ADOLAT 24

КИМ КИМНИ АЛДАЯПТИ? Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровга очиқ хат

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўз телеграм каналида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг таклифига кўра, нуфузли бир мукофотга тавсия қилинган ёш номзодларнинг ижодий ишларини баҳолаш бўйича комиссияда қатнашиб, эътиборини тортган ҳолатлар бўйича ёшларга мурожаат йўллади.

Жумладан, айрим номзодларнинг кўп­лаб хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро илмий конференцияларда қатнашиб, илмий мақолалар билан иштирок этгани ҳақида айтиб ўтди. Ҳатто, улар орасида 60 дан ортиқ илмий мақола ва тезисларидаги инновацион ва илмий ғоялари учун халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлган, сертификат ва дипломлар билан тақдирланган талабалар борлигини алоҳида қайд этди. Аксарият номзодлар 18-25 ёшлилардир. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда бу видеомурожаатдаги фикрлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хўш, аслида устоз журналист билдирган эътирозлар асослими? Нима учун ёшлар пул ва вақт сарфлаб хориж нашрларида эълон қилган мақолаларига етарлича эътибор бўлмаяпти? Бу борада ёшларга кўмак берувчи ҳуқуқий нормалар, тегишли йўналишлар кўрсатувчи масъул ташкилотлар борми?

Гап шу ҳақда кетганда халқаро миқёсда бу масалага қай даражада эътибор қаратилишига тўхталамиз. Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси интернет тармоқларида жойлаштирилган маълумотларга асосланган ҳолда қуйида келтирилган “шубҳали” нашрларда мақолаларни чоп этишда эҳтиёкорликка риоя қилишни тавсия этади. 2020 йилда Scopus халқаро маълумотлар базасидан чиқариб юборилган журналларга энг кўп ўзбек олимлари томонидан мақолалар юборилган. Жумладан, 2021 йилнинг апрель ойи ҳолатига 1500 дан ортиқ илмий нашрлар мазкур платформадан чиқарилган. 

ЎзФА Математика институти директор ўринбосари Ғолибжон Ботировнинг таъкид­лашича, олий таълим тизимида қисқа муддатда мақола чиқартириш каби нотўғри талаблар бор. Чунки ўз нуфузига эга журналга мақолани ўтказишга камида 3 ой вақт кетади. Тезликда мақола чиқариш илмий жараённи ўстирмайди.

Интернетдаги фирибгар журналларнинг 

касофати кимга уради?

Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган фан ва инновациялар бўйича Миллий ҳисоботида “Ўзбекистон олимлари мақола чоп этадиган шубҳали журналлар” келтирилган. Хусусан, фирибгар журналлар уч турга бўлинади: 1) йиртқич (predatory); 2) ёлғон (fake) ва 3) ўғриланган (hijaked).

Йиртқич журналлар 1-2 ой ичида нашр қилишни ваъда беради (баъзан эса – 4 ёки 5 кунларда); материаллар рецензия­ланмайди. Мақолалар барча фанлар бўйи­­ча ва ёмон таржимада ҳам қабул қилинаверади. Таҳрир ҳайъати аъзолари ҳақида батафсил маълумотлар берилмайди.

Ёлғон журналлар ўзлари (Scopus ва Web of Science маълумотлар базаларида индексланган), таҳрир ҳайъати аъзолари ва импакт фактор ҳақида уйдирма маълумотларни тақдим этади.

 Бунга мисол тариқасида жорий йилнинг 15 июль куни эълон қилинган Халқаро Дания конференцияси асосида илмий мақолалар тўпламига 200 нафарга яқин ўзбекистонликларнинг мақолалари берилган. Улар орасида бир муаллифнинг кетма-кет 4 та мақоласи чиқарилган. Ҳар бир мақоланинг бир саҳифаси учун чоп этиш нархи 120 минг сўм.

