ADOLAT 24

Ватан ҳақида мангу қўшиқ

Шарқ халқлари қадим-қадимдан ёши улуғ, донишманд инсонларни, халқ орасида ҳурматли, эъти­борли кишиларни эъзозлаб оқсоқол деб аташган. ХХ асрнинг ана шундай оқсоқолларидан бири, улуғ шоир, етук жамоат арбоби Расул Ҳамзатов эди.

Расул Ҳамзатов Кавказ ўлкаси ҳисобланган Доғис­тонда ХХ асрнинг бошларида таниқли шоир Ҳамзат Цадаса оиласида таваллуд топди. Бу тоғли ўлкада унгача ҳам донишманд оқсоқоллар умргузаронлик қилган, ушбу юрт шаънини улуғлаган бўлсалар ҳам, лекин авар халқининг номи шоир асарлари орқали дунёга янада кенг­роқ танилди. Унинг “Тоғ қўшиғи”, “Менинг қалбим тоғларда”, “Тоғ қизи”, “Юксак юлдузлар”, “Тоғлиқларнинг ватани”, “Овулдан хат”, “Туғилган куним” каби шеърий китобларида, “Доғистоним” асарида, бадиий публицистик мақолалари, эсселарида бош мавзу — Ватан, халқ, она тили, миллий қадриятлар улуғланди. Адабиётнинг бош ва мангу мавзулари донишманд шоирнинг асарларида янги қирралари билан бўй кўрсатди.

Расул Ҳамзатов ўзбек ижодкорлари Зулфия, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Одил Ёқубов, Шукрулло, Туроб Тўла, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқалар билан яқин дўст, ижодий ҳамкор, ҳаммаслак эди. Унинг асарларининг аксарияти ўзбек тилига ўгирилган. Шоир асарларида авар халқининг ҳаёти, тақдири, тарихи ҳақида сўз юритса ҳам, уларда барча халқларга хос умумбашарий туйғулар уфуриб туради. Шунинг учун унинг асарларини ўқиган ҳар бир китобхон қалбида ўз халқига хос қадр-қимматлар ҳам намоён бўлди.

Газетамизда янги очилган “Дўстлик минтақалари” рукни остида улуғ шоирнинг қалбидан кечган фикрларни, қатраларни эътиборингизга ҳавола қилиш орқали унинг хотирасини ёдга олишни истадик.

* * *

Биз яхши биламиз: янгилик ҳеч нарса йўқ жойдан пайдо бўлмайди, ўз-ўзидан дунёга келмайди. Бунинг учун яшаб ўтган умринг йўлларидаги энг яхши хислатларни қалбингда асрамоғинг ва уларни ҳаётга тат­биқ этмоғинг керак. Бу борада бизнинг энг ашаддий душманимиз ёлғон, риё, тилёғламалик, ишончли дўстларимиз эса ҳалоллик, холислик, ҳақиқат деб ўйлайман.

Ҳақиқатнинг катта ёки кичиги, яхши ёки ёмони бўлмайди. Ҳар қанақаси ҳам ҳақиқатдир. Ҳа, у аччиқ, бешафқат бўлиши, кимнидир хафа қилиши, ҳатто ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юбориши мумкин. Нима бўлганда ҳам уни ҳеч нарса билан ўзгартириб ёки кимгадир мослаш учун асал қўшиб ширин қилиб бўлмайди. Уни ёлғонлар билан қанчалик қўшиб-чатманг, биров учун бичиб-тўқиманг, ҳақиқат барибир ўзини намоён қилиб тураверади. Бизнинг маънавий бойлигимиз ҳам ана шундадир.

* * *

Чиройли сўзлардан уй қуриб бўлмайди, гўзал гаплар билан ўчоқдаги оловни ёқиш мумкин эмас. Лекин биз муваффақиятли амалга оширилиши мумкин бўлган кўп ишларни ҳам ажойиб сўзлар издиҳомига кўмиб ташлашга устамиз.

