ADOLAT 24

Шароф БОШБЕКОВ “Темир хотин”нинг тарихи…

Юртимизда ёзувчи-ижодкорларнинг сафи ҳам кенг, асарлари ҳам кўп. Улар орасида истеъдодли драматург, Давлат мукофоти совриндори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Шароф Бошбековнинг ўрни ҳам, асарлари ҳам салмоқли.

Адибнинг “Тушов узган тулпорлар”, “Эшик қоққан ким?”, “Қасосли дунё”, “Эски шаҳар гаврошлари”, “Тақдир эшиги” каби драма, қисқа метражли фильм ва комедиялари, “Шаъриф ва Маъриф”, “Юзсиз”, “Тилла бола”, “Масхарабоз”, “Фарҳод ва Ширин” фильмлари (сценарийларини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилган), “Чархпалак” видеофильми, “Тентак фаришталар”, “Зўрдан зўр чиқса” каби саҳна асарларини томоша қиларканмиз, гоҳо мийиғимизда, гоҳо қотиб-қотиб кулганмиз, кулги жараёнида аччиқ ҳақиқатларни англаб, кўзларимиз ёшланган…

Айниқса, “Темир хотин” пьесаси драматургга катта шуҳрат келтирди. Шу асосда яратилган кинофильмни кўрмаган киши бўлмаса керак. Бу кино қанча эфирга узатилса ҳам такрор-так­рор томоша қилишдан чарчамайди одам.

Лойиҳамизнинг бугунги меҳмони ана шундай истеъдодли драматург Шароф Бошбековнинг рафиқаси – бутун ҳаётнинг маъносини, ижод лаззатини, касб шон-шуҳратини, ҳузур-ҳаловат ва бахтини турмуш ўртоғининг биргина табассумида, саломатлигида деб билган меҳрибон аёл Мавжуда опа Саидамин қизидир.

– Мавжуда опа, сиз ўзбекнинг бахтиёр аёлларидан бирисиз. Халқимизнинг ардоқли драматурги Шароф Бошбековнинг севимли турмуш ўртоғисиз. Юртини, она тупроғини, оиласини, фарзандларини юракдан севадиган, турмуш ўртоғини эъзозлайдиган инсонга рафиқа бўлиш аёл учун бахт, толедир. Устоз самарқандлик, сиз тошкентликсиз, ҳаёт сизларнинг умр йўлларингизни қай йўсинда боғлади?

– Мен ўрта мактабни тугатиб, Тошкент Театр ва рассомчилик институтига ўқишга киргач, 15 кун ўқиганимиздан сўнг пахтага жўнатиб юборишди.

Хулас, пахта даласига бориб, этак тақиб, бирин-кетин қаторларга тушдик. Мен қишлоқда ўсганман. Ёнимдаги дугонам шаҳарлик бўлгани учун пахта териш сир-асрорини билмай, анча қийналди. Нуқул “Вой-бўй, буни қандай теради”, дерди. Ниҳоят ёнидаги эгатда пахта тераётган йигитнинг раҳми келди шекилли, ёрдамга шошилди. Дугонам чиройли, кўҳлик қиз, йигит эса жуда ҳазилкаш экан. Уни ҳар хил ҳазил-ҳузул гап­лар, ҳангомалар айтиб, кулдира бош­лади. “Мен сизни бир кўришда севиб қолдим, пахтадан кейин тўй қилсак, нима дейсиз? Мен сизга уйлансам, дўс­тим Шароф дугонангизга уйланса, қўшалоқ тўй қилардик-да, зўр бўларди!” деди. Мен улардан анча илдамлаб кетган бўлсам ҳам, бу гапни эшитиб, жаҳл билан қаддимни ростлаб: “Вой, менга ким уйланар экан?! Мактабда сал ҳазил қиладиган ўғил болаларнинг адабини берган қизга-я?!” дедим. Бу гапимдан кейин у йигитнинг нариги томонида пахта тераётган дўсти ҳам қаддини кўтариб, менга қаради. Озғин, қорачадан келган, қора сочли, қора кўз, қора қош йигит эгнига қизил катак-катак кўйлак кийиб олганди…

