ADOLAT 24

ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲЛАРИДА (Андижон,Навоий,Наманган, Сурхондарё вилоятлари мисолида)

Муаммо биргаликда ечилмоқда

Очиғини айтганда, сиёсий партиялар фаолияти билан айрим фуқаролар сайловлар вақтидагина қизиқади. Бир қарашда бу қайси партия вакилларига овоз беришда хулосага келиш учун керак. Албатта, масалага бир тарафлама қараб бўлмайди. Баъзи партия фаоллари сайлов жараёнида жонбозлик кўрсатиб, бошқа вақтларда талаб даражасида иш юритмаслиги ҳам бор гап.

Халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари эса партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, йил бошида манзилли чора-тадбирларни белгилаб олгани эътирофга молик. Ҳар ой охирида депутатлик гуруҳи аъзолари йиғилиб, бажарилган ишларни сарҳисоб қилиш баробарида галдаги вазифаларни муҳокама қилади. Ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар белгиланади. Бу айни вақтда хайрихоҳларимиз сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда. 

– Жамоатчилик билан ишлашда маҳалла институти бизнинг энг яқин ҳамкоримиз, – дейди халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгаши депутати Жасурбек Исаев. – Туманимиздаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бири билан алоқани йўлга қўйганмиз. Ҳар ой якунида ўтказиладиган кенгайтирилган йиғилиш­ларида иштирок этиб, сайловчиларнинг фикрларини ўрганамиз. Ҳудудлардаги муаммолар ечимини ҳам МФЙ фаоллари билан биргаликда топамиз.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида депутатлар томонидан МФЙлардаги 240 та муаммо бартараф этилган. Улардан 41 таси коммунал хизмат, 76 таси тадбиркорлик, 51 таси бандлик, 31 таси уй-жой ва 41 таси бошқа масалаларга тегишли. 

Хусусан, “Қўрғонча” МФЙ ҳудудида истиқомат қилаётган фуқароларни кўпдан буён ичимлик сув масаласи қийнаб келарди. Шу йилнинг март ойи­­да маҳалла аҳли “адолат”чи депутатларга мурожаат қилди. Ўрганиш жараёнида 785 метр ичимлик суви қувури тортиш зарурлиги аниқланди. Депутатларнинг саъй-ҳаракати билан бу масала ҳал этилди.

“Полвонтош” МФЙдан депутатларга маҳалланинг 1500 метр ички йўлига асфальт ётқизиш бўйича мурожаат қилинганди. Ўрганиш натижасида ушбу маҳалланинг ички йўли яроқсиз ҳолатга келиб қолгани аниқланиб, асфальтлаш ишлари амалга оширилди.

 Депутатларга қилинган мурожаатлар асосида 6 ойда 65 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Мисол учун, Жамшидбек Мансуров Андижон нефть қудуқларини таъмирлаш корхонасига, Азизбек Қориев ва Васлиддин Солиев хусусий корхонага ишга жойлаштирилди. 

 “Тошлоқ” МФЙда яшовчи Сардор Каримов ва Назокат Латипованинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида банк муассасаларига мурожаати ижобий ечим топа олмаётганди. Депутатлар аралашуви натижасида ҳар икки фуқарога “Халқ банки” томонидан 14 фоизли кредит берилди. 

Халқ вакили сифатида зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда депутатлардан Муҳаммадисмон Маманов, Мамасидиқ Эргашев ва Жасурбек Исаев фаоллик кўрсатмоқда. Жорий йилда улар томонидан маҳаллий Кенгаш сессиясига 1 та ва доимий комиссияларга 6 та масала киритилгани ҳам шундан далолат беради.  

  Аблиёр Қораев,

халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгаши депутати

***

3500 метр ички йўллар таъмирланди

Депутатларнинг маҳаллалар ва чекка қишлоқларда кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини ўрганиши, муаммоларини бартараф этиши туфайли ҳудудларда сезиларли жонланиш ва ўзгариш кузатилаётгани кўпчиликни мамнун қилмоқда. 

Мазкур жараёнда “Адолат” СДПнинг қуйи бўғинларидаги депутатлик гуруҳлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Айниқса, бу борада партиянинг халқ депутатлари Конимех туман Кенгашидаги депутатларининг муносиб ҳиссаси бор.

Депутат Олия Баҳромова аҳоли муаммоларини бартараф этиш, яшаш шароитларини яхшилаш, инсонларга қулайлик яратиш мақсадида тумандаги тегишли корхона ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларига жорий йилнинг ўтган даврида 6 та депутатлик сўрови чиқарган эди. Халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари муҳокамасига 9 та масала киритилиб, улар ҳақида туман Кенгаши сессияларида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Натижада туман ҳудудидаги “Наврўз” ва “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинларида 3500 метр ички йўлларда таъмирлаш ва шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, депутат О.Баҳромова томонидан тумандаги иккита умумтаълим мактабига 100дан ортиқ бадиий китоблар тўплами, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига ўйинчоқлар, уч нафар кам таъминланган оила вакилларига эса тикув машиналари совға қилинди.

