ADOLAT 24

Эътибор ва имтиёзлар — Фаровонлик асоси

Бугун мустақил диёримизнинг қайси гўшасига борманг, улкан ўзгаришлар, кенг қамровли бунёдкорлик ишларининг шоҳиди бўласиз. Сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида Қорақалпоғис­тон Республикаси ҳам мислсиз ўзгариш­ларга юз тутди. Бугунги кунда қорақалпоқ заминида ҳам юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасини яққол кўришингиз мумкин. Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган ҳар бир ташрифи биз, қорақалпоғистонликлар учун кўпдан-кўп янгиликлар, чин кўнгилдан миннатдор бўлишга арзийдиган, халқ розилигига қаратилган хурсандчиликлар олиб келмоқда.

Жорий йил 26 август куни Қора­қалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этган Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг янги раисини сайлашдан олдин, депутатлар билан биргаликда келгусида рес­публикани ривожлантириш бўйича номзоднинг презентацияси билан танишди.

Презентацияда келтирилган ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, ечимини кутаётган масалалар бўйича давлатимиз раҳбари томонидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилган эди.

Мана шулардан келиб чиқиб, 31 август санасида Президентимизнинг яна бир муҳим, аниқроғи, юксак ривожланиш­ларга, халқ ободонлигига асос бўладиган «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан танишар эканмиз, унда келтириб ўтилган ҳар бир имтиёз ва енгилликлар кекса авлод вакилларидан тортиб, ёшларгача бўлган қатламнинг хурсандчилигига асос бўлмоқда.

Уларнинг айримларини таҳлил қиладиган бўлсак, Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланиши аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикасида иш­лаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан, экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган рўйхатга асосан Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилиши ҳудуд экспорт потенциали ортишига асос бўлади.

Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш ва республикадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда оғир шароитли ҳудудларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш мақсадида 2022 йил 3-чоракдан бошлаб 2024 йил якунига қадар ҳар чорак якуни бўйича қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар прог­нозининг ошириб бажарилган қисми, истисно тариқасида, тўлиқ Қорақалпоғис­тон Республикасида қолдирилиши иқтисодий муаммоларнинг ечим топишига кўмак бўлиши аниқ.

Ер азалдан халқимиз учун ризқ манбаи ҳисобланади. Шуни ҳисобга олиб, фармонда фермер хўжаликлари ва клас­терлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартириладиган, аҳоли пункт­и­­га яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ҳудудлардан захирага қайтарилган ер майдонларига деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга, истисно тариқасида, 2 гектаргача бўлган ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага берилиши деҳқончиликнинг сир-асрорларини билган миришкорлар учун катта янгилик бўлди.

Сув бебаҳо неъмат, ҳаёт манбаи сифатида доимо қадрланиб келинади. Қорақалпоғистондаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер майдонларини суғориш учун чуқурлиги 5 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларини қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилиши ер ости сувларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиради.

Халқимизда «Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур» деган пурмаъно сўз бекорга айтилмаган. 2023 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикасидаги фермер хўжаликлари томонидан камида 200 та янги, юқори унумли комбинацион техникаларни харид қилиш учун субсидиялар ажратилиши қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ва фойданинг ортишига асос бўлади.

Ёшлар ва уларнинг пухта билим эгаллаши масаласи доимо мамлакатимиз раҳбари назарида бўлиб келмоқда. 2022-2023 ўқув йили учун Қорақалпоғис­тон Республикасида умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, ке­йинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили 1 сентябрга қадар 6 500 нафар ёшларнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилиш масаласига эътибор қаратилганлиги қорақалпоғистонлик ёшлар учун катта имконият эшикларини очмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш йўналиши доирасида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида истиқомат қилаётган ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун темир йўл ва авиа­йўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилиши эса мамлакатимизда изчил давом этаётган инсон қадрини улуғлашнинг амалдаги бир кўриниши бўлди.

2022 йил 1 октябрга қадар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланган кам таъминланган оилаларга қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун (кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат, бошқа зарурий эҳтиёжлари учун) ҳар бир кам таъминланган оилага базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам пулларини ажратиш масаласи ҳам фармонда ўз аксини топган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу фармон Қорақалпоғистонда аҳоли фаровонлигини оширишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

Нурлыбай ҚАИПБEРГEНОВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Доривор ўсимликлар тайёрлаш талаб даражасидами? 

admin

Ёшлар парламенти аъзолари сайланди

admin

Муҳим масала кўриб чиқилди

admin