Пахта мавсуми ўтиб, институтга қайт­гач, вақтимиз ўқиш, дарс тайёрлаш, репетициялар билан ўтарди. Бир куни режиссёрлик факультетидаги бир йигит диплом иши топшириши керак экан. У “Номус” спектаклини саҳналаштирмоқчи эди. Бош ролга мени таклиф қилди. Парт­нёрим ўша йигит экан. Шу-шу, у билан салом-алик қиладиган, кейинчалик суҳбатлашадиган бўлдик, анча дўстлашиб қолдик. У мутлақо бош­қаларга ўхшамас, жиддий, орзулари, мақсадлари аниқ йигит эди. Аъло баҳоларга ўқирди. Унинг теран фикр­лаши, ҳаётга қарашлари менга жуда маъқул келганди.

– Самарқандга келин бўлиш сизни чўчитмадими? Бунинг устига ота-онангиздан оқ фотиҳа олиш ҳам осон бўлмаган бўлса керак?

– Институтни битиргач, курсимиз билан Самарқандга ишга юборишди. Бу пайт­­да бизнинг муносабатларимиз муҳаб­бат ришталари билан боғланган эди. Хайрлашаётганда “Отам жуда қаттиққўл одам. Кимга берса, ўшанга турмушга чиқаман”, дедим. Шу кетишда тўрт ой Самарқандда қолиб кетдик. Келсам, Шароф акам уйга совчи жўнатибдилар. Дадам эса “Йўқ, қизимни тошкентликка бераман, бошқа вилоятга қиз бермайман”, деб рози бўлмабдилар. Аммо қайнотам ҳам ўғли каби тутган жойидан кесадиган, бошлаган ишини охирига етказмагунча тинчимайдиган, жуда ўжар одам эканлар. “Йўқ” жавобини олсалар ҳам уйимизга келаверибдилар. Барибир натижа чиқмагач, охири Шароф акамнинг ўзи уйимизга келибдилар. Ўшанда дадамга: “Нега қизингизни менга бермаяпсиз? Мен уни яхши кўраман, бахт­­ли қиламан”, дебдилар. Куёв бўлмишнинг шиддатини кўрган дадам ноилож қолгач, шарт қўйибдилар: “Агар бир умр Тошкентда яшасангиз, рози бўла­ман”. Қайнотам ҳам “Бешта ўғлим бор, биттаси Тошкентда яшаса, яшабди-да”, деган эканлар ўшанда.

Шу билан тўй ҳаракатлари бошланиб кетди. Шароф акам ваъдасига вафо қилиб, тўйни Тошкентда ўтказди ва биз шаҳарда яшаб қолдик. Самарқандга фақат меҳмон бўлиб борардик. Самарқандлик қариндош­ларим мени жуда яхши қабул қилишган, менинг ҳам уларга меҳрим, ҳурматим баланд.

– Турмуш ўртоғингизнинг оиласи, у камол топ­ган муҳит, болалиги, ёшлиги, шўхликлари ва қизиқишлари ҳақида қандай маълумотларга эгасиз?

