ADOLAT 24

Замонамизнинг академик ХАЙКАЛТАРОШИ

Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг вазифаси, дейишади. Чунки исм унинг тақдирига дахл қилар экан. Бу гап ҳақиқатга нечоғлик яқин?

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, профессор, таниқли ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг ижод йўлига назар солар эканмиз, бу фикрда ҳикмат борлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Чунки унинг ҳар бир куни ижод ва илҳом билан чамбарчас боғлиқ. Ватанимизнинг энг обод манзиллари, замонавий бинолар қад ростлаган гўзал шаҳарларнинг барчасида моҳир ҳайкалтарошнинг ижод маҳсули уларнинг кўркига кўрк қўшиб турганининг гувоҳи бўласиз ва у яратган ҳайкаллар тимсолидаги буюк сиймолар пойига гул қўйишга шошиласиз. Пойтахтимиздаги “Эзгулик” ва “Мустақиллик” монументи, Хотира майдонидаги “Мотамсаро она”, “Бахтиёр она” ҳайкали, “Фурқат”, “Амир Темур” ҳайкаллари ҳамда Биринчи Президентимиз “И.А.Каримов” ҳайкали, “Хаёл”, “Оқшом”, “Дам олиш”, “Фалакнинг гардиши”, “1941-45 йиллар”, Ургутдаги “Навоий”, Намангандаги “Машраб”, Самарқанд ва Шаҳрисабздаги “Амир Темур”, Фарғонадаги “ал-Фарғоний”, Тошкентдаги “Она”, Урганч­даги “Жалолиддин Мангуберди”, Ўзбекистон Қаҳрамони Машариф Қувоқовнинг бетимсол қиёфаси…

Замонамизнинг буюк ҳайкалтароши Илҳом Жабборовнинг севимли рафиқаси, театршунос Татьяна Жабборова билан суҳбатимиз ижодкор билан босиб ўтган умр йўллари, бетимсол асарларининг яратилиш жараё­­ни, ижодкорнинг турмуш тарзи, икки миллат вакилининг ярим асрдан зиёд муҳаббат билан суғорилган ҳаёти ҳақида бўлди.

– Татьяна опа, сиз Қозоғис­тон фарзандисиз. Ўзбекистонга келишингизнинг сабаблари ва ўзбек йигити билан турмуш қуришингиз билан боғлиқ хотиралар билан ўртоқлашсангиз. Рус қизининг ўзбек йигити билан турмуш қуриши осон бўлмагандир?

– Мен Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаота шаҳрида туғилиб, камолга етдим. Ўсмирлик давримда синфдошларим билан мактаб саҳнасида қўйиладиган асарларда турли роллар ижро этардик. Шунинг учун бўлса керак, менда актриса бўлиш истаги жуда кучли эди. Мактабни тугатар эканман, бу ниятим янада қатъийлашиб, орзуга айланди. Қозоғистонда бу соҳада илм олишнинг иложи йўқлиги туфайли орзуимни амалга ошириш учун Москвада ёки Ўзбекистондагина таълим олишим мумкин эди. Москва узоқлиги учун Тошкентга келиб ўқишга қарор қилдим ва онам ҳам менинг бу қароримни қўллаб-қувватлади. Тошкент театр ва рассомчилик институтига ҳужжатларимни топширмоқчи бўлсам, мен хоҳлаган факультетга етарлича абитуриент қабул қилинганини айтишди. Шундан сўнг театр­шунослик йўналишига ҳужжатларимни топширмоқчи бўлсам, поликлиникадан соғлигим тўғрисида маълумотнома олиб келишимни айтишди. 17 ёшли қиз бўлсам, бегона юртда нима қилишимни билмасдан турганимда бир йигит поликлиникага бориш йўлини тушунтирди ва ҳужжатларимни топширишга ёрдамлашди. Йигит жуда хушмуомала, маданиятли, камсуқум бўлиб, шу институтнинг 2-курсини тугатган экан. Ўша йигит Илҳом Жаб­боров эди. Унинг камтаринлиги, камгаплиги менга жуда ёқди.

