ADOLAT 24

ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замоннинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга катта ҳисса қўшиб келаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. У нисбатан ёш, ташкил топганига эндигина 21 йил тўлган бўлса-да, аммо жадал ривожланаётган халқаро минтақавий ташкилотлардан биридир. Ўтган давр мобайнида у консултатив механизм форматидан тўлиқ миқёсдаги давлатлараро бирлашмага қадар тез юксалди. Ўзбекистон ШҲТ ташкил этишнинг бошида турган, унинг изчил ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ва қўшиб келмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз ушбу нуфузли уюшмага раислик қилмоқда. Ушбу раисликнинг кульминацион нуқтаси – шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган олий даражадаги саммитдир. Шу ва бошқа масалалар юзасидан ўқувчиларимизга батафсил маълумот етказиш мақсадида мухбиримиз “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси, сиёсий фанлар доктори Қодир Жўраев билан суҳбатлашди.

– Қодир Асадович, суҳбатимиз аввалида ШҲТ фаолиятини кузатиб келаётган мутахассис сифатида унинг халқаро майдондаги ўрни ва роли ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

– Маълумки, ШҲТ 1996-1997 йилларда даставвал “Шанхай бешлиги” номи билан ташкил этилган. 2001 йилда Ўзбекистон аъзо бўлиб кирганидан сўнг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти номини олган эди. Унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, сепаратизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш ҳам ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидир.

Ўтган 21 йил ичида халқарo ва минтақавий вазиятда жиддий ўзгаришлар рўй бeраётган бир шарoитда ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг самарали мeханизми сифатида намoён этиб келмоқда. Қисқа вақт ичида ташкилoт салмoқли шартнoма-ҳуқуқий базага эга бўлди, институциoнал жиҳатдан шаклланди, тузилмавий органлари ташкил қилиниб, уларнинг барқарoр фаoлияти йўлга қўйилди.

ШҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг жозибадорлиги, биринчидан, унинг турли блок­лардан холи мақомга эга экани, иккинчидан, очиқлиги, учинчидан, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, тўртинчидан, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларига аралашмаслик, бешинчидан, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик каби тамойилларга риоя қилиши билан изоҳланади.

Таъкидлаш жоизки, ташкилот “Шанхай руҳи” тамойили асосида ташкил қилинган бўлиб, ушбу тамойил ўзаро ишонч, манфаат, тенг­лик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби муҳим қоидаларни ўзида мужассам этади. “Шанхай руҳи” ташкилотга аъзо давлатларнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий қудрати ҳар хил ўлчамда бўлишига қарамай, уларнинг барчаси ўзаро тенг­лигини билдиради.

Чунончи, ШҲТ доирасида барча қарорларнинг консенсус асосида қабул қилиниши тамо­йили ҳам “Шанхай руҳи”нинг мазмун-моҳиятини намоён этади. Ушбу тамойил ташкилотнинг “ўрта” ва “кичик” аъзоларига Хитой ва Россия каби йирик давлатлар билан бир қаторда ШҲТнинг устувор йўналишларини белгилашда фаол иштирок этиш имконини беради.

Агар ШҲТни бошқа минтақавий ва трансминтақавий халқаро ташкилотлар билан солиштирадиган бўлсак, у нақадар катта кучга эга эканини кўрамиз. ШҲТга аъзо давлатларнинг иккитаси – Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Ташкилотнинг умумий макони Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллайди. ШҲТ давлатларининг умумий аҳолиси 3,4 миллиард кишидан иборат, бу эса дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилади.

“ШҲТ оиласи” ҳозирча 21 давлатдан (8 та доимий аъзо, 4 та кузатувчи давлат ва 9 та мулоқот бўйи­­ча шерик давлатлар) иборат бўлиб, учта қитъани – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олади Ҳозирча деб айтишимизнинг сабаби, яқин орада бу рақамлар ўзгариши мумкин, зеро, қатор давлатлар ташкилотда у ёки бу мақомни олиш мақсадида тегишли аризалар билан мурожаат қилишган. Чунончи, шу кунларда ШҲТ давлат раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтаётган саммити давомида 10 га яқин давлатнинг ШҲТ фаолиятида аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик форматида иштирок этиш ҳақида берган аризалари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари ШҲТ қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган бўлиб, улар – БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, АСEАН, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ, ОАВ, ЭКО кабилардир. Самарқанд саммитида ШҲТ ва Араб Лигаси, ЮНEСКО, ЭСCААП каби яна бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

Бугунги кунда ШҲТ макони хом­ашё, ишлаб чиқариш маҳсулотлари, малакали ишчи кучи ва инсон капитали, технологик салоҳиятнинг улкан захиралари бўйича ўзини-ўзи таъминлайдиган ҳудуд ҳисобланади.

ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётининг умумий ҳажми қарийб 20 триллион АҚШ долларини ташкил этади, бу эса ташкилот иш бош­лаган вақтга нисбатан 13 баробарга кўпдир. Ташкилот майдони дунё­даги энг катта истеъмол бозори ҳисобланади. Бугунги кунда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти глобал кўрсаткичнинг қарийб чорак қисмига етди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 35-40 фоизгача ошиши тахмин қилинмоқда. Бу рақамлар ташкилот нақадар катта салоҳиятга эгалигини яққол намоён этади.

– Ҳафта аввалида оммавий ахборот воситаларида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақоладан қандай хулосалар чиқариш мумкин?

– Мен жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган ушбу мақола концептуал аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Қисқа фурсат ичида жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатларида чоп этилган мазкур мақолада замонавий халқаро муносабатлардаги асосий тенденциялар атрофлича очиб берилган; геосиёсий қарама-қаршиликлар, диний ва ирқий зиддиятлар, миллий ҳамда сиёсий низолар ниҳоятда кучайиб, башарият олдига улкан муаммолар пайдо бўлаётгани чуқур таҳлил қилинган.

Мақолада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни авж олаётгани, бу эса пандемиядан кейин нормал ҳаётни ўз изига қайтариш жараёнини янада қийин­лаштириб қўяётгани ҳаққоний баён қилинган. Ҳақиқатан ҳам, ҳозир дунё­нинг турли бурчакларида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигининг кескинлашувига олиб келмоқда ва жаҳон бозорида нарх-наволарнинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳам етмагандек, иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши она сайёрамизда чинакамига жуда таҳликали вазиятни келтириб чиқармоқда.

Мақолада бутун инсониятни хавотирга солаётган умумбашарий муаммолар шунчаки санаб ўтилмасдан, уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилган. Энг мақбул ечим сифатида дунё мамла­катлари ўртасида конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ғояси илгари сурилган. Ушбу ғоя мақоланинг квинтэссенциясини такшил қилади, десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, ҳозирги ўта мураккаб даврда дунё мамлакатлари ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотга қаратиш­лари лозим. Фақат мулоқот майдонлари орқалигина барқарор тараққиётни таъминлаш мумкин.

Президентимизнинг фикрича, ШҲТ ҳақли равишда ана шундай мулоқот платформаларидан бири ҳисобланади. Дарҳақиқат, ўтган 21 йил мобайнида минтақавий ва халқарo вазиятда кескин ўзгаришлар рўй бeраётган бир шарoитда ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг таъсирчан мeханизми сифатида тўлиқ намoён этди.

– Ўзбекистон ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида у билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келмоқда. Сиз мутахассис сифатида Ўзбекис­тоннинг мазкур ташкилот доирасидаги фаолиятини қандай баҳолайсиз?

– Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ШҲТнинг энг фаол аъзоларидан бири ҳисобланади. Биз Ўзбекистон ШҲТнинг олтита таъсисчи давлатидан бири сифатида ташкилотнинг асосий тамойиллари ва таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқишда, унинг институционал асосларини яратиш ва ривожлантиришда бевосита ва фаол иштирок этганлигини яхши биламиз.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди. Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди. Самарқандда Ипак йўли халқаро туризм институти ташкил этилди. Бу пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча тузилмалар сифатида Ўзбекистоннинг аҳамиятини янада кучайтиради.

Умуман олганда, ўтган 6 йил мобайнида Ўзбекистон томонидан 50 дан ортиқ ташаббуслар илгари сурилди. Бу анча жиддий кўрсаткич ҳисобланади. Энг муҳими, Ўзбекистон ташкилот доирасида ўз ташаббусларини шунчаки эълон қилмасдан, балки уларни амалий чора-тадбирлар орқали ҳаётга изчиллик билан жорий этишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг ШҲТга нисбатан замонавий стратегияси ташаббускорлик, прагматизм ва ҳамкорликка очиқлик каби асосий тамо­йилларга асосланади. Ўзбекистон ШҲТнинг амалий аҳамиятини ва халқаро обрўсини ошириш учун унинг янги кун тартибини шакллантиришга ўз конструктив ҳиссасини қўшиб келмоқда.

– Маълумки, жорий йилда мамлакатимиз ШҲТга раислик қилмоқда. Ўзбекистон раислиги даврида ташкилот фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй берди? Умуман, сиз ушбу раисликни қандай баҳолайсиз?

– Мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги устувор йўналишлари Прези­дент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилги Душанбе саммитидаги асосий маърузасида тақдим этилган эди. Ҳудудлараро савдо, саноат кооперацияси, инновациялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация каби муҳим йўналишларда кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш орқали ШҲТ салоҳиятини янада мустаҳкамлаш шулар жумласидандир. Ҳозирда мамлакатимиз ушбу масалалар билан бирга, ШҲТ фаолиятини минтақалараро транспорт ва транзит йўлакларини яратиш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини излаш, ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш, ўсимликлар карантини, иқлим ва экологик таҳдидларга қарши кураш каби масалаларда аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш каби истиқболли йўналишлар билан бойитишга ҳаракат қилмоқда.

