ADOLAT 24

Таҳририятдан: “ДИЛКИ МИЛЛАТ ҒАМИДА ҚОН ЎЛДИ” ёхуд қачонгача лоқайд томошабин бўламиз?

Эсимизни танибмизки, газета-журналларда “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз” рукнида эълон қилинган, миллат қайғусида куйинчаклик билан ёзилган мақолаларни ўқиймиз. Ўқиймиз, аммо уқмаймиз. Нари борса “умуман, тўғрику-я…” деб қўя қоламиз. Ўзимиз эса эртаси куни навбатдаги базмга бориб, ҳайрат бармоғимизни тишлаганча навбатдаги аҳмоқона қилиқни томоша қилиб ўтирамиз. Ваҳоланки, билиб турамиз: бу аҳмоқона қилиқ тез орада “урф-одатимиз шу” дея кейинги тўйларнинг ажралмас қисмига айлантирилади. Ана шундан кейин уни эл қатори, балки элдан ҳам ошириб адо этмай кўринг-чи…

Бебаҳо ҳаётимиз эса шу билан – тўйдан тўйгача бўлган оралиқ билан ўтиб кетяпти, азизлар.

Соғлом мантиқ билан тушуниб бўлмайдиган ўта ғалати ҳолат бу: жамиятда тўй кўринишидаги дабдабабозликка, ортиқча сарф-харажатларга қарши кураш олиб борилгани сайин бу иллат тобора илдиз отиб, тобора чуқурлашиб, тобора “семириб”, баҳайбатлашиб бормоқда.

Ҳа, яхши биламиз, бу ғаритабиий, ўқ ўтмас, оғу таъсир қилмас юҳога қарши кураш кеча ё бугун бошлангани йўқ. Вақтида, бундан юз йилдан бурунроқ даврда ҳам жадид боболаримиз элимизни бу балодан халос қилмоқ учун не-не эзгу ниятлар ила майдонга отилиб чиқишган. Дейлик, Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемиргувчи иллатлар” номли мақоласида аччиқ ҳақиқатни рўйи рост ёзган: “Биз – туркис­тонийларни шаҳри ва қишлоғи ёинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизгача истило этиб, бугун тириклигимизга сорилган ва бизни инқирозга ва таҳликага ва жаҳаннамга юмалататўрғон тўй, азо исмидаги икки қаттол душманни дерман”. Абдулла Авлоний эса “Диққатман” шеърида ҳолатимизни янада шафқатсизроқ ифодалаган:

“Маъориф, илм йўлина, тийинни кўзлари қиймас,

Базмда баччага сўмлар беришқонига диққатман…”

Дилбар шоира Нозимахоним 1914 йилиёқ “Минг таассуф” деб аталган шеърида шундай деган:

“Қилди бойлар тарақлатиб тўйлар,

Қази-қарта қўюб, сўюб қўйлар.

Буни мадҳ этдилар ғаразгўйлар,

Тўй қилганлар фақирни кам ўйлар.

Дилки миллат ғамида қон ўлди,

Ранги рўйим куюб самон ўлди…”

Ҳа, бедор диллар миллат ғамда қонлар ютди. Аммо икки қаттол душман эса сира таслим бўлмади. Зеро, “Қадимги бойлар тўйни мумкин қадар катта қилишар эди, – деб ёзади ёзувчи Абдулла Қаҳҳор. – Лекин бойнинг тўйни катта қилишдан, бир ҳафта, ўн кун ва ҳатто бир ой тўй беришдан мақсади, шубҳасиз, текин томоқ улашиш эмас, обрў орттириш, чунки пул сочиб орттирилган обрўдан яна пул ясаш мумкин эди”.

Ҳаммани тенг қилган янги замонда эса энди камбағал ҳам “ўша бойдан орттириб тўй қиламанки, асло кам қилмайман”, дея аҳд қилди, ўз ниятини сирли “орзу-ҳавас” ибораси билан асослади.

Ана энди кўринг, тўйларимизнинг “кимўзар” мусобақасини…

Бугунги кунга келиб эса бу жараён бутунлай издан чиқди, шишадан чиқарилган жин энг оддий одоб-ахлоқ қоидалари, маданият сарҳадларини босиб-янчиб ўтиб, тобора тубанлашмоқда, тобора яланғочлашмоқда.

