ADOLAT 24

СЎМДАН ГУЛЧАМБАР, ДОЛЛАРДАН САРПО… “МУБОРАК” БЎЛСИН!

Телевизор томоша қилишга унчалик ҳушим йўқ, шунинг­дек, мобиль дунёсидаги ҳаволаларни ҳам синчиклаб кўравермайман. Лекин бўш пайтимда китоб ва газета ўқиб тураман. «Adolat» газетасининг шу йил 9 сентябрдаги 35-сонида чоп этилган «Тўйларимиз: ТОЙ ЎРНИГА ФИЛ, ТАНГА ЎРНИГА ДОЛЛАР…» сарлавҳали мақолани ўқирканман, бугунги турмуш тарзимизда содир бўлаётган айрим нохушликлардан хабар топиб, таъбим хира бўлди. Бунинг устига-устак бир оғайним айрим тўйларда бўлиб ўтган бир-биридан ғаройиб томошалар акс этган жонли лавҳалардан телеграм орқали менга узатиб юборибди. Икки ҳолат бир бўлиб, мени мушоҳада қилишга ундади. Ичимдаги ичимда қолиб кетмасин, дедим. Ахир бефарқлик яхши хислат эмас. Замонамизда содир бўлаётган иллатлар газак олиб кетмаслиги учун ҳеч бўлмаса сўзим, фикрим билан қайтарсам, шояд бошқа биродарларим хулоса чиқариб, шу ишни так­рорламаса, деган ўйга бордим.

Телеграмдаги лавҳаларни кўра туриб, «Ҳей, бева-бечоралар, ҳей, қорни тўйиб таомлана олмаётганлар, ҳей, бошпанаси йўқлар, ҳей, осмонга термулиб ётган беморлар, кўриб қўйинг, мен қандай қуд­ратга эгаман!» дегандай, ўзини кўз-кўз қилаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари қай­ғуга чўмдирди мени. Аввалига бу инсонлар чет эл фуқаролари бўлса керак, бизнинг маънавиятли, маърифатли, инсофли, диёнатли халқимиз бундай пасткашликка бормайди, деган хаёлда эдим. Бироқ куй-қўшиқ ўзимизники – ўзбекча оҳангда эканини эшитиб юрагимга оғриқ кирди, виж­доним қийналди. Ўз яқинларининг бўйнига сўмдан гулчамбар, эгнига доллардан сарпо кийгизиб, ғурур ҳиссини туйганлар ўзимизнинг опа-сингилларимиз, пулини кўкка совураётганлар ўзимизнинг биродарларимиз, уларни олқишлаётганлар, олам аҳлига кўз-кўз қилаётганлар ичимиздан чиққан душманларимиз эди. Бевосита: «Сўмдан гулчамбар, доллардан сарпо… «Муборак» бўлсин!» деб юбордим. Бу қанақаси бўлди? Қай мақсадда бемаъни томошани ўзларига эп кўришди экан улар?

 Ҳа, беайб Парвардигор, инсон эса гуноҳдан холи эмас. Билиб-билмай айб иш қилиб қўяди. Кўзи очилганда, пушаймон бўлади. Айбини кечиришини сўраб, Яратганга илтижо қилади. Лекин ҳой-ҳавасга берилиб, бидъат ишга қўл урган кишининг гуноҳи токи у бош­лаб берган ёмонлик тугамагунча кечирилишига, авф этилишига кафолат йўқ. Ва айни пайтда, бидъатга қўл ураётган кишини кўра-била туриб тўхтатмаган, уни ҳаволантирган кишилар ҳам ёмонлик эгаси билан баробар гуноҳга ботиб бораверади. Юқоридаги каби ҳолатлар ҳам ҳаволантиришнинг оқибати.

Агар атрофдаги эсли-ҳушли одамлар шу ишимиз маъқул келмайди, халқимиз бизни маломат қилади, шунча молу давлатга эга қилиб қўйган Аллоҳ бизни лаънатлайди, деган фикрни айтганда эди, эҳтимол бундай ҳол юз бермаган, оламга ёйилмаган бўларди. Тўқликка шўхлик шу даражада бўладими? Менимча, пешона тери эвазига топган пулини ақлли одам бу қадар хор, исроф қилмайди. Пул, биринчидан, инсонлар ўртасидаги чиройли муомала воситаси бўлса, иккинчидан, осонгина савоб ишлаб олишга кўмаклашадиган неъматдир. Аллоҳ ҳар кимга ҳам ҳалол бойлик беравермайди. Бойлигидан бошқаларга ҳам улашадиган инсонни танлаб беради. Агар пулингиз кўпайиб кетган бўлса, уни ёмон йўлга сарфласангиз зарарингизга, бу пулларни фақат заруратга, яхшиликка сарфласангиз фойдангизга ишлайди. Қолаверса, давлат рамзи туширилган, миллий валютани оёқости қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Донишмандлардан бири: “Ҳавою ҳавасни паст тут, чунки у ақлдан ғолиб бўлса, кишининг яхшиликларини ёмонликка айлантиради, бас, кейин ҳалимлик кек-адоватга, ибодат риёга, сахийлик исрофга, эҳтиёткорлик бахилликка дўнади», деган эди.

