ADOLAT 24

Тадбиркорлар учун имкониятлар эшиги очилди

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларга асосан 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда. Охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўз бизнесини мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди. Ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади. 

Ҳам тадбиркор, ҳам халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сифатида шуни таъкидламоқчиманки, тадбиркорга ҳозиргидек қулай шароит ҳеч қачон яратилмаган. Авваллари тадбиркор, ишбилармон деб оғиз кўпиртириларди-ю, аммо улар йўлидаги бюрократик тўсиқларни санаб адоғига етиб бўлмасди. Катта даромад топган ишбилармоннинг боши текширувдан чиқмасди. Энди давлатимиз раҳбари тадбиркорларни кўмакчим, деб атамоқда, уларга бизнесини кенгайтириш учун имконият ва имтиёзлар берилмоқда.

Масалан, сўнгги тўрт йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъи назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 25-30 фоиз фойдасига тенг эди. Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди. 

Яқин ўтмишда тадбиркорлик юртдошларимиз учун уддалаб бўлмас машаққат бўлиб туюларди. Сабаби, бож тўловлари қимматлиги, ер, хомашё олиш, корхона очишдаги қатор тўсиқлар, лицензиялар, рухсатномалар, бир амаллаб бизнесни йўлга қўйиб олганда ҳам, текширувчилар, назоратчилар тадбиркорларнинг ҳафсаласини пир қиларди. Ниҳоят, тадбиркорлар, бизнес бошлашга иштиёқмандлар учун яхши, адолатли замон келди. Кейинги олти йил мобайнида олиб борилган туб ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити ой сайин, кун сайин яхшиланиб борди. Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилинди. Асоссиз текширувларга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди. 2020-2021 йилларда тадбиркорлик субъектларига 2016 йилга нисбатан 4-5 баробар кўп маб­лағ ажратилгани ҳам соҳага давлат раҳбари даражасида жуда жиддий эътибор қаратилганини кўрсатади.

Президентимизнинг ўтган йили тадбиркорлар билан учрашувида “Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз. Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман”, дея бизни ўзига яқин олгани барчамизга мамнунлик бағишлади.

Президентимиз таъкидлаганидек, энди тадбиркорларга кредитларни миллий вал­юта — сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизда бериш тизими йўлга қў­йилди. Шунингдек, хорижий валютада олинган олдинги кредитлар тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказилиши биз, тадбиркорлар учун катта имконият. Бундан ташқари, эндиликда кредитни расмийлаштиришдан тортиб маҳсулотни олиш-сотишгача бўлган барча жараёнлар электрон тарзда онлайн ҳал этилиши ишбилармонларни овораю сарсон бўлиб, беҳуда вақт йўқотиш­ларига чек қўяди. Яна бир қувонтирадиган жиҳат шу бўлдики, корхоналарнинг ҳозир эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи асосида эгаллаб турган ер майдонлари мулк қилиб расмийлаштириб берилмоқда. Ўйлайманки, тадбиркорлар учун берилаётган имтиёзлар ишимиз янада яхшиланишига хизмат қилади.

Хуллас, Ўзбекистонда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга янада кенг йўл очиб беришнинг янги, мисли кўрилмаган босқичи бошланган. Солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратил­япти. Биргина пандемия даврида мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилиб, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилди. Мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Республикамизда миллий сертификат олиш талаби мавжудлиги туфайли тадбиркорлар вақтдан ҳам, маб­лағдан ҳам ютқазиб келаётган эди. Президентимиз хорижда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга миллий сертификат олиш амалиётини бекор қилиш бўйича топшириқ берди. Ишбилармон электрсиз бир кун ҳам ишлолмайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилди. Бу кўп йиллардан буён тадбиркорларни ўйлантириб келаётган масалалар ижобий ҳал этилмоқда, деганидир.

Президентимизнинг ўтган йили тадбиркорлар билан учрашувида бундай мулоқотларни анъанага айлантириб, ҳар йили ташкил этиш, 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш таклифи илгари сурилди ва бу таклиф якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Шу жиҳатдан учрашувда илгари сурилган барча ташаббуслар соҳа ривожига, тадбиркорга ишонч ва шижоат бағишлашга, мамлакатимизнинг бизнес муҳити жозибадорлигини оширишга, энг муҳими, аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда, деб барралла айта оламиз. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотга киришганлиги, энг аввало, бизнес вакилларида, балки шу соҳага қўл уриш истагида бўлган фуқароларимизда ўзига бўлган ишончни янада мус­таҳкамлади.

Tegishli xabarlar

БУ ТИЛ — КЎП МИНГ ЙИЛЛИК УЛКАН АДАБИЁТНИНГ ТИЛИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИ ВА ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

Парламент эшитуви танқидий руҳда ўтди

admin