Бу орада институт талабаси бўлдим. Бир куни у тўсатдан мени овқатланишга таклиф қилди, рози бўлдим. Аммо ошхонага қандай кирган бўлсам, шундай чиқдим, чунки таомимиз лағмон бўлиб, уни ейишга уялганим учун фақат оёғимнинг учига қараб ўтириб, қайтиб чиққанман. Унинг севги изҳори ҳам ўзига хос бўлган. Кунларнинг бирида тўсатдан шундай деган: “Оказывается, я тебя люблю!” Мен уялганимдан қип-қизариб кетдим… Аммо у ота-онаси бошқа миллат вакиласига уйланишга рухсат бермаслиги, шунинг учун тўйимизни курсдошларимиз билан бирга ўтказишимизни, қариндошлар кейин билишини айтди. Шундай қилиб, 1968 йилда мен 1-курсда, у 3-курсда ўқиётган пайтимизда кичкинагина “комсомол тўй”­и­­­­миз бўлиб ўтди. У пайтларда ўша давр, муҳит таъсирида бундай “комсомол тўй”лар урфга айланган эди.

– Уйдагилар бу янгиликдан қандай хабар топишди?

– Орадан 3-4 ой ўтиб, турмуш ўртоғимнинг акаси Султон ака бизнинг ижара уйимизга келди ва менинг кимлигимни сўради. Албатта, бироз тушунмовчилик­лар бўлди. Аммо бизнинг бир-биримизга бўлган муҳаб­батимиз уларнинг ҳаммасини енгиб чиқди. Султон ака билан қайнотам қаттиққўл кишилар эди, аммо қайнонам роса меҳрибон аёл бўлганлари учун биз тез тил топишиб кетдик. 6 ўғли, 3 қизи бор онахон мени 10-фарзандидай қабул қилдилар. Шундан сўнг биз 6 йил давомида ижарада яшадик, бирин-кетин қизларимиз туғилди.

– Турмуш ўртоғингизнинг оиласи, болалиги, ёшлиги ҳақида нималарни биласиз?

– Уларнинг қишлоғи Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида, Тошкент денгизига яқин бўлган Қорасув ариғининг бўйи­­да жойлашган. Онаси Рузвонбиби она уй бекаси, отаси Жаббор ота ҳосилот бўлиб ишлаган. Булар асли Наманган вилоятининг Чуст туманидаги “Олмос” қиш­лоғидан бўлиб, бу ерларга кўчиб келишган экан. Қайнотам ҳосилотлиги учунми ёки ота-боболаридан меросми, билмадим-у аммо ўғилларининг ҳаммаси боғдорчиликка қизиқишар эди. Қишлоқдаги боғларини кўрсангиз, баҳри-дилингиз очилади. Турмуш ўртоғимнинг акаси Султон Жабборнинг болалар шоири эканлиги, унинг уйга кўплаб китоблар олиб келиб, кутубхона қилгани, ижодкорлар билан уйларида гурунг қилишгани Илҳом аканинг ҳам китобга меҳр қўйи­шига сабаб бўлган бўлса керак. Бунинг устига тақдир тақозоси билан уларнинг уйи­­да бироз вақт яшаган татар аёли – ўқитувчи опа Илҳом акага биринчи марта ранг-баранг акварель, яъни бўёқлар тўпламини совға қилган экан. Илҳом ака уни олиб, бағрига босиб, чуқур нафас билан ҳидлаганлигини ва шу ранглар ифорини ҳалигача ҳис қилишини айтади. Шундан кейин у расм чиза бош­лаган.

