ADOLAT 24

ДОНИШМАНДНИНГ ТЎҚСОНИНЧИ  ДОВОНИ

Ақлли одамлар фозил ва донишманд инсонларга эргашиб яшайди. Менинг оддийгина бир ижодкор сифатидаги беқиёс бахтим шундаки, турли йилларда Ибройим Юсупов, Тўлеп­берген Қаипбергенов, Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповдек жаҳонга маълуму машҳур адиб­лар, Собир Камолов, Матёқуб Қўшчонов, Азизхон Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, Убайдулла Уватовдек атоқли алломалар, Қаллибек Камолов, Мадиёр Худойберганов, Олимбой Ражабов, Олимбой Примов, Тўли Маткаримов, Аминбой Тожиев, Аминбой Вафоев, Зокиржон Машрабовдек таниқли давлат ва жамоат арбобларидан дуолар олдим. Айниқса, таваллудининг тўқсонинчи довони устида турган донишманд оқсоқол Зокиржон ҳожи Машрабов билан кейинги йилларда биргаликда бажараётган камтарона ишларимиздан кўнгил тўқ эканини яширмайман. Хўш, ўша ишлардан лоақал биттасини тилга олиб ўтгин, десалар бемалол айта оламан: Қорақалпоғистонда фонд бўлими ҳомийлигида “Бобур билимдонлари” танлови ўтказганимизда шоҳ ва шоир рубоийларининг барчасини ёддан биладиган ўқувчилар борлиги маълум бўлди. Бир ўқувчи Бобур ҳазратларининг олтмишинчи ғазалини ёддан айтаётганида тўхтатиб, раҳмат айтиб, дип­лом ва совғаларни бердик. Бу икки ҳодиса ҳам шунчаки, яъни ҳар куни учрайдиган феноменлар эмас.

Ёрқин хотиралар ҳамиша фикр­лашга, хулоса чиқаришга ундайди. Бундан 40 йил муқаддам Нукуснинг осуда оқшомида атоқли қалмоқ шоири Довуд Қўғултинов(қаймоқли шеърлари учун у киши ва бизларнинг Шукрулло домла китоблари чиқмасдан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлишган)нинг қадриабад дўстлари Ибройим Юсупов, Чингиз Айтматов, Мус­тай Карим ва Расул Ҳамзатов иштирок этган гурунгга мен чой кўтариб кирганимда шундай деган эди: “Мен ҳам азиз дўстим Ибройим­га ўхшаб халқимнинг феъли ҳамда орзулари каби кенг саҳрода яшайман. Бизларни Пушкин “друг степей”, яъни, “саҳро дўс­ти” деб атаган. Саҳрода ўтган ҳар бир йилимни бир довон деб ҳисоблайман. Ҳар довонга кўтарилганимда ортимга бир ўгирилиб қарайман. Ва Аллоҳга шукрона айтаман. Зеро, Барнаул ва Норильск турмаларининг бир тутам қуёш нури йўқ камераларида ётганимда ўз саҳромни роса соғинганман-да. Энди биз тинчлик замони ва донишмандлик довонидамиз. Сен, Расул, Чингиз Тўрақуловичга Байрутдан туриб ёзган шеърингда юз карра ҳақсан: бу заминда нафақат фалас­тинлик ва исроиллик биродарларимиз, балки барча халқлар бир-бирига қўл бериб, юксаклик довонига чиқиши шарт. Шу довонда туриб халқларимизга холис хизмат қилишимиз керак!” 

Узоқ йиллардан буён халқимизга холис хизмат қилиб келаётган донишманд инсон, миллатимизнинг фидоий фарзанди, жаҳонгашта олим, толмас ўлкашунос, атоқли бобуршунос, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди бош­қаруви раиси, геология-минералогия фанлари номзоди, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Зокиржон ҳожи МАШРАБОВ ўзининг тўқсонинчи баҳорини энг эзгу мақсадлар қуршовида қарши олмоқда. 

