ADOLAT 24

Тарих бағридаги зиё

Атоқли олим, Озарбайжон Фанлар академиясининг академиги Зиё Бунёдов номини илк бор 1987 йилда унинг Моск­вада “Наука” нашриётида чоп этилган “Хоразмшоҳлар – Ануштегинийлар давлати” (“Государство Хорезмшахов – Ануштегинидов”) китоби орқали билганман. Китоб ниҳоятда қизиқарли, ўқишли ёзилганди. Яна ҳам эъти­борлиси, китобда ўзбек давлатчилиги тарихининг бир қисми, аниқроғи, XI аср охирлари – XIII аср бошларида нафақат мамлакатимизда, балки бутун шарқ мусулмон оламига ҳукмдорлик қилган сўнгги Хоразмшоҳлар ҳисобланган Ануштегинийлар давлати тақдири ёритиб берилганди.

Сир эмас, мамлакатимиз илм-фани, тарихи, адабиёти, санъати, маданияти, улуғ алломалари ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида хорижлик кўплаб олимлар ҳар хил асарлар яратганлар. Лекин улар орасида Зиё Бунёдов номи янги эди. Шу билан бирга озарбайжонлик олим тарихимизнинг респуб­ликамизда ниҳоятда кам ўрганилган қисми – Хоразмшоҳ Ануштегинийлар давлатчилик фаолиятига эътибор қаратган, бу давлатнинг пайдо бўлиши, тараққиёти ва таназзулини мукаммал, ҳаққоний, холис илмий таҳлил қилиб берганди. Шунинг учун олимнинг ҳаёти ва фаолиятига қизиқдим, унинг тарихимизга қўл уриши сабабларини билгим келди. Озарбайжонлик ижодкор дўстларимдан у ҳақда маълумотлар сўрадим.

Олимнинг ҳаёти Озарбайжон ва озар халқи учун ниҳоятда мураккаб бўлган давр­­да кечган. У 1921 йилда Ленкоран уездининг Астара шаҳрида таваллуд топади. Отаси Муса Мавсум ўғли Бунёдов Биринчи жаҳон урушида ҳарбий таржимон сифатида иштирок этган, Озарбайжонда нуфузли бибиайбат шайхлари сулоласига мансуб бўлган. Онаси рус миллатига мансуб эди. Шунинг учун у ёшлигидан озарбайжон, рус, араб тилларини яхши ўрганган. Мактабни битирганидан кейин Бокудаги пиёда қўшинлар ҳарбий билим юртида таълим олади.

1942 йилдан бошлаб ҳаёти Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ўтади. Зобит сифатида Кавказ, Украина, Молдавия, Белоруссия, Польша ҳудудларини фашистлардан озод қилишда қатнашади. Жангларда бир неча бор ярадор бўлган. Навбатдаги жанглардан бирига у 1945 йилнинг бошида Польшада киради. Унга Биринчи Белоруссия фронти таркибидаги 5-армиянинг 123-алоҳида жазога тортилган аскарлар ротасига раҳбарлик қилиш топширилади. Бу рота жангчиларига фашистларнинг орқа томонига ўтиб, ҳарбий жиҳатдан муҳим объект – Пилица дарёсига қурилган кўприкни сақлаб қолиш топширилади. Бу топшириқ ниҳоятда қийинчиликлар ва кўп одам йўқотиш эвазига бажарилади. Зиё Бунёдов “Совет Иттифоқи қаҳрамони” унвонига сазовор бўлади. У Висла ва Одер дарёлари оралиғидаги жангларда иштирок этиб, ғалабани Германияда кутиб олади. Жанглардаги мардлиги учун Қизил байроқ, Қизил юлдуз, Биринчи даражали Ватан уруши орденлари билан тақдирланади.

1946 йилда армия сафидан захирага бўшатилганидан сўнг 1950 йилгача Мос­ква давлат Шарқшунослик институтида таълим олади. 1954 йилда Москва давлат университетининг аспирантурасида ўқийди ва шу йили тарих фани бўйича номзодлик диссертациясини ёқлайди.

Ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталаридан бошлаб унинг фаолияти Озарбайжон Фанлар академияси билан боғланади. Академиянинг Тарих институтида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. 1964 йилда “Озарбайжон VII-IX асрларда” мавзусида тарих фани бўйича докторлик ишини ёқлайди. Бир йилдан кейин унга профессорлик унвони берилади. 1967 йилда Озарбайжон Фанлар академиясининг мухбир аъзолигига, 1976 йилда ҳақиқий аъзолигига сайланади. Дастлаб Озарбайжон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтини бошқаради. Кейин Фанлар академиясининг вице-президенти, президенти вазифаларида ишлайди. Озарбайжон энциклопедияси Бош муҳарририятининг аъзоси сифатида фаолият юритади. 1990 йилда Озарбайжон парламентининг депутати қилиб сайланади ва “Янги Озарбайжон” етакчи партияси раисининг ўринбосари сифатида мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол қатнашади.

Зиё Бунёдов илмий жамоатчилик ўртасида ҳақиқатгўй олим сифатида эътироф этилади. 50-йилларда ёзувчи Юлиан Семеновга ноҳақдан айб қўйилганида ҳимоя қилиб чиқади. Леонид Брежнев учинчи бор “Совет Иттифоқи қаҳрамони” унвонини олганда, очиқдан-очиқ “бу қилинмаган хизматлар учун берилган баҳо, мукофотнинг номини ерга уриш” дея қарши чиқади ва бу фикр­ларини шўро раҳбарларига билдиради. Натижада маълум муддат олим номи қораланади…

Олим Озарбайжон давлати ва туркий ўлкалар, халқлар тарихини илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда тадқиқ этишга ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб киришди. Унинг 90-йиллар охирларигача “Озарбайжон VII-IX асрларда”, “Озарбайжонда Отабейлар давлати (1136-1225 йиллар)”, “Озарбайжоннинг тарихий географияси”, “Кавказ Албаниясининг тарихига доир”, “Хазарларнинг VII-VIII асрларда Албанияга кўчиши ҳақида”, “Сафаратнома”да усмоний элчиларнинг Усмонийлар – Россия муносабатларида тутган ўрни”, “Араб манбаларида Каспий денгизи ҳақида маълумотлар” каби асарлари нашр қилинди.

Зиё Бунёдов 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб мамлакатимиз тарихи, хусусан, XI-XIII асрларда ҳукмронлик қилган Хоразмшоҳ – Ануштегинийлар фаолиятига алоҳида эъти­бор қаратди. Бунинг сабаби бор эди. Олим 1136-1225 йиллар давомида Озарбайжонда ҳукмронлик қилган Отабейлар давлати тарихини ёзар экан, бу давлатнинг ҳукмдорлари Шамсиддин Элденгиз, Жаҳон Паҳлавон, Қизил Арс­лон, Абу Бакр Ўзбек ва Хомушнинг Хоразмшоҳлар давлати султонлари билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритганлик­лари ҳақидаги кўплаб маълумотларга дуч келди. Маълумки, Отабейлар давлати Озарбайжон давлатчилик тарихида, унинг тараққиёти ва гуллаб-яшнашида алоҳида ўрин тутади. Отабейлар давлати ҳукмдорларининг Хоразмшоҳларга ёки аксинча, Хоразмшоҳларнинг Отабейларга дўс­т­о­на, самимий, ўзаро ҳамкорлик мактуб­лари ва яхши қўшничилик муносабатларида элчилар алмашишлари бу давлатлар юксалишида катта роль ўйнаганлигини кўрсатади.

