­ганларини сўзсиз бажарардилар. Фарзандлик, жигарлик, оталик бурч­ларини биринчи ўринга қўяр эдилар. Опаларининг барчасини бирдек меҳр билан ҳурмат қилар, борганларида ҳар бириникига кириб, ҳолидан хабар олар, уларнинг фарзандларининг институтларга кириб, олий таълим олишларида, тўйларида, синовли кунларида ёнларида туриб, ёрдамини аямасдилар. Оиламизни, фарзандларимизни ҳам уларнинг рўзғори, болалари билан меҳр ришталарини маҳкам боғлаган эдилар.

– Нуриддин ака деҳқон оиласи фарзанди, дедингиз. У кишининг санъатга ихлос қўйишига ким сабаб­­чи бўлган?

– Қишлоқларда, халқ орасида шундай санъат ихлосмандлари борки, уларнинг истеъдодини кўриб, тасанно айтасиз. Қайнона ойижоним ҳам шундай аёллардан эдилар. Онасининг санъатга қизиқиши кучлилигини билган қизлари – опажоним рубоб олиб келиб берган эканлар. Мен келин бўлиб тушганимда ҳам рубоб чалиб, бир ширали овозда қўшиқ айтардилар-ки, эшитган одам сел бўлар, беихтиёр жўр бўлиб, рақсга тушиб кетар эди. Нуриддин аканинг бу соҳага қизиқиши оналаридан ўтган бўлса керак. Ойижонимнинг ўзлари ўғли билан бирга бориб, институтнинг мусиқа йўналишига ҳужжат топширтирган эканлар.

– Олти фарзандни камолга етказишнинг ўзи бўлмайди. Шундай пайт­ларда болаларга, уларнинг дарс­ларига, тарбиясига қанчалик эътибор берар эдилар?

– Ҳозир биринчи фарзандининг қиз туғилгани учун оиласи дарз кетаётганлар ҳақида эшитаман. Бизнинг 4 нафар қизимиз кетма-кет туғилган. Лекин турмуш ўртоғим бирон марта ранжимаган, нега ўғил туғмайсан, деган саволни бермаганлар. Қизларининг ҳаммасини яхши кўрар, келишлари билан уларни номма-ном сўрардилар. Аммо улар кўпинча 10-15 кунлик хизмат сафарларида бўларди. Агар касал бўладиган бўлишса, албатта, ёнимизда бўлардилар. Мен қизларни жуда қаттиқ тутардим ва керак пайтида қаттиқ уришардим, аммо у киши бирон марта уларга овозларини кўтарганларини эслолмайман. Бир нигоҳи, кўз қарашлари билан нима демоқчи эканини англатардилар.

Тўртта қизимиз туғилгач, Тошкентга кўчиб келганмиз. Икки нафар ўғлимиз шу ерда туғилишди. Дадаси оламдан ўтганларида катта ўғлимиз 14, кичиги 12 ёшда эди. Ҳаётлик чоғларида уларга ҳам оталик муҳаб­батини бериб улгурганларига шукр қиламан.

– Нуриддин Ҳайдаровни таниганлар жуда камтар одам эди, дейишади. Камтарлиги нималарда кўринар эди?

– У киши ота-онасига яхши фарзанд, болаларига меҳрибон ота, жўраларига яхши дўст, қўлидан келганини аямайдиган, охирги пулини ҳам эҳтиёжи борлар сўраб келса, бериб юборадиган сахий инсон эдилар. Бировга ҳасад қилмас, бировнинг муваффақиятини эшитса: “Зўр қилибди-ю, омадини берсин, баракалла!” деб қўярдилар. Камтарликда ҳаммага ўрнак бўладиган хислатлари бор эди. Аслида инсонга ташқаридагилар тўғри баҳо беришади. Мен ҳам одамларнинг ҳалигача: “Ҳофиз жуда самимий, камтар одам эди”, деганларини кўп эшитаман.