– Шароф акамнинг болалиги Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Ғубур қишлоғида ўтган. Меҳмондорчиликда юришга Шароф акамнинг вақти бўлмас эди, аммо мен қиш­лоққа боришни яхши кўрардим. Отам (қайнотам) раҳматлик билан жуда кўп суҳбатлашиб ўтирардик. Ҳатто уларнинг етти авлодининг исми ва ҳаётлари қандай кечганини биламан десам, муболаға бўлмайди. Отамнинг ҳикоя қилишларича, Шароф акам туғилиши Шароф Рашидов билан отамнинг бахши Фозил Йўлдошнинг уйига меҳмонга боришган вақтига тўғри келган экан. Меҳмондорчилик қилиб ўтиришган кечада қор шундай ёққан экан-ки, қалинлигидан эшик очилмаган экан. Шу пайт бир отлиқ келиб, эшикни очолмай, деразадан “Бошбек ака, ўғилли бўлдингиз”, деб хушхабар етказган экан. Шунда отам Фозил Йўлдошга “Сиз ҳурматли одамсиз, ўғлимга исм қўйиб беринг”, деган эканлар. Фозил Йўлдош эса “Мана, Шароф Рашидов – яхши инсон. Унга ўхшаб яхши ёзувчи бўлиб юрсин”, деган ва меҳмонга қараб, “Шарофжон, розимисиз?”, деганида, у кишининг мамнуният билан рози бўлганини отам кўп бора завқланиб айтиб берганлар.

Шароф акам мактабда аъло ўқиганлар. Болаликдан санъатга қизиқиш­лари катта бўлгани учун мусиқий билим юртига ўқишга кирганлар. Шу сабабдан Шароф акам барча чолғу асбобларини, айниқса, пианинони жуда маҳорат билан чалардилар. Овозлари ҳам ёқимли ва ширали эди. Шунинг учун ҳам мусиқали драма факультетига энг юқори балл билан ўқишга кирганлар.

– Тўйдан кейин ўз шаҳрингизда яшаб туриб ҳам мусофирлик қисматини бош­дан кечирган экансиз-а? Кейинчалик Сирдарёда ҳам. Тўғрими?

– Йўқ, аксинча, биз ҳеч қачон қийин­чиликни ҳис қилмаганмиз. Чунки Шароф акам жуда омадли одам эдилар. Турмуш қурганимиздан кейин уни инс­титутдан Гулистон театрига ишга юборишди. У ерда театрдан уй беришди. Гулистон театрида 5 йил ишладик. Кейин Шароф акамнинг биринчи «Тақдир эшиги» пьесасини вазирлик қабул қилиб, Тошкентга ишга чақиришган. Тошкентга қайтгач, 5 йил ижарада яшадик… 

Тошкентга келганимизга 4 йил бўлгач, ўша даврда вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Раҳима Назарова 3 боламиз билан ижарада яшаётганимиздан хабар топиб, Шароф акамнинг номига уй олишга муваффақ бўлдик. Аммо бу уйни Муқимий театрининг ўша пайтдаги раҳбарлари бошқа одамга сотиб юборишган экан. Бундан хабар топган Раҳима опа уларни жазоламоқчи бўлганларида, Шароф акам қаршилик қилганлар. Бирга ишлайдиган одамларга ёмонлик қилишни истамадилар, ҳатто уйимизни сотиб олган йигитни ҳам табрик­лаб қўйганлар. “Мен­дан қочиб юрма, уй сенга буюрган экан ҳалолинг бўлсин”, деганлар. Хафа бўл­ганимда, “Сабр қилсак, Оллоҳ бизга ҳам уй бериб қолар, у уй 9-қаватда экан, лифти бузилиб қолса, чиқишга қийналиб қоламиз”, деб мени юпатган эдилар.

Айтганларидай, орадан бир йил вақт ўтиб, Ёзувчилар уюшмасидан уй беришди, 1-қаватдан, 4 хонали! 

– Севган инсонингиз билан барча қийинчилик­ларни бирга енгиб, ҳаётингизни давом эттирар экансиз, нималарни анг­лаб етдингиз, нималарга ишонч ҳосил қилдингиз?

