ADOLAT 24

НОСИРХОН ТЎРА ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ

Маълумки, собиқ Ўзбекистон ССРда 20-30-йилларда ер-сув ислоҳотининг ўтказилиши, хотин-қизларни озодликка олиб чиқишга қаратилган “Ҳужум” кампанияси, қиш­лоқ хўжалигини жамоалаштириш сиёсати, айнан ушбу аграр ўзгаришлар билан бир даврда амалга оширилган қулоқлаштириш сиёсати ҳамда 1937-1938 йиллардаги оммавий қатағонлар даврида халқимизнинг бошқа зиёлилар қатлами каби руҳонийлар ва диний уламолар ҳам катта жабр кўрган.

Юртимизда бу даврда кўплаб мадрасалар, масжидлар ва хонақоҳлар бузиб ташланди. Бузилмай қолган мадрасалар ва масжидлар хўжалик омборларига айлантирилди, қизил аскар гарнизонларининг қўналғалари қилиб қайта жиҳозланди, четдан келганлар учун турар-жой сифатида берилди. Ўзбек халқи томонидан 1300 йил давомида яратилган исломий руҳдаги қўлёзма асарлар ва бошқа китоблар йўқотилди. Совет ҳуқуқ-тарғибот идоралари тергов жараёнида ҳеч қандай айби бўлмаган, ўзининг инсоний шаъни ва ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан диний уламоларнинг кўпчилигини олий жазо – отувга ҳукм қилди.

1930 йили Носирхон Тўра Саид Камолхонтўра ўғли бошчилигида Фарғона водийсидаги йирик уламолар совет режими томонидан қатағон қилинди. Бу гал большевиклар аввалги “ишлар”дан фарқли равишда водийдаги юзлаб уламоларни махфий ва яширин тарзда пинҳона йўқотиб юборишга ҳаракат қилдилар.

Носирхон Тўра Саид Камолхонтўра ўғли – Фарғона водийсидаги йирик уламолардан бири, Туркистон Мухторияти маориф вазири, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоларидан бири эди. У 1873 йилда Қўқон хонлигининг йирик маданий марказларидан бири бўлган Наманган яқинидаги Косон қишлоғида мударрис оиласида туғилган. Дастлаб Наманган ва Бухорода, сўнгра Кобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида таҳсил олган. Муқаддас ҳаж амалларини адо этиб Туркистонга қайтгач, 1912 йили Наманган шаҳрига қози бўлган. Намангандаги Мавлавий ва Мулла Қирғиз мадрасаларида мударрислик қилган. 1913 йилдан бошлаб Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. “Шўрои исломия” ташкилотининг Наманган шўъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси бўлган.

Бутунтуркистон мусулмонлари фавқулодда IV қурултойини 1917 йил 26 – 28 ноябрда Қўқон шаҳрида ўтказишда жонбозлик кўрсатган. У 1917 йил декабр­­да Туркистон Мухторият ҳукумати таркибига маориф вазири сифатида киритилди. 1918 йил февралда мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач, Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Носирхон Тўра Наманганда большевиклар қўлига тушади. Амнистия туфайли озод бўлгач, бир йил мобайнида яширин ҳаёт кечиради. 1919 йили Косонсойда “Миллий иттиҳод” ташкилоти ячейкасини ташкил қилади. Катта Эргаш ва Мадаминбек ҳузурида ғоявий раҳнамо сифатида фаолият кўрсатади. 1922 йилда “Маҳкамаи шаръиа” ташкилотида иш олиб боради. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинади. 1924-1925 йилларда Самарқандда қамоқда ўтиради, сўнгра Оренбургга сургун қилинади. Сургундан қайтгач, мавжуд тузумга қарши фаол курашни давом эттиради. Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлиб, аҳолини совет режимига қарши курашга даъват этади.

Носирхон Тўранинг “Тарихи Туркис­тон” (15 бўлимдан иборат), “Оренбург мактуб­лари” эсдалиги ва бошқа асарлари мавжуд. Алихонтўра Соғунийнинг ёзишича, Носирхон Тўра асли Косон(сой) зодагонларидан бўлиб, у кейинчалик Арабистонда яшаган авлиёоталик ўзбеклар Олтинхон Тўра ва Мубашширхонларнинг қариндоши ва устози эди.

