ADOLAT 24

Ягона мактаб формаси: ЖОЗИБАДОР ВА ҲАМЁНБОП МИ? 

Янги ўқув йили олдидан ота-оналар фарзанди учун мактаб формаси харид қилади.  

2022-2023 ўқув йилида давлат умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олувчи 6 миллион 620 минг ўқувчининг формага бўлган эҳтиёжи мавжудлиги аниқланди. Улар учун 500 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари танлаб олинди.  

Ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган 400 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формалари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинади.  

Мактаб формаси сифати “Ўзстандарт” агентлиги томонидан назоратга олинади. Либос намуналари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан илғор дизайнерлар жалб қилинган ҳолда ишлаб чиқилди. Шунингдек, ўқувчилар учун қанчалик қулайлиги ва чидамлилиги инобатга олинади.  

Яқинда Халқ таълими вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини тайёрлашга оид жараёнлар билан таништириш мақсадида Наманган вилоятига пресс-тур ташкил этилди.  

Иштирокчилар Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” маҳалласида барпо этилган кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган “Mustafo Sevin” ҳамда “Saxiy Mirzo tekstil” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти билан яқиндан танишди.  

Корхоналарда тадбиркорлар томонидан мактаб формаларининг белгиланган стандартлар асосида тайёрланиши, матолар сифати, бичими, ранги, тикилиш услублари, мактаб формаларининг турли ёш, бўй ва вазнга эга ўқувчиларга мослиги юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.  

– Мактаб формаси жорий этилишидан мақсад ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат, – дейди Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова. – Ҳар бир ота-она фарзандини мактабга кийиниш маданиятига ва белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда боришини таъминлаши, фарзандларининг ёрқин келажаги учун жавобгарликни ўз бўйинларига олган ҳолда, масъулият билан ёндашишлари лозим.  

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси масъулларининг таъкидлашича, республикада таҳсил олувчи 6 миллион 620 минг ўқувчини ягона мактаб формаси билан тўлиқ таъминланишида муаммо бўлмайди. Улар маҳаллий ва Хитойдан олиб келинган мато ва керакли деталлар билан таъминланган.  

– Мактаб формаларининг дизайнларини яратишда иштирок этганман, – дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи Камола Ғуломова. – Бу борада ташкил этилган конкурсларда Ўзбекистон бўйлаб мингга яқин корхоналар ўз дизайнлари билан иштирок этган. 50 га яқин дизайн орасидан 10 га яқини ажратиб олиниб, тажриба-синовдан ўтказилган. Кейин ота-оналарнинг фикрларига асосан бир хил кўринишдаги мактаб формаси танлаб олинган. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан республикадаги ишлаб чиқариш корхоналар қуввати ўрганиб чиқилган. Айни вақтда мазкур тикувчилик марказларида мактаб формаларини тайёрлаш ишлари белгиланган тартиб ва стандартлар асосида олиб борилмоқда. Шуни қайд этиш лозимки, мактаб формаларига қўйиладиган талаблар мавжуд. Аввало форма учун танлаб олинадиган мато таркиби 65-70 фоиз тоза пахтадан ташкил топган бўлиши керак.  

Мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланиши устидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги назорат ўрнатади.  

Шунингдек, 2022 йил 10 августдан ҳар бир туман ва шаҳарда мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади. 

Tegishli xabarlar

Ўзимиздан бошлайлик

admin

Келажакка овоз берамиз

admin

ДЕПУТАТЛАР ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙ ОЛАЯПТИМИ?

admin