– Албатта, Шароф акам билан ҳаёт йўлимиз жуда текис ўтган деб, айта олмайман. Ҳамманики каби бу йўлда ўнқир-чўнқирлик­лар, паст-баланд­ликлар, тушун­мовчиликлар ҳам бўлган. Лекин асосийси, инсоннинг тақдир йўлининг боши тўғри ва текис бўлгани, ундан ҳам кераги, йўл охирининг хайр­­ли бўлишидир. Умр йўлининг ўртасидаги турли синовларни эса ҳар бир инсоннинг фикр­лаши, хулоса чиқариши, тўғри йўлни танлаши учун Оллоҳнинг имтиҳони, деб биламан. Энг муҳими, бу йўлда қўлларимиз бир-биридан ажрамагани, бир-биримизга бўлган илиқ туйғуларни сақлаб қола олганимиздир.

– Гулистон театрида турли ролларни ижро этгансиз, бунга турмуш ўртоғингиз қандай қараганлар, қизғониб ёки тушунмовчиликлар туфайли оилавий муносабатлар дарз кетган пайтлари ҳам бўлганми?

– Шароф акам ҳеч қачон ишлашимга қаршилик қилмаганлар. Истасанг, театрда ишла, деганлар. Чунки актриса эканимни билиб уйланганлар. Рашк қилардилар, лекин ҳеч қачон рашк сабаб жанжал қилмаганлар. Умуман олганда, Шароф акам жанжални, муаммо чиқаришни, муносабатларимизни мураккаб­лаштиришни, оила тинчини бузишни ёмон кўрар эдилар. Доимо менга ҳурмат билан муносабатда бўлганлар. Лекин “Бой ила хизматчи” спектаклида Турғун Азизов Ғофир, мен Жамила ролини ижро этганимда, Шароф акам спектаклга келмаганлар…

– Шароф Бошбековнинг драматургия­­га қўл уришларига нима сабаб бўлди?

– Гулистон театрида ишлаганимизда саҳналаштирилган пьесалардан ҳеч қониқмас, кўнгли тўлмас эди. Улар устида режиссёр билан қайта-қайта ишлардилар. Ўшанда ўзлари пьеса ёза бошладилар ва “Тақдир эшиги” комедия­­си дунёга келган. 

– Драматургнинг ижодида “Темир хотин” сатирик комедияси алоҳида эътиборга молик. Ундаги образларни яратишда кимлар ва нималар, қандай воқелик туртки бўлганидан хабарингиз борми?

– Шароф акамнинг айтишича, уни «Робот полициячи» деган фильмдан илҳомланиб ёзганлар. Лекин бу илҳомга мен туртки бўлган эканман. Ўшанда ёзги таътилда эдим. Шароф акам бирон жойда ишламаётган, ижод билан банд пайт­лари эди. Янги ўқув йили яқинлашаётгани учун болаларга мактаб учун кийим-кечак қилиш ҳақида ўйлардим. Шундай кунларнинг бирида машинкаларини чиқиллатиб ўтирган турмуш ўртоғимнинг ёнига келиб, “Ўзингизга ёққан шунча асар ёздингиз, энди оилангиз учун, фарзандларингиз учун ҳам ёзинг!” деганман. Шунда у киши “Бир фикр бор, робот ҳақида”, дедилар. Мен “Шундай асар ёзинг-ки, кулгили, аммо дарди бўлсин, аччиқ гап­ларингизни кулдириб айтиб олинг”, дедим. Шундай қилиб у киши яна ишга шўнғидилар. Асарни ёзиб тугатгач, «Сен айтганингдек, юрагимнинг туб-тубидаги жиддий гапларни айтиб олдим, Мавжу», дедилар.

– Шароф Бошбеков асарларида кўпроқ аёллар ҳаётини қийинлаштираётган муаммоларга эътибор қаратганлар. Ҳаётда ижодкорнинг аёлларга, хусусан, рафиқасига муносабатлари қандай эди?

– У киши хотин-қизларни жуда ҳурмат қилар эдилар. Менга ҳам тўйдан кейин “Сени жуда яхши кўраман, сен учун ҳамма нарсага тайёрман. Сен мен учун туғилгансан” – дедилар жилмайиб. Шароф акам айтганларидек, ҳақиқатдан ҳам мен улар учун туғилган эканман. Сўнгги нафасларигача ёнларидан бир қадам жилмадим.

