Саудия Арабистони подшоҳлиги Арабистон ярим оролида жойлашган йирик давлат бўлиб, аҳолиси 34,7 миллион кишини (2021 й.) ташкил қилади. Иқтисодий қудратига кўра у дунёда 17-ўринда бўлиб, ЯИМнинг умумий ҳажми салкам 1,7 триллион АҚШ долларини, киши бошига тақсимлаганда эса 49,2 минг долларни ташкил этади.
Давлат тузилишига кўра Саудия Арабистонида мутлақ монархия тузуми ўрнатилган бўлиб, мамлакатни подшоҳ Салмон ибн Абдул-азиз ал-Сауд бошқармоқда.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бир-биридан анча узоқ масофада жойлашган бўлса-да, икки мамлакатни умумий тарих, муштарак дин, маънавий қадриятлар ва маданият боғлаб туради.
Саудия Арабистони подшоҳлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда эътироф этди. 1992 йил февралда икки мамлакат ўртасида элчихоналар даражасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш тўғрисида протокол имзоланди.
Ўзбекистон – Саудия Арабистони сиёсий муносабатларини янада ривожлантиришда мамлакатларимиз Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро сиёсий маслаҳатлашувлар йиғилишларини ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, 2021 йил 29 июнь куни бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг 4-раунди доирасида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора ривожланиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва тузилмасини ошириш, бир сўз билан айтганда, томонлар учун устувор йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Саудия Арабистонининг 2017-2021-йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти турли тармоқларига киритган сармоялари кўпайди ва икки томонлама муносабатларнинг бутун тарихидаги кўрсаткичлардан ошиб кетди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.
Охирги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳам сезиларли даражада ошди. Саудия Арабистонилик ишбилармонларнинг Ўзбекистон бозорига сармоя киритишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Саудия Арабистони билан ҳамкорликда тузилган 38 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан 20 таси тўғридан-тўғри саудиялик инвесторлар томонидан молиялаштирилса, 18 таси қўшма корхоналардир.
Транспорт соҳасидаги икки томонлама алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспорти бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик 2009 йилда имзоланган ҳаво қатнови бўйича икки томонлама ҳукуматлараро битим ва авиация маъмуриятлари ўртасидаги келишувлар билан тартибга солинади.
Мамлакатларимиз маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ҳам жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда маданият, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, туризм, спорт соҳаларида алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани яққол намоён бўлмоқда.
Икки томонлама муносабатларда Ўзбекистон фуқароларининг Саудия Арабистонидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар оширилиб, йил давомида 32 мингдан ортиқ юртдошларимиз умра, 12 мингдан ортиқ киши Ҳаж зиёратига бориш имконига эга бўлди.
Давлатларимиз халқаро доирада бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, Саудия Арабистони Ўзбекистон ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги резолюция, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича резолюция қабул қилинишини қўллаб-қувватлади. 2019 йилда Саудия Арабистони БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясига ҳаммуаллиф бўлди, 2020 йилда Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланиши учун овоз берди. Шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа муҳим ташаббусларини илгари суришга ҳам ҳисса қўшиб келмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам БМТнинг турли тузилмаларида, хусусан, Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита, Ижтимоий-иқтисодий кенгаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитага сайланиш учун Саудия Арабистони номзодини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Ўзбекистон Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёднинг “Экспо – 2030” Бутунжаҳон кўргазмасини ўтказиш учун номзодини қўллаб-қувватламоқда. Бундай самарали ҳамкорлик бошқа кўплаб халқаро тузилмалар доирасида ҳам кўзга ташланмоқда.
Саудия Арабистони делегацияси жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди ва шу орқали минтақалараро ўзаро боғлиқликни қўллаб-қувватлашдан манфаатдорлиги ва содиқлигини яна бир бор намоён этди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги муносабатлар ҳам сезиларли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этишимиз керак. Олий Мажлисда ташкил қилинган Саудия Арабистони Маслаҳат Кенгаши (Мажлис Шура) билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ амалий саъй-ҳаракатлари натижасида муносабатлар фаоллашиб, ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Аммо шуни таъкидлаш жоизки, икки мамлакат муносабатларида ҳали ишга солинмаган бир қатор имкониятлар мавжуд. Ҳозирда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳали икки томонни қаноатлантирадиган даражада эмас. Мамлакатларимиз ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга. Шу боис мамлакатларимиз бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб олди. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ глобал вазиятнинг барқарорлашуви Ўзбекистон – Саудия Арабистони савдо алоқаларининг янада ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига олий даражадаги ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф дастурига мувофиқ, Жидда шаҳрида олий даражадаги Ўзбекистон – Саудия Арабистони саммитининг асосий тадбирлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасида бўлиб ўтган музокараларда турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан таъкидланди.
Музокаралар кун тартибидан мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, молия соҳаларида ва маданий-гуманитар йўналишда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олди. Алоҳида эътибор “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, тиббиёт, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга қаратилди.
Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонига илк давлат ташрифи бунинг учун кенг имкониятлар очишига ишонч билдирди.
Олий даражадаги музокаралар қарашлар ва интилишларнинг муштараклигини намоён этди. Саудияда “Нигоҳ – 2030” Давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани юксак баҳоланди. Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифалари ушбу дастурга тўлиқ ҳамоҳангдир.
Ишбилармонларнинг алоқалари учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, товар айирбошлаш таркибини диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилди. Мамлакатимизда Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши бу борада муҳим қадамлардан бири бўлади.
– Бугунги тарихий учрашувимиз ҳамкорлигимизни амалий натижалар билан бойитиш, бизнес алоқалари учун “кучли сигнал” бўлишига аминман. Давлатларимиз тадбиркорлари мулоқотимиз натижаларини интиқлик ва катта қизиқиш билан кутаяпти, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Саудия Арабистонининг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.
Энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Бугунги кунда “ACWA Power” компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бошланган. Кимё тармоғида “SABIC” компанияси билан шерикликда истиқболли лойиҳалар устида ишланмоқда.
Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида мамлакатимиз ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди. Унинг якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бугунги кунда юртимизда ўн мингдан зиёд талаба Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тилларидан бири ҳисобланган араб тилини ўрганмоқда.
Музокараларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг қатор жиҳатлар юзасидан қарашлари ва ёндашувлари ўхшашлиги намоён бўлди.
Хусусан, хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилди. Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Мулоқот бўйича шерик мақомини олаётганини олқишлади.
Музокаралар натижалари бўйича қатор ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинди.
Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир жами 15 та ҳужжат қабул қилинди.
Ташриф дастурида Саудиянинг етакчи компаниялари, нуфузли халқаро тузилмалар – Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
Саудия Арабистонига давлат ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига олий даражадаги ташрифи жуда самарали якунланди. Эришилган аҳдлашувлар икки мамлакат халқларининг манфаатларини рўёбга чиқаришга, пировардида эса уларни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.