ADOLAT 24

Ўзбекистон — Саудия Арабистони: илмий-маданий ҳамкорликлар тадрижи

Гарчи мамлакатларимизни азалдан тарихий, маданий ва диний ришталар боғлаб келган ҳамда икки давлат ўртасида иқтисодий, маданий ҳамкорликни ривож­лантириш учун кенг имкониятлар мавжуд бўлса-да, улардан яқин йилларгача унумли фойдаланилмаган эди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Саудия Арабистони билан алоқалар батамом янги даражага олиб чиқилди.

2016 йилдан Ўзбекистонда бошланган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат шароитида араб давлатларига нисбатан қарашлар ўзгарди. Ўзбекистоннинг араб давлатларидаги ташқи сиёсати минтақа атрофида барқарорлик ҳамда хавфсизлик белбоғини барпо этиш масалаларини ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги гуманитар алоқалар асосан маданият, таълим, фан, спорт ва дин каби соҳаларни қамраб олади.

Ҳар йили Саудия Арабистонига Ўзбекистондан кўплаб зиёратчилар келиб, Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишмоқда, уларнинг сони йилдан-йилга ортиб боряпти.

Ўзбекистон — Саудия Арабистони алоқалари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган асосий вазифалар ҳамда Саудия Арабистонида қабул қилинган “Vision 2030” (Нигоҳ 2030) дас­турида белгиланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

“VISION 2030” дастури

“Vision 2030” (Нигоҳ 2030) номи билан маълум бўлган дастурда 2030 йилгача Саудия Арабистонини мисли кўрилмаган даражада ривожлантириш, уни Яқин Шарқнинг мус­таҳкам ва мутлақ биринчи молиявий марказига айлантириш, араб-мусулмон дунёсида етакчилик мақомини мустаҳкамлаш ва шу орқали жаҳонда етакчи иқтисодий куч марказларидан бири мақомига эришиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Саудия Арабистонининг иқтисодий келажаги учун пойдевор вазифасини ўтаётган “Vision 2030” янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий жиҳатдан ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин.

“Vision 2030” дастури доирасида Саудия Арабистони Ўзбекистонга янгича нигоҳ билан қараётгани ҳамкорлик алоқаларига фаоллик тусини бермоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ўндан ортиқ истиқболли режалар тайёрланаётгани ҳисобга олинса, Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди, деб айтиш мумкин. Бинобарин, Саудия Арабистони Ўзбекис­тон энергетика бозорида фаоллашмоқда.

2021 йилнинг 23 январида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Саудия Арабистони бизнес-форуми ва Ўзбекистон – Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бўйича ўнлаб келишувларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Арабистонда “ўзбек диаспораси”

Арабистонда “ўзбек диаспораси”нинг вужудга келиши Совет тузумининг ноинсоний сиёсати ва мислсиз қатағонлари билан боғлиқ. Совет жамиятида зиддиятларга тўла, ХХ асрнинг 20–30-йилларида ўзбек миллати вакилларидан минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан, Арабис­тонга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Араб манбаларининг кўрсатишича, 1909 йилда бухорийлар сони Маккада 20 мингдан зиёдни ташкил этиб, жами Макка аҳолисининг 13,3 фоизини ташкил этган. Улар Маккадаги энг катта хорижий диаспора деб тан олинган. 1917 йилдаги октябрь революциясидан кейин бу рақам кескин ошиб борган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Арабистонга бориб қолган ўзбеклар асосан, аввал Афғонистон ва Хитой Халқ Республикаси ҳудудида яшаган.