 Ўғри журналлар (клоун журналлар) — киберфирибгарлик тури бўлиб, қайсидир бир таниқли нашрнинг нусхаси ҳисоб­ланади. Ушбу нашрлар тезда рўйхатга олинади ва бутун бошли мижозлар алданган бўлиб чиққанида фош бўлади.

Бундан ташқари, телеграм каналларда 1 мақола нархи 65 минг сўм бўлган “ОБРАЗОВАНИЕ И НАУКА В XXI ВЕКЕ” халқаро илмий журнали, махсус акция доирасида ОАК томонидан тан олинадиган базаларда 100 фоиз индексланадиган “ORIENTAL RENAISSANCE: INNOVATIVE, EDUCATIONAL, NATURAL AND SOCIAL SCIENCES” номли миллий журналда 1 мақоланинг бир саҳифаси учун 65 минг сўмлик эълонлар берилмоқда. Айрим илмий журналларда ҳар бир варағи учун 35-55 минг сўмдан олиняпти.

Ҳатто гуруҳ аъзолари учун махсус эълон чиқарилган бўлиб, фойдаланувчилар учун қисқа муддатда танланган соҳа ва мавзу юзасидан мақола тайёрлаш (рес­публика ва халқаро нашрлар)га таклиф бериляпти. Эътиборлиси, мақола барча тилларда ёзилади. Кўрсатилаётган хизматлар орасида сифатли таржима, таҳрирлаш, конференция ва журналларга илмий ишингизни жойлаштириш каби кўп­лаб қулайликлар мавжуд. Якунда эса муаллифга мақолалар эълон қилингани ҳақидаги ранг­­ли сертификат, диплом берилади.

Касални даволашдан кўра унинг олдини 

олган маъқул!

2020 йилда Россия Фанлар академиясининг Илмий тадқиқотларни сохталаштиришни ўрганиш бўйича комиссияси махсус ҳисоботни эълон қилди. Унда асосий эътибор таржима плагиати, ҳаммуаллифликдаги илмий мақолалар нашр этилиши мамлакат академиклари, илмий ҳамжамият ва энди кириб келаётган ёшлар фаолиятига путур етказиши танқид қилинган.

Бундан ташқари, 2013-2017 йиллар давомида Қозоғистон олийгоҳлари сох­­та журналларда мақолалар чиқариш бўйича етакчиликни эгаллаган. Ҳатто бу ҳақда интернет нашрларида “Қозоғистон – “йиртқич журналлар”даги мақолалар бўйича дунёда етакчи” сарлавҳали мақола ҳам чиқарилган эди.

Хўш, Ўзбекистонда айнан бу борада тегишли чоралар кўрил­яптими? Ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши кураш олиб борил­яптими? Бу соҳага алоқадор ташкилотлар орасида Олий таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги биринчи галда жиддий кураш олиб бориш пайти келди.

Бўлмаса илмий соҳага энди кириб келаётган талабалар билиб-билмай интернетдаги турли “шубҳали” нашрларда мақолаларни чоп этишда давом этаверади. Бошқалар учун эса қанча иши осон битса шунча яхши. Бундан кимлар фойда кўради? Албатта, халқимиз эмас, ўртадаги воситачиларнинг чўнтаги пулга тўлади.

Ёшлар эса қўлида муҳри бор, фалон-фалон номлар билан чоп этилган сертификатлар, гувоҳномалар, тўп­ламларга талпинаверади. Бу ҳолатда уларни муттаҳам эмас, жабрланувчига ўхшатаман. 

Бу ҳолат қачонгача давом этади? Аслида масаланинг моҳияти шу нуқтада эмасмикан?

 Абдулазиз МУСАЕВ,

“Ёшлар кундалиги” газетаси шарҳловчиси

(Давоми бор)

Tegishli xabarlar

АЛИШЕР НАВОИЙ “ҒАЗАЛИЁТ ДЕВОНИ”НИНГ ФАКСИМИЛЕ НАШРИ 

admin

О, ЕМАКХОНАЛАР!.. ҚАНИ КУТУБХОНАЛАР?!

admin

Қачон уй оламиз?

admin