Яқинда таксида манзилимга бораётган эдим, ҳайдовчи мени таниб қолиб: “Акам жуда зўр инсон бўлганлар. Бизнинг машина ювиш шохобчамизга кириб: “Полвон, машинам­ни ювиб қўй”, дердилар. “Хўп”, деб машинасини ювиб бўлгунимча, бизнинг кичкина будка-уйчамиздаги эски кўрпачаларимизга ўтириб, ёнбошлаб олардилар, биз ичган пиёлаларимизга тунука чойнагимиздан чой қуйиб, ичиб ўтирардилар. Бош­қалар чой ичиш тугул, уйчамизга бурун жийириб қараб қўйи­шарди. Нуриддин ака жуда камтар ва самимий инсон эдилар”, деди. Юрагим тўлиб кетди, инсондан яхши ном қолади, дегани шу бўлса керак.

У кишининг вафотидан кейин ишхонасидан олиб келишган ҳужжатлари, қоғозлари орасидан бир неча ташаккурнома чиқди, улар Хлебушкина номидаги болалар уйи раҳбариятидан, берган моддий ёрдамингиз учун раҳмат, мавзусида ёзилган эди. Булар ҳақида ҳатто менга ҳам айтмаган, яхшиликларни ҳеч кимга билдирмай қилар эканлар.

– Хонанда учун оила нима эди?

– Хўжайиним учун оила ором, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик, дийдор, меҳр, шу билан бирга ўзи талпинадиган, асрайдиган, ҳимоя қиладиган, таъминлайдиган, юраги остида хавотиру қувончини олиб юрадиган улуғ маскан эди. У киши меҳрибон, хушчақчақ, қувноқ, сахий ва самимий оила бошлиғи эдилар. Рўзғорни кам-кўстсиз қилиб қўярдилар. Оилада ҳам тарбияли инсон эдилар. Фарзандларини ҳам ҳурмат қилардилар. Уларнинг хоналарига ҳам тўғри кириб бормасдан, таққиллатиб: “Мумкинми? Кирсам майлими?”, дердилар. Мен: “Ўз боласининг хонасига ҳам рухсат сўраб кирадилар-а” деб, у кишининг маданияти ва тарбия­сига ҳайрон бўлардим. Кўчадан келганларида қизларимни кичкиналигида кўтариб, пешоналаридан ўпардилар. Катта бўлганларидан кейин: “Энди сизни кўтармаймиз, қўл бериб сўрашамиз” деб, улар билан, ҳатто мен билан ҳам қўл бериб: “Саломааат”, деб сўрашардилар. Ёнида келганлар: “Ие, кеннойим билан анчадан бери кўришмаяпсизларми?”, деб сўрашса, “Биз бир кунда уч марта кўришсак, уч марта сўрашамиз”, дердилар.

Ҳеч қачон мени хафа қилмаганлар. Мени дўстим, дер эдилар. Мен у киши учун ҳам рафиқа, ҳам дўст, ҳам болаларининг онаси эдим. Аёлини бунчалик ҳурмат қиладиган инсонлар ҳаётда камдан-кам учраса керак. Давраларда кимдир аёлини ёмонласа, “Ўз аёлингни ёмонлайсанми?!” деб жаҳл билан уришиб ташлардилар.

Сал кайфиятим бўлмаса, бирон нарсага сиқилиб турсам: “Келинг-чи, ўтиринг-чи, нима муаммо, эшитай-чи, биргаликда ечимини топамиз”, дердилар. Гапимни тинглаб: “Шуми? Бирга ечамиз, битта кулинг-чи, сизга кулгу ярашади, ҳар доим кулиб юринг, асло сиқилманг, нима муаммо бўлса менга айтинг, ечимини биргаликда топамиз”, дердилар. Бирон марта мени ранжитмаганлар.

– Хизмат сафарларида юрганларида ҳам рашкдан, ҳам болалар тарбияси масаласида қийналмасмидингиз?

– Тўғри, рашк қилардим, қизғонардим, лекин ишонардим. “Мингта гўзални сизнинг тирноғингизга алишмайман”, дер, “Мен чиройлимасман”, десам, “Сизни чиройли эмас, деганлар менинг кўзим билан қарашсин сизга”, дердилар.

– Нуриддин ака билан кечган йилларингиз, ҳар бир кунингиз қандай ўтарди?

