ADOLAT 24

Китобга қайтиш виждонга қайтишдир

…Шарқ оламида, муқаддас Ислом дини руҳида яшаган халқлар орасида китоб, ёзув, қоғоз ҳамиша беҳад мўътабар неъмат ҳисоб­ланиб келган. Шу боис одоб рисолаларида китоб бор уйда ётмаслик, ётиш зарур бўлса, китоб­­га қараб оёқ узатмаслик, китобни худди китобнинг соҳибини, яъни муаллифини мўътабар тутгандек мўътабар тутиш таълим қилинади.

Китобга эътибор авлиё ва аллома зотлар ҳаётида бошқача шаклда намоён бўлади. Тасаввуф буюкларидан бирлари:

“Агар карвоннинг биринчи туясига китоб ортилган бўлса, мен охирги туянинг арқонини таҳоратсиз ушламайман!” деганлар.

Ҳазрат Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа – Имом Аъзам:

“Мен умрим давомида қоғоз бозоридан бетаҳорат ўтмадим”, деганлар.

Бундан маълум бўладики, илгари қоғоз бозорлари алоҳида бўлган.

Бу сўзлар бизнинг халқларимиз китоб неъматига қандай буюк ҳурмат билан қараганларига далилдир.

Ҳазрати Абу Ийсо Муҳамммад Термизий ўз тас­нифлари бўлмиш “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Сунани Термизий”) китоби ҳақида сўзлаб:

“Кимнинг уйда бу китобдан бор бўлса, ўша уйда ҳазрат Пайғамбар (алайҳиссалом) гапираётгандек бўладилар”, деганлар.

Бу сўзлар бутун дунё аҳлига маълум ва машҳурдир. Демак, буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган ҳар бир китоб ёнида унинг азиз муаллифи туришини ана шу муборак сўздан англасак бўлади.

Китоб ўз мавқеига қараб, қалбни тирилтирувчи, шуурни уйғотувчи, ҳақиқатни билдирувчи, инсонни тарбият қилувчи, жамиятни пок­ловчи бир омилдир.

Китобга қайтиш виждонга қайтишдир. Китоб­­га қайтиш ҳақиқатга, инсофга, адолатга, маънавият ва маърифатга, умуман олганда, ҳаётга қайтишдир. Китобсиз ҳаёт руҳсиз ҳаётдир. Руҳсиз ҳаёт эса ўлимдир.

Мирзо КЕНЖАБЕК

(“Китобга қайтиш виждонга қайтишдир” мақоласидан)

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ    МИРЗИЁЕВНИНГ КИЧИК ЁШДАГИ БОЛАЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ ВА  ТАЪЛИМ БЕРИШ БЎЙИЧА БУТУНЖАҲОН КОНФЕРЕНЦИЯСИДАГИ НУТҚИ

admin

Омон Матжон боғи

admin

МАЪНАВИЯТ ҲАЁТИМИЗДА ЯНГИ КУЧ, ЯНГИ ҲАРАКАТГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

admin