1929 йил баҳорида Носирхон Тўра Авлиёота ва Пишпек шаҳарларида бўлиб, муридлари ва шогирдлари билан учрашган. У 1929 йил 29 октябрда Ранжитда қизил аскарлар билан бўлган жангда ярадор бўлиб, Мозор қишлоғида даволанади. У Дадабой, Мадумар, Истамбек, Мирвали каби қўрбошилар билан қурултой ўтказиб, Фарғона водийсида совет режимига қарши кураш тактика ва стратегиясини ишлаб чиқади. Бу пайтда улар Кушон қишлоғида қўним топганлар. Носирхон Тўра ГПУ айғоқчилари қўлига тушмаслик учун яширинади. 1930 йил июнь ойига келиб фақат Наманганнинг ўзида унинг юзлаб шогирдлари ва муридлари совет ҳокимияти томонидан қамоққа олинади. 26 июнда Тўрақўрғондаги Қоратов этагида Носирхон Тўра ва одамлари билан қизил аскарлар ўртасида жанг бўлиб, унда содиқ дўсти ва шогирди Истамбек қўрбоши ҳалок бўлади. Носирхон Тўра ўғиллари Ҳасанхон ва Эшон Дадахон билан Кошғарга кетаётганда, 1930 йил 15 июлда Ўш округи ГПУ ходимлари томонидан қўлга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати архивида Носирхон Тўранинг ҳаёти ва тақдири акс эттирилган 18 жилддан иборат П-25412 иш сақланади. Ҳужжатларда кўрсатилишича, Носирхон Тўра 1930 йил бошларида Андижон округидаги Косонсой, Янгиқўрғон, Наманган томонларда қўрбошилар гуруҳини тузганлик (Истамбек қўрбоши, Атантой Сотилғанов билан биргаликда) ва улар билан алоқада бўлганликда айбланиб, 1930 йил 15 июлда “Ўш округидаги Толдик совхози яйловларида чекистлар томонидан қўлга олинган ҳамда Тошкентга конвой билан олиб келинган.

Носирхон Тўра 1930 йил 20 августда терговда ўз қўли билан ёзган маълумотномада кўрсатилишича, “Мен Носир Камолов тубанда тасдиқ қилурманки, 1929 йилнинг ярмида шўролар ҳукумати бирлан курашмак учун совет ҳукуматини бостириш мақсади бирлан унга қарши қуроллик чиқишни ташкил қилишда иштирок қилдим. Яъни, Шокаптарда бўлиб ўтган қўрбошилар мажлисида иштирок қилишим менинг тарафимдан шуки, тақдим қилганлар Косонда йигитлар тайёрлатиб гуруҳларда мен иштирок этдим”.

ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги доимий вакиллиги Шарқ бўлими бошлиғи томонидан 1930 йил 30 июнда Тошкентда тайёрланган “Носирхон, Истамбек ҳамда уларнинг босмачилик ташкилотининг аксилинқилобий фаолияти тўғрисида”ги маълумотномада Носирхон Тўра ва бош­­қа маҳкумлар тўғрисида маълумотнома (26 бетдан иборат) мавжуд. Бундан ташқари Носирхон Тўра ва сафдош­лари ишида 92 нафар шахсга нисбатан айб­лов хулосаси келтирилади. Тарихчи Рус­тамбек Шамсутдинов “Қатағон қилинган юртдошларни хотирлаб” деб номланган китобида бу ҳужжатдан айримларини келтириб ўтади:

“1. Носирхон Тўра Саид Камолхонтўраев – 65 ёшда, Косон тумани Косон шаҳридан, тожик, ЎзССР фуқароси, ер-сув ислоҳотида хўжалиги тугатилган, таниқли мударрис, Февраль инқилобидан Октябрь инқилобигача бўлган давр­­да Наманган шаҳар Думаси аъзоси, аксилинқилобий Қўқон Мухторияти ҳукуматининг собиқ вазири, Наманган диний бошқармасининг собиқ раиси, уйланган (тўрт нафар хотини бор). ОГПУ коллегия­­си қарори бўйича антисовет фаолияти учун 1925 йилдан 1928 йилгача сургунда бўлган:

а) 1929 йил ўрталаридан аввал ҳаракатда бўлган босмачилар тўдаларини фаоллаштириш бўйича аксилинқилобий иш олиб борган, ўзининг вазифаси қилиб босмачилик фаолияти базасида Фарғона водийсида совет ҳокимиятини ағдариш мақсадида исёнчилик ҳаракатини ривож­лантириш вазифасини қўйган;

б) шу мақсадларда Истамбек, Дадабой, Мадумар ва бошқа босмачилар қўрбошиларини жалб этган, улар билан махсус кенгашларда босмачилик фаолиятига раҳбарлик қилишни ўз зиммасига олган ва босмачилик ҳаракатининг синфий-сиёсий вазифаларини аниқ белгилаб олган. Совет ҳокимиятининг қиш­лоқдаги таянч нуқталарини тугатган, кооперация ва давлат савдосига моддий зарба берган ҳамда қиш­лоқ фаоллари ва коммунистларидан ўч олган;

в) 1929 йил сентябрь-октябрь ойларида Фарғона водийсида босмачи тўдалар ҳаракатига раҳбарлик қилган ва шахсан ўзи Косон шаҳрига ҳужум қилган. Натижада қатор совет ва жамоат ташкилотлари яксон қилинган;

г) 1929 йил октябрида ҳаракатдаги босмачи тўдалар тор-мор этилганидан сўнг яширин ҳолатга ўтади ва 30-йил июнигача Истамбек ва Атантой Сотилғанов босмачи қўрбошилар билан биргаликда аксилинқилобий ташкилотнинг кенг тармоғини яратадилар, унинг олдига совет ҳокимиятини йўқ қилиш ва ўрнига Имом Амир бошчилигида мусурмон теократик давлати тузиш учун ҳаракат қилган;

д) аксилинқилобий ташкилотнинг раҳбари ва ғоявий илҳомчиси сифатида шахсан ўзи аксилинқилобий ташкилотга аъзоларни ёллаган, бундай ёллашнинг йўл-йўриқлари, услубини кўрсатган, аксил­инқилобий ташкилотнинг дастурини ёзган, унинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб берган;

е) босмачилар қўрбошиси Истамбек ва собиқ офицер Гумбин билан ҳамкорликда интервенцияга умид қилган ҳолда қўзғолоннинг батафсил режасини ишлаб чиққан ва қўзғолонни 1930 йил май ойида бошлашни белгилаган;

ж) қўзғолончиларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида музокара олиб бориш учун Польшага вакил юборишни тайёрлаган ва бу мақсад учун пул маблағлари тўп­лаган;

з) аксилинқилобий ташкилотнинг гуруҳ ва ячейкалари тор-мор этилганидан сўнг Андижон округидан қочган. Аксилинқилобий фаолиятни янгилаш мақсадида 1930 йил июль ўртасида Кошғар чегарасидаги босмачилар қўрбошиси Жонибек Қози ҳузурига йўл олган.

Яъни, ЎзССР Жиноят кодексининг 58-67-моддалари, РСФСР Жиноят кодексининг 58-2, 58-11-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганлиги кўрсатилган, ўз айбларини қисман тан олган”.

Ҳужжатда кўрсатилишича, Носирхон Тўранинг “жиноятлари” терговда Гумбин, Самиулла Сафиуллаев, Моможон Умаралиев, Саъдулла Масъудов, Тожибой Йўлдошев, Абдулаҳад Нишонбоев, Мансурбой Шерғозиев, Исроилхўжа Саримсоқхўжаев, Атантой Сотилғанов, Эшон Дадахон Носирхонов, Дадабой қўрбоши, Мадумар қўрбоши, Мирвали қўрбоши, Мулла Фозил Бўлматов, Аббосхон Азизхўжаевнинг “кўрсатмалари” билан фош этилган.

Носирхон Тўра 1930 йил 15 сентябрда даҳшатли қийноқлар остида ўзига берилган барча тергов ҳужжатларини имзолайди. 1930 йил 27 октябрда ОГПУнинг Ўрта Осиё­даги доимий вакиллигининг учлик кенгаши (тройка) Тошкент шаҳрида Лев Миронов раислигида ўтказилган йиғилишда 5054-иш кўрилиб, 103-баённома асосида Носирхон Тўра Камолхонтўраев бошчилигида 92 нафар кишига ҳукм чиқарилган. Улардан 12 нафари: Мансурбой Шерғозиев, Мат­иброҳим Ўринбоев, Жўрабой Қори Мир Исҳоқов, Тўхтасин Болтабоев, Ҳамрохўжа Маллахўжаев, Аббосхон Қори Азизхўжаев, Холмирза Умурзоқов, Ҳожибой Абдубоев, Акромхонтўра Маллахўжаев, Аҳмадшо Муҳамадиев, Ҳасанбой Рустамов, Абдуғани Содиқбоев – Ўзбекистон ССР ЖКнинг 78, 14-78 ва 67-моддалари билан отиб ўлдиришга; 7 нафари: Абдужалил Маматшоев, Мулла Фозил Бобомуҳамедов, Мулла Нўъмон Каримов, Мулла Собит Тошматов, Мадад Бобоқулов, Райимбой Ўрумбаев, Мулла Усмон Қори Дадабоев, Мулла Тожибой Йўлдошев – 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга; 6 нафари: Мулла Исроил Содиқбоев, Мамазокир Шукурбоев, Мулла Турди Аширматов, Абдухалил Абдураззоқов, Муҳамед Содиқ Маҳмудбоев, Аллахон Абдулла Хўжаев – 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга; 2 нафари: Ҳасанхон Носирхон Тўраев, Абдулла Қори Катта Шайхов – 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга; 14 нафари: Қурбонбой Юсуфбоев, Мулла Жўрабой Багибаев, Имомали Қосимбоев, Мамедали Саидмуратов, Аҳмедали Саидмуратов, Домуллажон Абдулқосимов, Мулла Алихон Азизбоев, Абдулаҳад Нишонбоев, Сайфулла Мақсудов, Дадахўжа Оппоқхўжаев, Матиброҳим Баротбоев, Мулла Абдулҳай Қори Дадабоев, Зикриёхўжа Акрамхонов, Абдухолиқ Абдуғаффоров – 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга; 22 нафари 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга; 3 нафари 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга; 6 нафари 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган.

Айбланувчилардан 10 нафари Ўзбекис­тон ССР ЖКнинг 58, 67, 78, 14-78-моддалари билан ОГПУ учлик мажлисига қадар қамоқда сақланган вақтини ҳисобга олиб, қамоқдан озод қилинган.

Архив ҳужжатларидаги айрим маълумотларга қараганда, Носирхон Тўра Камолхонтўра ўғли 1931 йил 13 апрелда 58 ёшида Тошкент шаҳрида чекистлар томонидан отиб ташланади. Унинг сафдошлари ҳам кейинчалик қатл қилинган. Қамоқдан фақат айрим кишилар кейинчалик озодликка чиққан.

Туркиялик тарихчи М.Эрктук томонидан хорижда чиққан “Milli Turkistan” (Швейцария, 1952) журнали ҳамда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 6-жилдида (Тошкент, 2003) Носирхон Тўранинг вафоти санаси 1938 йил 3 сентябрда деб нотўғри кўрсатилган.

Шунингдек, 2021 йил 25 августда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Суди мажлисида Носирхон Тўра ва бошқаларга оид 92 нафар шахсга нисбатан жиноят иши юзасидан 1930 йил 27 октябрдаги суддан ташқари, ОГПУнинг учлик мажлиси баённомаси кўчирмаси бекор қилинди. Бундан ташқари суд мажлисида келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва ЖПКнинг 87-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 115 нафар шахс оқланди.

Қаҳрамон Ражабов,

тарих фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон ФА Тарих

институти бош илмий ходими

Tegishli xabarlar

«МАРД ЎҒЛОН» ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Йўловчи ташиш транспорти: ютуқлар ва режалар 

admin

АДОЛАТСИЗ “ТОНИРОВКА” ёҳуд иқтисодий манфаат инсон ҳаётидан устунми?

admin