Айниқса, 1220 йилдан кейин Отабек Ўзбекнинг давлатни ўз ҳолига ташлаб қўйиши, айш-ишратга берилиши туфайли Отабейлар давлати Грузия, Қўнё, Жазира, Дамашқ, Боғдод халифалиги, Форс Ироғи қўшинларининг босқинчилик объектига айланиб қолади. Шунда озарбайжонликлар сўнгги Хоразмшоҳ – Ануштегиний, мард, қаҳрамон Жалолиддин Мангубердига Озарбайжонга келиб, мамлакатни қўлга олишни ва босқинчиликларга чек қўйишни илтимос қиладилар. Жалолиддин қўшини билан давлатни эгаллайди, жанубий Озарбайжон маркази Табризни ўзига пойтахт қилиб белгилайди. Ҳукмронлиги охиригача ўлкада тинчлик, осойишталик ўрнатади ва босқинчилик­ларига чек қўяди. Зиё Бунёдов тарихнинг бу ҳақиқатларидан хабардор эди ва шу сабабли унда Хоразмшоҳ – Ануштегинийлар тарихини ўрганиш фикри уйғонади. Қолаверса, Хоразмшоҳлар тарихи, Кавказ халқлари, жумладан, озар халқи тарихи билан узвий боғлиқликда кечганини олим яхши биларди.

У Хоразмшоҳ – Ануштегинийлар тарихига бағишланган илмий тадқиқотларини Жалолиддин Мангуберди шахси билан боғлиқ асардан бошлайди. Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг “Сийрат ас-султон Жалол ад-дин Менгбурни” (“Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти”) асарини 60-70-йиллар оралиғида араб тилидан рус тилига таржима қилади. Асар 1973 йилда Бокудаги “Илм” нашриётида чоп этилади. Зиё Бун­ёдовнинг Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолиятини ёритишда айнан шу асар таржимасига қўл уриши бежиз эмасди. Чунки бу асар сўнгги Хоразмшоҳ ҳақида ёзилган энг ишончли манба эди. Асар муаллифи Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий Жалолиддиннинг шахсий муншийси, котиби бўлиб ишлаган, у билан 7 йилдан ортиқ бирга бўлган, султон ҳаётини яхши биладиган шахс эди. Насавий ушбу асарни 1241 йилда Жалолиддин ўлимидан ўн йил кейин ёзишга киришган ва 1249 йилда ёзиб тугатган. Асарда 1214 йилдан 1231 йилгача Хоразм, Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Кирмон, Озарбайжон, Грузия каби давлатларда, аниқроғи, Хоразмшоҳлар қўл остида тўпланган салтанатда бўлиб ўтган воқеалар, Оловуддин Муҳаммад фаолиятининг сўнг­­ги даврлари, Чингиз босқини даҳшатлари, Жалолиддин Мангубердининг мўғулларга қарши юрт озодлиги учун олиб борган курашлари ҳаққоний тарзда ҳикоя қилинади. Ушбу асарнинг яна бир қимматли томони шундаки, агар ўша даврда Хоразмшоҳлар ва мўғуллар ўртасидаги кураш воқеаларини кўпчилик тарихчилар мўғуллар қўл остида яшаб, улар томонида туриб ёритган бўлсалар, бу асарда тарихга Хоразмшоҳлар томонидан туриб нигоҳ ташланади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ўша давр­нинг бош­­қа тарихчилари кўра олмаган ҳақиқатни Насавий яхши билган ва асарида кўрсатиб бера олган.

“Сийрат ас-султон Жалол ад-дин Менгбурни”нинг тўлиқ бўлмаган иккита нусхаси сақланиб қолган. Улардан бири, 1260 йилда ёзилган қўлёзмаси Францияда Париж миллий кутубхонасида, иккинчиси, ёзилган йили номаълум қўлёзма Англияда Британия музейида сақланади. Биринчи қўлёзманинг айрим саҳифаларида хатолар бор ва охирги саҳифалари йўқолган. Иккинчи қўлёзманинг эса 22 та боби йўқ. 1843 йилда Петербург университетининг профессори шайх Муҳаммад Тантавий асарнинг Париж қўлёзмаси асосида унинг йўқолган саҳифаларини тўлдириб, хатоларини тўғирлаб, учинчи, бирмунча мукаммал қўлёзмасини яратади. (Европа ва дунё адабиётида Хоразмшоҳлар тарихи ва Жалолиддин Мангуберди шахсини ўрганиш бўйича яратилган бир неча юзлаб асарлар ана шу Париж қўлёзмаси асосида амалга оширилган).