Тўқсонинчи довон! Зокиржон ота ана шу юксак довондан туриб ўтган йилларига назар солса, киндик қони томган Хакан даҳасида ўтган оппоқ орзуларга бой ва уруш машаққатларига қоришган болалиги, қўлтиғига китоб қистириб гоҳ пиёда, гоҳ отда, гоҳ велосипедда Жалақудуқнинг Кўтармасига қатнаган ўсмирлиги кўз олдига келади. Уруш тугаганидан бир неча йил кейин тандирни тўлдириб нон ёпган онаси Нубувватхоннинг юзидаги мамнунликни эслайди. Ўзи директорлик қилган мактаб ҳовлисида Наврўзнинг бош таомини ўзи ўт ёқиб қайнатган Машрабжон ака Қаландаровнинг терисига сиғмай қувонгани, айнан шу байрам, яъни Абу Райҳон Беруний ва Умар Хайёмдек мутафаккирлар улуғлаган тантанани нишонлагани учун лавозимидан ва фирқа чиптасидан айрилганида ич-ичидан эзилгани, охири андижонлик шоҳ ва шоир Бобур ёшида ёруғ оламни тарк этгани юрагини сизловуқдек сизлатади.

Қирқ йил қирғинбарот бўлса ҳам Азроил фақат пешонасига ажал муҳри босилган банданинг жонини олади. Ўтган аср бошидаги Андижон зилзиласи чоғида 4602 одам ҳалок бўлди, маҳаллий аҳолининг 11 минг кулбаси, чор маъмурларининг 161 биноси вайронага айланди. Оврупо меъморчилиги намуналаридан атиги уч бино – черков, турма ва банк бешикаст қолди. Омади бор экан, хаканлик Қаландар оқсоқолнинг моли ҳам, жони ҳам омон қолди. Моли деганимизнинг боиси зилзила юз берган сана, яъни туманли 3 октябрь тонгида оқсоқолнинг совлиғи икки қўзи туғди. Кейинчалик ўғли Машрабжон туғилганида икки қўчқордан бирини сўйиб, маҳалла-кўйга ош берди. Нашвати ва узум ғарқ пишган кунлар эди. Келганлар “Бобурнома”да мақталган мевалардан тотдилар. Қаландар оқсоқол Андижоннинг обрўли одамларидан бири эди. Тараққийпарвар жамоат арбоби Обиджон Маҳмудов Андижонга келиб: “Бизга илм ҳам, еримиз остида қайнаб ётган қимматбаҳо қорамой ҳам керак. Аммо бу илмни эгаллаши, бу конларни очиши керак бўлган ёшларни далил тарбиялайлик!” деганида шаҳар думаси раиси ўринбосари бўлган бу хушсурат одамнинг рўбарўсида турган эди. Водий жадидлари ҳомийси бўлган бу кишининг сўзлари Қаландар оқсоқолнинг оромини ўғирлади. Бутун кучини ўғли Машрабжонни маърифатпарвар қилишга сарфлади. “Илм ол ва илмлилар билан бирга бўл!” деди Қаландар ота Машрабжон акага. Йиллар ўтиб шўро муаллими бўлган Машрабжон ака бу олтин сўзларни ёш Зокиржонга айт­­ди. Ўғил отанинг сўзини васият деб қабул қилди. 

Тўғри, аввал Романовлар империя­­си, кейин қизил салтанат Туркистоннинг ерусти бойликлари, яъни пахта, пилла, қоракўлга кўз тиккан эди. Айни чоғда беҳисоб ерости бойликларимиз ҳам уларнинг оч назаридан четда эмас эди. Ўрта Осиё давлат университети ташкил топганида унинг биринчи ректори Глеб Черданцев олий ўқув юртида геология ва геодезия таълимини жорий этиш ташаббуси билан чиққан… 