Илҳомнинг ижод майдонига кириб келишида акаси Султон Жабборовнинг ҳиссаси ниҳоятда катта бўлганлиги рост. Унинг ижодкорлиги, шеъриятга ошнолиги, укаларини қўллаб-қувватлаши туфайли деҳқон оиласида ижодкорлар сулоласи яратилди. Бугунги кунда бу ижодий анъанани Султон Жабборовнинг ўғли Комил Жабборов давом эттираяпти. У ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Илҳом Жабборовнинг шогирди. Улар иккаласи кўп асарларни биргаликда яратишган.

– Икки миллат фарзандларининг муҳаббат ришталари шунчалик мус­таҳкам боғланган эканки, узоқ йиллар умргузаронлик қилиб келаяпсизлар. Айтинг-чи, оила қурган пайтларингиз сизга ўзбек халқининг қандай маросимлари, қадриятлари эриш туюлди ва икки миллат урф-одатлари ўртасида қандай фарқ кўрдингиз?

– Турмуш қурганимиздан буён ҳам орадан 54 йил шамолдек елиб ўтиб кетганини билмай қолдик. Ўша ёшгина, таваккал қилишдан қўрқмайдиган йигит-қиз бугун минг ўйлаб, бир гапирадиган кексаларга айландик. Урф-одатлар ҳақидаги саволингизга келсак, тўйларимиз пинҳона ва ўша пайт­ларда урфга кирган “комсомол тўйи” тарзида ўтказилгани учун мен буларни таққослай олмайман. Мендан ҳеч қандай келинлик вазифаси ёки урф-одатларни бажариш талаб қилинмаган. Қиш­лоққа, қайнона-қайнотамни кўргани борганимизда Илҳом ака бошимга рўмол ўратиб, ўзбек қизларига ўхшатиб олиб борган. Шуни айтишим мумкинки, ўзбек миллий тўйлари ва қадриятлари жуда қадимий. 35 йилдан бери Юнусобод даҳасининг “Мус­тақиллик” маҳалласида истиқомат қилаётганим учун ўзбек тўйларида жуда кўп қатнашганман, уларнинг келин саломи, келиннинг қайнона-қайнотасини ҳурмат қилиши, уларга меҳр билан хизмат қилиши менга жуда ёқади. Қўни-қўшниларимиз ҳам зиёли, меҳрибон кишилар бўлиб, бирон ширин таом тайёрлашса бизга илинишади. Айниқса, ош дамлашса, албатта, бир коса узатишади. Ўзбек ва рус миллатлари орасидаги қадриятлар бир-биридан фарқли бўлса ҳам умримнинг асосий қисми Ўзбекис­тонда ўтгани учун менда ҳам ўзбек­она хислатлар шаклланган, деб айта оламан. Қизларимиз ҳам ўзбек қизлари билан ўйнаб, катта бўлишгани учун бугунги кунда чизаётган расмларига ҳам ўзбекона руҳ сингдирилган.

– Илҳом Жабборовни халқимиз ижодкор, ҳайкалтарош сифатида билади. У оилада ота ва оддий инсон сифатида қандай характерга эга?

– У жамиятда қандай бўлса, оилада ҳам худди шундай инсон. Оғир-босиқ, камтар, меҳнати ортидан фақат ҳалол луқма ейдиган, юксак инсоний фазилатларга эга фуқаро. Фарзандларига меҳрибон ота. 

– Ҳайкалтарош нималарга қизи­қади?

– У куну тун ўз ижоди, ўй-хаёллари, ижодий режалари билан яшайди, десам тўғри бўлади. Дала-ҳовлимизни жаннатга айлантирган, турфаранг анвойи гуллару мева-чевалардан иборат боғ ҳам у кишининг ижод майдони ва илҳом манбаи. Ҳаттоки, у ерда сигиру товуқлар, асалариларгача бор. Ҳайкалтарошнинг ўзи ҳам асаларига ўхшайди: асалари бол йиғиш илинжида тиним билмаганидек, у ҳам одамларни бетак­рор ижод намуналаридан баҳраманд этиш мақсадида тиним билмайди.