Архив ҳужжатларининг маълумотича “ХХ аср 60-йилларида Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасида 37 минг сонли туркистонликлар яшаган”. Манбаларда ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоқлар биргаликда бир ном билан “туркистонликлар” деб аталади. Юртдошларимиз ўзларининг исм-шарифларига у ёки бу шаҳарларимиздан бирини қўшиб айтишган. Шунинг учун улар “Бухорий”, “Фарғоний”, “Андижоний”, “Самарқандий”, “Марғилоний”, “Насафий”, “Намангоний” деб ўзларини таништириш­лари бежиз эмас. Кўп ҳолларда эса ватандошларимиз Ўрта Осиёдан эканликларини билдириш мақсадида “Туркистоний”, “ал-Бухорий” номларини ўз исм-шарифларидан кейин қўшиб қўйишади. Ислом дунёсида Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва обрўлари шу қадар баландки, юртдошларимиз Ўзбекис­тондаги қайси жойдан келиб чиқмасин, уларни “бухорийлар” деб аташади. Саудия Арабистонида ҳам “бухорийлар” кўпчиликни ташкил этади. Аввало, ҳозирда Саудия Арабис­тонидаги ўзбеклар сони ҳақида бироз мулоҳаза билдириб ўтсак. Биз учратган китоб ва мақолаларда улар ҳақида турлича маълумот берилади.

“Муборак ҳаж сафари” китобининг муаллифи Нуруллохон Ҳожи Абдуллоҳ ўғли “Саудияда 400 минг атрофида ўзбеклар яшайди”, деб ёзади. Саудия Арабистони фуқароси, муҳожир ўзбек, марҳум Абдулвоҳид Ясса: “Жон кетар, ватан кетмас” мақоласида: “Бу мамлакатда 350 минг ўзбек, қозоқ, туркман ва тожиклардан иборат туркистонликлар бор” деб қайд қилади. Баъзи маълумотларда 500 минг, 700 минг ўзбеклар Саудия Арабистонида яшаши ҳақида хабар берилади. Истеъфодаги генерал Бурҳониддин Марғилонийнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони қуролли кучларида ўзбеклардан чиққан 15 генерал ва 80 га яқин офицер (майор ва полковниклар) хизмат қилар экан.

Илмий-маданий алоқалар

2009 йил Ўзбекистонда Саудия Арабистони маданияти кунлари ўтказилган, жавобан 2010 йилда Ўзбекистон томони ҳам худди шундай тадбирларни аъло даражада Саудия Арабис­тони пойтахти ар-Риёд ҳамда иккинчи пойтахт мақомидаги шаҳар — Жиддада ташкиллаштирган эди. Унда ўзбек миллий ҳунармандчилик ҳамда тасвирий санъат намуналари кўргазмаси, ўзбек санъаткорларининг чиқиш­лари саудияликларда жуда яхши таассурот қолдирган.

Ўзбектистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан Саудия Арабистони подшоҳлиги Қирол Абд ал-Азиз номидаги Марказ ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги меморандум ар-Риёд шаҳрида имзоланган. Бу – иккала ташкилот ўртасидаги илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим замин яратди. Саудия Арабистони томони институт қўл­ёзмалар фонди лабораториясини таъмирлаш ускуналари билан жиҳозлаш ва ходимларнинг малакасини оширишга амалий ёрдам кўрсатдилар. Бундан ташқари, саудиялик мутахассислар институтга ташриф буюриб, қўлёзмаларни таъмирловчи ходимларга мас­тер-класс ўқув дарсларини ўтдилар. Айни вақтда институт ходимлари ҳам Саудия Арабистонига бориб, у ерда қўл­ёзмаларни таъмирлаш борасида ўзларининг малакаларини ошириб қайтдилар. Шунингдек, инс­титут илмий ходимлари ҳам Саудия Арабистонига бориб, ўзларининг ҳамкасблари билан учрашдилар. Учрашувлар асносида Ўзбекистон Респуб­ликасида бой маданий ва маънавий меросимизни тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган изланишлар ҳамда уларнинг самаралари, хусусан, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, унинг бой қўлёзмалари фонди ва инс­титутда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳамда эришилган натижалар, “Марказий Осиё олимларининг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси”, “Ўзбекистоннинг буюк алломалари ва шаҳарларига бағиш­лаб ўтказилган халқаро илмий анжуманлар” каби мавзуларда маърузалар қилдилар. Бу эса, ўз навбатида, Ватанимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий каби буюк алломаларимизнинг нафақат ислом, балки умумжаҳон цивилизацияси қўшган улкан ҳиссаларини кенгроқ ёритишга имкон берди. Подшоҳ Файсал номидаги ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти Шарқшунослик институти қўлёзмалари асосида аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва нашр этишга катта эътибор қаратдилар ҳамда уни ҳамкорликда амалга оширишга тайёрлик­ларини билдирдилар. Пировард натижада, институт ташкилотчилигида Марказий Осиё минтақасида Ҳаж ва Умра масалаларига бағишланган нуфузли халқаро анжуман ўтказилди ва институт ходимларининг мақолаларидан иборат алоҳида тўплам шаклида нашр этилди.

