ADOLAT 24

ҲОКИМ СЕКТОРИДА АҲВОЛ ШУНДАЙ БЎЛСА…

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туризм соҳаси бўйича қандай ишлар қилаётганлиги ҳақида фоторепортаж тайёрлаш учун отландим. Вилоятдаги бошқа туманларга нисбатан Бўстонлиқ тумани маркази – Ғазалкент шаҳрида ўтган икки йил ичида анча ўзгаришлар қилинганлиги кўзга ташланиб турарди. Туман ҳокимияти биноси қайта таъмирланиб, ўзига хос кўринишга эга бўлиб, ҳар бир қаватида улуғ аждодларимизнинг халқчил доно гаплари ёзиб қўйилганлигини ўқиб хурсанд бўлдим. Абдулла Қаҳҳорнинг “Халқнинг қалбига узоқдан қўл солиб бўлмайди, қўл солиш учун унинг олдига бориш керак”, деган ҳикматли гапларини ўқиб тургандим, ҳокимнинг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Рихситиллаевнинг қабулхонасидан фуқароларнинг норозилик оҳанггидаги овозлари эшитилди. Қабулхонага кирдим. Муаммо “М.Боймирзаев” номли МФЙ фуқароларининг ичимлик суви ҳақида экан.

– Бу масалада ҳокимнинг олдига кирмадингларми? – деб сўрадим, ўзимни таништирганимдан сўнг.

– Ҳоким йўқ экан, – дейишди улар.

Ҳоким ўринбосари Акмал Рихситиллаев фуқароларга “Сувсозлик бўлимидагилар сизларга сув улаб бериб бўлдик, деяптику”, деди. Шунда фуқаро Маъмура Маюсупова “Агар уланган бўлса, биз бу ерга келмаган бўлар эдикку”, деб ҳақлигини исботлади.

Тортишув ярим соатча давом этди. Кейин аризачилар билан уларнинг қишлоғига йўл олдик. Акмал Рихситиллаев “кейинроқ ўтаман”, деди.

Машинада ўн дақиқа юрганимиздан сўнг ўнқир-чўнқир кўчаларга дуч келдик. “Бу бизнинг кўчалар”, дейишди улар. Бу кўчаларда юрган ҳайдовчиларга офарин, раҳмат сизларга, дегим келди. Чуқурларни қайсидир ташкилот вакиллари қурилишлардан чиққан майда ғишт, ахлатлар билан тўлдирганига нима дейсиз. Салимбой Эргашев хонадонига келиб тушдик. Бир пиёла чойдан сўнг бу ерга йиғилган мунис онахонлар ва ёш келинлар арз-додлари, шикоятларини тўкиб-соладилар. Биринчи бўлиб “Боймирзаев” кўчаси, 63-уйда яшовчи онахон Гулпаршин Алимбаева гап бош­лади:

– Бу маҳаллага 2003 йилда кўчиб келганмиз, 19 йилдан бери ариқ сувини тиндириб ичамиз, кир-чиримизни ювамиз, томорқамизни суғорамиз. Мен, тенгдошларим шундай ҳолатга кўникиб яшадик. Лекин ёшлар кўника олмаётибди. Тўйтепадан келин туширдим. Тўрт ой ичида келиним бу ердаги шароитга чида олмай кетиб қолди. Кейин­гисини Андижондан олдик. У ҳам тишини-тишига қўйиб яшаб келмоқда. 3-6 яшарлик невараларим бор, касалдан боши чиқмайди. Ҳолсиз, асаби жойида эмас. Ўзим ўт пуфагимни олдирганман. Ҳаммасига раҳбарларнинг маҳалламиздаги муаммоларга бефарқлиги сабаб…

– 2005 йилда Чимёндан кўчиб келганман, – дейди 91-уйда яшовчи Маъмура Маюсупова. – 17 йилдан бери ариқ сувини ичиб, турмуш ўртоғим Дилшод Маюсупов ва ўзимнинг ўт пуфагимда тош йиғилибди. Топганимиз дори учун, соғлигимизни тиклаш учун кетаяпти. Маҳалладошларимнинг аксарида ўт қопи, бўйрагида тош бўлиб, фарзанд­ларимизда гижжа бор. Ичимлик суви йўқлигидан маҳалламизга ҳеч ким қиз бермай қўйди… 

– Ғазалкентдан, қўшни қиш­лоқдан тушган келинлар уйи­­га бориб, кир-чирини ювиб келишяпти, деб эшитдим шу ростми?

– Юз фоиз рост! – дейишди маҳалла аҳли.

Суҳбатимизга Салимбой Эргашев қўшилди.

