ADOLAT 24

Аёлга қалб кўзи керак

Тил қалб таржимони, миллатлар, элатларни бир-бирига боғловчи – маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар айтганидек – “… воситаи робитаи оламиёндур”. Бугун 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида байрам қилиниши ҳам бежиз эмас. Она тили – миллат руҳи. Уни соф­лигича сақлаш, келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз иши, сўзи, амали, шогирдлари, фарзандларига бераётган тарбияси билан ҳам тилимиз, миллатимиз боқийлигига камарбаста бўладилар. Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов ўзбек халқининг юзлаб ана шундай фидойиларидан бири. Унинг сурати ва сийратига чизгилар бериш учун рафиқаси Гавҳар Жумамуродовани суҳбатга чорладик.

— Гавҳархон, филолог, ижодкор инсон билан умргузаронлик қилаяпсиз. Одатда ҳар бир касб эгасининг аёли ҳам унинг илмидан юқтириб олади, дейишади. Бу ибора қанчалик ҳақиқат?

— Аёл турмуш ўртоғи учун фидойи жондир. Унинг ташвиши, хаё­ли билан унинг оламида яшайди, унга кўмак­лашгиси, оғирини енгил қилгиси, бу ишга қодир бўлмаса, ҳеч қурса ширин сўзи, маънавий далдаси билан нафи тегишини истайди. Бу истак, менимча, аёл зотининг ҳар бирида бор. Шундай бўлгач, албатта, йиллар ўтиши билан жуфти ҳалолингни гўёки касбдоши каби яхши тушунадиган бўлиб қолар экансан. Мен аслида тиббиёт ҳамширасиман, аммо у киши касби, касбдошлари билан боғлиқ нимага қайғурсалар, мен ҳам ич-ичимдан шунга қайғураман.

Хоразм шевасида айтганда дошовузлимиз. Яъни, Тошҳовузда туғилиб ўсганмиз. Отам раҳматликни Бобожон мулла, дер эдилар, илмли киши бўлиб, маҳалламиздаги тўй-маъракаларга ҳам бош-қош бўлиб юрар эдилар. Онам Жумагул момо уй бекаси бўлганлар.

Кўплар Баҳодир Каримов Тошкентга ўқишга келиб, шу ерлик кимгадир уйланган, деб ўйлашади. Мен эса доим узоқ-яқин танишларга турмуш ўртоғим билан бир элнинг фарзандлари эканимизни айтиб чарчамайман. Бизнинг Тошҳовузда ўзбеклар кўп. Қадим Кўҳна Урганч – хоразмийлар давлати маркази биздан узоқ эмас. У масканда Нажмиддин Кубронинг мақбаралари бор, очиқ осмон остида тарих бор. Домла билан шу тупроқни кўзга суришга, тарихини ўқишга иштиёқимиз кучли.

— Икки ёшнинг тақдири гоҳо урф-одат­ларимизга кўра ота-она танлови асосида, гоҳида икки қалб амри билан бир-бирига боғланади. Аслида бу қарор инсон ҳаётидаги энг асосий ва муҳим қарор ҳисобланади. Чунки у икки инсоннинг ҳаёти, умр йўллари, тақдирини белгилайди. Шундай эмасми? Булғуси олим ўғилнинг онаси билан тил топишиш қандай бўлган?