Ишларимизнинг аксарияти хўжакўрсинга бўлади. Айтайлик, урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқимиз ҳақида қанчалар мақтаниб гапирамиз. Ҳақиқатан, булар ҳар бир халқнинг маънавий ҳаётини ниҳоятда бойи­тиш қудратига эга. Бунинг учун фақат булар тўғрисида кам сафсата сотиб, уларни ҳаётга кўпроқ татбиқ этишимиз лозим…

Биз ҳозирги ҳолатимизда пешматни кийиб кўрмасдан, ҳатто нималигини билмасдан унинг турфа хислатларини мақтаётган одамга менгзамаймизми? Шу сабабли бугунги кунда урф-одатлар миллий ўзига хосликни фақат ташқи жиҳатдан намоён қилувчи белгига айланиб қолмоқда, яъни улар мазмунига ҳамоҳанг бўлмаган шаклга ўхшайди.

* * *

Меҳмондорчилик биз учун юксак санъат эди. Бир пайтлар меҳмон билан суҳбатдош бўлмоқ ғоят қувонч ҳисобланарди. Нималар кўргани, нималар эшитгани, нималардан ҳайратга тушганию қувонгани, нималардан хафа бўлгани – меҳмон ва мезбон бир-бири билан маслаҳатлашар, фикр олишар, ҳаётий тажрибаларини баҳам кўришар эди.

Меҳмон учун энг яхши дастурхон тузаларди. Агар уйда ҳар қанча егулик бўлса ҳам меҳмон ҳурмати учун, у қачон ташриф буюришидан қатъи назар, янгилари ҳозирланарди. Меҳмон ҳар бир хонадон учун ардоқли ва азиз эди.

Ҳозир ҳам шундай. Деярли ҳеч нима ўзгармаган. Лекин аввалги самимийлик ва диққат-эътибор сусайгандек.

Ҳозир ҳам меҳмон келса, катталарни кутамиз дейишади. Лекин эндиликда ким катта? Авваллари катта деб дунё кўрган, кўп элларда бўлган, кўп дарёларни сузиб ўтган, кўп юлдуз кўрган одамлар ҳисобланарди. Эндиликда эса катталик мансабига қараб белгиланмоқда, мансабга сиғиниш юзага келди…

* * *

Мен аварман, шундай туғилдим ва шундай бўлиб қоламан, бошқача бўлишим мумкин ҳам эмас. Кўз очиб кўрганим биринчи одамлар ҳам аварлар эди. Илк бор эшитганим сўз ҳам аварча бўлди. Бешигим тепасида онам айтган дастлабки қўшиқ ҳам аварча алла эди. Шу тариқа авар тили менинг она тилимга айланди. Мен учун, нафақат мен учун, балқи бутун авар халқи учун энг қимматбаҳо нарса ана шудир.

Аварликлар кўп эмас, ҳаммаси бўлиб уч юз минг кишидан ошиқ. Лекин шунинг ўзи ҳам кам эмас. Доғистонда шундай шоирлар борки, улар шеър ёзадиган тилда бор-йўғи икки минг одам гаплашишади, холос.

Давлат чегаралари одамларни ўзаро айиради, орадан ўтган йиллар эса уларни бир-биридан янада узоқлаштиради. Чегаралар ўзгариши, номигагина сақланиб қолиши, ҳатто йўқ бўлиши мумкин. Бироқ тил халққа абадий берилади, уни ўзгартириб ҳам, йўқ қилиб ҳам бўлмайди. Шоирлар эса ана шу ажратилганларнинг, бир-биридан узоқлаштирилганларнинг ҳаммасини бирлаштиришга хизмат қилади.

* * *

Қўшиқ ва эртак мен учун бирдай қадрли. Улар бир ипга тузилган, турфа рангдаги марварид доналарига ўхшайди. Ипни узсангиз, бу гўзаллик барҳам топади.

