ADOLAT 24

Тарбия кийиниш маданиятидан бошланади

Биз Абдулла Алвонийнинг “…тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”, деган буюк ҳайқириғини доимо мисол қилиб келтирамиз-у, аммо энг ривож­ланган мамлакатлар – АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Германия, Англия нима учун бу даражага етди, бир пайтлар бизнинг аждодлар ҳам буюк-буюк давлатлар қурган, нимага энди бугун мутеларча фикр юритиб, япон, корейс ёхуд америкаликлардан ўзимизнинг орқада қолганлигимиз ҳақида ўйлаб кўрмаслигимиз керак, деган фикр менга тинч­лик бермайди. Майли, катта-катта масалаларни четга суриб қўяйлик-да, ҳозирда бошимизни қотираётган мактаб формаси ҳақида гаплашайлик. Бошида айтиб қўйишим керакки, ортиқча сўзлар билан сизни чалғитмоқчи эмасман. Аммо биз учун бугун “мактаб формаси – миллат масаласи” десам, эътироз қилманг.

Мактаб формаси – тўғри, чайналган мавзу, аммо ҳали долзарб­лигини йўқотмаган масала. Бир қарашда шунга ҳам «ота гўри – қозихонами?!» дегувчилар бор, топилади. Аммо бола тарбияси, бутун бошли бугунги авлод келажаги, эртаси ҳақида гап борар экан, тарбияга таъсир этувчи битта зирапчага ҳам беэътибор бўлмаслик керак, деб уқдиради мозий. Айниқса, бугун, биз мустақил юртнинг беклари, бекалари эканмиз, ичимиздан ва четдан бўлаётган чалғитувчи қарашларга, ижтимоий тармоқлардаги йўлдан оғдирувчи «пост»ларга беэътибор қарашамаслигимиз керак.

«Формага ҳали тайёр эмасмиз» деган сўзни шарҳлаш учун яна битта мақола ёзиш лозимлиги ҳам аён. Зеро, биз ва болаларимиз «бугунги кўпдан-кўп ва кераксиз эҳтиёжлар»га боғланиб қолганмизки, буни ҳеч ким инкор этолмайди. Ривожланган мамлакатларнинг мактаб болалари орасида «мен сендан ўтаман» қабилидаги қарашлар йўқ, масалан, япон боласи учун «шоҳона кийи­ниш, қимматбаҳо мода, қизлар учун олтин тақинчоқлар» урф эмас, япон онаси «болам, эртага Япония учун нима фойда келтиради», деб ўйлайди ва мамлакатда нашр этиладиган бир эмас, ўнлаб газета ва журналларга обуна бўлади ва уларни боласига етказиб беради ва бунинг учун ҳеч кимга арз-дод қилмайди. 1961 йилда руслар коинотга одам учирганда, бир америкалик ота: «Нима учун Иван бешга ўқийди-ю, Жон иккига!» деб бонг урган ва шундан сўнг бутун Америка таълим тизими қайтадан кўриб чиқилган эди. 1945 йил сентябрда урушда енгилган Япония давлат бюджетининг асосий қисмини таълимга йўналтирди. Ва бугун кўриб турибмизки, улар жуда ақлли иш тутишган экан.

Демак, бизда «мактаб формаси – миллат эртаси» дейишса, дарҳол ижтимоий тармоқларни одобсиз «пост»ларга тўлдириб ташлаётганларни, айниқса, салбий фикр билдираётганларнинг кимлиги билан бир қизиқиб кўрсак, яхши бўларди, Чунки тараққиётимизга ғаним бўлаётган кучлар борки, улар ёшларимизни бир зумда чалғитиб, ёш онг­ларини заҳарлашга ҳаракат қилади. Демак, бош бармоқни тишлаймизми, жимжималоқними, фарқи йўқ, жонимиз оғриб, юрагимиз дод дейди. Хусусан, мактаб формаси ҳақида, айтиш керакки, йиллар ўтар ва бир кун, эҳтимол, бунга эҳтиёж қолмас! Лекин унгача ҳали анча фурсат бор, анча вақт бор.