— Қизи бор уйга совчи келиши табиий ҳол. Хонадонимизга ҳам келди-кетдилар кўп бўлган. Ота-онам менинг кўнглимга, мен эса уларнинг кўнглига қарадим. Бир куни қишлоғимизнинг Нурмат муаллими совчи бўлиб келди. У пайтлар муаллимларнинг обрўси жуда баланд эди. Раҳматли қайнотам физика-математика фани ўқитувчиси бўлганлар. У кишининг таклифи уйдагиларга маъқул келди чамаси, менга азалдан бобо-момоларимиз ҳозирда фақат тарихий номигина қолган Хўжақалъа деган қиш­лоқда бир ариқ ёқасида қўшни бўлиб яшаганларини, уларнинг яхши одамлар эканини уқтиришди. Мендан икки ёш катта Дилором опам синфдоши Баҳодир аканинг чунонам таърифини келтирди-ки, асти қўяверасиз. Мен шаҳар мактабида, опам эса қишлоқда, бувимнинг ёнида яшаб, ўша жойдаги мактабда ўқиди. Дилором опамнинг синф­дошларини деярлик танимас эдим. У: “Баҳодир синфнинг энг яхши ўқувчиси, камтар йигит, китобдан бош кўтармас эди. Маслаҳатим – ўйлаб ўтирмай, шунга турмушга чиқ, ҳаётларинг ҳам зўр бўлади”, деди. Шундай қилиб, тезда тўйимиз ҳам бўлиб ўтди. Қайнонам – Зиёда она ҳам ҳамшира бўлиб, жуда меҳнатсевар аёл эдилар. Уларнинг меҳнатсеварлигига, бағрикенглигига, болажонлигига ҳамма ҳавас қиларди. Мен келин бўлиб тушган пайтларим кексалик нафақасига чиққандилар. Қайнона-келин иккаламиз ҳам тиббиёт ҳамшираси бўлганимиз учунми, оилада ёки қўни-қўшниларда кимнингдир тоби қочса, дарров бир-биримизни сўзсиз тушуниб, муолажаларни бирга қилардик. Шу сабабми, ишқилиб, иккаламиз тезда бир-биримизни сўзсиз тушунадиган бўлиб, тил топишиб кетганмиз.

— Тошкентдек шаҳри азимда ёш оила тош шаҳарнинг гугурт қутиси каби уйларидан биронтасига жойлаша ­олмай, эга бўлолмай ижарама-ижара юрган вақтлари ҳам бўлгандир?

— Баҳодир ака билан турмуш қурганимиздан кейин Тошкентга келдик. Тўғри, кўп оилаларнинг ижара уй билан боғлиқ талайгина хотиралари бор. Лекин биз бор-йўғи икки йил ижара уйда турганмиз. Тезда уй сотиб олишимизга ҳам хўжайинимнинг зукколиги сабаб, десам тўғри бўлади. Турмуш қурганимизнинг дастлабки йиллари у кишининг аспирантурада ўқиб юрган даврлари эди. Хорижий грант танловида қатнашиб, икки ой Германияда илмий сафарда бўлдилар. Шу ютуқдан орттирилган маблағ устига қўшиб-чатиб, икки хонали уй сотиб олдик. Аллоҳга шукр, ёш оила пайтимиз моддий жиҳатдан қийналган вақтларимиз кўп бўлган, деёлмайман. Тўғриси, ёшлик палласида туядай машаққат игнача ҳам кўринмайди.

Тошкентни бегона шаҳар ҳам дея олмайман. Хўжайинимнинг амакивачча, тоғаваччалари Политехника университетида, қайнакам ва қайинсинглим Иқтисодиёт университетида ўқишди. Барчасининг талабалик даврлари шу шаҳарда ўтди. Бизга уларнинг дўст-ёрлари, таниш-билишлари озми-кўпми ёрдам бериб туришди.

— Баҳодир Каримов ўз-ўзидан бир кунда филология фанлари доктори, профессор даражасига етмаганлари аниқ. Унгача қандай қийинчилик­ларни бошидан ўтказдилар?

— Ҳаёт йўли бир текис эмас, албатта. Турмуш ўртоғим номзодлик ва докторлик диссертацияларини кўз олдимда ёзди. Митти қизларим адасининг бўйин­ларига осилиб турган ёки тиззаларига чиқиб ўтирган паллаларини ҳали-ҳали эслайман. Хўжайиним бундай маҳалда асло жаҳли чиқмас, аксинча жимгина завқ билан ёзар ё ўқиш билан банд бўлар эди. Кутубхоналарга баъзан бирга борардик. Чорсу бозори ичида жойлашган, бир пайтлар жадид­ боболаримиз ташкил этган “Турон” жуда яхши кутубхона эди. Шу ерда Вазира Собирова, Дилбар опа каби ажойиб кутубхоначилар билан танишганман. Илмий иш ҳимояси кунларида баъзан бу кишининг ташвишлари ўз-ўзидан менга ҳам ўтарди: ўша куни бир киши ярим бетлик фикрини ёзиб беришни ортга суравердилар. Устига-ус­так касалхонада экан. Шунда бемор олим ҳолидан хабар олиш кераклигини ўзаро маслаҳат қилдик. Баҳодир ака шифохонадан мамнун қайтдилар… Баҳодир аканинг феъли кенг. Шунинг учун ҳас­ратни ёқтирмайди.

