ADOLAT 24

ВАТАН БАҒРИГА ҚАЙТГАН СУЛТОН

Мамлакатимизда бу йил барпо этилган мустақиллик объектлари орасида Урганч шаҳри марказидаги Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси алоҳида ўрин тутади. Республикамиз Президентининг Хоразм вилоятига ташрифи ана шу ёдгорлик мажмуасининг очилишига бағишланди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бу ёдгорлик мажмуаси ва унинг атрофида амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди. “Маж­муа ва Султон Жалолиддин ҳайкали юртимизни кўз қорачиғидик асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади”, деди у. Шунингдек, Президент Хоразм вилоятида келгусида қилинадиган ишлар, хусусан, Урганч шаҳрига туташ 130 гектардан ошиқ ҳудудда ал-Хоразмий номидаги университет ва ихтисослаштирилган мактаб, улуғ аллома номидаги марказ, унинг улуғвор ҳайкали, технопарк, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, спорт мажмуалари, савдо ва маиший бинолар, аҳоли учун 104 та кўп қаватли замонавий уйлар барпо этилишига, умуман, ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишига алоҳида тўхталиб ўтди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти 2024 йилда Хива шаҳрини “Ислом дунёсининг туризм пойтахти”, деб эълон қилди. Ана шу муносабат билан воҳада, жумладан, Хива шаҳрида “Хоразм” турис­тик брендини яратиш режалаштирилган. Буларнинг бари воҳада бунёдкорликлар давом этишини кўрсатади.

Дунёдаги энг улкан қаҳрамонлик – бу Ватан мустақиллиги ва озодлиги йўлида кўрсатилган мардлик ва жасоратдир.

Бундай қаҳрамонлик асло унутилмайди, ҳамиша халқ қалбида яшайди.

Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида унга тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу фикримизни донишманд аллома ва одил ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг: “Олам аҳли Жалолиддиндан олдин ҳам, кейин ҳам бундай баҳодир жангчини кўрмаган. Бу зотнинг азму шижоати олдида ҳатто буюкликнинг ўзи ҳам таъзим қилади”, деган сўзлари яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳудудлари чинакамига бунёдкорлик, қурилиш, яратувчилик майдонларига айланди. Республикамиз пойтахтидан бошлаб барча вилоятлар марказлари, шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда беқиёс яратувчиликлар амалга оширилмоқда. Эндиликда қай гўшага борманг равон ва текис йўллар, кўчалар, обод даҳалар ва қишлоқлар, замонавий кўп қаватли иншоотлар ва иморатлар, кўркам майдонлар ва хиёбонлар, гўзал масканлар кўзга ташланади. Бундай улуғвор ўзгаришлардан, юртимиз, Ватанимиз қиёфасидаги янгиланишлардан қалбимизда ғурур ва ифтихор уйғонади.

Республикамиз ҳудудларидан бири Хоразм вилояти ва унинг маркази Урганч шаҳрида ҳам қурилиш, бунёдкорлик соҳаларида катта ишлар олиб борилди. Шаҳар ҳам энига, ҳам бўйига кенгайди. Унинг шарқий ва ғарбий қисмларида янги-янги даҳалар, мавзелар, маҳаллалар бунёд қилинди. Урганч яқинида қурилган Йўлдош шаҳарча шаҳар билан уйғунлашди. Буюм бозори ва бошқа бозорларнинг бир қисми шаҳар марказидан четга чиқарилди. Айни пайт­­да шаҳар бағридаги бугунги кун талабига жавоб бермайдиган эски иншоотлар, иморатлар, корхоналар ўрнида замонавий тураржойлар, олий ўқув юртлари бинолари, турли ташкилотлар, ишлаб чиқариш муассасалари қад ростлади, янги проспектлар, кўчалар, майдонлар, хиёбонлар барпо этилди. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Анна Герман ва бошқа кўп­лаб кўчалар, “Ёшлик” массиви, вокзал­олди тураржой мас­канлари, Урганч давлат университети бинолари кўркам қиёфа касб этди. Шаҳар бағрини кесиб ўтувчи Шовот канали ва Урганч ёп соҳилларининг, Амир Темур боғи, Ёшлар кўлининг таъмирланиши воҳа марказига ўзига хос ободлик, гўзаллик, мусаффолик бағишлади. Янги майдонлар, хиёбонлар, боғлар, мажмуа­лар қурилди. Шаҳарнинг қиёфаси тубдан янгиланди.