Пандемия даврида одамларнинг кўзига ўлим кўриниб кетиб, бироз инсофга келиб қолган эди. Лекин қазоси етганлар бу дунёни тарк этгандан кейин, омон қолганлар яна аста-секин ғимирлаб, беўхшов қилиқлари, «ихтиро»лари, «топилма»лари билан ижтимоий тармоқларда томоша кўрсата бошлашди. Бу «ихтиро»лар пандемия даврида тарқалган вирусдан-да хавфлироқ бўлса борки, кам эмас. Бу касалликдан ниқоб тақиб ёки эмлаш йўли билан қутилиб бўлмайди.

Тўқчилик, фаровонлик шу қадар одамларни қутуртириб юбор­яптики, уларнинг хурмача қилиқларини эшитиб, кўриб ҳайратдан донг қотасан, киши. Оми одам айб иш қилиб қўйса, кечирса бўлар, лекин дину диёнатдан хабари бор, амали билан, юриш-туриши билан атрофдагиларга ўрнак бўларли даражага етган кимсаларнинг қилаётган ишлари ҳар қандай эсли кишининг нафратини оширади. Чунончи, ҳаж ва умра амалларини адо этиб, гуноҳдан фориғ бўлиб келган ҳурматли ҳожи оталар ва ҳожи оналар томонидан ким­ўзарга базми жамшидлар уюштирилаётгани, пайғамбар ёшига етдим, деб юбилейлар қилиб, элга ош тарқатиб, кайфу сафо қилинишига сабаб­­чи бўлаётганлар ўзларига нисбатан салбий фикр орттириб олаётганлари ҳам бор гап.

Кўп нарса қалбга боғлиқ экан-да, Маккаю Мадинага бориб, Каъба тошини ўпиб, чанқоғини зам-зам суви билан қондириб, оқ либосга ўраниб келган билан қалби пок­ланмаган одам, барибир, ўз билганидан қолмай, шайтоннинг измига бўйсунар экан. Бўлмаса, «ҳожи»лик мақомига эришган инсонлар шу даражада айнийдими? Уларни кўрган ёш авлод қандай хулосага боради? Албатта: «Ҳожига мумкин-у бизга мумкин эмасми?» дей­ди. Ёшлар тарбияси ҳақида гап кетганда, уларнинг ғарб маданиятига эргашиб кетаётганлигидан нолиймиз. Аммо бўлмағур бидъатларни ўйлаб топиб, ўзини, миллатини шармисор қилаётган кишилар қайси маданиятга эргашаётган экан? Бошида салласи бўла туриб, наркотик истеъмол қилаётган, қўлга тушиб, эл олдида шарманда бўлаётган диндорни ким деб атаймиз? Ва ёки хотин устига хотин олиб, шаънига доғ туширган уламони кимга ўрнак қилиб кўрсатамиз?

Яхши амал юзта бўлса ҳам кам, ёмон амал битта бўлса ҳам кўп! Чунки ёмон ишнинг тарғиботи билан шайтони лаъин машғул бўлади. Сал мойил бўлган кишини ўша иблис бир пасда йўлдан оздиради.

Юртимизда яхшилар ҳам кўп. Бир киши топган маблағидан кам таъминланган оилага уй қуриб берди. Бошқаси бир қанча талабанинг контракт тўловига маб­лағ ўтказди. Ана шундайлардан яна бир киши ўз маблағи ҳисобидан қишлоққа масжид қуриб беришни ихтиёр этганди. Лекин йўлидан чиққан бир иймонли киши бойлигингиз эҳтиёжингиздан ортиб кетган бўлса, аввало, қариндош-уруғларингизнинг камига сарфланг, ортиб қолса, масжид қурарсиз, дебди. Маслаҳатга қулоқ тутган саховат эгаси барча қариндошларининг камчилигини битириб берди. Лекин бойлиги камайиш ўрнига яна кўпайиб кетиб, масжид қурилишида ҳам бош-қош бўлди. Ижтимоий тармоқларда ана ўшандай саховатпеша кишиларни кўпроқ тарғиб қилиб, яхшилик уруғини сочишимиз керак. Бойлик­ларни кўз-кўз қилиш камбағалларни хўрлаш деганидир, илм аҳлининг шаънини тўкиш, тарбияни бузиш деганидир.

Бугунги кунда одамзотнинг кўзидан ҳеч бир воқеани яшириб бўлмай қолди. Қаерда бир ҳодиса рўй берса, бир зумда ошкор бўлади. Бундан манфаат излаганлар бир талай. Ана ўшалардан ҳушёр бўлишимиз керак. Улар миллийликни йўқотиш, маънавиятни сўндириш, қадриятни ўлдириш, иймонни сусайтириш йўли билан ғолиб бўлишга интиладилар. Биз бунга йўл бермаслигимиз керак. Зеро, бизнинг томирларимизда мард, танти инсонларнинг, ўтмишда буюк ишлар қилган аждодларимизнинг пок қони оқмоқда. Биз ўзимизни хўрлаб, шаънимизни ерга урадиган, бойлигимизни кўкка совурадиган инсонлар хилидан эмаслигимизни зинҳор ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

 Муҳиддин ОМАД,

 журналист

Tegishli xabarlar

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Қашқадарё вилояти)

admin

АЗМУ ШИЖОАТЛИ ЁШЛАРИМИЗ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРЛАРИДИР

admin

Биргаликда коррупциясиз жамият қурамиз

admin