Илмий тадқиқот соҳасида ҳам саудияликлар ўз мамлакатлари тарихи ва маданиятига оид Ўзбекистонда сақланаётган қўлёзмаларни ҳамкорликда тадқиқ қилиш мавзусига катта эътибор қаратади. Айниқса, қўлёзма фондларимизда ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг араб тилидаги қадимий асарларини ўрганиш иккала юрт тадқиқотчилари салоҳиятларини сафарбар қилиш учун унумдор майдондир. Хусусан, диний-дунёвий илм тараққиётига мислсиз хизмат қилган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби олимлар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абулмуин Насафий каби уламоларнинг илмий меросини ҳамкорликда тадқиқ қилиш икки юрт олим ва тадқиқотчилари учун самарали бўлади. Зеро, аждодлар меросини ўрганиш йўналишида тажриба ва фикрлар алмашинуви, мулоқотлар, илмий баҳслар ўз натижасини беради. 

Чунончи, ар-Риёд шаҳридаги “Тад­қиқотлар ва маърифий алоқалар” маркази томонидан 2019 йил 9-11апрель кунлари 18 та Осиё давлатидан жами 90 дан зиёд таниқли арабшунослар иштирокида биринчи “Осиё арабшунослиги” конференцияси ўтказилди. Конференцияда Осиё арабшунослигининг Европа арабшунослигидан устун жиҳатлари намоён бўлди. Ўзбекистондан иштирок этган 7 мутахассис ўзбек арабшунослигининг турли қирраларини очиб берди: Ўзбекистонда арабшуносликнинг тарихи ва бугунги куни, Ўзбекистон таълим муассасаларида араб тилини ўқитиш ҳолати, юртимиз қўлёзма фондларида сақланаётган араб қўлёзма асарлари, араб адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари, юртимиздан етишиб чиққан буюк араб тилшуносларининг арабшуносликка қўшган ҳиссалари каби мавзулар шулар жумласидан.

Ўзбекистон — Саудия Арабистони ўртасидаги илмий тадқиқот соҳасида ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш бўйича бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон олимлари, хусусан, арабшунослари олдига араб тилини мукаммал ўрганиш ва араб тилидаги қўлёзма манбаларини ҳозирги замон талаблари ҳамда ёшларимизни мазкур илмий ютуқлар билан таништиришга жавоб берувчи шаклда тайёрлаш борасида қўйилаётган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда кейинги йилларда Осиё араб­шуносларининг навбатдаги халқаро конференцияларидан бирининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекис­тон учун араб мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ўзаро манфаатли алоқалари янада ривожланишига қулай имконият яратади.

“Янги Ўзбекистонда янги Ренессанс истиқболлари” мавзусида саудиялик мутахассислар билан халқаро симпозиумлар ташкил этиш, мамлакатлар қўлёзма фондлари ўртасида маълумот алмашинуви, хусусан, юртдошларимиз томонидан ХХ асрнинг бошларида Арабистон диёрларига олиб чиқиб кетилган қўлёзма манбаларнинг ҳамкорликда тадқиқи йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзбекис­тон илм-фан ва маданият кунларини Саудия Арабистонида ўтказиш, илмий соҳада олимлар ўртасида мулоқот майдонини яратиш, диний-дунёвий илм тараққиётига мислсиз хизмат қилган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби олимлар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абулмуин Насафий каби уламоларнинг илмий меросини ҳамкорликда тадқиқ қилиш аждодларимизнинг бой маънавий ва илмий меросини янада чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш имконини беради.

Tegishli xabarlar

АЙРИМ ДОЛЗАРБ ВИРУСЛИ ИНФЕКЦИЯЛАР ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ТАЛОНЧИ АЁЛЛАР!

admin

БЎЛАЖАК КЕЛИН тўйдан олдин жиноятга қўл урди

admin