ADOLAT 24

Ўзбекистон ЮНЕСКО қўмитасига аъзо бўлди

Куни кеча мамлакатимиз ЮНЕСКО ҳузуридаги Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйи­­ча ҳукуматлараро қўмита аъзолигига сайланди.

Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита – “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 1972 йилги конвенцияни амалга ошириш учун масъул бўлган ЮНЕСКОнинг тегишли бўлинмаси ҳисоб­ланиб, у номоддий ижод объектларини Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш ва ундан чиқариш билан боғлиқ мутлоқ ҳуқуққа эга ҳисобланади. Ушбу қўмита Жаҳон мероси фондидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилади ва конвенция­­га аъзо давлатнинг мурожаат – тавсиясига биноан молиявий ёрдам кўрсатади.

Қўмита ҳар йили мунтазам равишда сессияларда иш олиб бориб, жаҳон мероси рўйхатига киритишга муносиб бўлган объект номзодлари юзасидан қарор қабул қилади, рўйхатга киритилган объектларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқади ва объектларни янада ҳимоя қилиш бўйи­­ча аъзо мамлакатларга тавсиялар беради.

Ушбу қўмитага кириш учун иккита даъвогарлик ўрни бор бўлиб, унинг учун бешта давлат ўзаро рақобатга киришди. Булар Ўзбекистон, Болгария, Босния ва Герцеговина, Словакия, Эстония давлатларидир. Ўзбекистон 180 та аъзо давлатнинг 105 та овозини тўплаб, юқори рейтинг билан илк маротаба қўмита аъзолигига сайланди.

Бу хабарнинг тагида ўзига хос эътироф бор. Бинобарин, Ўзбекистонга кўп йиллар давомида ЮНЕСКО ва аксар нуфузли халқаро ташкилотлар наздида энг ташаббускор, аммо муаммоли давлат сифатида қаралар эди. Мамлакатимиз борасида номоддий меросга доимий зарар етказувчи, тарихий обидаларга нисбатан ножоиз муносабатда бўлувчи мамлакатлардан бири, деган тушунчалар шаклланган эди. Бунинг учун Ўзбекистон ЮНЕСКО томонидан бир неча бор эътироз­­ли огоҳлантириш-маълумотлар ҳам олган.

Сўнгги йилларда соҳада олиб борилган ислоҳотлар маданий меросимизни чуқур англаш, уни асраб-авайлаш ва қадр-қимматини улуғлаш борасидаги ишларни жадаллаштирди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланиши билан боғлиқ қатор қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши ушбу соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий томонини ҳам мустаҳкамлаб берди. 2018 йилда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда белгилаб берилган вазифалар ижобий ўзгаришларни таъминлаб берди.

Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида Ўзбекис­тон томонидан бир қатор номоддий маданий мерос объектлари ЮНЕСКО ҳузуридаги Инсониятнинг номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилди. Булардан, Наврўз умумхалқ байрами, палов тайёрлаш маданияти ва анъанаси, аския санъати, катта ашула санъати, лазги санъати, бахшичилик санъати, Бойсун маданий макони ва шашмақом. Бу ҳол Ўзбекистоннинг обрўсини сарбаланд этиб, мамлакатимизнинг жаҳон олдидаги рейтингини янада юксалтиришга замин яратди.

Бугунги кунга келиб, ЮНЕСКО халқаро жамияти юртимизда соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига гувоҳ бўлиб турибди. Шундай экан, мамлакатимизга халқаро жамият томонидан улкан ишонч билдирилмоқда.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг 3-6 июль кунлари ICESCO Бош қароргоҳида (Марокаш қироллиги, Работ шаҳри) ICESCO Ислом оламининг 10-сессия бўлиб ўтди. Ушбу халқаро тадбирда Бухоронинг 7 та маданий мерос объекти Ислом олами маданий мероси рўйхатига олинди. Бунда ICESCO Бош директори Салим ал-Малик томонидан Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи Калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасасига тегишли сертификатлар тақдим этилди.

Бундай юксак эътироф Ўзбекистон давлатининг тарихан буюклиги, жаҳон тамаддунининг ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда бугунги кунда миллий юксалиш томон амалга ошираётган одилона сиёсатига нисбатан халқаро даражада билдирилган ҳурмат-эътироф намунасидир.

 Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари 

қўмитаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin

Комил Синдоров: Заковатли фарзандлар юртни жаҳонга танитади

admin

Бош вазир давлат пулига нонушта қилгани учун пушаймон

admin