ADOLAT 24

САМАРҚАНД САММИТИ ТАШКИЛОТНИНГ КЕЙИНГИ ЭВОЛЮЦИЯСИ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ СИФАТИДА ТАРИХГА КИРДИ

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг олий даражадаги саммити ўз ниҳоясига етди. Шу билан Ўзбекистоннинг ШҲТда раислиги даври ҳам тугади. Энди 2022-2023 йилларда ташкилотга биринчи марта Ҳиндистон раислик қилади. Ушбу мамлакат ШҲТга 2017 йилда аъзо бўлиб кирган.

Куни кеча бир гуруҳ талаба-ёшлар мендан Самарқанд саммити ҳақида хулосаларимни сўрашди. Уларга қуйидагиларни айтдим:

Биринчидан, Самарқанд саммити мамлакатимизнинг янги тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйишга арзигулик, том маънода тарихий воқеа бўлди. Мустақиллик йилларида юртимизда халқаро аҳамиятга молик кўплаб анжуманлар ўтказилган бўлса-да, лекин уларнинг бирортаси ҳам ўз долзарблиги, кўлами, иштирокчилар сони, мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари жиҳатидан ШҲТнинг Самарқанд саммитига бас келолмайди.

Иккинчидан, Самарқанд саммити, шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон дипломатиясининг энг катта ютуғидир. Таъкид­лаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон дипломатияси сифат жиҳатидан мутлақо ўзгарди. Саммитнинг юксак савияда ташкил этилгани ва юқори нотада ўтказилгани, шак-шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро имиджига ижобий таъсир кўрсатди ва унинг минтақавий держава сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди. Эндиги вазифа – ана шу эришилган мавқени сақлаб қолиш ва ҳар томонлама мустаҳкамлашдан иборат.

Учинчидан, ШҲТ саммити Самарқанд шаҳрининг халқаро ва минтақавий аҳамиятини янада юксалтирди ва унинг жаҳон конгресслари марказига айланишига катта ҳисса қўшди. Маълумки, бу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар азал-азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани бўлиб келган. Самарқанд саммитига тайёргарлик асносида бу ерда тарихий улуғворлик ва замонавий декор уйғунлигида юксак дид билан барпо этилган бетакрор объектлар бундан буён ҳам мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ва дип­ломатик ташаббусларини илгари суриш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

Тўринчидан, Саммит ишининг кенг ёритилиши, кучли ахборот таъминоти ҳам унинг муваффақиятини таъминлаб берган омиллардан бири бўлди. Айниқса, саммит арафасида Президентимизнинг дунёдаги ҳозирги мураккаб, таҳликали жараёнлар ва унда ШҲТнинг тутган ўрни ҳақидаги мақоласининг қатор хорижий мамлакатлар етакчи ОАВларида эълон қилиниши жуда катта самара берди. Мақолада бутун инсониятни хавотирга солаётган умумбашарий муаммолар шунчаки санаб ўтилмасдан, балки уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилган. Энг мақбул ечим сифатида дунё мамлакатлари ўртасида КОНС­ТРУКТИВ МУЛОҚОТ ВА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК ғояси илгари сурилган бўлиб, бу эса мамлакатимиз замонавий ташқи сиёсатининг мазмун-моҳиятини тўлиқ акс эттиради.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити жуда муваффақиятли якун топди. У ШҲТ фаолиятида янги тарихий даврни бошлаб берди.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

**

ШҲТга Ўзбекистон мезбонлик қилган даврда пандемия шароити бўлганига қарамай, 80 дан ортиқ тадбир самарали ўтказилди. Шунингдек, бу даврда “Шанхай руҳи”ни нафақат сақлаб қолиш, балки уни сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлинди. Самарқанд саммити ШҲТ Хартияси имзоланганига 20 йил тўлган вақтда ўтганини ҳам қайд этиш зарур.

Айрим халқаро ва минтақавий ташкилотлар нуфузи йўқолиб бораётган бир давр­­да ШҲТ оиласининг ҳам географик, ҳам сон жиҳатдан ортиб бораётгани унинг муваффақият формуласи билан боғлиқ. Мазкур формуланинг сири ташкилот кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, фаолиятида мафкуравий догма йўқлиги, умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган меъёрларга амал қилиш тамойилида фаолият юритишидадир.