Айтишларича, афсонавий қаҳрамон Шомилнинг ёш ўғли Жамолиддинни руслар қўлга тушириб, гаров тариқасида сақлаганлар. У йигирма йилдан кейин Оқ пошшонинг “марҳамати” туфайли она юрти Доғис­тонга қайтарилган. Бироқ бу пайтда ёш йигитча ҳамма нарсани – динини, она тилини, Доғистонни, унинг ўзига хос урф-одатларини ҳам унутган. Оқ пошшо зобити кийимини кийган бу тоғлиқ Ватанида ҳеч нарсани эслай олмаган. Ўз юртидан четда воя­­га етган Жамолиддин яна Петербургга кетишга интилган. Шунда онаси унга аварлар ҳақидаги у бешикдалик пайтида эшитган қўшиқларни қайта куйлаган. Натижада унинг қалбида тоғликларга хос ғурур уйғонган. У жондан азиз уйини, кўкка бўй чўзган виқорли тоғларни, ярасидан қон силқиб турган овулини – бир сўз билан айтганда, Ватанини эслаган. Шундан кейин йигитча елкасидаги бошқалар кийдирган шинелни ечиб, тоғлиқларнинг черкаскасини кийган, ўз юртини озод қилиш учун курашишга отасидан ханжар сўраб олган. Оналар қўшиғи – юрт ҳақидаги мангулик қўшиқ – у ҳар қандай одамни Ватанга қайтаради.

* * *

Мен дунёда барча сирлар очилишини, уларнинг сирлилиги йўқ бўладиган кунлар тезроқ етиб келишини истайман. Ахир шоирлик одамларга узоқ вақтларгача улар билмай, идрок қилмай келган сирларни очиб бериш дегани эмасми? Мен шоирман ва бу оламга келган эканман худди куёв келин юзидан уни бошқалардан яшириб турган пардани кўтарган сингари вақт ва борлиқ устидан сирлар ниқобини суриб ташлашни хоҳлайман. Тўйда келинлик пардасини кўтармоққа фақат куёвнинггина ҳақи бор, шундан кейин бошқалар келин қиёфасини кўришга мушарраф бўладилар. Ҳаётда эса бу ишларни қилмоққа фақат шоиргина қодирки, натижада одамлар бор ҳақиқатни англайдилар, улар ёвуз кучларга қарши турувчи дунёвий гўзаллик ва инсоний самимият борлигини нега илгари англамаганидан ҳайратга тушадилар.

Аллоҳ, сендан ўтинчим шуки, мен шоир сифатида очган сирларни қайтадан ёпмагин…

* * *

Илгари мен шундай ўйлардим: ер юзида шоирлар жуда кам. Эҳтимол, шоирларга оддий одамлар орасида яшаш ниҳоятда зерикарли бўлса керак. Чунки ҳар бир одамнинг ҳаётда ўз қизиқиши бор – улар дўстлари ёки қўшнилари билан иш, хотинлар, ойлик, дам олиш куни, туғилган уйи, балиқ ови, кино, касалликлар… ҳақида бемалол гаплаша оладилар. Албатта, шоир ҳам шу нарсалар тўғрисида одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиши мумкин. Лекин ким унинг дунёни нозик ҳиссий англаш жараёни ва шеъриятини тушуниб, дардлаша оларди?

Кейин мен дунёда шоир бўлмаган одам йўқ эканлигини англаб етдим. Ҳар бир одам қалбида оз бўлсада шоирлик идроки бор экан. Бош­қачароқ айтганда, ҳар қандай шароитда шеърият ҳар бир одам қалбига меҳмон бўлиб келаркан.

Халқимизнинг қўшиққа бўлган оташин эҳтиром тўйғуси болаларга бўлган муҳаб­бати сингари табиий ва тушунарлидир. Ҳа, ҳаммамиз шоирлармиз. Бизларнинг орамиздаги фарқ фақат шундан иборатки, баъзиларимиз шеърлар ёзамиз, чунки ёзишни яхши биламиз. Айримлар ҳам шеърлар битади, чунки улар ўз назарларида шеър ёзишни яхши биламиз, деб ўйлашади. Учинчи бирлари эса умуман шеър ёзмайди. Эҳтимол, мана шу, учинчи бировлар ҳақиқий шоирлардир?

