ADOLAT 24

ОСИЁ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Яқинда Сеул шаҳрида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференция­­си (ICAPP) ташкилоти ташаббуси билан «Осиёнинг сиёсий ривожланишида сиёсий партияларнинг ўрни» мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон, Бангладеш, Камбоджа, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Мўғулистон, Непал, Сингапур, Шри-Ланка, Танзания, Въетнам каби давлатларнинг 23 та сиё­сий партияларидан 100 дан ортиқ вакиллар қатнаш­­ди. Унда Ўзбекис­тон томонидан бешта партиянинг раис ўринбосарлари иштирок этди.

Тадбирни ICAPP Доимий комиссияси ҳамраиси Чунг Ый Ён очиб берди.

У ўз маърузасида Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстона ва шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичларга олиб чиқишда сиёсий партиялар масъулиятини кучайтириш ва бунда улар давлатга том маънода ёрдамчи бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, ICAPP ташкилоти Осиёни ривожлантиришда барча давлатлардаги сиёсий партияларнинг аҳамиятини ошириш муҳимлигига эътибор қаратди.

 “Сиёсий партиялар демократия кенг қулоч ёзишининг ҳаракатлантирувчи кучидир”, дея фикр билдирди ўзининг чиқишида ICAPP Парламентлараро бирлашмаси ва Корея Республикаси Миллий ассамблеяси масалалари бўлинмаси раҳбари Чо Чонг Сик. Унинг фик­рича, сиёсий партиялар фаолияти очиқ-ошкора бўлиб қолиши, ўз электорати билан узлуксиз алоқа қилиши, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриши зарур. Шу боис сиёсий партиялар ўз фаолиятида олдига қўйган ва Сайловолди дастурларида устувор вазифа этиб белгилаган масалаларга оғишмай риоя қилиши ва уларни ҳаётга татбиқ этишга интилиши лозим.

Корея Республикаси Миллий ассамблеяси спикери Ким Чжин Пё бугунги кунда Осиё давлатларида демократик ислоҳотлар изчил ва ижобий ривожланаётганини мамнуният билан эътироф этди. Бунда, албатта, сиёсий партияларнинг вазифаси катта эканлиги, хусусан, Корея давлатида ҳам демократияни ривожлантиришда сиёсий партияларнинг ўрнига эътибор қаратди.

Шунингдек, конференцияда охирги икки йил мобайнида Осиёнинг 6 та давлатида президент сайловлари бўлиб ўтганлиги ҳам эътироф этилди. Сайловларнинг белгиланган талабларга мос равишда ўтказилишида, энг асосийси, халқнинг иродасини рўёбга чиқаришда сиёсий партиялар асосий таянч инс­титут эканига урғу берилди. Ўзбекис­тонда бўлиб ўтган президентлик сайлови демократик ва умумэътироф этилган тамойилларга тўла мос равишда ўтказилганлиги, бунда сиёсий партия­ларнинг фаоллашгани, улар ўзаро рақобатга киришганлиги ислоҳотларнинг натижаси эканлиги ҳам Миллий ассамблея­­си спикери томонидан эътироф этиб ўтилди.

Конференцияда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши вакили сифатида қатнашдим ва сўзга чиқдим. Маърузамда Ўзбекистонда амалда бўлган кўппартиявийлик тизими, сиёсий партияларнинг мамлакатни тараққий эттиришдаги роли, ички муаммоларни депутатлар орқали ҳал этиш жараёнлари, республикамизда сиёсий партияларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, юртимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган «Инсон, жамият, давлат» принципи ва «Ўзбекистон ижтимоий давлат» ғояси Президентимиз ташаббуси билан жорий этилганлиги ва бу ўз ўрнида ижобий натижа бераётганлиги ҳамда барча сиёсий партиялар ушбу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганлиги ҳақида маълумот бердим.

Янги Озарбайжон партияси бошқарув кенгаши аъзоси, Миллий Мажлис аъзоси Рамин Маммадов ўз чиқишида Ўзбекис­тонда ўтказилган ШҲТ давлатлари раҳбарларининг учрашувини алоҳида эътироф этиб, унинг юқори даражада, юксак савияда ташкил этилганлиги ва ушбу жараёнда имзоланган ҳужжатларнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда айни даврда ижобий маънода революцион ўзгариш­лар кузатилаётганлигига эътибор қаратди.

Сингапур давлатидан иштирок этаётган сиёсий партия вакиллари Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги олиб борилаётган очиқлик, шаффофликка асос­ланган ислоҳотлар жараёни иқтисодий масалаларда ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун замин яратаётганлигини таъкидлашди. Улар эндиликда иқтисодий барқарор давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратаётганликларини, бунда Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида кўришаётганликларини ва келгусида Тошкентга ташриф буюриб, бу ерда иқтисодиёт вазирлиги, қолаверса, инвестиция масалалари билан боғлиқ вазирликлар билан тегишли меморандумлар имзолаш, бунда нафақат вазирликлар, балки сиёсий партиялар билан ҳам иқтисодиётни ривожлантириш, экспорт, импорт борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида фикр билдирдилар.

Шунингдек, конференция иштирокчилари, Камбоджа ва Танзания давлатларидан қатнашаётган вакиллар ҳам Ўзбекис­тонда сўнгги йилларда сиёсий партияларнинг фаоллиги, уларнинг мамлакат ривожланишидаги роли тобора ортиб бораётганлиги, шунингдек, уларга сиёсий эркинлик яратиб бериш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди ва шу борада Ўзбекистон ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш бўйича ишончли ва стратегик мамлакатлардан бири, дея эътироф этишди.

ICAPP Доимий комиссияси ҳамраиси Чунг Ый Ён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар том маънода таҳсинга сазоворлигини, айниқса, ташқи ва ички сиёсат бир маромда олиб борилаётганлиги, бунда энг асосий урғу давлат ва миллат манфаатларига қаратилаётганлигини эътироф этди. Шу билан бирга, келаси йилнинг ёз-куз ойларида ICAPPнинг навбатдаги конференциясини Буюк ипак йўлининг тарихий марказларидан бири бўлган Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

Конференция доирасидаги тадбирларда Сеул декларацияси қабул қилиниб, Осиё мамлакатларида фаолият олиб бораётган сиёсий партияларнинг келгусида ҳамкорликда самарали фаолият олиб боришига келишиб олинди.

 Умид СУЛАЙМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК БУНЁДКОРЛИК

admin

Тоҳир САИДОВ: “Актёр томошабиндан олдинда юриши лозим”

admin

ШОЯД МАСЪУЛЛАРГА ЕТИБ БОРСА…

admin