ADOLAT 24

“Ўткан кунлар”да ўтган кунларим

Яқинда бироз даволанишга тўғри келди. Шифохонада энг яхши машғулот мутолаа. Олиб борган китобларим орасидан “Ўткан кунлар”ни ўқий бош­ладим. Нечанчи марта ўқияп­ман – билмайман. Ҳар гал асарнинг янги бир қиррасини топгандай бўламан. Аввало, романнинг тили эътиборимни жалб этади.

Асарнинг истаган саҳифасини ўқинг, давомини ўқимай иложингиз қолмайди. “Зиёфат самимият билан чақирилғанлиқдан дастурхон қадрлик меҳмонга махсус турланган эди. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг ҳар замон меҳмонларни дастурхонга қисташлари бошқаларнинг иштаҳаларини очишга сабаб бўлса ҳам, аммо бизнинг Отабекка сира ҳам асар қилмас, хаёлланиб ўтирар эди. Ул нима тўғрисида хаёл суриб, қайси тўғрида ўйлар эди – буни билиш қийин бўлса ҳам, бироқ унинг ҳозирги баъзи ҳаракатлари диққатни жалб этарлик эдилар: хаёл сурар экан, унинг кўзлари ихтиёрсиз каби қаршисидаги Қутидорға қарайдилар, Қутидорнинг кўзи ўзига тушди дегунча кўзини ундан олиб, дастурхондаги кўнгли тиламаган нарсаларга урина бош­лайдир…”

Қандай гўзал, ширадор тилимиз бўлган-а. Бугун ана шу гўзал, бой тилимиз ғариблашиб, сийқалашиб кетаётгандай. Бунга афсус қилмай иложимиз йўқ… Чунки тилимизга эътиборсизлик аждодларимиз ру­ҳига ҳурматсизлик, авлодларимиз тақдирига бефарқлик бўлиб кўринади менга…

Китобни мутолаа жараёнида Юсуфбек ҳожининг қуйидаги гап­ларини ўқигач, ихтиёрсиз ўйга толдим:

 “– Шу кунгача бўлмағонларга бўлишмоқчи бўлиб умримнинг ниҳоятига етиб қолдим, – деди. Соқолини тутамлади. – Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешга етиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби ҳаққа бевосита йўналтирғанимни ва кўнгил кўзим очилиб қилған саждамни хотирлай олмайман. Бу алданишим эрса, ҳақ тарафидан бир танбеҳ, бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлғаним учун бир киноядир. Энди мундан кейинги беш кунлик умрим дунё можароларидан этак силкиб, тўшаъи охират тадоригини қилмоғим учун ғанимат кўринадир”.

Бу гаплар “мажлиска бир маъюсият бергани” каби менинг ҳам кўнглимга маҳзунлик чўктирди. Билмадим, хасталик боисиданми ёки ёшнинг етмиш бешдан ошиб бораётгани важиданми, ҳар қалай чуқур, турфа хаёллар қоплади вужудимни. Ҳожи олтмиш беш ёшида шундай ўй-хаёлларга бориб, ўтган умрини алданиш деб надомат чеккан бўлса, ундан ўн ёш катта мардумингиз нима қилмоғи керак…

Китобнинг у ёғига ўтолмадим. Кўз олдимдан Юсуфбек ҳожининг нурли сиймоси, қулоқларимдан унинг афсус-надоматга тўла босиқ овози (Аббос Бакиров талқинида) узоқ вақт кетмади. Гўё китоб ўқимадим, ҳожи ёнимда ўтиргандай, уйидаги меҳмонларга эмас, менга гапираётгандай, менинг ҳаётим бир сабоқ бўлсин сенга, деяётгандай эди…

“Ўткан кунлар”ни биринчи марта ўқувчилик чоғимда ўқиганман. Ўша йиллари (60-йиллар) Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” романлари алоҳида китоб бўлиб нашр этилган, одамлар қўлма-қўл ўқирди, бир-бирига тавсия қиларди. Аниқ эсимда, учала китобнинг муқовасига бир хил безак ишланган эди: муқованинг чап томонига бошдан-оёқ миллий безак туширилган эди.