Президентимиз Самарқанд саммитида сўзлаган нутқида қатор ташаб­бусларни илгари суриб, хусусан, кибержиноятчиликка қарши кураш платформасини яратиш масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, кўп жиҳатдан аллақачон замонавий ҳаётни белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратиш, фақат кучларни бирлаштириш орқали бир пайтнинг ўзида ахборот маконидаги таҳдидларни камайтира борган тақдирдагина рақамлаштириш афзалликларидан тўла фойдалана олишимиз мумкинлиги, кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани алоҳида тилга олинди.

ШҲТ Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ва дунё аҳолисининг ярми яшайдиган мамлакатларни бирлаштирадиган халқаро платформадир. Шу боис, мазкур ташкилот учун кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари нафақат минтақавий, балки халқаро аҳамиятга ҳам эга.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган даврда амалга оширилган ишларнинг якуний ҳисоботини ҳамда ташкилот олдида турган глобал муаммоларни ечиш бўйича таклифлар берди. Шунингдек, ўз маърузасида дунёда кўплаб муаммолар вужудга келаётганини таъкидлаб, пандемия, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика масалалари билан боғлиқ муаммоларни санаб ўтди. Ўз навбатида, уларнинг ечимини топиш учун қатор ташаббусларни илгари сурди. Ана шундай ташаббуслардан бири Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш таклифи бўлди.

Давлатимиз раҳбари саноат кооперациясини чуқурлаштиришга ҳам алоҳида урғу берди. Бу – жуда муҳим ташаббус. Саммит доирасида Эрон раҳбари билан учрашувда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу билан ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори экани таъкидланди. Шу билан бирга, Президентимиз ШҲТ давлатларида келгуси йилни Туризмни ривожлантириш йили, деб номлашни таклиф этди.

ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

**

Инсоният ўтмишининг ҳар бир даври, ҳатто дақиқаларигача ўз қадр-қиммати, мазмун-моҳияти ва мураккаб муаммолари билан кечади. Бинобарин, бугунги кун ҳам бутун дунёни мутлақо ўзгача, мислсиз мураккаб ва ниҳоятда зиддиятли даврга рўбарў этиб турибди.

Бугун инсоният атрофда содир бўлаётган турли табиий фалокатлар, саломатлиги, генофондига таҳдид солаётган касалликлар, катта-кичик сиё­сий алғов-далғовликларга гувоҳ бўлмоқда. Бундай шароитда дунё­нинг қайси ҳудудида бўлмасин ҳар бир киши ўз ҳаёти, фарзандлари, келажаги хусусида ўйга толади, нажот ахтаради. Шу жиҳатдан бутун дунё нигоҳи Самарқандга қаратилди десак, муболаға бўлмайди.

Рўйи замин сайқали Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. Аслида Самарқанд саммитига қизиқишлар анча илгарироқ бошланиб, турли тахминлар, башоратлар илгари сурилди. Имкониятлар чамаланди. Бир қатор масалалар очиқ ва мавҳум қолгани ҳам бор гап эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саммит арафасида рес­публикамиз ва бир қатор хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида нашр этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи эса ҳеч бир саволга ўрин қолдирмади.

Чиндан ҳам бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти сайёрамизнинг нуфузли ва халқаро майдонда кечаётган жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга ташкилотига айланди. Ушбу мавқега эришишнинг асосий омили, шубҳасиз, мазкур халқаро ташкилотда ўзига аъзо давлатларнинг тенг манфаатли ҳамкорлигининг йўлга қўйганлигидир. Ушбу ҳамкорлик ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтиришга кенг имкон яратганлигини мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси сўнгги йилларда ўз ҳаётларида ҳис этиб турибди, десак айни ҳақиқатни эътироф этган бўламиз.

ШҲТнинг яна бир жозибаси – унинг турли блоклардан холи ҳолда иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақиб­ликка йўл қўймаслигидадир. Ташкилотга аъзо давлатлар сафининг кенгайиб бораётганлиги, халқаро майдондаги хайрихоҳликни ҳам аслида шу билан изоҳлаш жоиз. Бугунга келиб ШҲТ географик жиҳатдан улкан маконни қамраб, дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ҳолда, наинки минтақа, балки сайёрамиздаги турли муаммолар, давлатлар­аро можаролар орқали тинч­ликнинг бузилиши, энергия­­га бўлган эҳтиёжнинг кундан-кунга ошиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурс­лари танқислигининг ортиши каби масалаларни ҳамкорлик асосида муваффақиятли ҳал этишга кенг майдон яратиб бермоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз мақоласида инсоният бугун рўбарў турган муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асос­ланган кўп томонлама ҳамкорликда эканлигига урғу бериб, ҳеч бир мамлакат хоҳ катта, ўрта, кичик бўлсин, алоҳида ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмаслигини таъкидлайди.