* * *

Мен бу заминда кўп ҳаёт кечирдим. Бу очуннинг жуда кўп йўлларини кўрдим ва уларда кезиб чиқдим. Оламда бир неча минглаб одамлар билан учрашдим. Таассуротларим тоғ дарёси сел келган пайтда ёки қор кўчган вақтда тўлиб-тошиб қирғоқларини емиргани сингари қалбимга сиғмас даражада беқиёс. Хўш, буларнинг ҳаммасини қандай қилиб бирлаштирар эканман? Бу иш бир асар бағрида ғоят кенг ва чуқур ўзанли дарё қазишдай гап. Айни пайт­­да, бу олдимдаги вазифанинг ярми, холос. Асосий иш – тоғдаги барча ирмоқларни дарё бағрига бирлаштириш ва улар сувини асосий ўзан бўйича оқизиш. Буни қандай амалга ошираман? Бунинг учун ҳаёт сабоқларидан бошқа яна қандай илм зарур?

Адабиёт назариясими? Ахир шеър ёзиш ўрнига уни қандай ёзиш тўғрисида кўпроқ ўйлаб ўтириб бўладими?

Шуни айтишим керакки, мен учун севимли бўлган адабий мактаблар ва оқимлар йўқ. Мен учун ардоқли бўлган адиблар, санъаткорлар, ўз ишининг усталари бор, холос! Улар асарлари, ишлари мен учун ҳамиша ибрат!

* * *

Ҳозир Доғистонда ёшлар миллий кийимларимизни кийишмайди. Улар худди Мос­ква, Тбилиси, Тошкент, Душанба, Минскдагилар каби шимда, костюмда, бўйинбоғ тақиладиган кўйлакларда, хориждан келтирилган ҳар хил енгил спорт кийимларида юришади.

Эндиликда миллий кийимларимизни фақат ашула ва рақс ансамблларидагина кийишади. Миллий кийимдаги одамни баъзида тўйларда учратиш мумкин. Баъзан агар бирор киши доғис­тончасига кийинмоқчи бўлса, у бу кийимларни, албатта дўстларидан, танишларидан олади. Чунки ўзиники йўқ. Бир сўз билан айтганда, миллий кийимлар бутунлай йўқолди демаймизу йўқолиб бормоқда.

Бу ерда гап фақат миллий кийимимиздагина эмас, баъзи бир шоирларимизнинг шеърларида ҳам миллий шакл йўқолиб бормоқда, ҳатто улар шу билан фахрланадилар.

Мен ҳам оврўпача костюм-шимда юраман, отамнинг черкаскасини кияётганим йўқ. Бироқ шеърларимга ўз қиёфасига эга бўлмаган кос­тюм кийдирмоқчи эмасман.. Мен шеърларим ўзимизча “Доғистонча, миллий шаклда бўлишини истайман!”

* * *

Хонликлардан бирида кўп шоирлар яшаган экан. Улар овулларни кезиб, ўз юртларини куйлашган, шеърларини айтишган. Улардан кимдир ғижжак чалган, кимдир доира чертган, кимдир сурнай, кимдир най… Хон ўз ишларидан ёки хотинларидан бўш вақтда шоирларнинг шеърларини эшитишни яхши кўрар экан.

Кунларнинг бирида у ўзининг бераҳмлиги, адолатсизлиги, очкўзлиги ҳақида айтилаётган шеърни эшитиб қолибди. Хон ғазабга минибди. У бундай ҳақоратомуз шеър тўқиган шоирни топиб, саройга келтиришни буюрибди.