– Бу йил 29 майда “Миллий” телеканалдан мухбирлар келиб, телерепортаж тайёрлашди. Шу куни туман ҳокими Жўрабек Аҳмедов бизга ва телевидение ходимларига ваъда бериб, бир ой ичида ичимлик сувини етказиб беришни ва 3,2 километр кўчаларимизга асфальт ётқизишини айтди. Мана, уч ой ўтаяпти. На сув бор, на кўчалар таъмирланди. Яна бир муаммомиз бор. Маҳалла аҳолиси ярмидан кўпи Ғазалкентга қатнаб ишлайди. Автобус юрмайди. Киракашлар эса бир йўналишга беш минг сўм олади. Қишин-ёзин шу аҳвол. Баъзан одам сони йиғилмай қолса, йўл ҳақи ошади. Айниқса, кечқурун уйга қайтаётганингда. Юқоридаги муаммоларимизни беш йилдан бери ёзамиз. Ёзмаган бирор-бир ташкилот қолмади…

– Уч нафар фарзандим бор, топганимиз болаларимизнинг дори-дармони учун кетаяпти, – дейди 193-уйда яшовчи Наргиза Қурбонбоева. – Яна январь-февраль ойида газ ўчиб туради. Чунки биз “Камчатка”да турамиз. Ахлатларни ҳам ойда бир марта олиб кетишади. Ваҳоланки, “Тоза ҳудуд” ташкилоти билан шартномаларимиз бор. Маҳалла идорасига чиқсак, на раис бор, на унинг ёрдамчилари. Кундузи ҳамма ишда, кечқурун чиқсак, идорада электр йўқ эмиш. Қайга боришни ҳам билмаймиз.

– Бу ер нечанчи сектор ва қайси раҳбарга қарайди? – деб сўрадим.

Ҳамма бир овоздан “Ҳокимнинг сектори”, дейишди.

Тушдан кейин “М.Боймирзаев” номли маҳалла раиси Фарҳод Охунжонов ҳам кириб келди.

– Маҳалламиз 2018 йилда ташкил топган. Лекин ҳануз маҳалла идораси йўқ. “Меҳнат текстиль” МЧЖга тегишли бинода ижарада турибмиз. Электр­дан қарздорлигимиз сабаб токни ўчириб қўйишибди, – дейди у.

Буларни эшитиб, ҳайрон қолдим. Электр энергияси бўлмаса, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Нурзода Алмедова, профилактика инспекторлари, маҳалла раиси компьютерсиз қандай ишлаяпти, деган савол туғилди.

Бўстонлиқ тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 24-сонли “Бахтли Имонахон” таълим муассасасига йўл олдик. Боғчага кирар эканмиз, кетма-кет ўрта ёшли боғча мудири кириб келди. Ҳужжатларимизни қўлга олиб, қайта кўриб, танишиб, ўзини эса таништирмади.

– Боғча 180 ўринли бўлиб, бугун 105 нафар болалар тарбия­ланмоқда. Бу йил 12 апрелда очилди, – деди у.

Ҳудудни айланар эканмиз, ҳаммаёқдан бўёқ ҳиди келиб турарди. Сув йўқлигиданми кўп дарахтлар қурий бошлабди, болалар ўйнайдиган жойлар чанг-ифлос эди. Мана, янги очилган боғчанинг аҳволи. Боғча мудирининг асабини бузмаслик учун бошқа хоналарга кирмадик. Савол туғилади; қурилиши тугамаган боғчани ким очиб берди? Болалар шифокор кўригидан ўтганми? Боғчада гижжага қарши қандай профилактика ишлари олиб борилган?

56-уйда яшовчи Буойша Алимбаева хонадонига кирдик. Водопровод жумрагидан сув оқиб турган экан. Лекин уни ҳам идишларга солиб, тиндириб ичишаётганини айтишди.

Бўстонлиқ тумани 12-оилавий поликлиникаси катта ҳамшираси Гулойим Ирманова билан суҳбатлашдик. У ҳам тўлиб турган эканми, биздан олдин гап бош­лади:

– 6 та МФЙга, 3 та узоқ масофадаги ҳудудларга, жами 15 минг 775 нафар аҳолига бир шифокор, 29 нафар ҳамшира тиббий хизмат кўрсатамиз. Меъёр бўйича 7 нафар умумий амалиёт шифокори бўлиши керак. Тиббий хизмат сифат самарадорлигини ошириш учун икки минг аҳолига бир шифокор ва тўрт ҳамшира бириктирилиши керак. Бизда эса аҳвол бу. “М.Боймирзаев” номли маҳалладаги болаларда гижжа бор. Бу йил соғлиқни сақлаш ташкилотларидан гижжага қарши бериладиган дори ҳам берилмади…

Мана, сизга “М.Боймирзаев” номли МФЙдаги аҳвол. Ҳоким секторида аҳвол шундай бўлса, бошқаларида қандай экан?!

Даврон АҲМЕДОВ.

Муаллиф олган суратлар

Tegishli xabarlar

Президентликка номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан илк учрашуви бўлиб ўтди

admin

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

admin