— Турмуш ўртоғингизни илм фидойиси, заҳматкаши сифатида респуб­ликамиз аҳли танийди, ҳурмат қилади. У оилабоши, ота сифатида қандай инсон?

— Одамларни икки тоифага бўлиш ҳам нисбий аслида. Аммо турмуш ўртоғим ҳақида гап кетганда, бир сўз айта оламан: тилло одам! Умр йўлим шу киши билан боғланганига, улар билан яшаётганимга асло афсусланмайман, аксинча, хурсанд бўламан. У киши баъзи эркакларга ўхшаб инжиқ эмас. Овқат танламайдилар, лекин картошкани унча хуш кўрмайдилар. “Узоқ Шарқда – ҳарбийда икки йил тинимсиз картошка еб тўйганман, етади шу”, дейдилар ҳазил аралаш. Оилабоши сифатида ҳар қандай аёл орзу қилганидек, ўта масъулиятли ва пул масаласида қўли очиқ инсон. Топган пуллари столи устида ёки тортмада туради. Қаердан бир сўм топсалар – бафуржа тушунтиради. Мақолалари учун бирор жойда қалам ҳақи олса, “Бу пулнинг баракаси бошқача бўлади” деб менга, қизларига тақсимлаб беради. Баъзи дугоналарим кўпинча, турмуш ўртоғидан пул ололмаётганидан нолишади, ҳайрон қоламан: оилада эр-хотин бир-бирини тушуниб яшаса, пул тақсимотида ҳам муаммо бўлмайди. Баъзан сахийлик билан берган пулларини кўриб: “Кўп берибсиз, дадаси” десам, устига яна қўшиб берадилар. Хотин-қизларга маслаҳатим шуки, аёл киши ҳеч қачон хўжайинидан ёлғон гапириб, алдаб-авраб пул сўрамасин, алдаб олинган пулнинг баракаси бўлмайди. Нима, яна пул керак бўлса, яна янги ёлғон ўйлаб топадими?..

Иккаламиз бир ариқдан сув ичганимиз, бир элатнинг одами бўлганимиз учунми, характеримизда ўхшашлик кўп… Янги уй олдик. Мебелларини танлашда менга ёққанлари у кишига ҳам маъқул келди. Ҳеч муаммосиз биринчи танловдаёқ харид қилдик. Бу бир мисол холос. Ҳамиша фикримиз бир жойдан чиқишидан хурсанд бўламан…

Кўп гапиришни ёқтирмайман, фарзандларимга ҳам доим “Керак гапни гапир!” дейман. Хўжайиним ҳам шундай. Майда гапларга изоҳ беришни хоҳламайдилар, майда, маиший мавзуларда камгаплар. Лекин оилада маслаҳатли ишимиз бўлса, ўзаро кераклича муҳокама қилинади. Оилада, дўстлар даврасида хушчақчақлар. Бирор марта яқин қариндошлар, дўстлар олдида ўзларини катта олиб, сунъий жиддийлик қилганларини кўрмаганман. Ишда ҳам, уйдаги фарзанд тарбия­сида ҳам тўғриликни, ҳалолликни, адолатни муҳим ҳисоблайдилар. Ҳозир университетда бирга ишлаймиз, ноҳақликка учраган талабалар эшигимизни тақиллатиб келиб туришади. Имкон топиб ёрдам беради. Талабаларнинг ҳурматини қозониш жуда қийин иш. Бунга кейинги икки-уч йил ичида ўзим гувоҳ бўлаяпман.

— Барчамиз севиб томоша қиладиган “Суюнчи” фильмида бўлғуси келиннинг йигитга саволи томошабинларнинг севимли иборасига айланган: “Нима, профессор хотинига ёрдам бермайдими?”. Йигитнинг ҳам жавоби ўзига хос: “Йўқ! Профессор илм билан банд бўлади!” Сценарий муаллифининг бу мутойибасини бекорга эсга олмадим. Сиз ҳам профессорнинг турмуш ўртоғисиз. Профессор Каримов уй ишларида аёлига, яъни, сизга қарашадими ёки фақат ижод билан машғул бўладими?

