ADOLAT 24

БЕРУНИЙ ДАҲОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги оламшумул аҳамиятга молик тарихий қарори эълон қилинди. Қарорнинг мазмун-моҳияти ва мақсади “Ўзининг ноёб асарлари ҳамда оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим, Илк Ренессанс даврининг ёрқин намояндаси бўлган улуғ аждодимиз Абу Райҳон Беруний илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган етакчи халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш”дан иборат.

Қарорнинг алоҳида эътиборга молик жиҳатларидан бири шундаки, унда ушбу юбилей тантаналарини ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонлаш кўзда тутилган. Зотан, Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКО Бош конференция­­си қарорига асосан ЮНЕСКОнинг 2022–2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатидан жой олган.

Беруний жаҳон фани тарихига энциклопедик олим сифатида кирган, чунки у ўз даврининг қарийб барча соҳалари бўйича 150 га яқин асар ёзган. Унинг асарлари Мирзо Улуғбек (1394-1449), Николай Коперник (1473-1543) каби олимларнинг астрономик кашфиётларига туртки бўлган. У ўзи яратган астрономик ускуналар ёрдамида инсоният тарихида яратилган буюк ихтиро – глобусни кашф этган.

Беруний географияга оид тад­қиқотларида денгиз ва оролларнинг аниқ координатларини кўрсатиб, дунёнинг энг мукаммал харитасини ишлаб чиққан. Атлантика ва Ҳинд океанларининг туташганлигини исботлаб, Христофор Колумбдан (1451-1506) беш юз йил аввал океан ортида Америка қитъа­­си мавжудлигини илмий башорат қилган.

Ернинг катталиги ва координатларини аниқлаш ҳамда тадқиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Беруний годезия фанининг асосчиси, деб эътироф этилган.

Абу Райҳон Берунийнинг илм-фан тараққиётидаги ҳиссаси юксак баҳоланиб, Ойдаги кратерларнинг бирига ва Қуёш системасида 1986 йилда аниқланиб, Гарвард маркази томонидан 9936 рақами билан рўйхатга олинган кичик сайёрага Беруний номи берилган.

Мазкур қарорнинг яна бир ўзига хос аҳамиятли жиҳати шундаки, мустақиллик йилларида то ушбу қарорга қадар Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий сингари ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган кўплаб аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганишга ва мажмуаларини бунёд этишга устувор аҳамият бериб келинаётган эди. Ушбу қарор эса дунёвий илмлар ривожига, қолаверса, умумжаҳон илм-фани ва цивилизациясига салмоқли ҳисса қўшган қомусий алломанинг дунё миқёсидаги қўлёзма асарларини жамлашга ва ўрганишга ҳамда замон талабларига жавоб бера оладиган илғор технологияларни жалб қилган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлод учун Абу Райҳон Беруний ҳақидаги маълумотлар базасини турли тилларда яратишга ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга, улуғ аллома таваллуд топган Қорақалпоғистонда Абу Райҳон Беруний маж­муасини бунёд этишга қаратилди.

Қарорда Абу Райҳон Берунийнинг илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, қомусий алломанинг ибратли ҳаёти ва бебаҳо асарлари ҳамда у яшаган даврга оид қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, тадқиқ этиш ва давлат электрон каталоги ҳамда ЮНЕСКОнинг рақамли кутубхонасига жойлаштириш чораларини кўришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, қарорда Абу Райҳон Беруний мажмуасини яратиш, бу жойни сайёҳлик марказига айлантириш, қомусий аллома ҳаёти ва илмий-маърифий фаолиятига бағиш­ланган тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари ҳамда фотосуратлар кўргазмаларини ташкил этиш, янги спектакллар, бадиий, мультипликацион ва тўлиқ метражли ҳужжатли фильмлар, кўп қисмли телесериал яратиш ҳамда уларни республикада ва хорижий мамлакатларда намойиш этиш каби туркум тадбирларни амалга ошириш белгилиб қўйилган. Қарордаги Абу Райҳон Беруний ҳақида “юқори сифатли медиамаҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб бориш, Интернет ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, дунё миқёсида хештег ва челленж каби тарғиботнинг замонавий технологияларини қўллаш”дан кўзланган мақсад ҳам ўсиб келаётган ёш авлодга аждодларининг бебаҳо меросидан баҳраманд бўлиб, ўзлигини англашга ва бор ақл-заковатлари-ю куч-қудратларини эл-юрт равнақига қаратишга қулай замин яратишдан иборат. Шу боис, қарорда “Беруний ва ёшлар” махсус дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга, умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида тегишли фан бўйи­­ча Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадасини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.  

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,

тарих фанлари доктори, профессор

* * *

2022 йилнинг 25 август куни Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Беруний ўқишлари» деб номланган илмий анжуман ўтказилди. Ушбу тадбир мақсади олимларда илмий тадқиқот соҳасига қизиқишни ошириш, рағбатлантириш ҳамда тадқиқотчиларнинг ўзаро таж­риба алмашишига имкониятлар яратишга қаратилган.

Мазкур конференцияда Ватанимиз тарихини тарғиб қилиш, унинг шонли ўтмишини тадқиқ этишда тадқиқотчиларнинг илмий-усулбий малакасини ошириш, уларни мамлакатда кечаётган илмий жараёнлар билан яқиндан таништириш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда илмий-амалий тавсияларни ишлаб чиқиш кўзда тутилади. Шунинг­дек, унда республикадаги шарқшунослар, ёш олимлар илмий потенциалини ошириш, илм-фан ва таълим интеграциясини ривожлантириш, илмий салоҳиятни кучайтириш, ташкилотлараро корпоратив ҳамкорлик фаолиятини кенгайтириш, миллий ўзликни англаш ва қад­риятларни асраб қолиш, жамият равнақи ва тинч­лигига путур етказадиган зарарли ғоялар тарқалишининг олдини олиш вазифа қилиб белгиланди.

Анжуманда Абу Райҳон Беруний илмий мероси ва ижодининг дунё илм-фани тараққиётида тутган ўрни, олим асарлари тадқиқи, унга оид тарихий манбалар, тадқиқотлар таҳлилига оид масалалар, буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, Марказий Осиё тарихи ва тарихшунослиги, меъморий ёдгорликлар тарихи, Шарқ халқлари адабиётининг оммалашуви ва маънавий-бадиий қирралари, Ўзбекис­тоннинг хорижий Шарқ мамлакатлари билан муносабатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида улуғ аждодимиз Абу Райҳон Беруний меросини тадқиқ этишга оид илмий услублар, янгича ёндошувлар ва изланишларни юқори босқичларга олиб чиқишга оид фикрлар билдирилди, таклифлар киритилди, фаол тадқиқотчилар рағбатлантирилди.

Ўз мухбиримиз

Tegishli xabarlar

Партия Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди

admin

Фаолиятингиз қониқарлими? (Андижон, Наманган вилояти)

admin

Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт (30 июль – Халқлар дўстлиги куни олдидан)

admin