 – Турмуш ўртоғингизнинг ижодига қандай қарайсиз? Яратган асарларининг очилиш тантаналарида ҳар доим иштирок этасизми?

– Соҳамиз бир-бирига яқинлиги сабабли унинг ижоди мен учун ниҳоятда қизиқарли. Бирор тарихий қаҳрамон образини яратишдан олдин у ҳақдаги маълумот йиғишда ёрдам бераман, биргаликда тарихий асарларни ўқиймиз, ўша қаҳрамоннинг ўзига хос фазилатларини излаймиз, қарашлари, характери, кийиниши, барчасини биргаликда ўрганамиз. Тошкентдаги асарларининг очилишида иштирок этганман ва юракдан фахрланганман. Бу асарларни яратишнинг ўзи бўлмаган. Муваффақиятлар ортида қанчалик катта машаққат ётганини яхши биламан.

– Ҳайкалтарошнинг асарлари орасида қайсилари сизга кўпроқ маьқул?

– У аввало туғма истеъдод эгаси. У одамга бир қарашдаёқ фикрини, қарашларини англай олиш қобилиятига эга. Шунинг учун ҳам унинг асарларида яратаётган образининг ички дунёси юзида аниқ акс этади, бу эса ҳайкалга яққол ифода беради, яъни уни жонлантиргандек кўриниш беради. У жуда истеъдодли, ўз фикрига, ўз сўзига эга инсон. Театршунос сифатида шуни айта оламанки, унга тенг келадиган ҳайкалтарош нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ҳам бўлмаса керак. Чунки у яратган буюк асарлар – Алишер Навоий, Амир Темур, Жалолиддин Мангубердининг ҳайкаллари, Мустақиллик майдони монументи, “Бахтиёр она”, “Мотамсаро она” ҳайкаллари, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қиёфалари ифодаланган ҳайкаллар мангуликка дахлдор ижод намуналаридир. Унинг барча асарларида орзу, юртга муҳаб­бат, ҳаққонийлик, шараф, надомат, интиқлик, умид, армон, келажакка ишонч туйғулари акс этади. Буларни яратиш осон бўлмаган. Амир Темур ҳайкалини яратиш жараёнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан бир неча бор мулоқот қилишга тўғри келган. Оддий қиличидан тортиб, миниб турган отини ясашгача Биринчи Президентимизнинг маслаҳатларини олганлар. У киши оқилона, доно маслаҳатлари билан ҳайкалтарош яратаётган асар янада мукаммал бўлишига эришишда кўмакларини, маслаҳатларини аямаганлар.

Аслида битта бетакрор ҳайкал яратиш ҳар бир ҳайкалтарошнинг орзуси. Чунки у яратувчисига мангуликка дахлдорлик ато этади. Илҳом ака бундай асарлардан ўнлаб яратган. Мен турмуш ўртоғимга юксак баҳо бермасам ҳам унинг истеъдоди, маҳоратини халқнинг ўзи эътироф этади. Биргина мисол: халқимизнинг севимли шоири, бахт ва баҳор куйчиси Ҳамид Олимжон ҳайкалини яратганида Зулфияхоним: “Шу пайт­гача яратилган Ҳамид Олимжон ёдгорлик­лари ичида сизнинг асарингиз энг яхшиси. Қўлингиз дард кўрмасин!” дея унинг ижодини алқаган, эътироф этган.

Менинг ва қизларимнинг, ҳар биримизнинг қиёфасини яратар экан, кўзларимиздаги қувончу ўйчанликкача акс эттира олган. Худди шууримиздаги фикрни уққандай. Ҳайкалтарошнинг ҳар бир асарида ҳар ким ўз ақлу заковатидан-да улуғликни, одамнинг чексиз муҳаббатини, сабру қаноатини ҳис этади. Инсон туйғуларини совуқ тош ёки ёғоч орқали ҳайкал қиёфасида акс эттира олиш эса ҳайкалтарош маҳоратининг нақадар юксаклигини кўрсатади.