Зиё Бунёдовнинг халқимиз учун қилган улуғвор ишларидан яна бири ана шу учта қўлёзма асосида “Сийрат”нинг танқидий-илмий матнини яратиш бўлди. Қўлёзмалар асосида танқидий-илмий матн яратиш игна билан қудуқ қазишдек ниҳоятда мураккаб иш эканлигини олимлар яхши билишади. Агар “Сийрат”нинг асл қўлёзмаси 270 саҳифа эканлигини, олим танқидий матн яратиш учун 3 та қўлёзмани ўзаро чоғиштириб чиққанлигини, классик саж усулда ёзилган асарни таржима қилганини, таржимага салкам 50 саҳифа кириш сўзи ва 120 саҳифалик 700 та изоҳ киритганлигини ҳисобга олсак, амалга оширилган ишнинг кўламли ниҳоятда катталиги яққол намоён бўлади. Шундай қилиб “Сийрат”нинг ҳам танқидий-илмий матни, ҳам рус тилига таржимаси бир китоб ҳолида нашр этилди ва бу китоб нафақат халқимизнинг, балки барча туркий ҳамда шарқ халқлари тарихининг ноёб манбасига айланди.

Зиё Бунёдовнинг 1986 йилда аввал Моск­вада, кейин Бокуда нашр этилган асари – “Государство Хорезмшахов – Ануштегинидов” (“Хоразмшоҳлар – Ануштегинийлар давлати”) асари ҳам халқимиз тарихига бағиш­ланган. Ўн бобдан иборат китобнинг дастлабки тўрт бобида Хоразмшоҳлар давлатининг ташкил топиши, давлатчилик мақомини қўлга киритиши, гуллаб-яшнаши ва империя мақомига эришиши, ҳарбий қудратининг ошиши билан боғлиқ масалалар ёритилган. Бешинчи бобда давлатнинг бош­қарув органлари ва сарой лавозимлари, олтинчи бобда Хоразмшоҳлар давлати ҳудудидаги шаҳарлар ҳамда қиш­лоқлар, еттинчи бобда бу давлатда зарб қилинган тангалар, пул муомаласи, саккизинчи бобда давлатнинг маданий, илмий, адабий ҳаёти билан боғлиқ мавзулар кенг миқёсда очиб берилган. Тўққизинчи бобда Хоразмшоҳлар давлатининг мўғуллар томонидан босиб олиниши, таназ­зулга юз тутиши, ўнинчи бобда эса юртини тарк этган хоразмликларнинг, Жалолиддин Мангуберди қўшинларининг кейинги тақдири ҳақида сўз юритилади. Асарда, айниқса, Хоразмшоҳлар – Ануштегинлар сулоласининг 1077 йилдан 1231 йилгача ҳукмронлик қилган Ануштегин Ғоржойи, Қутбиддин Муҳаммад, Оловуддин Отсиз, Абул Фатҳ эл-Арс­лон, Султоншоҳ Маҳмуд, Оловуддин Такиш, Оловуддин Муҳаммад, Жалолиддин Мангуберди фаолиятлари кенг миқёсда очиб берилган. Олим бу асарни ёзишда ниҳоятда кўп тарихий манбалардан фойдаланган. У Хоразмшоҳлар тақдири, бош­­қа шахс­лар ҳаёти, фаолияти, ҳар бир воқеа-ҳодиса, мамлакатлар, давлатлар ўртасидаги ёзишмалар хусусида тўхталар экан, тарихий манбалардан энг ишончли маълумотларни келтиради. Баъзи ўринларда икки-учта муаррихнинг манбаларидан фойдаланиб, уларни ишонч­­ли деб топса, баъзиларининг маълумотлари ҳақиқатдан йироқ эканлигини таъкидлайди.