Аёллар, қизлар табиатан хушбичим кийим­ларга, қимматбаҳо тақинчоқларга ўч бўлади. Энди ўзингиз ўйланг, бўйи етган қизларимизни тезроқ турмушга узатиш учун олифтароқ кийинтира бошлаш бугун шундай ёмон анъанага айландики, мактабга «пўрим» кийиниб келган қиз ё бола атроф­дагиларни ўқишдан чалғитмайдими, деб ким кафолат беради?! Ота-оналар. масаланинг ана шу нозик жиҳатини эътиборга олсалар яхши бўларди. Бугун кўряпмизки, ҳали турмушга тайёр бўлмаган қизлар ва йигитлар бир ой, олти ой ё бир йил яшаб, ажралиб кетишмоқда. Бу бизнинг айни дамдаги энг катта фожиамиздир. Ваҳоланки, шу йигит ва қиз ҳам мактабда ўқиган, ўн йил таълим олган, хат-саводсиз эмас, кўзи очилган инсонлар. Ва бундан ҳам хунуги, ажрашган эру хотинни кўрсак, дарҳол олий маълумотлими, деб сўраймиз, ўқишмаган бўлса, айб ўзларида, деймиз. Ваҳоланки, юқорида айтганимдек, улар ўн йил, ўн бир йил мактабда нимани ўрганишди?! Нимани?! Фақат кийинишми, фақат таралла-бедодними?! ТВда намойиш этилган бир кўрсатувда ёшлардан биридан: «Нима учун ажралдингиз?” деб сўралганда, у ҳеч бир уялмасдан қиз томон қилган сарпо хорижники эмаслигини рўкач қилди. Шу даражага етдикми биз?!

Кийиниш фақат ясан-тусандан иборат эмас. Ҳозирда «кроссовка» кенг урф бўлди. Маълумки, бу оёқ кийими фақат спорт ўйин­лари учун мўлжалланган. Аммо шу маҳсулотни ишлаб чиқарувчи «зотлар» катта-катта маблағлар сарфлашиб, ўнлаб йигит-қизларни ёллашиб, ўз маҳсулотлари рекламасига шунчалик зўр беришадики, оқибатда, онг ости заҳарланган ёшлар буни «мода», деб қабул қилишмоқда. Ишонмасангиз, ижтимоий тармоқни очиб кўринг: куни кеча ҳатто шу мавзуга оид яна битта «ролик»ни намойиш этишди ва унда нима эмиш, «кроссовка» ва жинси шим кийган йигит ё қиз кўзга иссиқ кўринар ва бундай кийинган йигитларни қизлар ёқтиришар экан. Мана, чалғитишнинг ва «кроссовка»ни пуллашнинг, омма­лаштиришнинг яна бир жирканч усули!

Ишлаб чиқарувчига нима керак?! Биринчи галда – фойда! Эл соғлиғи эса иккинчи даражали нарсага айланиб бораётгани биз, устоз­ларни хавотирга солмоқда. Сифатли маҳсулот ҳеч қачон рекламага муҳтож эмас.

Демоқчиманки, мактаб болалари ҳам турли рекламаларни кўриб, эшитиб, дарҳол унга мук тушиб, ишониб қолмасинлар. «Ишон, лекин шубҳа қил» дейдилар. Бугун мактаб формаси масаласида бизга тескари ақл ўргатаётганларнинг кимлигини билиш ва мақсадларини ўрганиш ҳамда шунга қараб иш тутиш муҳимроқдир! Аслида ҳам, ўша «кроссовкалар» резинадан тайёрланади ва истаган шифокор ё мутахассисдан сўранг, бундай оёқ кийимлари бола соғлиғи учун зарарли бўлиб, уларни бир-икки соатдан ортиқ кийиш мумкин эмас. Қолаверса, ҳозирда «мода» ортидан қувган ишлаб чиқарувчилар резина ё чарм сифатига унчалик эътибор бераётганлари йўқ, оқибатда эса оёқ замбуруғ касаллиги авж олмоқда.

