ADOLAT 24

Эрон мамлакатимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришдан  манфаатдор

Шу кунларда Эрон Ислом Республикаси парламенти – Исломий Кенгаш Мажлиси раиси Муҳаммад Багир Қолибоф бошчилигидаги расмий делегация мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди. Бу Эрон парламенти раисининг мамлакатимизга илк ташрифи ҳисоб­ланади.

Мухбиримиз ана шу ташриф натижалари ҳақида сўзлаб бериш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев билан суҳбатлашди. 

– Эрон Ислом Республикаси мамлакатимиз ташқи сиёсатида қандай ўрин тутади? Умуман, Ўзбе­кистон – Эрон муносабатлари тўғрисида нималарни айтиш мумкин?

– Аҳолиси 80 миллион кишидан ортиқ бўлган Эрон давлати жуда қулай жуғрофий ҳудудда жойлашган бўлиб, денгизларга чиқиш имкониятларини қидираётган мамлакатимиз учун транзит давлат сифатида, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. 

Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора ривож­ланиб бораётганини ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.

Икки томонлама муносабатларнинг изчил ривожланишида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Иброҳим Раисийнинг муносиб ҳиссаси бор. Давлатларимиз раҳбарлари 2021 йил сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва ноябрь ойида Ашхобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитлари доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотларда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу эса икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларимизнинг янада ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда икки мамлакат турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Эронни ўзининг Ўрта Шарқ минтақасидаги йирик савдо шериги деб ҳисоблайди. Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик кўрсаткичлари ўсаётгани кузатилмоқда. 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси 430,8 млн. АҚШ доллари (экспорт – 176,5 млн. АҚШ доллари, импорт – 254,2 млн. АҚШ долларини) ташкил этди. 

Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга, қўшма корхона ва лойиҳалар сони 360 тадан ошди. 

Шу йилнинг февраль ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ва етакчи корхоналари вакиллари иштирокида бизнес форум муваффақиятли ўтказилди. Келгуси ойларда икки томонлама қатор муҳим тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

– Эрон парламенти делегациясининг ташрифидан кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Эрон парламенти раиси Муҳаммад Багир Қолибоф­нинг ташрифи давомида икки мамлакат муносабатларига оид турли масалалар кўриб чиқилмоқда. Чунончи, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, шунингдек, минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни юқори суръатда давом эттириш ва устувор йўналишларда кенгайтиришга хизмат қилаётган фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувларни мамнуният билан қайд этди.

Исломий Кенгаш Мажлиси раиси Ўзбекистон етакчисига Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, Эрон томони дўст давлатларимиз ўртасидаги кенг кўламли муносабатларни мус­таҳкамлаш ва амалий мазмун билан бойитиш борасида қатъий эканини таъкидлади. Музокараларда ўзаро савдо ҳажмининг ошиши учун қулай шароитларни шакллантириш, транспорт ва логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, илмий-техник алмашинув дастурларини амалга ошириш, ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчликка эришиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши йўлидаги кўмакни кенгайтириш муҳим экани қайд этилди.

– Икки томонлама муносабатларда парламентлар қандай ўринга эга? Умуман, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришда парламентларнинг олдида турган вазифалар нималардан иборат? 

– Эрон парламенти делегациясининг ташрифи давомида ушбу масала, яъни икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда парламентларнинг иштироки механизмларини кучайтириш масалалари ҳам кун тартибида бўлди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунучилик палатаси спикери Н.Исмоилов билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кенг муҳокама қилинар экан, бу жараёнда икки мамлакат парламентларининг ҳам фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Зеро, минтақамиздаги тарихи, дини, урф-одати ва анъаналари яқин бўлган давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Хусусан, Ўзбекистон ва Эрон парламентларида фаолият олиб бораётган дўстлик гуруҳлари ишини жонлантиришга келишиб олинди.

– Истиқболда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида яна қандай йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкин, деб ўйлайсиз? 

– Музокаралар давомида ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар ҳали мавжуд салоҳият даражасидан анча пастлиги бир неча бор қайд этилди. Тўғри, юқорида таъкидлаганимиздек, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бирмунча ўсди. Бироқ бу кўрсаткични ҳали бир неча бараварга ошириш учун талайгина ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Энг аввало, давлатларимизнинг географик жиҳатдан яқинлигини эътиборга олган ҳолда, транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, хусусан, халқаро автомобиль ташувлари учун янада қулай шароитлар яратиш лозим.

Ўзаро ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши борки, у ҳам бўлса маданий меросни асраш ва тарихий обидаларни таъмирлаш соҳасидир. Таъкидлаш жоизки, Эрон бу борада анча катта тажрибага эга бўлиб, икки мамлакат мутасадди ташкилот ва идоралари ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шубҳасиз, ижобий самаралар беради. Юртимизга ташрифи давомида Эрон парламенти делегацияси аъзолари Тошкентнинг қоқ марказида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази биноси билан танишиш асносида марказда меҳнат қилаётган ўзбек усталари, меъморлари ва ҳунармандлари ишига юқори баҳо бердилар ва ҳунармандчилик соҳасида ҳам ҳар икки мамлакат ўртасида қатор истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш мумкинлиги тўғрисида ижобий фикр билдирдилар.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам янада самарали ҳамкорлик қилиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, ҳозир икки мамлакат халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида анча яқин алоқаларга эга бўлиб, турли дастур ва лойиҳаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти(ШҲТ)га тўлақонли аъзо бўлишга даъвогарлик қилаётган Эроннинг номзодини қўллаб-қувватламоқда. Жорий йилнинг кузида Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида Эронни аъзоликка қабул қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Эрон билан турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.

Ўз мухбиримиз

Tegishli xabarlar

“Бу менинг маҳаллам!”

admin

ИНВЕСТОРЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ВА ЖОЗИБАДОР ШАРОИТ    ЯРАТИШГА ҚАРАТИЛГАН АМАЛИЙ ИШЛАРИМИЗНИ ЯНАДА ЖАДАЛЛАШТИРАМИЗ

admin

Тараққиёт стратегияси – халқ фаровонлигининг гарови

admin