Шу жиҳатдан Самарқанд саммити доирасида қўшни Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга тобора кенг жалб этилаётгани ниҳоятда қувонарли ҳолдир. Зеро, Афғонистонда тинчлик ва осо­йишталикнинг таъминланиши, барқарорлашув нафақат Марказий Осиё, балки қитъалараро транспорт ва ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривож­лантиришда муҳим геосиёсий воқеа бўлади.

Саммитда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилувчи ҳужжатлар имзоланди. Табиийки, ушбу ҳамкорлик фан ва таълим соҳаларида ҳам алоқаларни, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан мустаҳкамлайди. Шу маънода инсоният тамаддунида Шарқ ва Ғарб Ренессансларига бешик бўлган қадим ва навқирон кент яна бир уйғониш даврига “Самарқанд руҳи”ни бериши шубҳасиз.

Баҳодир СОБИРОВ,

Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор,

халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати

**

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ҳали навқирон тузилма бўлишига қарамасдан жаҳон ҳамжамиятида ўз сўзи, ўз нуфузига эгадир. Эътиборлиси, йилдан-йилга бу жиҳатлар ошиб, ташкилотнинг қамрови кенгайиб бормоқда. Самарқанд мезбонлик қилган ШҲТнинг 22-саммитида бу жиҳатлар яққол кўзга ташланди. Айниқса, турли минтақаларда кечаётган сиёсий, геосиёсий тўқнашувлар, инқирозлар авж олган бир паллада томонларнинг дўстона муносабатларини ривожлантириш, ўзаро ҳурматга асос­ланган мулоқот жуда муҳим эди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон бу босқичда ҳар томонлама ўз позициясини намоён эта олди. Минтақавий мулоқот учун воситачи сифатида жуда қулай платформани тақдим этди. Бунда ҳамиша ўзининг прагматик устувор йўналишларига эга бўлган мамлакатимиз иқтисодий ривожланиш, минтақавий барқарорлик, инфратузилма лойиҳалари, ҳудудий яхлитликни таъминлаш масалаларида қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Саммит муносабати билан ўтказилган тадбирлар, давлатимиз раҳбарининг нафақат минтақада, балки ер юзидаги тинчлик ва барқарорликни сақлашга оид аниқ таклифларига асос­ланган мақоласидан тортиб, саммит мажлисида билдирган фикр ҳамда ғояларида Ўзбекис­тон томонининг мақсадларини аниқ кўрсатиб берди. Бугунги вазиятни “давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзули”, деб ифодалаган Шавкат Мирзиёев ундан чиқиш йўли фақат ва фақат музокаралар ва ҳамкорлик эканини янги ташаббус­лар билан исботлади. Ана шулар асосида 40 дан ортиқ битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш таклифи илгари сурилди. Ушбу дастуриламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ташкилотни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йў­налишларини белгилаб бериши лозимлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, стратегия ШҲТ учун жуда муҳим ҳужжат бўлади. Зеро, у Европа Иттифоқи сингари сиёсий ташкилот ҳам, НАТО каби ҳарбий блок ҳам эмас. Бу эса иқтисодиёт, савдо ва инвес­тиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳим эканини кўрсатади. Агар ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиёти бир-бирини ўзаро тўлдириб борса, айни муддао бўлади. Чунки Ўзбекистон ҳам бундан бошқа давлатлар қатори бирдек манфаатдордир. Шу боис мавжуд салоҳиятни максимал даражада ошириб бориш зарур.

Демак, давлатларни ўзаро боғловчи транзит воситаларига эҳтиёж мавжуд. Бу эса транспорт масаласи билан ечим топади. Мисол учун, давлатлар ўртасида товар айрибош­лашни ривожлантириш талаб этилади. Агар ушбу жараёнда транспорт логистика масаласи тўғри йўлга қўйилмаса, янги йўлак­лар очилмаса, ишлаб чиқарилган, етиштирилган товарлар алмашинув даражасини ошириш тўсиқлар, қийинчиликлар гирдобида қолаверади. Ўзбекистон транспорт йўналишларини оладиган бўлсак, кўпроқ шимол тарафга қаратилган ва Осиё мамлакатлари билан ихтисослашув у қадар ривожланмаган эди. Саммитда эса бир нечта йўлак­ларни ташкил этиш масаласи илгари сурилди.

Хусусан, минтақа иқтисодиётини янада ривожлантириш учун кучли рағбат бўладиган “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйи­­ча ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу келишув бутун Марказий Осиёнинг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга эга.