Бугун давр болалар тарбияси учун ниҳоятда қатъиятли ва талабчан бўлишимизни талаб этаётган экан, ўқувчиларнинг кийиниши борасида бир хилликни ёқласак нимаси ёмон?! Чунки ҳар бир ота-она фарзандининг эртага яхши инсон бўлишини истайди ва шунга интилади. Билъакс, мактабда болалар орасида тарафкашликка йўл қўймаслик – энг катта ютуқ ҳисобланади. Қолаверса, бизнинг ота-боболар кийиниш маданияти ҳақида аллақачон ўз фикрларини айтиб кетишган. Масалан, Кошифий ота-онага нисбатан одобнинг 12 та, муомала одобининг 7 та, суҳбат одобининг 8 та ва… кийиниш маданиятининг одоби 15 тадан иборатлигини ва бу жуда нозик масала эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. 15 та! Уялиб кетасан, биз бу одобнинг нечтасини биламиз? «Кийим ҳалол маблағ эвазига харид қилинган бўлиши, кийим­ни кибр-ҳаво, улуғ сифатлик учун киймаслик керак», дея насиҳат қилган у зот. Юрак бир қалқиб тушмайдими бу гапларни ўқигач?! Мактабда ўқиш, сабоқ олиш, эртанги истиқболни ўйлаш ўрнига, урфга кираётган кийимлар тўғрисида суҳбатлашаётган ўқувчини биз қандай қабул қилишимиз керак?!

«Кибр одамни ўлдиради» дейди Имом Ғаззолий. Шундай насиҳатлардан огоҳ бўладиган замон эмасми ҳозир?! Яна ўттиз йилдан сўнг ўрнимиз қаерда бўлади, келажак авлод жаҳоннинг қай поғонасида юради, деб ўйлайдиган кунлар эмасми бугун?! Зеро, энг ривож­ланган, энг тараққий этган ва ўша пайтларданоқ буюк олимлари билан коинот сирларини кашф этган Андалусия давлати ҳам ўзибўларчилик, манманлик ва энг катта хато – ташқи кучларнинг ёвуз ниятларини ўз вақтида англамаганлари учун ер юзидан супуриб ташланган эди. Нобель мукофоти соҳиби Пьер Кюрининг: «Мусулмонларнинг Андалусия­сидан бизга атиги ўттизта китоб қолди. Ўша китобларни ўқиб, атомни парчалашга эришдик. Агар ўша буюк Ислом цивилизациясига тегишли китоблар ёқиб юборилмаганда, ҳозир биз фазодаги галактикалар орасида сайр қилиб юрган бўлардик», деган оғриқли сўзлари, мен ўйлайманки, ақлли, фаҳм-фаросатли ва ўзини таниган, иймонли, оғир-босиқ ҳар бир юртдошимиз учун тарихнинг буюк сабоғидир.

Чунки давлатчиликдаги энг катта хато – болалар келажагига эътиборсиз қараш ва кўр-кўрона муносабатдир, деб ҳисоблайман. Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг: «Ҳар бир ота-она яхши одобдан ва гўзал ахлоқдан кўра, яхшироқ нарсани ўз фарзандига ҳадя қила олмайди», деган сўзлари фикримнинг тасдиғидир. Кўрамизки, мактаб формаси деганда, биз ўз жигарларимизга чин инсонийликни, одоб ва ахлоқни ва Ватанга, халққа меҳрни назарда тут­япмиз.

Сўзимни яна Имом Ғаззолийнинг: “Ота ҳаққи улуғ, устоз ҳаққи эса янада улуғроқдир”, деган сўзлари билан якунламоқчиман, зеро, бир мактаб раҳбари эканман, ўзимни азиз жигарларим учун янада масъул, деб биламан, кўча-кўйда, уйингизга кириб борганда, фарзандингиз “Синфдошларим мендан зўрроқ кийинишади, биз камбағалмизми, менга яхшироқ кийим олиб бермайсизлар?!” деб таъбингизни хира қилгани яхшими ёхуд “Ассалому алайкум, яхши ўтирибсизларми, адажон, ойижон!” дея меҳр бериб, қучоғингизга ифор олиб киргани яхши эмасми?!

Мактаб формасини инкор этиш осон, аммо бунинг эртасини ўйлаб кўрганимиз афзал эмасми?! Биз учун бугун мактаб формасининг умумфойдаси қимматлироқдир. Шуни унутмаслик керакки, ҳаётда керак бўладиган қимматли нарсадан ҳамиша ўз ўрнида, ўз пайтида фойдаланган жамият, оила ҳамиша улуғликка эришади.

 Дилдора ИСЛОМОВА,

халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Фуқаролар ҳаётини тубдан ўзгартиришга хизмат қилувчи ҳаётий ҳужжат

admin

Масъулият — саломатлик гарови

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Қашқадарё вилояти)

admin