Табиийки, ҳар бир шаҳарда унинг тарихи, тақдири, қадриятлари, ҳаёт тарзини намоён қилувчи ўзига хос марказ мавжуд бўлади. Урганчнинг қайта қуриш, таъмирлашлардан кейин ана шундай маркази шаҳарнинг аэропорт билан вокзални боғлайдиган ал-Хоразмий кўчасининг ўртасида — бир томони, вилоят ҳокимияти, банклар, турли ташкилотлар жойлашган бинолар, иккинчи томони, Огаҳий номидаги мусиқали драма театри, вилоят кутубхонаси ва бош­­қа иншоотлар оралиғидаги мас­канда юзага келди. Бу марказни ал-Хоразмий кўчаси иккига бўлиб ўтарди. Шу сабабли бу йўлнинг марказдан ўтадиган қисми олиб ташланди. Натижада ал-Хоразмий кўчасида ҳаракатланадиган автомобиллар, транспорт воситалари марказгача келиб, кейин марказнинг икки томонидаги бош­­қа кўчалар орқали айланиб ўтиб, Шовот каналининг кўприги олдида яна ўша марказий кўчага чиқадиган бўлди. Бошқачароқ айт­ганда, марказ туфайли бир кўча иккига бўлиниб қолди. Транспорт воситалари қатновида қийинчиликлар туғилди.

Марказда катта майдон юзага келди. Унинг бир томонига улуғ аллома Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг ўртамиёна ҳайкали қўйил­­ди. Урганч ёпга туташ нуқтада фаввора барпо этилди. Майдоннинг ўртасида, гарчи шаҳарнинг шу майдонга яқин нуқтасида соатли минора мавжуд бўлса ҳам, яна бир соатли минора тикланди. Майдон бўйлаб турли йўлаклар, гулзорлар, кўкаламзор ҳудудлар яратилди. Майдон майдон тусини олдию лекин у воҳанинг ҳам, шаҳарнинг ҳам тарихи, тақдири, қадриятларини намоён қилувчи яхлит марказга айланмади.

Маълумки, Хоразм қадим воҳа, ўз давлатчилигига эга ўлка. Унда илм-фан, маданият, санъат юксак тараққий этган. Ушбу ўлкани, юртимизни, Ватанимизни босқинчилардан ҳимоя қилган кўплаб фидойи инсонлар, қаҳрамонлар етишиб чиққан. XI асрдаёқ бу ўлкада инсоният тарихидаги дастлабки академиялардан бири фаолият юритган. Бу заминда 2-2,5 минг йиллик тарихни намоён этувчи меъморий обидалар қад ростлаган. Дунёдаги энг қадимий расадхоналардан бири шу ерда қурилган. Алжабр илми шу воҳада кашф қилинган. Математика фан сифатида ушбу масканда мукаммаллаштирилган. Урганч шаҳрининг марказида ана шундай улуғвор тарих ва қадриятлар, ўлмас мерос ўз аксини топиши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил Хоразм вилоятига ташрифи пайтида воҳада қурилиш, бунёдкорлик ишларини кучайтириш билан бирга Урганч шаҳри марказини қайта барпо этиш, бу ерда Хоразмга хос қадриятларни қарор топтириш, халқимизнинг миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш, унинг юртимиз озодлиги йўлидаги жасоратини кенг ёритиш, хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Орадан кўп ўтмай бу борада амалий ишлар бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 декабрдаги фармойишига асосан шаҳар марказини қайта қуришга киришилди. Марказий кўчанинг майдонни кесиб ўтадиган қисмини ер остидан ўтказиш белгиланди.

