ADOLAT 24

МУСТАҚИЛЛИГИНГ АБАДИЙ БЎЛСИН, ОНА ХАЛҚИМ!

Самарқанддаги Халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган байрам тадбирида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин!” деб таъкидлаганида барчанинг қалбига ҳаяжон тўлди.

Марказдан ўрин олган “Боқий шаҳар” мажмуа­­си билан танишар эканмиз, инсон қўли гул деган ибора ҳақлигига яна бир бор амин бўлдим. Самарқанд – миллий давлатчилигимизга асос бўлган, тарихимиздаги иккала Ренессанс даврида ҳам муҳим ўрин тутган шаҳар. Шу боис ушбу азим шаҳарни, қадимий обидаларни кўриш ва табаррук жойларни зиё­рат қилиш учун ташриф буюрувчи сайёҳ­лар талайгина бўлсада, туризмнинг бошқа йўналиш­лари учун замонавий мажмуа­лар йўқ эди.

2019 йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйидаги 212 гектар очиқ майдонда ана шундай замонавий туризм марказини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ўзбек халқининг миллий меъморчилик анъаналари асосида, ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш йўлида бунёдкорлик ишларига малакали қурувчиларимиз билан бирга Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг етук мутахассислари ҳам жалб этилди.

Шу қисқа давр ичида инсонга завқ ва ғурур бағиш­лайдиган улкан мажмуа қад ростлади. Марказдан 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс холл, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун шай ҳолатда. Шу билан биргаликда ушбу марказда халқимизнинг миллий анъаналари, қадриятларига йўғрилган, миллийлик нафаси уфуриб турадиган қадимий бозор, мамлакатимизнинг барча ҳудудларига хос ҳунармандлик устахоналари ташкил этилган. Унда усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнларни сайёҳларга намойиш этиши кўзда тутилган.

Айниқса, азим шаҳримизнинг жаҳонга янада кенг танилишига йўл очадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирларнинг ҳам шаҳримизда бўлиб ўтиши биз, самарқандликларда катта фахр ва ифтихор ҳиссини уйғотади. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу шукуҳли онлар, фаровон кунлар истиқлол сабабли. Дарҳақиқат, мус­тақиллик, истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва “Инсон манфаатлари улуғвор” бўлган фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Кўҳна тарихимиз, бой маъданий меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Имом Бухорий, Имом ат-Термизий каби алломаларнинг меросини ўрганиш, улар абадий ором топ­ган масканларни обод манзилларга айлантириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Албатта, мамлакатимизда қай соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бўлмасин, уларнинг асосида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти ва фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан улуғ мақсадлар мужассам эканлигига гувоҳ бўламиз. 

Мустақиллик барчамизга янгича яшашни ўргатди. Мана, қаранг, биргина деҳқончиликни олайлик. Бугун даромад бошқача. Иккита уйнинг биттасида машина бор. Даромадидан данғиллама уйлар солаяпти. Аҳолининг кайфияти аъло. Бугун шаҳримиз улкан қурилиш ва ободонлаштириш майдонига айланган. Марказий кўчаларни айланар экансиз, бир-биридан кўркам намунали уйлар, савдо объект­лари, уларга монанд йўлаклар ҳамда хиёбонларга кўзингиз тушади.

Албатта, бу каби ислоҳотлар, янгиланишлар барча юртдошларимиз каби мени ҳам қувонтиради. Айниқса, бугунги кунда сўз эркинлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, одамга одамдек яшаш имконини яратиш, инсон манфаатларини улуғлаш каби муносабатлар одамда яшамоққа, ҳаётга ва Ватанга бўлган муҳаббатни, гўзал иштиёқни жўштирмоқда, десам хато бўлмайди.

Мустақиллик, озодлик олий неъмат, биз мустақил эканмиз, ўз сўзимизни эркин айта оламиз, фикримизни билдира оламиз, ўз ҳуқуқимизни талаб қила оламиз, биз мустақил эканмиз бизни эшитишади. Унутмайликки, шу юрт, шу Ватаннинг ҳар гарди кўзга тутиё, дардимизга малҳам бўла олади. Шу боисдан ҳам ёшларимизни, фарзандларимизнинг Ватан чақириғига, эл корига ярайдиган бўлиб улғайишларида масъуллигимизни унутмаслигимиз шарт. Бинобарин, тарихи қадимий минг йилликларга бориб тақаладиган бу халқнинг ҳар бир юмушига, чақириғига лаббай деб ҳозир бўлсак, юмушига елка тутсак, биз ер юзидаги энг бахтиёр ва қудратли халққа айланамиз.

Tegishli xabarlar

Ҳудуд ободлиги — юрт ободлиги 

admin

Фавқулодда ҳолат режими муддатидан олдин бекор қилинди

admin

Конституциявий ислоҳотлар — адолатли жамиятни барпо этиш ва инсон қадрини юксалтириш сари

admin