Зокиржон Машрабов 1950 йили ана шу улуғ олимлар ташкил этган геология факультетига ўқишга кирди. Университет ташкил этилганида буюк жадид Мунаввар қори Абдурашидхонов биринчи ректор бўлган эди. Зокиржон таҳсил олган йилларда дорилфунунни атоқли олимлардан Теша Зоҳидов ва Тошмуҳаммад Саримсоқовлар бошқарди. Ёш толиб геология, геофизика, литология асосларини қунт билан ўрганди. Талабалик давридаёқ улкан олимлар, шу жумладан, атоқли олим Олег Александрович Рижковнинг назарига тушди. Дунёнинг ишлари қизиқ: олис Смоленск губерниясининг Дубровка деган қиш­лоғида туғилиб, қисмат қуюни билан Туркистонга келган Олег Рижковга айнан буюк Ғалаба мақсадлари учун “қора олтин” сув билан ҳаводек зарур бўлганида Андижон заминидан “Жанубий Оламушук”, “Полвонтош” нефть конларини кашф қилади. 1949 йили у Ўзбекис­тон ФА Геология институтида номзодлик, 1959 йили докторлик диссертацияларини ёқлайди. Олег Александрович Зокиржонга “Мен сени бинойидек геолог олим қиламан!” деди ва сўзининг устидан чиқди. У нафақат З.Машрабов, балки Р.Ибрагимов, В.Шейн, А.Умаров, К.Эргашев, Ш.Йўлдошевларни соҳанинг етакчи олимларига айлантирди.

– Мен миллатимизнинг буюк фарзанди, жаҳон геология фанининг чинорларидан бири, замонамизнинг забардаст алломаси бўлган Ҳабиб Абдуллаевдан рўшнолик кўрган одамман, – дейди Зокиржон ака Машрабов. – Аспирант чоғимда илмий даргоҳ етакчиси, улкан олим Иброҳим Ҳамробоев Ҳабиб Муҳаммедовичнинг ҳузурига юборган. Ҳабиб ака бошпанам йўқлигини эшитиб, дарҳол академик Обид Акрамхўжаевга қўнғироқ қилиб, “Шота Руставели кўчасида олимлар учун қурилган уйдан бир квартираси Зокиржон Машрабовга беринг. Ёш олим. Келгусида эл юкининг бир учини бақувват елкасига олса ажаб эмас!” деди. Собиқ иттифоқ геологиясининг отахонларидан бири шоирона айтган гап­лар ҳамон эсимдан чиқмайди. Ҳабиб Муҳаммедовичнинг ҳузуридан темир қанот боғлаб чиққан ўша дақиқадан бош­лаб шу кунгача имконим етгунча эл юкининг бир учини, балки у бир заррадир, елкамга беминнат олиб келяпман. Баҳоли қуд­рат юртга хизмат қиляп­ман. Ҳозир мана, тўқсон ёшимда ҳам китоб ўқийман, китоб ёзаман, нодир китоб­ларни излайман, бор имкониятимни яхши китоблар чиқаришга қаратаман. Китобга муҳаббат менга ажойиб инсон Обид Акрамхўжаевдан юққан!