Кейинги босқичларда транс-афғон йўлининг қурилиши кутилмоқда. Қозоғис­тон Президенти эса Каспий йўналиши бўйи­­ча Қозоғистон – Туркманистон – Эронни боғловчи коридор қуришни таклиф этди. Агар саммитда илгари сурилган ғоя­лар амалга оширилса, Марказий Осиёда ҳалқа йўл ҳосил бўлади. Бу ўз навбатида товар ва маҳсулотларнинг таннархи пасайи­шига, экспорт салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшади. Ўзбекистон учун эса денгиз йўллари орқали Европага чиқиш имкони юзага келади.

Айтиш керакки, ўтказилган учрашувларда глобал ва минтақавий ривожланишнинг асосий масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижасида минтақадаги кес­кинликни пасайтиришга хизмат қиладиган муҳим қарорлар қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, “Самарқанд руҳи” яққол ўзини намоён этиб, тарихий қарорлар қабул қилинадиган мас­кан вазифасини ўтади.

 Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

**

2022 йил сентябрь ойининг учинчи ҳафтаси тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан ёзилади. Чунки шу кунларда қадимий ва ҳамиша нав­қирон, ер юзининг сайқали саналмиш Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Дунёнинг қирқ фоиздан зиёд аҳолиси яшайдиган давлатларни бирлаштирган энг йирик минтақавий тузилма бугунги кунда жаҳон сиёсатига сезиларли таъсир ўтказаётгани яна бир бор ўз исботини топди.

ШҲТнинг Самарқанд саммити ишини бутун сайёрамизнинг давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, экспертлар, журналистлар, миллионлаб кишилар кузатиб турдилар. У барча оммавий ахборот воситалари – газеталар, радио-телевидение, интернет-нашрлар учун ҳозир ҳам асосий мавзу бўлиб турибди. Ҳамма шарҳловчилар саммит юксак савияда ва муваффақиятли ўтганлигини қайд қилмоқдалар. Бунда мезбон мамлакат – Ўзбекистоннинг ҳиссаси беқиёслигига урғу берилмоқда.

Албатта, бу бежиз эмас. Айни вақтда Ўзбекистон ташкилот ичидаги турли йўналишларни ривожлантиришга таъсир кўрсатибгина қолмай, бошқа давлатлар илгари сураётган таклифларни ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Яқинда ШҲТнинг улкан салоҳиятини транспорт, коммуникация, логистика, инновацион ва рақамли ҳамкорликни, маданий ва ижтимоий дипломатияни ривожлантиришга йўналтириш ташаббуси маъқулланганлиги фикримиз далилидир.

Шу ўринда Францияда чоп этиладиган “Le Figaro” газетасининг шарҳи кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Бу нашр ўз материалига «ШҲТ Самарқанд саммити Ўзбекистоннинг катта дипломатик ғалабаси» деб сарлавҳа қўйган. Унда мамлакатимиз олиб бораётган изчил ташқи сиёсат, дунёда тинчлик ва барқарорликни, ўзаро ҳамкорликни мус­таҳкамлашга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида атрофлича сўз юритилган.

Газета тўғри таъкидлаганидек, ШҲТ Европа Иттифоқи сингари сиёсий ташкилот ҳам, НАТО каби ҳарбий блок ҳам эмас. ШҲТда Ўзбекистон алоҳида ўринга эга. Ташкилотга яқинга қадар Ўзбекистон вакили, ҳозирда мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Норов раҳбарлик қилди. Саммитнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу Ўзбекистоннинг катта дипломатик ғалабасидир.

Нашр экспертлари Ҳиндистон, Покистон ҳисобига кенгайган ташкилот мавқеи янада мустаҳкамланганлигини қайд этади. Самарқандда улар сафига Эрон ҳам қўшилганлигини айтиб ўтиш лозим. Яқин келажакда эса Беларусь, Миср, Қатар, Саудия Арабистони ҳам тузилма аъзоларига айланиши кутилмоқда.

Саммит иштирокчилари ШҲТ фаолиятининг муҳим соҳаларидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Жами 44 та битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир. Улар ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлигини ривожлантиришга йўналтирилган.

Мухтасар айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммити зўр муваффақият билан ўтди ва ташкилотни ривожлантириш йўлидаги янги, муҳим босқич бўлди. Бу бутун Ўзбекис­тон халқини чексиз қувонтирди.

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Қонун лойиҳасига таклифлар берилди

admin

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

“Дадамнинг китоблари дўстимга айланди…”

admin