ADOLAT 24

Асосий қонун лойиҳаси муҳокамаси ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик намунаси

Парламент қуйи палатасининг деярли барча депутатлари ўзлари сайланган сайлов округларидаги умумхалқ муҳокамаларида, маҳаллалардаги учрашувларда, ёшлар билан давра суҳбатларида, кайвони нуронийлар билан самимий мулоқотларда иштирок этиб қайтишди.

Айтиш керакки, аҳолидан олинган таклифлар асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси яна халқнинг муҳокамасига топширилгани сайловчиларимизни беҳад қувонтирди. Бинобарин, Конституциявий қонун лойиҳасини жамоатчилигимиз билан кенг муҳокама қилиш Бош қомусимизнинг пишиқ-пухта, тўғридан-тўғри ишлайдиган, янада халқчил, том маънода халқимиз хоҳиш-иродасини ифодалайдиган ҳақиқий халқ Конституция­­си бўлишига хизмат қилади.

Шу сабабли Конституциявий қонун лойиҳасидаги нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш мақсадида 70 дан ортиқ хорижий давлат конституцияси, 40 га яқин халқаро ҳужжат ўрганилди.

Бош қомусимизнинг 20-моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган қоидаларга ҳамоҳангдир. Бундан ташқари, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини муайян шароитларда чеклаш мумкинлиги тўғрисидаги нормалар барча инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда ўз аксини топган.

Масалан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасида қуйидагилар белгиланган: “(3) Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида мажбуриятлар ва алоҳида масъулият юклайди. Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим: 

а) бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун; 

б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки ахлоқини муҳофаза этиш учун”.

Шу каби қоидалар минтақавий ҳужжатда, масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 10(2)-моддасида ҳам ўз аксини топган. Ўхшаш нормалар барча демократик давлатларнинг конституцияларида белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекис­тон Республикасининг Миллий стратегиясида ҳам инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида соҳада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш талаб этилиши белгиланган.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг биринчи устувор йўналиши ҳам бежизга “Инсон қад­рини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланмаган. Янги Ўзбекис­тон Тараққиёт стратегиясидаги барча 100 та мақсад ҳам инсон қад­рини юксалтириш ғояси асосида ишлаб чиқилган.

Киритилаётган қўшимчалар ор­қали давлат демократия ва инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган ғоялари ва қадриятларига, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини яна бир бор таъкидлайди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилигимиз янада такомиллашади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конс­титуциявий-ҳуқуқий кафолатлар бел­­гиланади.

Ўзбекистон халқи кечаги халқ эмас. Бугун ҳар биримизнинг олдимизда аниқ мақсад ва режалар бор. Асосийси, уларни амалга оширишимиз учун ҳам ҳуқуқий асос, кучли ирода ва кафолатланган ишонч бор. Қадрини билган ҳар бир инсон ўзгармоқда, тиришқоқлиги билан жамиятни, дахлдорлиги билан давлатни, масъуллиги билан Конституцияни ўзгартирмоқда.

Олдимизда ўта муҳим ва тарихий танлов турибди. У ҳам бўлса шу юрт фарзанди, шу халққа мансуб эканлигим, қад­рим, шаъним, эркинликларим ва қонуний манфаатларим ҳимояси ва кафолати мужассам бўлган ўзимнинг Конституциямни якдиллик билан танлашимдир.

Tegishli xabarlar

Вакцина атрофидаги миш-мишларга нега асосли жавоб қайтарилмаяпти?

admin

Фракцияларнинг қўшма йиғилиши: Ҳукумат ҳисоботи муҳокама қилинди

admin

ТУРКИЯ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗГА ТАШРИФИ САМАРАЛИ ВА МАЗМУНЛИ БЎЛДИ

admin