— Ажойиб фильмни эсладингиз, ҳа, бу фильмнинг ҳақиқатдан ҳам эсда қоларли жойлари кўп, айниқса, бўлажак профессор қиёфаси! Лекин фильм қаҳрамони бўлган йигитчанинг келажак тасаввури унча тўғри эмас. Менимча, унга бола сифатида қараш керак. Бола-да!

Одам илм билан банд бўладими, олим бўладими ёки оддий одамми, ҳаммамиз хотиржам яшашга интиламиз. Оилада бирор жиддий юмуш, дейлик, соғликда муаммо бўлган ҳолларда, табиийки, барча иш бир чеккага сурилади. Жумладан, илмий ишлар ҳам. Ёки ошхонадаги сув қувури ёрилган бўлса-ю, қўшнилар безовта бўлишса, тинмай эшик қоқиб шикоят қилишса, бундай пайт ҳеч бир илм одами “Мен олимман, илм билан бандман, безовта қилманг!” демайди-ку?..

— Домланинг ёшлигида сизга ёққан фазилатлари ҳозир ҳам сақланиб қолганми?

— Ҳа, қанча сувлар ва ҳатто умрлар оқиб, ўтиб кетди-ю, бу киши ўша соддалигича қолди! Гоҳида ўзи ҳам айтади: “Мени кўп алдашади, билмаганга олиб, ишонган одамдек тутаман ўзимни, хижолат бўлмасин дейман-да”, дейди. Аммо ёлғон чегарадан чиққанда, турмуш ўртоғимнинг нафратига дучор бўлишнинг оқибати ҳам яхши бўлмайди.

— Халқимизда “Эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши” деган ибора бор. Сизларда баъзан дока рўмол қуриши чўзилиб кетадиган вақтлар ҳам бўладими?

— Ёлғон гапириб нима қиламан, ҳамма оилада бўлганидек, гоҳида дока рўмоллар қуритилган паллалар ҳам бўлган. Ёш оила пайтларимиз. Кўз тегмасин, анчадан бери бу ҳол оиламизда кузатилмайди. Олим одам ҳар доим муроса тарафдори бўларкан. Нафақат ўзингиз билан, қалбингиз билан ҳам муроса қиларкан. Кўнглингни кўтаришга ҳаракат қилаётган одамга гина сақлаб бўладими?!

— Турмуш ўртоғингиз билан кундалик ҳаётингиз қандай кечади?

— Турмуш ўртоғим Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида кафедра мудири, мен шу университетда кабинет мудирасиман. Турли тадбирларга, китоб тақдимоти ёки фильмлар томошасига бирга таклиф қилишади. Нуфузли тадбирларда турмуш ўртоғингиз билан бирга иштирок этиш, бирга ишлаш, албатта, мароқли…

Бундан ташқари, талабалар билан бирга ишлаш қизиқ! Масалан, Баҳодир ака маърузага кечга қолиб келган талабани дарсга киритмаслиги мумкин, талабалар келиб мендан илтимос қилишади. Шарт-шароитини тушунтиради. Ёрдам бераман. Ёки сессия маҳали шўрлик талаба мўлжал қилган баҳосини ола олмайди. Кўзлари мўлтираб турган талабага раҳминг келмай бўладими?! Бундай пайтларда кўнглим бузилиб кетади. Йиғлаганларини овутаман ёки қўшилиб йиғлаган вақтларим ҳам бўлади…

— Профессор бир қарасангиз баъзи билимсиз олимлар, савиясиз диссертацияларни танқид қилса, гоҳида адабиёт ва китобхонлик масаласига эътибор қаратади, “Ҳерман Вамбери – ўзбек мақоллари таржимони” мавзусида, “Ўткан кунлар” романининг журнал нусхаси билан 1-нашри ўртасидаги матний фарқлар” хусусида фикр юритади. Унинг бундай қарашлари сизга қизиқарлими ёки аҳамиятсизми?