– Эркакларни кўпинча икки хил тои­фага ажратишади: вақтини кўпроқ кўчада ўтказадиган ва имкон қадар оиласи бағрига шошиладиган. Илҳом ака қайси тоифага мансуб?

– Иккинчи тоифага! У вақтнинг, умрнинг қадрига етади. Ижоддан бўшади дегунча, оила бағрига шошади, улфатчиликка вақт сарфламайди. Ҳар бир дақиқани қадрлайди, вақтини ижодга, китоб ўқишга сарфлайди.

– Халқимиз орасида ҳайкалтарошнинг баъзи ҳайкалларига ҳақ тўланмаганлиги ҳақида гаплар юради. Улар нечоғлик ҳақиқатга яқин?

– Илҳом ака ҳеч қачон яратган асарларини пуллаш, улар ортидан бойиш мақсадини олдига қўймаган. У ўз Ватанига ҳам, халққа ҳам холис хизмат қилиб келаётган ижодкор. Мақтанишга йўйманг-у, ўзингиз таққослаб кўринг-чи, қайси ҳайкалтарош халқ учун Илҳом акадай холис хизмат қилган? Ҳеч ким! Кунни тунга улаб, ҳаловат нималигини билмай меҳнат қилиб, халқимизнинг энг буюк аждодлари сиймосини яратишга умрини бахшида этиб, авлодларга ўрнак сифатида кўрсата олган ижодкор! У яратган сиймолар пойи ҳамиша зиёратгоҳга айланган.

– Ҳар доим ҳам ҳайкалтарошнинг меҳнати қадрланганми? Бир гал барчасига қўл силтаб, тоғу тош­ларга чиқиб кетиб, бироз муддат асаларичилик билан шуғулланганлик­лари ростми?

– Меҳнатим қадрлансагина ишлайман, деган ҳайкалтарош ижодкор эмас. Ҳақиқий ижодкор, аввало, ичидаги илҳом чўғини, оловини ижод маҳсулига кўчиради, ўзи, юрти, ёш авлод камолоти учун, аждодлар жасорати, илми, сиймоси абадийлиги учун умрибоқий асарлар яратишга интилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ижод завқи уни тинч қўймайди ва аниқ айта оламанки, ташқи муҳитдагиларнинг унга, унинг асарларига муносабати туфайли у асло ижоддан тўхтамайди. Ижодидан ўзи завқланади, ижодсиз ўтган куни у учун ҳаёт эмас. Илҳом ака ана шундай ҳайкалтарош. Юқорида таъкидлаганимдай у ёшлигидан деҳқончилик, асаларичилик билан шуғулланади ва бундан завқ олади. Шаҳарнинг тош уйларига унинг юраги сиғмайди, кенглик­ларни қўмсайди. Ахир у ижодкор. Буни тушуниш мумкин. У ҳар қандай ҳолатда ҳам бировга жаҳл қилиб, ижоддан воз кечадиган инсон эмас.

– Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳайкалини яратишдаги лойиҳа танловида Украина, Туркманис­тон, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Австралиядан 58 нафар ҳайкалтарош иштирок этиб, улар томонидан 68 лойиҳа намойиш этилган, аммо етук мутахассислардан иборат 11 кишилик махсус комиссия томонидан Илҳом Жаб­боров яратган лойиҳа маъқулланиб, у ғолиб деб топилган экан. Ўша лойиҳанинг яратилиш тарихи, муаллифнинг ҳолатлари, ижодий жараёнлар билан боғлиқ воқеаларни эсласангиз.

