ADOLAT 24

Рақамлаштириш – ижро интизомини таъминлашнинг муҳим воситаси

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни тўлиқ рақамлаштириш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги фармони билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланган. Стратегия асосида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан, электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши ҳамда ижро интизомини янада мус­таҳкамлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 11 апрелда ПҚ–2881-сонли алоҳида қарор қабул қилиниб, айни йўналишда янгича ёндашувлар белгилаб берилди. Шунингдек, мазкур қарор асосида ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августда «Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинган. 

Шунингдек, 2016 – 2021 йилларда тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларида белгиланган мақсадларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида жорий йил 10 февралда давлатимиз раҳбари томонидан «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида ижро этилиши бўйича «ijro.gov.uz» тизимида назорат олиб борилиши белгилаб берилган.

Тошкент давлат юридик университетида ҳам Адлия вазирлиги тизимидаги бошқа муассасалар қатори ушбу жараён барча фаолият йўналиш­ларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадидаги ҳаракатлар барвақт бош­ланганлигини эътироф этиш лозим. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда университетда қарийб 30 та ахборот ва ҳужжат алмашинув тизимлари фаолият юритиб келмоқда. Биргина электрон университет лойиҳаси доирасида эса 20 га яқин электрон тизим ишламоқда. Университет ректорининг тегишли буйруқлари орқали университетда электрон ҳужжат алмашинувига тўлиқ ўтилиб, иш ҳужжатлари таркибий бўлинмаларда юритиладиган номенклатура йиғма-жилд­ларини сақлаш ва ҳаттоки электрон архив хам ишга туширилди.

Ҳужжат алмашинувини рақамлаштириш орқали университетда 2022 йил 1-чорагида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 187,5 кг (37 500 дона варақ) оқ қоғоз ёки 3 900 000 сўм тежалган. Йил охирига қадар эса, 800 кгдан ортиқ оқ қоғоз ёки 41 600 000 сўмдан зиёд молия­вий маблағлар тежалиши кўзда тутилган. Ходимларнинг электрон тизим орқали чегириб қолган вақт сарфи ва иш унумдорлиги эса бебаҳо ҳисобланади. Бу каби ислоҳотлар университет фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини ҳамда ходимларининг жавобгарлиги ва ижро интизомини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Аммо ўрганишлар амалиётда бир қанча камчиликлар ҳам мавжуд эканлигини кўрсатди ва улар қуйидагилардир:

электрон ҳужжат алмашинув тизимлари хизматларини таклиф этаётган бозорда рақобатнинг деярли йўқлиги;

ижрочиларнинг электрон ҳужжат алмашинув тизимларига кириш калитлари қимматлиги (ҳозирги кунда 1 дона калит 42.000 сўмни ташкил қилади);

барча ходимлар бирдек электрон тизимларда ишлай олмаслиги;

интернет хизматлари респуб­ликанинг барча минтақаларида бирдек ишламаслиги;

давлат ташкилотлари турли электрон ҳужжат алмашинув тизимларида ишлаши.

Бугун барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва уларни ривожлантириш учун янгича йўналиш ва самарали тизимлар, замонавий бош­қарув усулларини амалиётга жорий этиш, мураккаб шароитларда давлат қурилишининг серқирра вазифаларини амалга оширишда тезкорлик, ташаббускорлик билан ёндашишга катта эътибор қаратилмоқда. Ижро интизоми билан ўз иш фаолиятини юрита олган ҳар бир давлат органи белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида самарали тарзда амалга ошира олади. Бугунги кунда давлат органларига келиб тушаётган ҳар бир ҳужжатни рўйхатга олишдан тортиб, унинг ижро муддатини белгилашгача масъулият билан ёндашишда ижро интизоми муҳим аҳамиятга эга. Бу эса, ўз навбатида ҳар бир ҳужжатнинг вақтида ижро этилишини таъминлайди. 

Юқоридаги камчиликларни бартараф, этиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш орқали такомиллаштириш мақсадида қуйидаги таклифларни амалиётга татбиқ этиш керак деб ҳисоблаймиз:

– барча давлат ташкилотларида ягона интеграциялаштирилган иш юритиш тизимини жорий қилиш;

– ҳужжатларни электрон сақлаш масаласи (электрон архив) бўйича респуб­ликада ягона тизимни яратиш;

– ташкилотларда барча ходимларга электрон тизимларга кириш имконини яратиш;

– электрон ҳужжат алмашинув тизимлари хизматларини таклиф қилаётган корхоналар ўртасида рақобат муҳитини яратиш орқали ташкилотларга ҳам­ёнбоп хизматлар таклиф қилиш;

– рақамлаштириш орқали ижро интизомини ташкил қилиб, ютуқларга эришган муассасалар ёрдамида конференция, семинар-тренинг, ўқитиш курслари ташкил этиш орқали соҳани такомиллаштириш;

– давлат ташкилотларида девонхонада иш юритиш тизимини малака ошириш курслари ташкил этиш орқали такомиллаштириш ва доимий фаол ишлаб келаётган илғор иш юритувчи ходимларни рағбатлантириш.

Хулоса қилиб айтганда, ижро интизомини доимий такомиллаштириб бориш, соҳага замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда янгиликларни жалб қилиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада мавжуд иш ҳужжатларини рақамлаштириш, ҳужжат алмашинувини амалга оширишда ягона интеграциялашувни ташкил қилиш ҳамда соҳада фаолият юритадиган кадрлар малакасини ошириш мақсадга мувофиқдир.

 Хуршиджон АБДУЛЛАЕВ, 

Тошкент давлат юридик университети 

Мониторинг ва ташкилий назорат бошқармаси 

девонхона мудири

Tegishli xabarlar

Фирибгарлик оқибати

admin

ЗУМЕРЛАР – янги авлод вакиллари

admin

Сабр — бахтнинг дояси

admin