Ер ости ўтиш йўлини қуриш учун Хоразм вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачи қилиб тайинланди. Объект лойиҳаси “Ўзшаҳарсоз” ЛИТИ давлат унитар корхонаси томонидан яратилди. Ер ости йўлини қуриш учун республика бюджетидан 135 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мамлакатимиздаги етакчи қурилиш ташкилотларидан бири 14-сон “Кўприк қурилиш” трести бош пуд­ратчи қилиб белгиланди.

Қурилиш ишлари 2021 йилда бошланди. Узунлиги 470 метрдан ортиқ туннель барпо этилди. Бунинг учун 100 минг метр куб ҳажм­даги тупроқ қазиб олинди. Туннелнинг остки, устки қисмлари, ён томонларидаги тупроқ ниҳоятда мустаҳкам қилиб зичланди. Темир балкали бетон қопламалар ўрнатилди. Табиийки, ер ости йўлини қуриш учун туннель қазиш, уни бетонлаб мустаҳкамлаб йўл ўтказишнинг ўзи билан иш битмайди. Бу ерда яна кўплаб ишларни амалга ошириш талаб этилади. Шу сабабли қурувчилар ер ости йўлининг 105 метрдан ортиқ кириш ва чиқиш қисмларини ҳам бунёд қилишди. 158 метрдан зиёд иккита парк қисмини яратишди. Ер остидаги йўлнинг марказий қисми салкам 60 метрни ташкил қилди.

Бу ер ости йўли қурилиши ҳақида батафсил тўхталаётганимиз бежиз эмас. Хоразмда йўл қуриш қийин иш ҳисобланади. Сизот сувлари ер сатҳига яқинлиги, заминнинг шўрланганлиги сабабли ҳар қандай йўлни барпо этиш учун уни ер юзасидан камида ярим метр баланд қилиб кўтариш мақсадида тупроқ тўшаш талаб этилади. Кейин тош, асфальт тўшалиб, йўл қилинади. Шу билан бирга барпо этилган йўлнинг икки, жуда бўлмаганда бир томонида коллектор қазилиши зарур. Акс ҳолда сизот сувлар туфайли йўллар тез таъмирталаб бўлиб қолади. Бугун воҳада аксарият йўлларнинг талаб­­га жавоб бермаслигининг сабабларидан бири ҳам ана шундай талаблар амалга оширилмагани билан боғлиқ.

Шундай шароитда ер ости йўлини барпо этишни тасаввур қилиб кўринг. Республикамизнинг бошқа ҳудудларида, вилоятларида ер ости йўлларини қуриш унчалик оғир кечмайди. Лекин Хоразмда ер ости йўлини қуриш ер устида 100-150 қаватли осмонўпар бино қуришдай мураккаб жараён ҳисобланади. Айни пайтда шаҳар марказий майдони ва уни ал-Хоразмий кўчаси кесиб ўтадиган нуқта сувга яқин жойда жойлашган. Майдоннинг бир томонидан Шовот канали, иккинчи томонидан Урганч ёпи (анҳори) оқиб ўтади. Ёп ўзанининг 250-300 метрлик қисми айнан майдон ёнидан, ер ости йўли устидан ўтади. Бу эса, табиийки, ер ости йўли қурилишида яна кўпроқ мураккабликларни келтириб чиқарди. Меъморлар, қурувчилар бунинг ҳам йўлини топишди.

