ADOLAT 24

Муаллимлик мақоми буюк шарафдир

Ҳар бир инсон борки, унинг қалбининг бир бурчагида ўчмас из қолдирган “Мактаб” деган сўзни ўчириб бўлмаса керак.

Таълим! Шу сўз эшитилганида кўз ўнгимизда жонкуяр муаллим, меҳрибон муаллималар гавдаланади. Албатта, ҳар биримиз ўқувчи бўлганмиз. Юзларидан меҳр томиб, кўзларидан нур чарақлаб турган ўқитувчиларимизнинг меҳнатини, бу улуғ касбнинг машаққатларини яхши биламиз.

Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, шубҳасиз, интеллектуал салоҳияти юқори, мустақил фикр ва кенг дунёқарашга эга кадрларни тайёрлашга боғлиқ.

Баркамол авлодни тарбиялашдек ўта муҳим ва залворли вазифа ўқитувчи ва мураббийлар зиммасига юкланади. Қуёш ўзининг заррин нурлари билан табиатга жон ато этгани сингари, устоз ўқувчилар қалбини илм-зиё билан тўлдиради.

Ҳа, устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга нур-зиё сочади. Бошқалар шу нурдан баҳраманд бўладилар. Шу сабаб ҳар бир инсон ёшидан, мавқеи ва амалидан қатъи назар, сабоқ берган устозлари олдида ҳамиша таъзимда. Уларнинг меҳнатлари беқиёс ва беназирдир.

Ўқитувчи, муаллим, устоз, мураббий каби дурдона сўзлар билан аталиб, қадим-қадимдан инсоният томонидан ардоқланиб келинаётган бу шарафли касб соҳиб ва соҳибалари ҳар қанча эъзозу икромга, мақтов ва ҳамду санога арзирлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Чунки унинг тун-кун заҳматли меҳнатидан жамият учун келадиган самарадорлик ҳамма нарсадан устун, беқиёсдир.

Мактабга илк қадам босган бола билан мактаб таълимини тугатиб, қўлига етуклик аттестатини олган ўспиринни кўз олдингизга келтирсангиз, ҳаммаси ойдинлашади. Ана шу ўтган даврда кечган жараёнларнинг барчасига ўқитувчи балогардон бўлиб, нафақат ўзида бор билими, тажрибаси, ақл-ид­рокини, балки тинчини, асабларини, саломатлигини ҳам сарфлаб, шогирдини баркамол инсон қилишга жонини фидо қилади.

Муаллимлик – буюк мақом. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини англатади.

Илм – руҳ озуғи. Инсоният илм билан ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм устознинг саъй-ҳаракати билан эгалланади.

“Adolat” газетасининг жорий йил 14 октябрь 40-сонида Нурбек Абдуллаевнинг “Устозга муносабат шуми?” ва таҳририятнинг “Отангга тик боқма. Устозингга-ку, инчунин…” мақолаларини ўқиб, ниҳоят орамизда ўқитувчиларни ҳам ҳимоя қиладиганлар пайдо бўлганидан қувондим.

Тонгдан то шом қоронғусигача ўқувчим деб елиб-югурадиган ўқитувчига тош отишни бас қилиш фурсати етмадими? Қачон маънавий қашшоқ кўзларимиз очилади? Ахир ўқитувчи ўз боласига бермаган меҳрни ўқувчига бериб, ўзлигидан кечиб, елиб-югурса-ю, “нокас” ўқувчилари томонидан ҳақорат қилинса… Қайси замонда шундай бўлган, наҳотки шунчалар лоқайд бўлсак, шунчалик тубанлашишга қачон улгурдик?..

Мен эллик икки йилдирки ўқитувчилик нонини еб келаяпман, рос­ти, матбуотда, телевидениеда ўқитувчига иснод тошларини отаётганларини ўқисам, кўрсам қалбим жуда оғрийди.

Ўқувчиларимиз – биз устозларнинг бу ҳаётда излаб-излаб топган дуру гавҳарларимиз, улар қалбимизда бир умр муҳрланиб қолишади.

“Шоли курмаксиз бўлмас” деганларидек, бир-икки “нокас” ўқувчилар деб ўқитувчининг обрўйини тўкмайлик, ахир устозга қўл кўтарган ўқувчи эртага ота-онасига ҳам қўл кўтармайди, деб ким кафолат бера олади?

“Отанг турган уйнинг томига чиқма” деган ота-боболаримиз.

Ҳазрат Алишер Навоий устозининг набирасига отдан тушиб салом берган. Ана одамийлик чўққиси!

Қадимда шогирдни устознинг олдига олиб келиб “эти сизники, суяги бизники” деб топширишган, бу бизга ўгит эмасми? Интернетдаги бўлмағур кўрсатувлар фарзандларимиз шижоати, ақлини “кемириб” ташлаяпти шекилли. Бу телефон қурғур мактаб учун бало бўлди, офат бўлди. Ота-оналарнинг ўз фарзандларига сўзи ўтмаяпти-ку, ҳалиям устозларга балли. Чунки тарбия уйдан бошланади. Аллома Ибн Сино бежиз чақалоғини олиб келган ота-онага тарбияда 3 ой кечикибсиз демаган. Бу танбеҳ ҳар бир ота-онанинг кунлик шиорига айланмоғи лозим.

Муҳтарам Президентнинг “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда” деган сўзлари биз, муаллимлар ғурурини баланд кўтарди. “Тақдиримиз муаллимлар қўлида” деганларида эса муаллим бўлганлигимдан фахрланиб, кўзимга ёш қалқиди.

Давлатимиз мени ўн беш йил таълим бериб ўқитди, мен эса ҳали ҳам ўзимнинг давлатимиз, халқимиз олдидаги қарзимни уза олганим йўқ, деб ҳисоблайман. Қарангки, дориламон замонлар келди. Бу кунларимизга асло кўз тегмасин…

Муҳаббат ШАРАПОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати   

Tegishli xabarlar

“Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашамиз”

admin

Тараққиёт стратегияси – халқ фаровонлигининг гарови

admin

Аёлларга эътибор — келажакка эътибор

admin