 48 йиллик бирга кечган ҳаётимиз давомида бир-биримизни севиб, тушуниб, камчиликларимиз бўлса кечириб, ардоқлаб, суянчиқ, ҳамдард, ҳамфикр, сирдош, дўст бўлиб яшадик. Қаердан келсалар ҳам ҳар доим “Мавжу, мен сени ҳали ҳам севаман”, дердилар. Ўша пайт­ларда мен буни айтиш шартмасдир, деб фикр қилардим-у, аммо шу гапларидан осмонларда учиб юргандек ҳис қилардим ўзимни… Энди англадим-ки, икки инсоннинг ўртасидаги меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлаш учун ҳам одамлар бир-бирига дил изҳори қилиб туришлари керак экан.  

– Қандай вазиятларда драматург­нинг жаҳллари чиқар ва кўпроқ нималардан завқ олардилар? Қандай инсонларни қадрлар эдилар?

– Шароф акамнинг жаҳли чиқиши жуда қийин эди. Чиқса ҳам, тез тушар эди. Танбеҳни ҳам ҳазил билан берардилар.

У киши ўз ишидан кўпроқ завқ олардилар. Ёзган асарлари одамларда фикр уйғота олиши зарур, дея ҳисоблар эдилар. Шу билан бирга ёзган нарсалари томошабинни зериктирмаслиги шарт, деб ҳисоблардилар. Шунинг учун бўлса керак, асарлари тез оммалашарди.

Биринчи набирамиз дунёга келганда, Шароф акам “Ана энди мени ҳеч ким, ҳеч қачон хафа қила олмайди, чунки набирамга қарасам, барча хафагарчиликлар унут бўлади”, деган эдилар хурсандлик­лари ичига сиғмай. 6 ўғил ва 3 қиз набиралик бўлдик. 7 нафари олийгоҳларда, иккиси мактабда ўқишади.

– Уч нафар қизга гўзал тарбия бериб, камолга етказган онанинг ҳамиша мартабаси улуғ, даражаси юқоридир. Устоз бунга қандай қарар эдилар?

– Қизларини жуда яхши кўрардилар, уларнинг биронтасига ҳам ҳеч қачон қаттиқ гапирмаганлар. Лекин талтайтирмас эдилар ҳам. Қизлари ҳам ўзларига ўхшайди, жуда оғир-босиқ, мулоҳазали. Ҳатто олийгоҳларга ҳам ўз билими, ўз саъй-ҳаракатлари билан киришган, Баъзиларга ўхшаб, отасининг номидан фойдаланишмаган.

– Устознинг оиладаги ўрни, у кишининг характери, ижобий хислатлари тўғрисида тўхталсангиз.

– Шароф ака ҳамма қатори оддий инсон эдилар. Лекин сабрли, мулоҳазали, камсуқум, тўғрисўз, адолатни, тартибни яхши кўрадиган, аммо лаганбардорликни, жанжалкашликни ёмон кўрадиган содда ва самимий одам эдилар. Уларнинг чеҳралари ҳам, қўллари ҳам очиқ эди. Ҳеч кимга озор беришни истамасдилар. Ҳатто эшик-деразаларни ҳам гўё озор беришдан қўрққандек, эҳтиёткорлик билан очиб, ёпардилар. Бирга яшаган йилларимиз давомида бир оғиз қўпол гапирганларини эшитмадим. Бирор нарса керак бўлса, илтимос оҳангида гапирардилар. Харажатни кўпайтириб юборсам ҳам койи­масдилар. “Ўзинг хурсанд бўлсанг, бўлди”, дердилар. Менга ҳамиша: “Сен бўлсанг дунё шодлиги керакмас, сен бўлмасанг, дунё ҳам бўшаб қолади”, деган гапни кўп такрорлардилар. Бу гап­ларини энди кўпроқ англаяпман: улар кетдилар-у, дунё мен учун бўшлиққа айланди-қолди…

Шароф аканинг кечаси билан чироғи ўчмас эди. У ёруғ кун-у қоронғи тунларда ҳам ўз асарларидаги қаҳрамонлари орқали дунёни, одамларни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилди. Сокинлик ва ним табассум билан эзгулик, яхшилик­ларни дунёга заррин нурлар янг­лиғ сочишга интилиб яшади. 