Шовот канали соҳиллари сув ўтказмайдиган қилиб тўсилди. Урганч ёпнинг 990 метр квадрат ҳажм­даги қирғоқлари ва ўзани бетон билан қопланди. Айни пайт­­да ёпнинг қирғоқларига юқоридагилардан ташқари, 625 метр куб ҳажм­­да гидроизоляция тўсиқлари қўйилди. Майдонда ер остидаги сув сатҳини пасайтириш учун 28 та скважина қазилди ва ортиқча сув­ни олиб ташлаш учун 28 та насос ўрнатилди. Скважина ва насос майдонда сув меъёрини бир хилда ушлаб туришга хизмат қиладиган бўлди. Бундан ташқари, майдонда 23 176 метр куб ҳажмда гидроизол­я­­­ция ишлари бажарилди. Шу тариқа ер ости йўли сизот сувларидан, шўрланишлар оқибатида келиб чиқадиган бузилишлардан иҳоталанди. Ана шундай бунёдкорликлар эвазига Урганч шаҳри марказида Хоразмда биринчи бор гўзал муҳандислик иншооти — ер ости йўли барпо этилди ва ал-Хоразмий кўчасининг икки қисми марказ орқали бир-бирига туташтирилди.

Бу Урганч шаҳри марказий майдонини барпо этишдаги ишларнинг биринчи босқичи эди. Навбатдаги босқич марказий майдоннинг устки қисмини бунёд қилишдан иборат эди. Мамлакатимиз Президенти майдонни янада обод қилиш ва унинг марказига халқимизнинг миллий қаҳрамони, юртимиз озодлиги учун курашган мард ва жасур инсон Жалолиддин Мангубердининг от устида турган ҳолатдаги ҳайкалини қўйиш таклифини билдирди. Шу асосда Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 октябрдаги фармойишига биноан бу ерда қурилиш, ободонлаштириш ишлари учун салкам 29 миллиард сўм ажратилди. Маб­лағнинг маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириладиган 23 миллиард сўмдан ошиғи майдонни ободонлаштириш ишларига, “Ўзбекис­тон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳомийлик маблағи ҳисобидан бериладиган 2 миллиард 900 миллион сўм эса Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ва унинг пос­таментини яратиш учун сарфланиши белгиланди.

Дастлаб иш майдондаги улуғ аллома Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг ўртамиёна даражада ишланган ҳайкалини кўчириш ва демонтаж қилишдан бошланди. Кейин майдон сатҳини атрофга нисбатан кўтариш ҳамда бу ерда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишга ярайдиган 71 минг метр куб ҳажмда унумдор туп­роқ олиб келиб тўкилди. 30 сантиметр қалинликда бир неча қатлам тупроқ зичлаб тўшалди. Салкам 8 гектарлик майдон уч қисмга ажратилди. Шундан 0,22 гектарида қурилиш ишлари олиб борилди. 5,5 гектарга яқин ер ёпиқ майдонга, яъни ҳайкал атрофидаги масканга айлантирилди. 2,21 гектар майдонда эса кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Қурилиш объектида 4510 метр квадрат жой гранит плиткаларини ётқизиш учун бетон билан қопланди ва шунча метр квад­рат миқдорида плиткалар тўшалди. Кириш йўлак­ларига эса 2781 метр квадрат ҳажмда гранит плиткалари ётқизилди. Марказий майдонда кириш ва чиқиш йўлакларидан ташқари инспекторлар, пиёдалар, велосипедчилар йўлак­лари ҳам барпо этилди. Аввалги майдонда битта фаввора мавжуд бўлган бўлса, янги майдонда 8 та фаввора бунёд қилинди. Бу фавворалар нафақат майдонга гўзаллик, кўркамлик ва тароват бағишлади, балки шаҳар марказида салқинлик, мусаффолик яратишга, мик­роиқлим юзага келишига ҳисса қўшди.

Майдонни ёритиш учун 120 тадан ошиқ чироқлар ўрнатилди. Бундан ташқари, майдонни ва майдон марказидаги ҳайкални тўла ёритиш мақсадида 20 метр баланд­ликда 8 та прожектор қў­йилди. Бу ерда 32 та овоз кучайтиргичлар, 43 та кузатув камералари ишга туширилди. Марказий майдон ва ҳайкал атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш учун 599 та манзарали, 327 та нина баргли дарахтлар экилди, салкам 30 минг туп бутасимон ўсимлик­лар, гуллар парвариш қилинди, 16 минг метр квадратдан ошиқ жой кўкаламзорга айлантирилди.

