ADOLAT 24

Давлат хизматчилари ютуқларига қараб рағбатлантирилади

Ҳар бир давлатнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланиши ва тараққий этиши шубҳасиз давлат бошқаруви тизимининг нечоғлик самарали ташкил этилишига боғлиқ. Шу боис, давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, қўйилган мақсад ва кутилаётган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Ушбу вазифаларни тўғри англаган ҳолатда ўтган вақт давомида мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб бориш амалиётидан воз кечилди. Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий таъминотини яхшилашнинг замонавий механизмлари яратилди. Натижада соҳада хизмат қилиб келаётган 118 минг нафар давлат хизматчилари халққа яқинлашди, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Давлат хизматидаги 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши илгариги 37 фоиздан 61 фоизга етказилди.

Аммо бугун жойларда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодий қудратини юксалтиришга қаратилган иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларида айрим давлат хизматчиларининг етарли билим ва тажрибага эга эмаслиги жойларда бевосита аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатлар эса, давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бош­қарувда натижадорлик ва сифатни ошириш борасида бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шу боис, давлатимиз раҳбари бошчилигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган вақт давомида эришилган натижалар эътироф этилиши билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, соҳани ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, ўтган йили Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимлик­лар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушган. Фуқаролар томонидан билдирилган эътирозлардан ҳам билиш мумкинки, қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишни яхшилашга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун айрим мутасаддилар вазифаларини эплай олмаяпти. Умуман, раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқлик­ларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса, кўзланган мақсад ва марраларга эришишда салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Шу боис, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тайёрланди. Галдаги вазифа қонунда назарда тутилаётган талаблардан келиб чиқиб, давлат идоралари олдида турган устувор вазифаларни амалиётга татбиқ этишдир.

Эндиликда қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилади. Бунинг учун йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилади. Бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжатни сўраш амалиётидан воз кечилади. Барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилиб, номзоднинг билими, таж­рибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланади.

Бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун ёш мутахассисларни танлаш дас­тури эълон қилинади. Дастур доирасида битирувчи курсларда ўқиётган қобилиятли талабалар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, шаффоф танлов асосида ишга қабул қилинади.

Шунингдек, йиғилишда бугунги кунда вазирликлар марказий аппаратидаги раҳбарларнинг 40 фоизи туман поғонасини кўрмаганлиги, туман миқёсидаги раҳбарларнинг 60 фоизи эса вилоят ёки республика идораларида ишламаганлиги ҳам танқид қилинди.

Шу боис, Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун 1 ноябрдан бошлаб эски намунадаги маълумотномадан воз кечилиб, ходимнинг малакаси ва эришган натижаларини илғор технологиялар асосида баҳолайдиган тизимга ўтилади. Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка тасодифан, кимнингдир таниши бўлганлиги ёки нуфузи баланд олийгоҳни битириб, юқори ташкилотларда ишлагани учун келиб қолишнинг олди олинади.

Ушбу жараённинг йўлга қўйи­лиши давлат хизматчиларида белгиланган ҳар бир режа ва топшириқни қайси нуқтада, қандай ёндашув асосида амалга ошириш лозимлигини ўргатади. Юқори идорада ишловчи раҳбарларда, мен шу ишни энг олис ҳудудда қандай қилсам халқ рози бўлади деган тушунча уйғониб, уларда халқ билан ҳеч бир бюрократик тўсиқсиз халқ хизматчиси сифатида мулоқот қилиш маданияти шаклланишига олиб келади.

Албатта, давлат хизматчиларига ўз вазифаларини амалга оширишда юқоридаги каби вазифаларнинг қўйилиши бугуннинг талаби саналади. Аммо улар фаолиятининг кафолатларини ҳам кучайтириш, меҳнатига яраша муносиб рағбатлантириш орқали ишига бўлган масъулиятини янада яхшилашга эришиш мумкин.

Шу боис, давлатимиз раҳбари йиғилишда ушбу жараёнга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, келгуси йилдан ходимнинг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳисобидан суғурта қилинади. Ўз вазифаларини ҳалол ва пок бажараётган давлат хизматчилари учун кексаликни муносиб ўтказиш кафолатлари яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат бош­қаруви тизимини тўғри ислоҳ этиш орқали мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни ўз вақтида самарали ва сифатли амалга оширишга эришамиз.

Махфират Хушвақтова,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИ ҲАМДА ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ВА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ИСТАНБУЛГА КЕЛДИ

admin

Улар ўқувчи эмас…

admin