– Драматургнинг баъзи асарларига гонорар ҳам тўланмагани етмаганидек, баъзида ҳатто сценарий муаллифи сифатида исмлари қайд этилмаган ҳолатлар ҳам бўлган экан. Бунга қандай муносабат билдирганлар?

– Шароф акам пул деб куйиб-пишмас, бу борада ҳеч ким билан талашмас эдилар. Шу сабабли кўп бора панд еганлар. Ҳатто ёзиб берган сценарийларига фильм олинган-у, гонорарларини бермаганлар ҳам бўлди. У машҳур одам, исмини айтмай қўя қолай. Ғоя уники бўлган, аммо сценарий Шароф акамники эди. Титрда ҳатто сценарий муаллифининг исм-фамилиясини ҳам ёздирмаган, фақатгина ғоя муаллифи кўрсатилган холос. Шунда ҳам талашиб ўтирмадилар. Баъзилар суд­­га беришни таклиф қилишди, аммо кўнмадилар. “Фильмни халқ кўрди-ку, шуниси муҳим. Уларга эса инсоф берсин”, дедилар холос.

– Ҳаёти кино ва театр билан боғланмаганида яна қайси касб эгаси бўлиши мумкин эди? Нималарга қизиқар эдилар?

– Шароф акам, қайта туғилсалар ҳам драматургия билан шуғулланардилар, деб ўйлайман. Чунки ижодни, кино, спектаклларни жуда яхши кўрардилар, ҳатто репетицияларига бориб ўтирардилар. Сценарийлари асосида кино олинганда ҳам съёмканинг бошидан охиригача ўша ерда бўлардилар.

Қизиқишларига келсак, шахматни ёқтирардилар, техникани яхши кўрардилар.

– Турмуш ўртоғингиз билан яшаган ярим асрлик умрингизнинг асосий қисмини ижодга эмас, аксинча, у кишининг соғлигини тиклашга, унинг ёнида бўлиб, дардига малҳам бўлишга бахшида этган аёлсиз. Тенгдош­ларингиз каби ижод қилиб, юксак пиллапоя­лар сари кўтарилмаганингиздан афсусланмайсизми?

– Мен ҳаётим давомида аёллик ва оналик мавқеини энг юқорига қўйдим. Бундан асло афсусланмайман. Ҳаётда ким учундир бойлик, ким учундир мансаб-мартаба, ким учундир гўзаллик муҳим. Аммо буларнинг ҳеч бири мен учун турмуш ўртоғимнинг биргина табассумидан, розилигидан, бахтиёрлигини кўришдан муҳим эмас. Айниқса, унинг соғлигида муаммо пайдо бўлгач, олган ҳар бир нафасим билан саломатлиги тикланишини тилаб яшардим.

 – Ўтган умрингизни сарҳисоб қилиб, нималардан кўнглингиз тўлади-ю, нималардан афсус ва армон ҳиссини туясиз?

