ADOLAT 24

Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади

Сўнгги олти йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ижтимоий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож қатламлари билан манзилли ишлаш мақсадида дастлаб «Темир дафтар», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарлари жорий этилган бўлса, кейинчалик кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими жорий қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021−2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши орқали 2030 йилда давлат бюджетининг ижтимоий ҳимоя­­га йўналтирилган харажатларини ЯИМга нисбатан 1,5 фоизга етказиш мақсад қилинди.

Умуман олганда, амалга оширилган ижобий ўзгаришлар натижасида кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 миллионга етди.

Шу билан бирга, кам таъминланган оилалардаги болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати эса 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга кўпайтирилди.

Ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари эса 3,2 бараварга оширилиб, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди. Натижада бутун дунё учун синовли бўлган пандемия шароити­­да ҳам Ўзбекистонда аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш, пандемиянинг аҳоли турмуш даражаси ҳамда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларига бўлган таъсирини юмшатиш имконини берди.

Ушбу кўрилган чора-тадбирлар жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширилган ташриф якунлари бўйича Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботида ҳам эътироф этилиб, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар сабаб Ўзбекистоннинг пандемияга нисбатан яхши бардош берганлиги айтиб ўтилди.

Маълумки, ўтган ҳафта Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг бир қатор устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Жумладан, эндиликда ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайин­лаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахслар ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олинади. Бу жараёнда ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятининг соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтирилиши инсон омили аралашувининг олдини олиб, ҳар бир кўрсатиладиган ёрдам манзилли етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, фармон билан ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу вақтгача асосий эътибор имконияти чекланган шахсларга турли хилдаги моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга қаратилган бўлса, эндиликда уларга ҳам ўз имконияти ва қобилиятидан фойдаланишлари, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига ёрдам бериш тизими жорий этилади. Энг муҳими, барча ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйи­­ча минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса, ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бош бошқармалари ҳузурида Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағларини бошқариш ва Ижтимоий суғурта нафақалари тўловларини мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилади.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси бугун дунё­га инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатлари тараққиётнинг энг олий мезони сифатида илгари сураётган Ватанимизда келгусида ҳам аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш имконини бериши шубҳасиздир.

Музафара Абдиева,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон респубикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари)

admin

Депутат сўрови: Нарх назорат қилинмайдими?! 

admin

Об-ҳаво инжиқликлари энди бизни чўчитолмайди!

admin