Жалолиддин Мангуберди ҳайкали майдоннинг марказига, ер ости йўлининг устига ўрнатилди. Табиийки, ҳайкал қўйиладиган жой ер сатҳидан баланд бўлиши керак. Шу асосда ҳайкал пойи атрофга нисбатан кўтарилди. Ҳайкал постаменти пойига икки томонлама ўрнатилган пиллапоялар орқали кўтарилиб борилади. Постамент одатдагидек тўрт бурчакли баланд тошдан эмас, тоғ бағридан олиб келинган, бир неча қиррали шаклдаги харсанг тошдан қўйилган. Маълумки, Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкали 2000 йилда таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан ўрнатилган эди. Ўшанда Жалолиддин белига қилич таққан ҳолда бор бўйи билан акс эттирилганди. Шаҳар марказий майдонига эса ўша ҳайкал эмас, унинг от устида қилич яланғочлаб турган ҳолатдаги ҳайкали қўйилди. Бу бежиз эмас. Чунки Жалолиддин Мангуберди авлодлар кўз ўнгида доимо от устида қилич яланғочлаган ҳолда ёғийларга қарши курашган, юрт, халқ озодлиги учун жон фидо қилган мард инсон сифатида муҳрланган. Синд дарёси бўйида мўғулларга қақшатқич зарба бериб, дарёдан, ўлим гирдобидан оти билан қутилиб чиқа олган қаҳрамон ҳисобланади. Кейинчалик аййубийлар, гуржилар, ироқликлар, румликларга қарши жангларда ҳам порлоқ ғалабаларга эришган. Шунинг учун ҳам унинг от устидаги жанговор ҳолати халқимиз руҳиятига яқин. Шу сабабли майдонда миллий қаҳрамонимизнинг айнан шу ҳолати аксини топган. Унинг бу ҳолатида мардонаворлик, ёвқурлик, шиддат ва юксак ғурур мужассамлашган. Ҳайкалнинг бўйи 25 метрдан ошиқ. У республикамиздаги ёдгорликлар, ҳайкаллар орасида энг улуғвори, юксаги ва каттаси саналади. Ҳайкал шаҳарнинг барча нуқталаридан гўзал ва муҳташам санъат намунаси сифатида кўзга ташланиб туради.

Майдонда ҳайкалдан ташқари Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолияти ҳақида маълумот берувчи битиклар, унинг жангу жадалларда босиб ўтган йўллари билан боғлиқ харита ва бошқа меъморий лавҳалар ҳам ўрин олган. Ҳайкал олдидаги постаментга қора мармардан ишланган, тумор шаклидаги “Жалолиддин Мангуберди битиктоши” қўйилган. Бу битиктош Рашид Ҳаккок Нишобурий лақаби билан танилган аллома Маҳмуд ибн Муҳаммад Жавҳарий томонидан 1230 йилнинг 25 нояб­рида (ҳижрий сана билан 628 йилнинг муҳаррам ойи ўртасида) тайёрланган ва Жалолиддин Мангубердига совға қилинган. Ўша даврда ҳукмдорлар номига бундай битик тошлар битиш, уларни совға қилиш урф бўлган.

Чақмоқдек қисқа умри мобайнида ўзбек халқига хос бўлган Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат, юксак ҳарбий салоҳиятини намоён этиб яшаган Жалолиддин

Мангуберди каби буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди.