Тарихий мавзуда асар яратган ўрта асрлар муаррихларининг ҳаммаси ҳам ўз даврида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни холислик билан ёритиб берган, дейиш қийин. Улардан баъзилари тарихий воқеаларни ўзлари кўрмасдан, эшитганлари асосида, текширмасдан ёзган бўлсалар, айримлари воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини англамасдан, юзаки муносабат билдирганлар. Бир гуруҳ муаррихлар эса воқеликка ҳукмдорлар билан шахсий муносабатларидан келиб чиқиб баҳо берганлар. Масалан, кўпчилик тарихчилар Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммаднинг ҳукмдорлик фаолиятига салбий баҳо берсалар, Ибн ал-Асир уни одил, етук шоҳ эди, деб мақтайди. Аксарият муаррихлар Жалолиддин Мангубердининг мардлигини кўкларга кўтариб мақтасалар, Ибн ал-Асир ва Ибн Восил у сиёсат борасида нўноқ, қобилиятсиз ҳукмдор эди, деб ёзади. Ибн ал-Амид, Жузжоний Хоразмшоҳларнинг Бағдод халифалиги билан муносабатларини қораласа, Насавий, Жувайний Ануштегинийларни улуғлайди. Бу жараёнда, табиийки, ҳақиқатни юзага чиқариш учун кейинги давр қадимшунослари қайси манбага суянишлари ниҳоятда эътиборга молик. Эътиборли томони шундаки, Зиё Бунёдов бу борада тарихий ҳақиқатдан чекинмаган. Асарига асл тарихий манбалардан бир неча юзлаб иқтибослар олиши сабаби ҳам шунда. Илмий тадқиқот тарихий ҳақиқатнинг кўзгусига айланган. Хоразмшоҳлар давлатининг тақдири китобхонлар қалбида ҳам ғурур, ҳам қувонч, ҳам қайғу-алам уйғотади. Уларни ўтмиш бағрига етаклайди. Шу тариқа бу илмий тадқиқот бизни тарихдан ҳаққоний хулосалар чиқаришга, холис сабоқлар олишга ундайди. Зиё Бунёдовнинг ютуғи ҳам шунда.

Олим Хоразмшоҳлар тарихи билан боғлиқ яна бир асар яратди. Бу асар “Хусусий мулк шакл­лари: Хоразмшоҳлар давлатида солиқ ва йиғимлар” деб номланади. Унда Хоразмшоҳлар давлатининг иқтисодий масалалари илмий таҳлил қилинган. Зиё Бунё­дов илмий-ижодий меҳнати маҳсули бўлган иккита асар – “Сийрат ас-султон Жалол ад-дин Менгбурни”нинг рус тилига таржимаси ва “Государство Хорезмшахов – Ануштегинидов” ҳам ўзбек тилига ўгирилган. Улуғ олим 1989 йилда мамлакатимизга келган, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразмнинг тарихий жойларини зиёрат этганди. Юртимиз тарихини тадқиқ этиш борасидаги шарафли хизматлари учун Урганч шаҳрининг фахрий фуқаролигига қабул қилинганди. Айни пайт­­да, Зиё Бунёдов мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида — Орол денгизини қутқариш қўмитаси ишида фаол иштирок этди. Олимнинг кўнглида Ўзбекис­тон тарихи, юртимиз қадим давлатчилик тараққиёти, улуғ алломаларимиз тақдири хусусида кўплаб асарлар ёзиш нияти бор эди. Афсуски, у 1997 йилда ҳаётдан кўз юмди.

Зиё Бунёдов – улуғ олим эди. Унинг илмий-ижодий фикрати туфайли халқимиз тарихининг номаълум саҳифалари юз очди, олис ўтмиш, тарих зиёга айланди. Ватанимизнинг миллий қаҳрамони, юрт озодлиги учун курашган мард инсон Жалолиддин Мангубердининг ҳаққоний сийрати асл манбалар орқали яққол намоён бўлди. Мамлакатимиз, миллатимиз учун бундай хайрли ишларни қилиб кетган олимнинг номи авлодлар томонидан ҳамиша улуғланади.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Ватан ҳақида мангу қўшиқ

admin

КЎЗГУ ҚАРШИСИДАГИ ҲАЁСИЗ «АЁЛ» ВА ҒУРУРСИЗ «ЭРКАК»

admin

1 март – Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллуд топган кун

admin