Шу ўринда мен Ўзбекистон раислиги жуда самарали амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Раислик режасига киритилган 80 дан ортиқ йирик тадбирлар янги ёндашув ва форматлар асосида ташкил этилди.

Ушбу тадбирлар нафақат пойтахтимиз Тошкентда, балки ҳудудларда ҳам ўтказилганлиги айни муддао бўлиб, ҳудудларимизнинг салоҳиятини ШҲТдаги ҳамкорларимизга намоён этиш имконини берди. Масалан, ўтган давр оралиғида Нукус, Бухоро ва Фарғона шаҳарларида ШҲТ Миллий координаторлари кенгашининг йиғилишлари ташкил этилди. Хивада транспорт вазирларининг йиғилиши (2022 йил 12 май), Бухорода камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро анжуман (2022 йил 26-27 май) бўлиб ўтди. Ўзбекис­тон ўз раислиги даврида ШҲТ Халқ дип­ломатияси форуми (2022 йил 11-12 май), Туризм форуми (2022 йил 20 май), Анъанавий тиббиёт форуми (2022 йил 7 июнь) каби йирик тадбирларни ўтказиш ташаббуслари билан чиқди ва уларни муваффақиятли амалга оширди.

– Шу кунларда Самарқандда Ўзбекистон ШҲТга раис сифатида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитига мезбонлик қилмоқда. Самарқанд саммити ҳақида, унинг кун тартибидаги масалалар, имзоланадиган ҳужжатлар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.

– Аввало, мазкур саммит учун Самарқанднинг танланиши бежиз эмас, бунда чуқур маъно бор, деб ҳисоблайман. Бу кўҳна ва навқирон шаҳар азал-азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани бўлган. Бу ерда турли маданиятлар ўзаро учрашиб, бир-бирини бойитиб келган. Бунга мисол сифатида Буюк ипак йўлини эслаш кифоя, деб ҳисоблайман.

Ҳозирги кунда ҳам Буюк Ипак йўлининг “гавҳари” бўлмиш Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ва дипломатик ташаббусларини илгари суриш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтамоқда. Сўнгги йилларда бу ерда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор тадбирлар ўтказилганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Масалан, “Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция (2017 йил) , Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018 йил), Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020 йил) каби қатор йирик форумлар ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд саммитига қизғин тайёргарлик кўрилди. Саммит арафасида шаҳар ва унинг атрофларида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди ва қатор объектлар барпо этилди. Амалга оширилган ишларни беихтиёр Амир Темур давридаги қурилишларга қиёс­лаш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, бу шаҳри азимда Евроосиё маконида йилнинг энг йирик сиёсий-дипломатик форумини ўтказиш учун қулай муҳит барпо этилди.

Самарқандда давлат раҳбарлари ШҲТ олдида турган янги чақириқ ва вазифаларни ҳамда ташкилотнинг кейинги эволюциясини муҳокама қилишлари кутилмоқда.

Саммитда 8 та аъзо мамлакат – Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндис­тон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, 3 та кузатувчи мақомидаги мамлакат – Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва 3 та меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакат – Туркия, Озарбайжон, Туркманис­тон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда.

Аввал ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларининг тор доирадаги мажлиси, сўнг барча делегациялар иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Якунда 30 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонга раислик даврида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжатлар ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал кенгайтиришга қаратилган.

Хусусан, Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисида меморандум имзолаши Яқин Шарқда жойлашган ушбу йирик давлатнинг ташкилотга тўлақонли аъзолигига кенг йўл очади.

Давлат раҳбарлари томонидан, шунингдек, Афғонистондаги вазият кенг муҳокама қилинмоқда. Умуман, саммит ушбу муаммони муҳокама килиш учун жуда қулай дип­ломатик “майдон” ҳисобланади. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, хавфсизлик ва Афғонистонга ёрдам бериш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон томони ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, келгусида Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг аниқ дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун қўшни давлатга зарурий озиқ-овқат, нефть ва электр энергиясини етказиб беришда давом этяпти. Зеро, бугунги ғоят мураккаб бир даврда бу давлатни яккалаб қўйиш мавжуд вазият ва тарангликни янада кучайтиради.

Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Бу тўғрида Президентимизнинг биз юқорида тилга олган мақоласида ҳақли равишда қуйидагича таъкид­ланган:

«…Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўп­рик вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссия­сида ўзини намоён этмоғи лозим.

Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам анг­лаш муҳимки, Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин».

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекис­тон раислигида бўлиб ўтаётган саммит алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ШҲТга аъзо давлатлар етакчилари учун минтақавий ва глобал кун тартибидаги бир қатор долзарб мавзуларни муҳокама қилиш учун ўз вақтида ва самарали платформа бўлиб хизмат қилади.

Шак-шубҳасиз, Самарқанд саммити ШҲТ фаолиятида янги тарихий даврни бошлаб беради.

Ислом Ҳамроев суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Фуқаролар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак 

admin

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ТОШКЕНТ ШАҲРИ)

admin

Ёнимиздаги одам

admin