 Қудайимберди Жанхўжаев,

Конимех туман кенгаши раиси

***

Ғалвир сувдан кўтарилганда

Яқинда “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши фаолиятининг биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди. Партия ташкилотлари олиб борган ишнинг барча жиҳатлари атрофлича таҳлил қилинди. “Ғалвир сувдан кўтарилганда” тўрақўрғонликлар аксарият кўрсаткичлар бўйича юқори ўринларни эгаллагани маълум бўлди. Дарвоқе, бу улар эришган дастлабки муваффақият эмас. Ўтган йили ҳам шундай юқори натижага эришилганди.

– Фаолият самарадорлиги ҳақида гап кетганда, у қатор омилларга боғлиқлиги барчага маълум, – дей­ди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раи­­си Заҳрохон Аҳмедова. – Назаримда, улар орасида партия фаолларининг саъй-ҳаракатлари ва жонкуяр­лиги алоҳида ўрин тутади. Бунда айниқса, депутатларнинг ўрни беқиёс.

2019 йилнинг декабрида бўлиб ўтган сайловларда маҳаллий “адолат”чилар халқ депутатлари туман Кенгашида учта ўрин эгаллади. Тўғри, натижа кутилганидан пастроқ бўлди. Лекин депутатлик гуруҳи тузиш имконияти қўлга киритилди. Бу ҳам ўзига яраша ютуқ, албатта. Уч киши бўлса ҳам ҳамжиҳатликда ишланса, ҳар қандай мураккаб вазифани адо этиш мумкин. Бунинг учун ҳар бир депутатдан тинмай изланиш ва ижодий меҳнат қилиш талаб этилади. Айниқса, сайловчилар билан ишлашни намунали йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Шу орқали партия нуфузини аҳоли ўртасида янада кўтариш, унинг танилувчанлигини ошириш мумкин. Натижада “Адолат” СДП ғоялари ва дас­турларини кенгроқ тарғиб этиш имконияти ҳам вужудга келади. Биз сайловчиларнинг депутатлар, улар орқали эса партия фаолиятига берадиган баҳосини назарда тутмоқдамиз.

Фаолларнинг, айниқса, депутатларимизнинг иш­лари кенг жамоатчилик эъти­рофига сазовор бўлгандагина, фаолият самарадорлиги ҳақида сўз очиш мумкин. Бунинг учун эса депутатлар сайловчиларга ҳисобот бериб бориш­лари зарурлиги сир эмас. Шу жараёнда ютуқларимиз ҳам кўзга ташланади, камчиликларимиз ҳам ошкор бўлади.

26-Қатағон сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат Эркинжон Бориевнинг йил бошида сайловчилар билан ўтказган учрашувида қатнашишимга тўғри келди. Партиядошимиз ҳамқишлоқлари олдида 2021 йил давомида амалга оширган ишлари тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Бунда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ масалалар диққат марказида бўлганлиги эътиборга лойиқдир. Масалан, сайловчилар талабига кўра ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўп иш қилинди. Депутат ташаббуси билан ўтказилган ҳашарлар яхши самара берди. Бу билан атроф-муҳит мусаффолиги таъминланди. Беш километрдан зиёд масофадаги ариқ-зовурларнинг тозалиги доимий назоратга олинди. Икки минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилганлиги эса кўкаламзорлаштириш даражасини оширди.

Ички йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам изчил иш олиб борилди. “Уста” кўчасининг 100 метри асфальтланди. “Янгиобод” кўчасида 850, “Ҳожимат бува” кўчасида 600 метр йўлга ҳомийлар кўмагида шағал ётқизилди.

Аҳолини электр қуввати билан таъминлашни яхшилашда депутатлик сўрови қўл келди. Туман электр тармоқлари корхонаси сайловчилар талабига кўра қатор ишларни амалга оширди. Учта янги трансформатор пункти қайтадан жиҳозланди. 65 та эскирган симёғочлар алмаштирилди. Натижада электр таъминоти узлуксиз бўлди.

Бундан ташқари, Э.Бориев пандемия даврида аҳолининг кам таъминланган қисми эҳтиёжларини қондириш бўйича ҳам изчил иш олиб борди. Бунда унинг МФЙ раиси сифатида ҳудудда яшовчиларнинг турмуш шароитларини яхши ўргангани қўл келди. Ўнлаб фуқароларга моддий ёрдам, озиқ-овқат, уй жиҳозлари етказиб берилди.