Хўш, Зокиржон Машрабовни ўнлаб улуғ алломаларимизнинг нурли изларини, китобу қўлёзмаларини ахтариб, сўнгги манзилларини тавоф айлаб, обод қилиб, Ер сайёрасининг тенг ярмини айланиб чиқишга даъват қилган нима? Бу юртга бўлган меҳру муҳаббат, унинг буюклигига бўлган эътиқоддир. Қолаверса, отаси бир марта “Ўзга юртда подшоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўлган яхши экан. Бобурдай шоир қаерда бор? Ҳукмдор бўлгани, яъни темурийлар сулоласини яна уч аср давом қилдиргани унинг айбими? Чўлпонни отсалар, Бобурни тақиқласалар, қандай замон бўлди бу?!” деб надомат чеккан эди. Қолаверса, академик Иброҳим Мўминов Андижонга келганида “Ўн улуғ алломамиз бўлса тўққизининг ҳоки юртдан олисда ётибди. Қаерга қарасанг, Калинин билан Куйбишевнинг ҳайкали. Наҳотки Бобур Мирзонинг киндик қони томган тупроқда унга бир ҳайкал ўртана олмасак!” деган эди. Шу-шу Зокиржон Машрабов Андижонда Бобур ҳайкалини ўрнатиш иштиёқи билан ёнди. Вилоят пахта тайёрлаш трес­ти бошқарувчиси бўлганида бунга молиявий манбалар ҳам бор эди. Аммо онаси “Болам! Шу ишинг менга ёқмаяпти. Отанг оқ пахтадан йироқ бўлиш керак, дер эди. Кўнглим тинч эмас!” дейишдан тўхтамади. Охири Андижон шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимига чорлашганида рози бўлди. Онанинг кўнгли бир нарсани сезган экан: тез орада “Пахта иши” очилиб, қорақалпоғистонлик дўсти Отаулло Худойберганов, хоразмлик ҳамкасби Комилжон Авезов ҳибсга олинди. Ўзбекистон Пахта тозалаш саноати вазири, асли андижонлик Ваҳобжон Усмонов отилди. Зокиржон ака Отаулло ва Комил Авазнинг изидан Москвага борди, далда берди. Аммо улар кўп азоб кўрдилар. Бу ҳақда Комил Аваз “Қўналға” романида батафсил ёзди. Зокиржон ака ўша йиллари Бобур Мирзонинг маҳобатли ҳайкалини СССР Бадиий академияси академиги, Меҳнат Қаҳрамони Лев Ефимович Кербелга ишлаттириб, Митишчи шаҳридаги заводда бронзадан қуйдириб келди. Бу ўша давр учун жасорат эди.

Буюк шоир, адолатли шоҳ, қомусий аллома, истеъдодли саркарда, улкан тарихчи, атоқли адабиётшунос, иқтидорли тилшунос, қобилиятли географ, таниқли таржимон, йирик фикҳ олими Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг беқиёс ғазаллари, бетакрор рубоийлари, энциклопедик мақомга эга “Бобурнома”, фикҳшуносликда нуфузли мавқега эга “Мубаййин”, ғазалиёт назариясига оид “Аруз” асарлари, Хожа Аҳрорнинг “Рисолаи волидийа” асари таржимаси ва бошқа қатор ноёб битиклари наинки ўзбек мумтоз адабиёти, академик фани, балки жаҳон бадииятининг юксак намуналари сифатида тан олинмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур лирикаси, “Бобурнома” ва унинг бошқа асарларини ўрганишда йигирманчи аср ўзбек адабиётшунослиги муҳим қадамлар қўйди. Шу ўринда буюк шоир, улуғ адиб, атоқли олимнинг толмас тадқиқотчиларидан П.Шамсиев, В.Абдуллаев, В.Зоҳидов, Ойбек, Ғ.Ғулом, М.Шайхзода, А.Қаюмов, С.Азимжонова, С.Ғаниева, С.Ҳасанов, С.Жалилов, Ҳ.Болтабоев, Ҳ.Қудратуллаев, З.Машрабов, Р.Шамсутдинов, С.Шокаримов, Ш.Рус­тамхўжаев, А.Мадраимов, С.Олим, Э.Очилов, Қ.Эргашев, О.Жўрабоев, В.Раҳмон, К.Муллахўжаева, Б.Ражабова ва бош­қалар баракали ишларни уддаладилар. Хорижлик олимлардан япония­лик Эйжи Мано, ҳиндистонлик Қамар Райис, туркиялик Билол Южел, озарбайжонлик Алмаз Улви, афғонис­тонлик Абдулла Руйин, россиялик Анна Дибо, америкалик Уилер Текстон ва бошқалар ҳам бобуршуносликда янги қўриқлар очмоқдалар.

Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги буюк Бобур меросини ўрганиш учун дарвозаларни янада кенг очди. Хусусан, Андижонда очеркимиз қаҳрамони Зокиржон Машрабов раҳнамолигида таъсис этилган ва тўлақонли фаолият олиб бораётган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди кенг қамровли ҳаракатнинг чинакам карвонбошисига айланди. Фонд фаолияти давлатимиз раҳбари томонидан изчил қўллаб-қувватланмоқда.

З.Машрабов раҳнамолигидаги халқ­аро илмий экспедиция ўтган давр ичида жаҳоннинг 30 га яқин мамлакатларига сафарлар уюштириб, шоҳ ва шоир ҳаёти, ижоди, адабий мероси билан боғлиқ мислсиз ишларни уддалади. 400 минг километрдан ортиқ йўл босилди. Сафарлар чоғида нафақат Бобур Мирзо, балки она заминимизнинг фахру ифтихорига айланган Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Деҳлавий, Лутфий, Жомий, Навоий, Беҳзод, Али Қушчи, Хондамир, Машраб, Мирзо Ҳайдар ва бошқа буюк зотларнинг илмий, адабий мероси изланди, сўнгги манзиллари зиёрат қилинди, имкони борлари таъмирланди.

Илмий экспедиция ўз сафарларидан юзлаб ноёб қўлёзмалар, нодир китоблар, бетакрор осори атиқалар билан қайтди. Халқаро фонд Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийларга оид кенг кўламли ноширлик ишларини бажармоқда. “Бобур энциклопедияси” чоп этилиб, унинг тўлдирилган иккинчи ва учинчи нашрлари қайта босилди. РФ академияси академиги А.Дибо ва атоқли олим Ш.Рустамхўжаев саъй-ҳаракатлари билан “Бобур ва бобурийлар” библиографияси нашрдан чиқди. Фонд раҳбарияти Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, “Мубаййин”, Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, ўз адибларимиз ва хорижлик муаллифларнинг ўттиздан ортиқ янги асарлари, романлари, монографияларининг чоп этилишига ҳомийлик қилди. “Бобур ва дунё” журнали таъсис этилди. Унинг муштарийлари сони ой сайин ошиб бормоқда. Электрон нашрларда ҳам Бобур ва бобурийлар ҳақида ўнлаб асарлар, юзлаб мақолалар берилмоқда. Жаҳон донишмандларидан бири деб ҳисобланган буюк шоир ва беқиёс олим меросини янада кўпроқ одамлар ўқимоқда.