— Турмуш ўртоғингиз илмдаги муаммоларга, саволларга йиллаб вақт сарфлайди-ю, бутун умрини бағишлайди-ю, унинг айнан қайси масала юзасидан тадқиқот олиб бораётгани аҳамиятли бўлмайдими?! Албатта аҳамиятли! “Ўткан кунлар” романининг нашрлари орасидаги фарқли томонлари, ундаги муҳим гапларни биринчи бўлиб мен билан баҳам кўрганлар. Қарасам, фарқлар ҳам анчагина экан, бу энди ёзувчининг ижодий таҳрири ва давр алифбоси сабаб келиб чиққан. Ҳерман Вамберига ҳам қизиққанман, фақат бошқа жиҳатига. У халқ орасида халқона кийиниб, ўзини ўзга юртдан эканини билдирмай юргани, аниқроқ айтганда, “маънавият айғоқчиси” бўлгани, Хоразм лазгиси сабабли ўзини ошкор қилиб қўйгани ҳақидаги фактларни эшитиб, роса ҳайрон қолгандим. Мен унинг олимлиги, таржимонлиги, бошқа қирраларини муҳокама қилмайман, адабиётшунослар, тарихчиларнинг иши бу, албатта.

— Баҳодир ака сиз учун кўпроқ турмуш ўртоғи сифатида қадрлими ёки  олим, ижодкор сифатидами?

— Албатта, турмуш ўртоғим сифатида қадрли. Агар олим бўлмаганларида ҳам, у кишини чин инсоний фазилатлари учун қадрлаб яшаган бўлардим.

— Ҳаётда Яратган эр-хотиннинг бир-бирига муҳаббати, меҳрини намоён этиши учун етарлича синов юборади. Олим ана шундай синовлардан қандай ўтдилар? Айниқса, аёл соғлигида муаммо пайдо бўлса ёки бошига бирон ташвиш тушса…

— Сиз айтган оғир синовлар бизнинг ҳаётимизда ҳам содир бўлган. Мен аввалроқ оғир инсультни бошимдан кечирдим. Ярим жон ҳолатда реанимация бўлимида ётганман. Ўша пайт турмуш ўртоғим мендан ажраб қолишдан қаттиқ қўрққан, чунки шифокорлар “Тузалиб кетишига унчалик умид беролмаймиз”, деб айтган экан. Жуда оғир кунлар бўлган. Ҳаётимиздаги энг оғир вазият, деса ҳам бўлади. Инсульт бўларлик даражада муаммоим йўқ эди. Одатда, бу касаллик ўта асабий кишиларда кузатилар экан. Шу жиҳатига қўшниларим ҳам ҳайрон бўлишди. Сиз асабий эмассиз-ку, қандай инсульт бўлдингиз, деган саволларга қандай жавоб беришни билмасдим. Ўшанда инсульт бўлганимга бироз шубҳам бор эди, ке­йинчалик бу ўз тасдиғини топ­­ди ҳам: касаллик тарихимга шифокорлар айнан инсульт, деб аниқ-тиниқ хулоса ёзишмаган экан. Барибир инсультга чалинган беморлар даволанадиган бўлимда даволаниб чиқдим. Ҳар не дард бўлган бўлса, ҳозир ҳаммаси ортда қолди. Мени даволаган шикофорларнинг барчасидан миннатдорман. Саломатлик билан боғлиқ қалтис вазиятда шифохонадаги қаровчи кишим ҳам, дарддош куюнчагим ҳам хўжайиним, қизларим бўлди. Зарур бўлган барча нарсани ўз вақтида олиб келардилар. Компьютерда бажарадиган ишлари бўлса, касалхонага ноутбук­лари билан келиб, шу ерда бажарардилар. Мақсад мени ёлғизлатмаслик. Икки ойча касалхонада ётдим. Инсульт­дан кейин тикланиш учун эса яна ойлар кетди. Касал бўлганим нутқимга таъсир кўрсатди. Шифокорлар кўпроқ гапиринг, де­йишарди. Саломатлик ҳам бир хотиржамлик экан, аслида. Хўжайиним мендан узоқлашмади. Аксинча, касал бўлиб, тузалиб чиққанимдан сўнг янаям яқин бўлдик. Гапириш, чалғиш муҳим экан. Шундай қилиб, оғир касалликнинг нутқдаги асорати сабаб анча йиллик уй бекасидан кабинет мудирасига айландим. Кафедрамизга кўп одам келади, талаба, ўқитувчи ёки бирор меҳмон. Кафедра ўқитувчилари билан ҳам яхшимиз, ҳаммалари маданиятли кишилар. Мени ҳурмат қилишади. Келиб-кетувчилар билан суҳбатлашавериб, ҳақиқатда анча гапга чечан бўлиб қолдим.