Шеър эгасини қанча излашмасин, топиша олмабди. Шунда вазир ва навкарлар хондан барча шоирларни тўплаб келтириш тўғрисида буйруқ олибди. Хоннинг лашкарлари қутирган ит каби овулларда, йўлларда, тоғ сўқмоқлари ва хилват жойларда изғишибди. Улар ким шеър тўқиган бўлса, ҳаммасини топиб олиб келиб, зиндонга қамашибди. Эрталаб хон банди қилинган шоирлар олдига борибди ва шундай дебди:

– Қани, энди ҳар ким менга ўзининг биттадан янги шеърини айтсин!

Шоирлар навбатма-навбат чиқиб куйлаб, хонни улуғлабди, уни энг ақлли, донишманд, тадбиркор, шерюрак, меҳрибон дея мақтабди, хотинларини гўзал деб мадҳ этибди, хонликни эса қудратли, шон-шавкатли, улуғвор мамлакат дея олқишлабди. Улар яна ер юзида бундай буюк ва улуғ хонни бошқа кўрмаганлигини айтишибди.

Хон бундай шеър битган шоирларни бирин-кетин бандиликдан озод қилаверибди. Ниҳоят, зиндонда шеър айтмаган учта шоир қолибди. Улар яна зиндонбанд қилинибди. Орадан анча вақт ўтибди. Кўпчилик бу асир шоирларни хон унутди, деб ўйлашибди.

Бироқ уч ой ўтгандан кейин хон яна бандилар олдига келиб дебди:

– Хўш, қани энди сенлар ҳар биринг тўқиган шеърларингни айт-чи?

Шунда учтадан биттаси шу заҳотиёқ куйлаб, хонни улуғлабди, уни энг ақлли, донишманд, тадбиркор, шерюрак, меҳрибон дея мақтабди, хотинларини гўзал дея мадҳ этибди, хонликни эса қудратли, шон-шавкатли, улуғвор мамлакат дея олқишлабди. У яна ер юзида бундай буюк ва улуғ хонни бошқа кўрмаганлигини айтибди.

Бу шоирни ҳам озод қилишибди. Шеър айтишни истамаган иккитасини эса аввалдан майдонда тайёрланган гулхан ёнига олиб боришибди.

– Ҳозир агар шеър айтмасанг, иккаланг ҳам оловга ташланасанлар. Мен сенлардан охирги марта сўраётибман, шеърларингни айтасанми-йўқми? – дебди хон.

Шунда икковидан бири ўзини тутиб туролмабди, шу заҳоти куйлаб, хонни улуғлабди, уни энг ақлли, донишмандкор, шерюрак, меҳрибон дея мақтабди, хотинларини гўзал дея мадҳ этибди, хонликни эса қудратли, шон-шавкатли, улуғвор мамлакат дея олқишлабди. У яна ер юзида бундай буюк ва улуғ хонни бошқа кўрмаганлигини айтибди.

Бу шоирни ҳам бандиликдан бўшатишибди. Энди шеър айтишни истамаган, бўйин эгмаган, ўлимдан қўрқмаган охирги биттаси қолибди.

– Уни ёғочга боғланглар ва оловни ёқинг­лар, – деб буюрибди хон.

Шунда ёғочга боғланган шоир бирдан ўзининг аввалги, хоннинг бераҳмлиги, адолатсиз эканлиги, очкўзлиги ҳақидаги шеърини баралла айтибди.

– Унинг қўл-оёғини ечинглар, дарров оловдан қутқариб олинглар! Мен мамлакатимдаги ягона ҳақиқий шоирдан ажралишни истамайман, – деб буюрибди хон…

Ҳа, дунёнинг бирор нуқтасида бундай ақлли, донишманд хон топилармикан? Нафақат хон, бундай ҳақиқий шоир ҳам ниҳоятда кам…

Камол Матёқубов

таржимаси

Tegishli xabarlar

Келажак пойдеворини Матбуотсиз яратиб бўладими?

admin

СЕНИНГ ТЕНГДОШИНГ Илмга чанқоқ, интилувчан, изланувчан ёшлар мамлакатимизнинг эртанги истиқболи, ёрқин келажагини таъминловчи кучдир

admin

Битик мақбара пештоқига қайтариладими?

admin