– Оллоҳ берган неъматига шукр қиламан. Афсус-армонларим йўқ, десам ҳам бўлади. Чунки Оллоҳ менга севиш ва севилиш бахтини берди. Бу туйғунинг салмоғини, даражасини бир-бирини севиб яшаган инсонларгина билади. Жуда гўзал хулқли, ақл-фаросатли, отасига ўхшаган фарзандлар берди. Улар ортидан шириндан-ширин, ажойиб набиралар дунёга келди. Буларнинг ҳаммаси мени армон ҳиссидан буткул йироқлаштиради, шукроналик тожини бошим узра кўтаришга асос бўлади. Биз ҳаётимиз давомида бир-биримизни ардоқлаб яшадик. Мен турмуш ўртоғимга таом тайёрласам ҳам, уст-бошини ювсам ҳам у кишининг ёнимдалиги, у билан биргалигим учун ўзимни бахтиёр ҳис этардим. Мен ҳеч қачон бошқа аёллар сингари тилла тақинчоқ тақмадим, чиройли либослар кийиб, ясаниб юришларга қизиқмадим, аёлларнинг гап-гаштакларига ҳам бормадим. Негаки, булардан кўра мен учун эримнинг ёнида бўлишим, уни ишга кузатиб кутиб олишим, унинг хоҳиш-истак­ларини бажаришим муҳимроқ ва қувонч­лироқ эди. Шароф Бошбеков мен учун барча бойлигу, дур-жавоҳирлардан аъло эди. Ҳар куни турмуш ўртоғимга ёқадиган таомлар тайёрлаб завқланар эдим. У киши ҳар доимгидай чиройли жилмайиб: “Байрамона дастурхон бўлибди-ку. Мазза қилдим. Борингга шукр, сен бўлмасанг қандай яшардим”, десалар, мендан бахт­­ли одам бўлмасди. У киши мен учун қалби пок, муҳаббати осмон қадар катта, одамларнинг энг яхшиси эди…

– Ҳаётингиздаги энг ёрқин саҳифалар нималардан иборат?

– Тўйимиздан кейинги давр ўзгача эди. Бир куни ишдан келганларидан сўнг «Шахмат ўйнашни биласанми?» деб сўрадилар. «Йўқ», дедим. «Ҳозир сенга ўргатиб қўяман», деб шахмат доналарини тера бош­ладилар ва ҳар бирини эринмасдан тушунтира кет­­дилар. Мен эса ҳеч бир гапларини анг­ламасдим ҳам, эшитмасдим ҳам. Худди тош­бақа тухумига тикилгани каби, турмуш ўртоғимга – севимли инсонимга, ҳаётимнинг мазмунига тикили-и-и-б, келажакда иккаламизнинг қоп-қора кўзли болаларимизни ўйнатиб юрганимизни хаёлан орзу қилиб ўтирардим. Бу бахт­­ли лаҳзалар ёди менга умримнинг охиригача саодатли ҳаётимдан сармаст бўлиб яшашга етади. Ҳаётимизнинг энг ёрқин саҳифалари эса ўша орзу қилган қора кўзли фарзандларимизнинг дунёга келиш­лари бўлди. 

– Қизлар орасида ота-онаси сингари ижод йўлидан бораётганлари ҳам борми?

– У киши қизларига қараб, ҳар бир қизим – бир давлатим, дердилар. Уларнинг ҳар бири қалам тебрата олиш иқтидорига эга. Фақат ижод билан жиддий шуғулланишмайди. Муножотхон Шарқшунослик институтининг турк тили, Иродахон Жаҳон тиллари университетининг инглиз тили факультетини тугатди. Камола қизимиз Халқаро журналистикада ўқиди. Ҳозирда «Суғдиёна» газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишламоқда. Шунингдек, «Севимли» телеканалида кинотаржимон.

– Ҳаёт дея аталмиш буюк устоз сизга нималарни ўргатди?

– Бор нарсага шукр қилишни, сабрли бўлишни, дилозорлик қилмасликни, ҳаётни борича севишни, кечиримли бўлишни, энг асосийси, ҳаракатдан ва билим олишдан тўхтамасликни ўргатди.

– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

“Adolat” мухбири

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.

Tegishli xabarlar

Ташқи иқтисодий омиллар таҳлил қилиниб, зарур чоралар белгиланди

admin

Ҳаётнинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни тақозо қилмоқда

admin

Жамоатчилик назорати: Оромгоҳлар мавсумга шайми? (Андижон, Хоразм)

admin