Ахир, атрофга қаранг, мушоҳада юритинг. Кўрганларингиз сизни ларзага солмаяптими? Бу нима деган гап, ахир? Қайси замонда “пайғамбар ёши”ни нишонлаган отахоннинг базм столига… ароқ қўйилган? Қайси замонда куёв, ўз тўйида (!) қайнонасидан “долларли чопон” кийган? Қачон тўйда куёвжўралар ярим яланғоч бўлиб рақсга тушган? Қачон келин-куёв ўз тўйига жазавага тушиб ўйнаб кириб келган? Қачон ширакайф куёвжўралар тўйда “Горько!” деб бўкиришган? Қайси замонда тўйда, ҳамманинг кўз олдида “азиз” меҳмонларга олтин-жавоҳирлар тарқатилган? Шу маҳалладаги камбағалроқ, қўл учида кун кўрадиган одамларнинг устидан кулиш, уларни ҳарорат қилиш эмасми бу? Тез орада ўнлаб, юзлаб оилаларда рўй берадиган жанжал-тўпалонларнинг ибтидоси эмасми бу? Илло, “долларли чопон”ни оғзининг сўлаги оқиб томоша қилаётган бўлғуси куёвтўралар ҳам кийгиси келади. “Фалончи” қудасининг тўйида тилла занжир олганини эшитган аёлнинг бриллиант кўзли узук таққиси келиб қолади. Ва ҳоказо… “Бу кунларингдан кўра…” дейдиган одам йўқ… 

Қаёққа кетаяпмиз, азизлар?..

“Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?”. Абдулла Қаҳҳорнинг бу машҳур саволи бугун янада янгича, чуқурроқ моҳият-мазмун касб этгандай. Зеро, бутун бошли қадриятларимизни, маънавий бойлигимизни ер билан яксон қилаётган, топтаб ташлаётган, уларнинг ўрнига алламбало ғайриахлоқий, ғайриинсоний тутумларни жамиятимизга, онг-шууримизга, қалбларимизга мажбурлаб сингдираётган бундай тўйларнинг кимга кераги бор? Улар ким учун, кимлар учун хизмат қилмоқда ўзи?.. Уларга қарши тура оладиган куч борми? Бор бўлса, нега ишламаяпти?

Маҳалла-кўй қани?

Оқсоқоллар, кайвонилар қани?..

Дейлик, Республика Маънавият ва маърифат марказидек номи улуғ, бюджет, демак халқ пули эвазига фаолият юритаётган идора талабаларнинг пайпоғини ўлчаб, бўйинбоғи бор-йўқлигини текшириб, қандай саломлашиш лозимлигин ўргатиб юргандан кўра, бутун миллат, бутун мамлакатнинг ҳам бугунига, ҳам келажагига алоқадар шундай воқелик билан шуғулланса бўлмайдими?.. Ёшлар учун ташкил этилган, яна солиқ тўловчи пули эвазига яшаётган бир эмас, иккита ёшлар ташкилоти-чи, улар мана шундай, ҳамма замонлар учун долзарб бўлиб келган муаммонинг шу ҳолича, силлиққина кейинги авлодга ўтиб кетишига томошабин бўлиб ўтиришаверадими?..

Хуллас, саволлар кўп. Жавоблар эса…    

Дунёга машҳур олим С.Капицанинг “Маданиятни сингдирмоқ лозим, ҳаттоки куч билан бўлса ҳам, акс ҳолда бизни ҳалокат кутади”, деган ўгитини яна бир бор эслаб ўтайлик. Балки бизда ҳам тўй-базмлар ўтказиш маданиятини қонун йўли билан сингдирмоқ лозимдир.

Зеро, бундан олтмиш йил бурун Абдулла Қаҳҳор ғоят топиб айтганидек, “Тўй абадий ҳаёт тантанасидир. Тўйда икки ёш аҳд-паймон қилиб, бир-бирига қўл беради, мурод-мақсадига етадигина эмас, ўтган аждодимиз билан келажак авлодимизни бир-бирига боғлайдиган олтин халқа, гўзал ва хушахлоқ кишиларни етиштирадиган тарбия ўчоғи вужудга келади. Шунинг учун тўй ниҳоятда улуғвор, ниҳоятда гўзал маросим бўлиши керак”.

Сиз бунга нима дейсиз, азиз газетхон?..

Фикр-мулоҳаларингизни кутиб қоламиз.

👉 @adolat_press

Tegishli xabarlar

ҚАДРИ БАЛАНД ХАЛҚНИНГ ҚАДДИ ҲАМ БАЛАНД!

admin

Нажот мактабда, таълимда, билимда

admin

МУҲАНДИСЛИК СОҲАЛАРИДА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ      МАСАЛАЛАРИНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ҲАР ҚАЧОНГИДАН ҲАМ МУҲИМ

admin