– Бахтли сўзига сиғмайдиган даражада… Ота-онам, жигарларим келишса, ўз яқинлари каби сийлардилар. Қудалар бир-бири билан юрак тўла меҳр билан борди-келди қилишар эди.

– У пайтларда санъаткорларнинг обрўйи баланд эди. Вилоятлардан, қишлоқлардан ҳам уларни тўйларига айтиб келаверишган. Шундай пайтларда оддий одамларга қандай муносабатда бўлар эдилар?

– Чиройли муомала қилиб, меҳмон қилиб жўнатардилар. Ҳаммани бирдек ҳурмат қилардилар. Вилоятлардан тўйга айтиб келувчи кишилар келганида ийманиб келишарди-ю, кетаётганларида: “Ўзимизга ўхшаган оддий инсон экансиз-ку”, деб ҳазиллашиб, жигарлардек самимий хайрлашишарди. Улар: “Хизмат ҳақи қанча бўлади, ака?” деб сўрашса, “Кўнглингиздан чиққанини бераверинг, ўша ҳалол, ўша юқади бизга”, деб ҳеч қачон хизматини, санъатини нархламаганлар. “Кибр фақат Эгамга хос, кибрланманглар”, дердилар. Ўзлари ҳам кибр­­ни ёмон кўрардилар.

– Санъаткорлар орасида қарама-қаршилик, баъзида соҳир овоз соҳибларига тош отиш, уларни сиқувга олиш ҳолатлари ҳам бўлганми? Шулар туфайли санъатдан кўнгли совиб, бошқа соҳага кетиш хоҳиши-чи?

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам санъатдан кетиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлсалар керак. Биронта киши душманлик қилган ҳолатига гувоҳ бўлмаганман. Фақат… Мустақиллик байрамларида ҳар йили рўйхатга киритиларди, репетиция жараёнларида иштирок этардилар-у, байрам яқинлашганида негадир қисқартиришга тушиб, қолиб кетаверардилар. Шунга кўп сиқилардилар. Кимдир бу кишининг иштирокини хоҳламаган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Қандай фазилатларга эга кишиларга ҳурмати баланд эди?

– Ростгўй, софдил, ваъдасига вафо қиладиган, айтган сўзида турадиган кишиларни ёқтирардилар. Ўзлари ҳам сўз берсалар, албатта, унинг устидан чиқар, ёлғон гапирадиган, кибрланадиган одамлардан йироқ юрардилар.

– Кимдир дилини оғритса сизга келиб айтармидилар? Умуман, нималардан ранжир эдилар?

– Хонанданинг нозик томони – ҳаммага бирдек ишонар, ўта ишонувчан эдилар. Баъзи одамлар бундан фойдаланиб, бу кишининг номи билан ишларини битиришар, ваъда бериб, сўзининг устидан чиқмасдан, алдаб кетишарди баъзида. Ана шундай паллаларда диллари оғриб: “Нега одамлар ёлғончи-а?” деб хафа бўлардилар.

– Энг қувончли, бахтли кунларини эслайсизми?

– Қизларимиз, ўғилларимиз туғилишганида дунёларга сиғмай қувонганлари эсимда. Унвон олганларида жуда севинар эдилар.

– Нималарга қизиқар эдилар? Уйдан ҳамиша мусиқа ва қўшиқ овози эшитилиб турармиди ёки фақат саҳналарда, тўйларда куйлармидилар?

 – Китоб ўқишга кўпроқ қизиқардилар, айниқса, назмий асарларни кўп мутолаа қилардилар. Барчага бирдек ёқадиган, юракка етиб борадиган шеьрларни танлаб, куйга солардилар. Янги қўшиқлари кўпинча уйда яратиларди.

Дўстлари билан, оиласи даврасида тансиқ таомлар тайёрлаб, ширин суҳбат қуриб ўтириб лаззатланар, роҳатланар эдилар. Устози, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев, шогирдлари Муҳриддин Холиқов, Бекмурод Жўраев ва бошқалар билан фахрланар эдилар.