Ишонаман, орадан йиллар, асрлар ўтади, Султон Жалолиддин ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан

Битиктош ўша йили Жалолиддин Мангуберди томонидан Исфахонда отаси Оловуддин Муҳаммадга атаб қурилаётган мақбара, мадраса ва хонақога қўйиш учун юборилган. У кўп йиллар Исфахонда сақланган, кейинги тақдири номаълум кечган. Эндиликда бу битиктош султон Жалолиддиннинг ўз юртида ҳайкали пойидан ўрин олди. Битиктошда араб имлосидаги куфий, насх, сулс, риқо ёзув усулларида Қуръони Каримдан суралар, оятлар билан биргаликда “Аллоҳ унинг султонлигини абадий қилғур улуғ султон, дунё ва дин жалоли Абу Музаффар Манкбурни (Мангуберди) ибн улуғ султон Муҳаммад ибн улуғ султон Такиш ибн султон Эларс­лон ибн Отсиз, амирулмўъминин (халифанинг) ёрдамчиси бўлмиш Хоразмшоҳ давлати паноҳида!” деган сўзлар битилган.

Бошқа меъморий лавҳалар, битик тошларда эса Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолиятини қамровчи маълумотлар ўрин олган ва улар майдонга ташриф буюрувчиларни миллий қаҳрамонимиз тарихи билан таништиришга хизмат қилади.

Ана шундай асосда Урганч шаҳрининг дунёга фахр билан кўрсатгулик марказий майдони барпо этилди. Бу майдонда юртимизнинг тарихи ҳам, халқимизнинг миллий қаҳрамони тақдири ҳам, озодлик, истиқлол учун курашлар йўли ҳам, бугунги ютуқлар, бунёдкорлик­лар ҳам, келажакка мўлжалланган орзулар, режалар ҳам мужассамлашган. Бундай майдоннинг, янгича бун­ёдкорликнинг юзага келишига муносиб ҳисса қўшган — унинг ташаб­бускори бўлган давлат раҳбаридан тортиб, уни барпо этган ҳар бир қурувчига нисбатан хоразмликлар кўнглида эндиликда чексиз миннатдорликлар бўй кўрсатаётгани шак-шубҳасиз.

Албатта, бундан бир-икки йил олдин ушбу майдон қурилишига ҳам, Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг янгидан барпо этилишига ҳам, ер ости йўлининг ўтказилишига ҳам норозилик билдирувчилар, янги майдон қуриш маблағни ортиқча совуриш, деб баҳолайдиган баъзи сохта “ватанпарварлар” пайдо бўлганди. Бугун воҳа марказида амалга оширилган улкан бунёдкорлик­лар уларнинг қарашлари ҳам, фикр-мулоҳазалари ҳам нотўғри эканлигини кўрсатди.

Бунёдкорлик, ободлик, кўркамлик, яратувчиликлар бор жойда кўнгилларда янги-янги мулоҳазалар, таклифлар уйғонади, янгиланишлар учун йўл очилади. Урганч шаҳри марказидаги бу қурилишлар муносабати билан дилимизда “Қани эди, мана, шу янги майдонга яқин жойда Ўзбек давлатчилиги, Хоразмшоҳлар давлатчилиги билан ёхуд Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ муҳташам музей барпо этилса ёки ушбу шаҳарда буюк алломалар, шу юрт, шу эл, шу Ватан учун жонини фидо қилган Жалолиддин Мангуберди каби қаҳрамонлар учун, уларнинг бюстлари, ҳайкаллари ўрнатилган хиёбонлар, аллеялар яратилса”, деган ният, орзу-умид уйғонди. Ана шунда бу воҳа, бу юрт, бу халқнинг асл тарихи авлодлар кўз ўнгида ёрқинроқ намоён бўларди. Орзуга айб йўқ. Келгусида бу ниятлар ҳам, албатта, амалга ошади. Ҳозирча эса Султон Жалолиддин Мангуберди Ватан бағрига қайтди…

Камол Матёқубов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Ҳақиқий бойлигим, чексиз муҳаббатим эди

admin

МУЗ ЖОЙИДАН СИЛЖИДИ

admin

Фирибгарга айланган тележурналист тергов жараёнида ҳам жиноятга қўл урди

admin