– Тўғри, бу танлов жаҳоннинг энг нуфузли мамлакатларининг иқтидорли ҳайкалтарошлари учун жуда катта имтиҳон бўлди. Бу танловга турмуш ўртоғим ҳам жуда катта масъулият билан ёндошганлар. Ҳайкалтарош Биринчи Президентимиз билан жуда кўп бора, яъни йиллаб мулоқотларда бўлгани, унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, юз ифодасини аниқ эслаб қолгани учун ҳам унинг сиймосини аниқ ифодалашга муваффақ бўлди, муболаға билан айтганда, унинг тош­даги тасвирига гўёки жон кирита олди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиё­ев академик ҳайкалтарош Илҳом Жабборовнинг фидокорона меҳнатларини улуғлаб, уни “Малибу” русумли автомашина билан тақдирлаганлар. Меҳнати қадр топганини кўрган ҳайкалтарошнинг ўша лаҳзалардаги ҳолати қандай эди?

– Юртбошимизга, халқимизга турмуш ўртоғимнинг ишлари манзур бўлган эканки, уни тақдирлашаяпти, меҳнати қадр топаяпти. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев устози, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳайкали очилгач, ижодкорни ушбу мукофот билан тақдирлади. Нафақат пойтахтдаги, балки Самарқанду Қаршида қўйилган ҳайкаллар учун берилган муносиб баҳо эди бу. Ўша пайтларда Илҳом ака Мос­квада, Биринчи Президентимиз ҳайкалининг бронзадан қуйилишида иштирок этаётган паллалари эди. Бу эътибор унга жуда катта куч-қувват ва илҳом бахш этди, шу билан бирга, унинг янада улкан асарлар яратиш учун ижод қўйнига шўнғишига сабаб бўлди.

– Инсон имконият туғилди дегунча кенгликларни қўмсайди, ҳатто тор “дом”ларни тарк этиб, кенг ҳовлиларда яшай бошлайди. Сизларнинг, айтиш мумкинки, ўзбекнинг ифтихори бўлган Илҳом Жабборовнинг кўп қаватли, бетон уйларда яшашига сабаб нима? “Дом”да ижодхона қилиш муаммо бўлса.

– “Мустақиллик” маҳалласида 35 йил яшадик, қўшнилар билан ака-ука, опа-сингил каби яқин бўлиб кетганмиз. Жондай, кўздай меҳрибон қўшниларимиз бор. Ишонасизми, ён қўшним Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов хизмат сафари билан Қозоғистонга борганларида Илҳом ака билан иккаламизнинг ҳурматимиз учун онамнинг уйини излаб топиб, уларни зиёрат қилиб келганлар. Ўшанда онамнинг “Қизим, сен ёлғиз эмас экансан, яхши инсонлар орасида экансан, энди сендан кўнглим тўқ”, деб хурсанд­чиликдан йиғлаганларини кўрсангиз… Кимда бор шундай оқибатли қўшнилар?! Улардан узоқлашиб, уларни ташлаб бош­­қа жойга кўчиб кетиб бўладими? Бунинг устига турмуш ўртоғим ҳашамату дабдабани ёқтирмайди. Оддийликни, оддий одамларни яхши кўради. Халқ орасида бўлишни истайди. Маданиятли, зиёли инсонлар бўлган маҳалладош­ларимиз билан юз кўришиб, диллашиб роҳатланади. “Жаннатмакон Ўзбекистонимнинг бир қарич ери ҳам мен учун ҳар қандай кошонадан афзал”, дейди. Юртини ана шундай меҳр билан севади у. Шу юртда яшаётганимнинг ўзи бир саодат, дейди ҳайкалтарош.

– Фарзандларнинг қайси бири сиз ва отаси каби ижодкор қалб эгаси?