— Профессор кўпроқ нималарга қизиқади, оиладаги қандай юмушларни бажарадилар, аниқроғи хоббилари нима?

— Мактаб йиллари ёзги таътилда колхоз боғида ишлаганлар. Шунинг учун боғбонликни, ерни яхши кўради. Каттагина дала ҳовлимиз бор. Турмуш ўртоғимнинг нафақат илмий асарлар ёзишда, балки, боғбонликда ҳам қўллари гул.

Ёшлигида мактабда, ҳарбийда, талабалик йиллари валейбол, баскетбол ўйнаган. Ҳозир ҳам шу ўйин бўлаётган жойда томошабин бўлиб турмай, ўйинга қўшилиб кетадилар.

— Оилавий анъаналарингизнинг ўзига хослиги нималардан иборат?

— Меҳмон келган уй файзли бўлади. Хўжайиним сабабли германиялик профессор Ингеборг Балдуаф, Айфер Дурду, туркиялик Фотима Очиқ, қримлик Зера Бакирова каби ижодкор-оли­малар билан танишдим. Уларни меҳмон қилдик. Яқинда қозоғистонлик Айнур Аҳмадова келди. Жуда самимий ва билимдон, кўп нарсаларга қизиқадиган олима экан. Хонадонимизга хоҳ кичик, хоҳ катта ёшдаги одам бўлсин, борингки, мактаб ўқувчисидан тортиб, катта олимларгача меҳмон бўлиб келса, турмуш ўртоғим, уларга, албатта, китоб совға қиладилар.

— Олимнинг ота юртлари анча олисда экан, яқин қариндошлар меҳмонга келиб туришадими? Борди-келди масаласига қандай қарайсизлар?

— Нафақат яқин қариндошлари, қиш­лоқдош синфдошлари ҳам йўқлаб турарди. Биз ҳам ҳар йили ёзги таътилда борардик. Аммо карантин туфайли виза масаласида, четга чиқиб келишга тайёрланадиган ҳужжатларда бир қатор ўзгаришлар бўлди. Шу сабаб йўқловлар камайди. 2002 йилда турмуш ўртоғим фан докторлик диссертациясини ҳимоя қилдилар. Ўша йили хонадонимизга Тошҳовуздан энг кўп меҳмон келган йил бўлган эди.

Машҳур академик Матёқуб Қўшжонов билан бувим-бувам ҳамқишлоқ, улар Ҳаллангдан. Ҳалланг – ажойиб, файзли қишлоқ, энг катта қишлоқ! Севимли шоирамиз Қутлибека Раҳимбоева бизнинг ҳамшаҳаримиз, яна Шариф Холмуродов – кекса журналист. Драматург Ҳайитмат Расул – қайнотамнинг мактабдоши. Мен сизга ҳозир бизнинг оти чиққан машҳур элдошларимизни санаб бердим, лекин ҳали оти чиқмаганлари қанча.

— Олим республикамизда адабиётимиз, она тилимиз жонкуярларидан ҳисобланади. Фарзандлари тилга ҳурматсизлик қилса, яъни тил меъёрларини бузиб сўзласалар, уларга нисбатан қандай муносабатда бўладилар?