Бу китобларни қизиқиш билан ўқиганман. Айрим сўзларга тушунмаганман. Баъзилари ёдимда қолган: ҳарам, фаҳш, бийлик, кудинг ва ҳоказо. Адабиёт ўқитувчимиздан сўрадим. Муаллимимиз жуда маданиятли, одобли, истараси иссиқ киши эди. Жавоб беришга шошилмади. Аввалига бироз жилмайди, негадир қизларга қаради, дераза олдига бориб ташқарига термулиб қолди, сўнгра менга юзланди. Энди юз ифодаси жиддий эди. “Қаерда, қайси китобда ўқидинг буларни?” деди. Мен айтдим. “Китоб ўқиганинг яхши, аммо бу китобларни ўқиш учун ҳали сен ёшсан… (Еттинчи ёки саккизинчи синфда ўқирдим). Катта бўлсанг бу китобларни яна ўқийсан, ўшанда ўзинг тушуниб оласан”, деди.

Дарҳақиқат, “Ўткан кунлар”ни кўп ўқидим. Бугун ўйлаб кўрсам, бу романни ўқиган йилларимни, ундан олган таассуротларимни уч қисмга бўлиш мумкин экан. Дастлаб асарнинг муҳаббат линиясига, яъни Отабек ва Кумушнинг севгисига қизиққанман. Қизларга ёзган хатларда Отабекнинг Кумушга битган хатларидан иқтибослар олганим ҳам рост. Романнинг “Кутилмаган бахт” боби, хусусан, қуйи­даги лавҳа қайта-қайта ўқилганидан ёд бўлиб кетган эди.

“– Нега қочасиз? Нега қарамайсиз? – деди бек.

Кумушбиби шу чоқғача қарамаған ва қарашни ҳам тиламаган эди. Мажбурият остида, ёв қараши билан секингина душманига қаради… Шу қарашда, бирмунча вақт қотиб қолди. Шундан кейин бир неча қадам босиб Отабекнинг пинжига яқин келди ва эсанкираган, ҳаяжонланган бир товуш билан сўради:

– Сиз ўшами?

– Мен ўша, – деди бек.

Иккиси ҳам бир-бирисига беихтиёр термулишиб қолдилар.

Кумушбиби бир тин олиб:

– Кўзларимга ишонмайман, – деди.

Отабек кўзларини тўлдириб қараб:

– Мен ҳам, – деди.

Шу вақт икки лаб ўз-ўзидан бир-бирисига қовушди… Кичкина нозик қўллар елка устига, кучлик қўллар қўлтиқ остиға ёпиштилар”.

Кейинчалик асарнинг ижтимоий томонларини ўзимча таҳлил қилдим. Абдулла Қодирийнинг ушбу романни ёзишдан асл мақсади аён бўлгандай эди. Зеро, асар “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” ҳақидадир. Хонлар бир юртда яшаб бирлашиш, ҳамжиҳат бўлиш ўрнига урушлар, еру мансаб талашишлар, раият аҳволига қарамай бойлик орттириш, маишатпарастликка берилишлар юртнинг ўзгалар томонидан босиб олинишига сабаб бўлгани асарнинг туб мағзини ташкил этади. Бу фикр ва ғояни ёзувчи романнинг сўнггида Юсуфбек ҳожига Қаноатшодан келган чумчуқнинг тилидай хатда баён қилган-қўйган. “Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқунишмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим”…

Демак, китобни қайси ёшда, қандай кайфиятда, қанақа ҳолатда ўқишда ҳам гап кўп экан. У ўзининг янги-янги қирраларини намоён этаверар экан. Албатта, бу фикр “Ўткан кунлар” каби ўлмас асарларга тааллуқлидир.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Дори-дармоннинг “қора бозор”и тугатилади

admin

Собиқ иттифоқни тиклаш – хомхаёл

admin

Газ қуйиш шохобчаларидаги муаммолар юзасидан депутатлик сўрови киритилди

admin