Зокиржон Машрабов Абу Райҳон Беруний илмий меросининг ҳам толмас тарғиботчисидир. Берунийнинг у пайт­лари географияда унча маълум бўлмаган шимолий ўлкалар, Болтиқ ва Оқ денгиз, Сибирь, Хитой ва Тибетга туташ ўлкаларни тўла ва аниқ тасвирлагани, Птолемейга қарама-қарши Атлантика ва Ҳинд океанларининг жанубий томони бир-бирига туташганлигини исботлаб берганига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Истиқлол Берунийнинг бой илмий меросини Ўзбекистон ва хорижда чуқур ўрганишга кенг йўл очиб берди. Унинг асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк ва бошқа тилларга таржима қилинмоқда. Ҳаёти ва ижоди тўғрисида бадиий асарлар, фильмлар яратилмоқда. Буюк аллома оламдан ўтганидан 949 йил кейин, яъни 1997 йилнинг 17 декаб­рида истиқлол шарофати билан Ғазнадаги қабридан алломанинг рамзий ҳоки Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва Зокиржон Машрабовнинг жасоратли заҳматлари орқали хориждан қомусий аллома туғилган шаҳри Кот тупроғига келтирилди. Жамоатчилик фикри ҳисобга олиниб, туманда “Беруний авлодлари” жамғармаси тузилди. Абу Райҳон Беруний илмий меросини тарғиб этиш, алломанинг номини улуғлаш борасидаги ибратли хизматлари эвазига академик Азиз Қаю­мов ва таниқли қадимшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниёзов билан бирга Зокиржон Машрабов жамғарманинг олтин медали билан мукофотланди. Эндиликда Абу Райҳон Берунийнинг киндик қони томган жойдаги музей-мажмуасини замонавий лойиҳа асосида барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шу билан бирга, у ерда халқаро Абу Райҳон Беруний илмий маркази тузилса, “Абу Райҳон Беруний” энцик­лопедияси чоп этилса, аллома асарлари кўп минглик ададда, янги имлода нашр этилиб, барча олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, мактаб­ларга, кенг китобхонлар оммасига тарқатилса, нур устига аъло нур бўлур эди. Бу ишларда 357 гектарлик чин мўъжиза Боғи Бобурни бунёд этган, ажойиб ишларга бош-қош бўлаётган Зокиржон ака Машрабов яқиндан қўлқанот бўлишига ишонамиз. Яқинда у “Келинг, тез кунлар ичида Қорақалпоғис­тонда “Беруний ва Бобур” илмий анжуманини ўтказайлик!” деди. Фидоий инсон доимо янги ғоялар билан яшайди. Фонд ташкил этилганига 30 йил, атоқли жамоат арбоби таваллудига 90 йил тўлмоқда. Бу ҳақда ўйлар эканман, россиялик оддий бир китобхон, адабиёт ва тарих фанлари мухлиси Татьяна Петрованинг 2020 йилнинг 28 февраль куни кечқурун Москвадан менга қўнғироқ қилиб айтган ушбу сўзлари ёдимга тушди:

– Тарихчи дугонам мени эрталаб Никитский хиёбонига, давлат Шарқ музейи­­га бошлаб борди. М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари тарихи институти ташкил этган илмий анжуман шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий меросига бағиш­ланган экан. Анжуманда олимлардан ташқари Ўзбекистон ва Афғонистон Рес­публикаларининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари ҳам бор эди. Олимларнинг маърузаларини тингладим. Улар орасида сизлардаги Бобур фондининг раҳбари З.Машрабов деган кишининг сўзларини эшитдим. Фикрларини қисқа, лўнда ифодалар экан. У кишининг маърузаси пайти дугонам ўз илмий мақоласидаги “Буюк Мўғуллар империяси” деган сўзни кўз ўнггимда “Буюк Бобурийлар империяси” деб ўзгартирди. “Нега бундай қилдинг?” десам, “Аллақачон бу ишни қилишимиз керак эди. Ўзбекистонликлар бизларнинг алломаларимизга чуқур ҳурмат билан қарайди!” деб менга бир матн узатди. Матн анжуманда сўзга чиққан филология фанлари доктори, профессор Ҳ.Бол­табоевники бўлиб, улуғ олимимиз Н.Добролюбовнинг Бобур ва бобурийлар ҳақидаги асарларини таҳлил қилган экан. Жаноб З.Маш­рабовнинг маърузаси менда катта таассурот қолдирди. Ул зотни кўрсангиз, айтинг, бундай одамлар юз йилда бир марта туғилади ва улар, албатта, юз йил умр кўриш­лари керак!” 

Зокиржон аканинг Москвадаги бобуршунослик анжуманида ёрқин нутқ сўзлагани рост. Осиё ва Африка мамлакатлари институти директори И.Абулғозиев бу анжуманни бебаҳо ва бетакрор деб атабди. Энди бизга замонамизнинг забардаст инсони Зокиржон Машрабовга Аллоҳдан янада узоқроқ умр, 30 йиллиги нишонланаётган фондимиз ишига ривож тилаш қолди, холос! 

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

«МАРД ЎҒЛОН» ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Аёлларга эътибор — келажакка эътибор

admin

Ноёб иқтидор эгаси Шоҳруҳ Суюнов: “Уддалаб бўлмасдек туюлган ишларни бажаришни ёқтираман”

admin