– Ҳожиакбар ўғлингиз тарбияли, андишали, ҳаёли йигит. Отасининг қўшиқларини жонли овозда ижро этаяпти. Унинг қайси қўшиқларида отасининг овозини, нафасини ҳис қиласиз? У “Дўлана”, “Меҳр қолур, муҳаб­бат қолур”, “Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан” каби ўнлаб қўшиқларини куйлаб, отасининг ижодини эьтибордан четда қолдирмаган ҳолда, ўз қўшиқларини ҳам яратаяпти, мухлисларига эга бўлаяпти. Унинг қайси ашулалари сизга манзур бўлаяпти?

– Унинг ҳар бир қўшиғидан отасининг нафаси келиб туради. Унинг бўйи-басти, хатти-ҳаракатлари ҳам отасини эслатади. Она бўлганим учунми ёки аслида ҳам шундайми, билмадим, Ҳожиакбарнинг ижодини қўллаб-қувватлайман, ҳар бир қўшиғини яхши кўраман.

– Нуриддин ака оламдан ўтганларида айрилиқ азобини енгишда, болаларни оёққа турғизишда кимларга, нималарга суяндингиз? Нимадан куч олдингиз?

– Авваломбор Аллоҳ сабр берди, болаларимнинг, айниқса, кичик ўғлимнинг кўзидаги мунг мени янада иродали, матонатли бўлишга ундади.

– Инсоннинг ортида ишини, авлодини давом эттирувчилари бўлса, улар туфайли ота-онаси ортидан раҳмат нурлари ёғилиб турса, хонадони чироғи ёниқ бўлса, демак, ҳаётда шунчаки эмас, аксинча, муносиб яшабди. Сиз ва Нуриддин Ҳайдаров каби бетакрор ва бахтиёр оила соҳиб ва соҳибаларининг умрингиз, ҳаётингиз, эзгуликларингиз давомчилари ҳақида гапирсангиз.

– Бугун тўрт қизимиз, тўрт куёвимиз, икки ўғлимиз, икки келинимиз бор. Бири-биридан ширин 13 неварамиз уйимизни қувончга, қалбимизни орзуларга тўлдиришади. Яқинда катта қизим неварали, мен эса ўғил чеварали бўлдим.

Қизим Нигорахон шарқшунослик институтини тугатган. Нодирахон моҳир тикувчи-дизайнер. Умидахон қизимиз ҳисобчи, Гулмирахон косметолог, Ҳожиакбар санъаткор, кичик ўғлим Жасурбек менежер. Келинларим шифокор ва инглиз тили ўқитувчиси. Муҳими, Ҳайдаровлар сулоласи вакиллари ким ва қаерда, қайси соҳада меҳнат қилсалар ҳам, қайси даврада бўлсалар ҳам ўз меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, дили поклиги, камтарлиги билан қадр топишларига ва бизга раҳмат келтиришларига ишонаман. 

– Ҳаёт сизни Нуриддин Ҳайдаровдек ақлли, камтар, улуғ санъаткорга рафиқа бўлиш имкони билан сийлади ва ундан жуда эрта айириб, синовлар гирдобига ташлади… Булар сизга нималарни ўргатди?

– Ҳаётда англаганим, унинг менга берган сабоғи, ҳикмати шуки, умр жуда қисқа, шукуҳли кунлар ўткинчи. Ҳар бир яқин инсонингни бугун йўқотадигандек меҳр ва ташналик билан сев, қадрла, сийла. Барча яхшиликлар ёмонликларга, қувонч ғамга, дийдор ҳижронга қачон ўрнини бўшатиб беришини билмайсан. Лекин, албатта, бу бўлади – бугун, балки кейин. Бошингга тош ёғса ҳам оғринма, сабрли бўл, бу синовлар ўткинчи. Булут ортидан қуёш чиқади, зулматни, қалбинг­­ни ёритади, сенга саодатли кунларни инъом этади. Ҳақиқат шуки, инсондан қоладигани, санъаткор куйлаганидек:

    Ўтар қанча йиллар тўзони,

    Юлдузлар кўз ёши самони,

    Ўтар инсон яхши-ёмони,

     Меҳр қолур, муҳаббат қолур…

– Гўзал хотираларни баҳам кўрганингиз учун ташаккур!

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

8 та депутатлик сўрови юборилди

admin

Ҳамшираларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилади

admin

Улар ўқувчи эмас…

admin