 – Мен Эркинжонни кўп йиллардан бери яхши танийман, – дейди шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Қудратилла Нажмиддинов. – Сайловчилар унинг ташкилотчилиги ва тадбиркорлигини, фуқаролар мурожаатларига бефарқ эмаслигини ҳисобга олиб, ишонч билдирган эдилар. Мана, адашмаганимиз аниқ бўлди. 

Эркинжон Бориев – халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси. У айни пайтда “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳисобланади. Ҳар икки вазифани бажаришда меҳнатсеварлиги ва фаоллиги, халқ иши учун жонкуярлиги билан ажралиб туради. Шу туфайли аҳоли ўртасида катта обрў-эътибор қозонган.

Бу яқинда бўлиб ўтган маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловида яна бир бор кўзга ташланди. Депутатимиз МФЙ раислигига номзод сифатида келгуси уч йилда олиб боришни режалаштирган ишлари дастурини тақдим этди. Партиядошимиз яна МФЙ раислигига сайланди. Бу эса депутатнинг нав­батдаги синовдан муваффақиятли ўтганини билдиради.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

***

Соғлиқни сақлаш тизими таҳлил этилди

«Адолат» СДП Сурхондарё вилоят кенгаши вакиллари ва депутатлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳамда ихтисослаштирилган марказлар раҳбарлари, шифокор-мутахассислардан таркиб топган ишчи гуруҳи вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини чуқур ўрганмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлари ва масъуллардан таркиб топ­ган ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини «Инсон қад­рини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 78-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ўрганилди

Ўрганишлар жараёнида аҳоли ҳамда беморлар билан юзма-юз мулоқот қилинди. Эътиборлиси, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларга халқ вакиллари, соҳа мутасаддилари ҳамда масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ечим топишга қаратилган бу ишларнинг олиб борилишидан мақсад аҳолининг тиббий хизматдан розилигини таъминлаш бўлди.

Ўрганишлар давомида вилоятда яшовчи 3 минг нафардан ортиқ оғир, сурункали касалликка чалинган ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилди. Асосий эътибор вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасининг ҳолати, асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси ва улардан самарали фойдаланиш, кадрлар таъминотига қаратилди. Вилоятда касаллик кўрсаткичлари таҳлилдан ўтказилди.

Аниқланишича, Марказда жорий йил давомида 68,0 миллион сўм маб­лағ ажратилиб, тиббий аппаратлар таъмирланган. Бу маблағлар Марказнинг тиббий пуллик хизмат асосида топилган маблағлар ҳисобидан ажратилган. Таъмирталаб аппаратларни таъмирлаш бўйича ва янги аппаратлар олиш бўйича 4 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Марказнинг лаборатория бўлими беморларга хизмат кўрсатиш учун барча реактивлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда мавжуд барча тиббий аппаратлар стандарт қиёслов кўригидан ўтказилган бўлиб, юқори технологик аппаратлар (МРТ, МСКТ, рақамли рентген) билан тўлиқ таъминланган.

Албатта, муаммолар бор. Уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилмоқда. Чора-тадбирлар режалари тузилмоқда. Аммо масалаларни бартараф қилиш учун молиявий ресурс ҳам етарлича бўлмоғи лозим. Шу боис ҳам вилоятда мўлжалланган дастурга кўра, жорий йилда барча манбалар ҳисобидан соҳага маб­лағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда республика бюджетидан 4,8 миллион долларга тенг маб­лағлар ҳисобидан Республика кардиология марказининг вилоят филиали, вилоят эндокринология диспансери, юқумли касалликлар шифохонаси, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, тери-таносил касалликлари диспансери, кўп тармоқли тиббиёт маркази, 14 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда санитария-эпидемиология назорати муассасалари тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, дастурга асосан, жорий йилда вилоятда жами 80 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Бугун соғлиқни сақлаш тизимидаги яна бир муҳим муаммо – кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам дастурда алоҳида эътибор қаратилган. Маълумотларга кўра, вилоятда тизимдаги тиббиёт муассасалари учун ажратилган штат бирлигида 5 минг нафарга яқин шифокор ишлайди. Яъни, бандлик даражаси 85,2 фоизни ташкил этади. Вилоятда бу тизимда 300 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида аниқ муддатли, масъул ижрочилари ва молиявий манбаси белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда навбатдаги вилоят депутатлари сессиясида таҳлилий-танқидий муҳокама этилиши режалаштирилди.

Шу хусусда депутатлар иштирокида навбатдаги сессияда ҳар бир тyмандаги биттадан қишлоқ маҳалла фуқаролари йиғинида соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган ахборотлари эшитилиши маълум қилинди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этади.

Фахриддин Орифхонов,

Сурхондарё вилоят кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

Tegishli xabarlar

Муаммо билан юзма-юз

admin

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАДОРЛИГИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

admin

МЕН “АДОЛАТ”НИ ТАНЛАДИМ!

admin