ADOLAT 24

Ҳуқуқий ёрдамнинг амалий натижалари

Давлатимиз томонидан халқ хўжалигининг барча соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, хусусан, Юртбошимизнинг тадбиркорларга кўрсатаётган катта эътибори ва ғамхўрликлари табиийки ўз самарасини бермоқда.

Иқтисодиётимизнинг локомативи ҳисоб­ланган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, амалдаги қонун нормаларида белгилаб қўйилган имтиёзлар ва преференциялар самараси шуни кўрсатмоқдаки, энг аввало, уларга келажакка ишонч билан эмин-эркин фаолият олиб бориш имконияти яратиб берилди.

Солиқ тизимидаги ҳисоботларнинг соддалаштирилиши, баъзи бир ортиқча маълумотлардан воз кечилганлиги натижасида экспорт-импорт операцияларида расмийлаштириладиган ҳужжатларнинг ихчамлаштирилганлиги тадбиркорнинг қимматли вақтини тежашга, кўпроқ ўз иши билан машғул бўлишга, ўз устида ишлашга кенг имконият яратилди.

Бугунги кунда бутун республикамизда бўлгани каби бизнинг Андижон вилояти прокуратураси ходимлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Статистика маълумотларига мурожаат қиладиган бўлсак, айни дамда вилоятимизда 40 922 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, улардан 13 810 та савдо соҳасида, 10 244 таси саноатда, 4078 таси қишлоқ хўжалиги тизимида, 1046 таси тиббиёт соҳасида ва 499 таси қурилиш соҳасида, қолган тармоқларда эса 11 245 та тадбиркор фаолият олиб бормоқда.

“Беш қўл баробар эмас” ёки “Шоли курмаксиз бўлмайди” деганларидек, энг ачинарлиси, тадбиркорнинг ишига тўсқинлик қилиш ҳоллари ҳануз давом этиб келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ходимларимиз томонидан ўтказилган 42 та текшириш тадбирлари натижасида 2174 ҳолатда назорат қилувчи органлар томонидан ҳуқуқ­бузарликлар содир этилганлиги аниқланди.

Улар орасида энг кўп учрайдиган салбий ҳолат, яъни тадбиркор фаолиятини ноқонуний текшириш 369 та ҳолатда, 1680 та ҳолатда эса тадбиркорлик субъектининг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларини қонунга ҳилоф равишда тўхтатиб қўйиш, 14 ҳолатда ноқонуний тарзда жавобгарликка тортиш ҳоллари аниқланган.

Айрим мутасаддилар томонидан содир этилган лоқайдлик оқибатида эса 11 ҳолатда тадбиркорга берилиши лозим бўлган имтиёз ва преференциялар қўлланилмаган.

Албатта, вилоят прокуратураси органлари томонидан юқорида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича айбдор шахс­лар маъмурий ва бошқа тарздаги жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Шу билан бир қаторда, вилоятимизда тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолиятни тўхтатиш сабабларини аниқлаш мақсадида прокуратура, маҳаллий ҳокимлик, солиқ, статистика органлари, тижорат банклари, давлат хизматлари марказлари ва бошқа мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳларимиз фаолият олиб бормоқда.

Улар иштирокида 3369 та тадбиркорлик субъекти фаолияти ўрганилганида, 1086 нафарида айланма маблағнинг йўқлиги, 178 тасида ер майдонлари мавжуд эмаслиги, 503 тасида кўрсатилаётган хизмат ва маҳсулотларга бўлган талабнинг камлиги сабаб бўлганлиги аниқланди.

Ишчи гуруҳларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 285 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланиб, қўшимча 325 та иш ўринлари яратилди. Бевосита прокуратура органларининг ташаббуси билан 791 нафар тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилиб, 119 нафарига 6,4 миллиард сўм кредит маб­лағлари ажратилди, 242 таси коммуникация тармоқларига уланди. Бу соҳада муайян ишлар амалга оширилган бўлишига қарамай, тизимимиз олдида турган ҳали бир талай ишлар борлиги барчамизга аён.

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқ

admin

ТИЛ – ТЕНГСИЗ ТИЛСИМ

admin