— Баҳодир аканинг тил жонкуяри эканликлари ҳақиқатда бор гап! У киши яқин тарихимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб кўчаларда юрган митингчи ёшлардан бири бўлганини кўп эслайди. Учинчи курсда тил байрами ўтказишган, ўша тадбирда нутқ сўзлаган ва шу тарихий нутқларини ҳали-ҳануз кўз қорачиғидек асраб келади. Фарзандларимизга ҳам тилга эътиборли бўлиш кераклигини уқдирадилар. Гапираётган маҳали русча сўз аралаштириб юборишса, дарров “Шунинг ўзбекчаси йўқми?” деб савол берадилар, шунинг учун улар тўлиқ ўзбекча гапиришади. Тилни ҳурмат қилишга тарғибот нафақат оиламизда, балки кўча-кўйда ҳам бўлади. Турмуш ўртоғим билан рўзғорга бозорлик қилишга борсак, табиийки, сотувчиларимиз “клиент”, “вапше” каби русча сўзларни қўшиб гапиришади. Улар ҳам даккилардан бенасиб қолмайди. Яқинда кимёвий кийим тозаловчи билан гурунглашибди. Иш ҳақи “тўланмаган” деган ёзувни қисқартириб “неоплч…” деб ёзганини кўриб, “Опа, ўзбек экансиз, шу сўзни “тўланмаган”, деб ёзинг, иш ҳақингизга фалон минг қўшиб бераман, мен ўзбек тили муаллими бўламан…”, дебди. Опа хижолатдан қизарибди… Машинага бензин қўйиш керак бўлганида, у ердаги хизматчи йигитлар “Полнийми…”, деб сўрашса, “Тўла. Тўлдиринг…”, деб так­рорлашдан чарчамайди… Бундай мисоллар кўп. 

— Нималарни қадрлайдилар? Қандай урф-одатларни ёқтирмайдилар?

— У киши вақтни қадрлайдилар. Шунинг учун бўлса керак, ўттиз олти ёшида докторлик диссертациясини ёқлаб, тенгдошларига нисбатан анча олдин профессор илмий унвонини олганлар.

Ортиқча дабдабабозликни ёмон кўради. Бирор тадбир ташкиллаштирсалар ҳам ортиқча ҳашамга аҳамият қаратмайди. Масалан, бизни кафедра номидан факультетда китоб тақдимот ўтказиладиган бўлса, шу китобни ўқиб чиққан китобхонлар, уларнинг фикри, тадбир меҳмонларининг фикри муҳим. Тақдимот флайери ёки таклифноманинг ранги унча муҳим эмас…

— Орзуларингизнинг қай бири амалга ошмади? Турмуш ўртоғингиздан нималар кутасиз-у ҳанузгача рўёбга чиқармаганлар?

— Яратганга шукр, кўплаб орзуларим, режаларим амалга ошди. Хўжайи­нимнинг умрлари узоқ бўлсин, бахтимизга доим соғ-омон бўлсинлар! Амалга ошириш илинжида бўлган мақсадларим, умид, орзуларимиз ҳам кўп…

Фарзандларим отасининг соҳаси бўйича кетишди. Қизларимиз Соҳиба билан Нафиса – филолог. Илмий тадқиқот билан машғул. Учинчи қизим – Мунира Шарқшунослик университети талабаси. Умр шамол каби экан. Кечагина Тошҳовузнинг кўчаларида мактаб­­га қатнар эдим, бугун эса Тошкентда, оилам бағрида онахон бўлиб ўтирибман.

— Бир аёлнинг бахтлиман, дея шук­рона айтиши учун нималар керак?

— Бир аёлнинг бахтли бўлиши учун қаноат ва сабр керак. Бахт нафақат ҳис қилинади, бахт қалб кўзи билан кўрилади ҳам. Шунинг учун аёлга қалб кўзи ҳам керак.

Яратганнинг берган неъматларини қадрлаб, шукрона айтаман. Турмуш ўртоғим билан ҳалоллик ва тўғрилик йўлидан юриб келаётганимиз, оилам хотиржамлиги, фарзандларим, яқинларимнинг борлиги, тўлин ва текис ҳаётимиз, бус-бутун рўзғоримиз учун, саломатлигимнинг тиклангани учун Яратганга қайта-қайта шукроналар айтаман.

– Гавҳархон, мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Газ қуйиш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот олиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ

admin

Адолат тамойилларини қарор топтирган юрт (Биринчи мақола)

admin

Гул ўрнига… кишан

admin