– Қизларимиз Лейла ва Нафисанинг иккаласи ҳам рассомлик касбини танлашган. Лейла Тошкентдаги собиқ Бенков номидаги илм даргоҳини, Ленинграддаги Рассомчилик олийгоҳининг бадиий рассомчилик факультетини тамомлаб, бадиий ранг-тасвир мусаввири сифатида ижод қилмоқда. Кўпгина халқаро танловларда иштирок этиб, муваффақиятларга эришаяпти. Нафиса ҳам шу билим юртида дизайнерлик бўйича билим олиб, кейин Тошкент театр ва рассомчилик институтининг китоб графикаси йўналишида билим олди. У ҳам бадиий ранг-тасвир йўналишида ижод қилади.

– Ўзбек йигити билан турмуш қуриб, умргузаронлик қилдингиз. Албатта, инсон қалбини юрт соғинчи ўртайди. Ўзбекистонда яшаётганингиздан афсусланган вақтларингиз ҳам бўлганми?

 – Аксинча! Мен истеъдодли ўзбек йигити билан танишиб, турмуш қурганимдан бахтиёрман. Шундай қалби пок, чин маънодаги комил инсон, меҳрибон умр йўлдошим борлигидан фахрланаман. Ўзбекис­тон Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланади, буюк алломалар яшаб ўтган юрт бу. Тинч ва фаровон юртда яшаш менга ғурур бағиш­лайди.

– Илҳом Жабборовдан нималар кутган эдингиз? Уларнинг қай бири амалга ошди-ю, қайсилари орзулигича қолди? Ҳаётингиз давомида у сизни ўзгартирдими ё сиз уними?

– Мен ундан бунчалик меҳнаткашликни, обрў-эътиборни кутмаган эдим. Ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эдим. У мен орзу қилганимдан ҳам аъло умр йўлдоши бўлди. Мен истеъдодли, қалби пок, камтарин, меҳрибон инсон билан яшаётганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Иккаламиз ҳам шу юртга нафимиз тегишидан умидвормиз, бахтиёрмиз. Биз 54 йиллик ҳаётимиз давомида бир-биримизни ўзгартиришга асло ҳаракат қилмадик, аксинча, бир-биримизни тўлдириб яшаяпмиз. Оиланинг бахт­­ли бўлиш сирининг сабаби ҳам шунда бўлса керак.

– Нималардан афсус ва нималардан фахр туйғусини ҳис этасиз?

– Ҳеч нарсадан, ҳеч қачон афсуслан­майман. Тинч ва осойишта, гўзал Ўзбекистонда, унинг бағридаги худди шундай оилада буюк ҳайкалтарош билан, бунинг устига яхши инсон билан умр китобининг зарварақларини варақлаётганимдан фахрланаман, шукронадаман!

Суҳбатимиз сўнггида таъкидламоқчиманки, бу суҳбат мен учун жуда ёқимли бўлди. Негаки, журналистлар ҳамиша машҳур инсонларнинг ўзларидан интервью олишади, аёллари эса уларнинг соясида қолиб кетади. Аслида эркак кишининг ҳаётда катта муваффақиятларга эришишида аёлининг ҳам ҳиссаси бор. Аёл турмуш ўртоғини тушунмаса, уни муаммоларга кўмиб ташласа, унда бор истеъдод ҳам завол топади. Мен бу мулоқотимизда ичимдаги барча фикрларимни тўкиб-сочдим ва шу билан бирга, умр йўлдошимга бўлган эҳтиромим, меҳрим, ҳурматим янада юксалди. Ушбу лойиҳани амалга ошираётган “Адолат” газетаси таҳририятига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу ғоя ҳам аёлга эҳтиромнинг бир кўринишидир.

– Раҳмат, Татьяна опа, сизга ҳам бизга қилбингизни очганингиз ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Икки гўзал жуфтликдан озод ва обод, бахтга тўла, мустақил она юртимизни, унинг ўтмиши, бугуни ва порлоқ келажагини ифода этувчи, бетакрор ва мангуликка дахлдор асарлар кутиб қоламиз!

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.

Tegishli xabarlar

Муаммолар жойида ҳал этилди

admin

ҲУРМАТ ҚАНИ, ҲАЙДОВЧИ?

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin