ADOLAT 24

Ҳокимнинг депутатларга раҳбарлик қилиши амалиётидан воз кечилади

Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида чинакам фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ва услубда фаолият олиб бораётир. Бу имконият ва сиёсий фаоллик депутатларимизга маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмаларидан сўнг анча жонланди.

Тан олиш керакки, бундай очиқлик, шаффофлик, сўз эркинлиги ва демократик принциплар Президент сиёсий иродаси билан боғлиқдир. Афсуски, ҳали-ҳануз маҳаллий Кенгашлар фаоллигини, уларнинг ваколатларидан кенг фойдаланиш имкониятларини хушламайдиган айрим ташкилот ва давлат органлари раҳбарлари ҳам бор. Бу жамиятимизни орқага тортаётган, қабул қилинаётган қарорларнинг ишлашига тўсқинлик қилаётган омиллардандир.

Шунинг учун Президентимиз Конс­титуцион ислоҳотлар муҳокамасига оид йиғилишда яна бир бор давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш мавзусига тўхталди. Бу ҳам бўлса, жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш билан боғлиқ масала. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқида ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келганлигини таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас. Амалга оширган ислоҳотлар натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъу­лиятини оширишга олиб келади. Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг олтмишдан ортиқ моддасини қамраб олади. Унда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривож­лантириш каби кўплаб нормалар белгиланмоқда. Хусусан, давлат қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, ҳалол рақобат ҳимоя қилинишини, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақлилиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти асос­ларини янада такомиллаштиришга, парламентнинг ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам акс этмоқда. Жумладан, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланиб, халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 99-, 100- ва 101-моддаларга киритилаётган ўзгаришлар орқали вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари бир-биридан ажратилади. Биринчидан, ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади. Иккинчидан, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади. Кенгашлар ва ҳокимлар фаолияти қонун билан тартибга солинади. Кенгашларга ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ва уни қуриш қоидаларини ҳокимнинг тақдимига биноан тасдиқлаш, тегишли маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимига биноан кўриб чиқиш ва қабул қилиш, ушбу бюджетларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш, маҳаллий солиқлар ставкаларини ва бошқа мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш, қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини тан олиш ҳамда муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш, қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳокимнинг қарорларини тасдиқлаш, тегишли прокурорларнинг, ички ишлар органлари раҳбарларининг, адлия органларининг ва давлат бошқаруви органлари бошқа бўлинмаларининг ҳисоботларини эшитиш, ҳокимнинг ва қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш каби ваколатлар киради. Ҳокимлар эса қонунларни ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг фармонларини, қарорларини ва фармойишларини, юқори турувчи органларнинг ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарорларини бажариш, соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чораларни амалга ошириш, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чораларни амалга ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, халқ депутатлари Кенгашларига вилоятни, туманни, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳаларини, шунингдек, уларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш, қонунда белгиланган ҳолларда, қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини бекор қилиш ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш каби ваколатларга эга бўлади.

Тан олиш керак, ҳокимликлар қарорларини маҳаллий Кенгашлар тасдиғидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйил­гани сабабли норозиликларга олиб келадиган ноқонуний қарорлар қабул қилиниши камайди. Аммо қизиғи шундаки, қарорларнинг ҳаққонийлигига баҳо берадиган, уни тасдиқлайдиган Кенгашларга ҳокимлар раислик қилади. Бу ҳолат давлатимиз раҳбари томонидан ҳам танқид қилиниб, маҳаллий Кенгашларга ҳокимлар раҳбарлик қилиши амалиётига барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.

Гап шундаки, кимки ҳоким қароридан норози бўлса, идорама-идора, судма-суд юришига тўғри келар, адолатни тиклашга эса камдан-кам ҳолда эришиларди. Фуқаролик жамияти асосларидан бири халқ иродаси бўлса, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-руҳий ҳолатига фақат ҳоким жавобгар ё масъул эмас. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг моҳиятини чақсак, вилоят, шаҳар ва туманлардаги муаммо ва масалаларда маҳаллий ҳокимлик раҳбарияти қатори халқ вакиллари, яъни халқнинг хоҳиш-иродаси билан сайланган депутатлар ҳам масъулдирлар. Шундай экан, бу борада мувозанат муҳим роль ўйнайди. Нуқул ҳоким қарор қилган, кўрсатма берган, режалаштирган масалаларни кўриш, қарорларини қабул қилиш эмас, депутатлар илгари сурган, эътироз билдираётган, таклиф этаётган масалалар амалда ҳам эътиборга олиниши керак. Бу борада ҳам анча ижобий ўзгаришлар бор, аммо муаммолар ҳам талайгина. Бу ҳолатни бартараф этиш учун босқичли ислоҳотлар зарур.

Демак, ҳокимнинг Кенгаш раиси мақомини бекор қилиш жараёни бош­ланди. Албатта, бу тизимга зинама-зина, тажриба ва кўникмаларни шакллантириш, шароитларни ўрганиб ўтилмоқда. Яъни кўриладиган чоралар, қабул қилинадиган қарор ва ишлаб чиқиладиган қонунлар амалда ўзини тўлиқ намоён этиб, аҳоли онгида «ҳоким» ва «депутат» тушунчалари янгиланиши керак. Ана шунда амалий натижаларга эришган бўламиз.

Агар ҳокимнинг депутатларга раҳбарлик қилиши ваколати бекор қилинса, Кенгаш раиси сайланса, фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичига ўтган бўламиз. Қолаверса, ҳудудий раҳбарлар ўзгаргани билан стратегик вазифалар, мақсадлар ўзгармайди.

Ўзбекистон янги марралар сари олдинга илдам одимламоқда. Изланиш, рағбат, ижод баробарида эркинлик бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Янги давр, янгича руҳ ва истиқболли лойиҳалар самарасидан Ватанимиз билан, шу юртнинг фарзанди эканлигимиз билан фахрлансак арзийди. Тарих зарварақларида бу йиллар Ўзбекистондаги янги уйғониш даври сифатида ҳам ёзилажак. Бунинг учун эса ҳар биримиз фуқаролик позициямизда қатъий туриб, бор билимимиз, меҳнатимиз, жасорат ва садоқатимиз билан халқпарвар, ватанпарвар шахс сифатида халқнинг дарди ва юрт равнақи ташвиши билан яшашимиз керак.

Исмоил Саифназаров,

фалсафа фанлари доктори,

ТДИУ профессори

Tegishli xabarlar

Тиббий суғуртанинг конституциявий эътирофи – давр талаби

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги нутқи

admin

Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига ҚАРШИМИЗ!

admin