Бухоролик сухандон дўстларимиз Руқиябону ва Бобомурод Эшшиев таклифига кўра бир гуруҳ наманганликлар – халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг опаси Гулчеҳра Турдиқулова, ҳофиз Абдунаби Мамажонов, ижод аҳлининг жонкуяр тарғиботчиси Аъзамжон ҳожи Мамажонов, у кишининг қизи Насибахон ва камина Бухорои шарифга ижодий сафар қилдик. Сафаримизнинг дастлабки куни таваллудининг 75 йиллиги нишонланаётган шоир ва таржимон, адабиётшунос олим Тилак Жўра хонадонига ташриф буюрдик. Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф каби Тилак Жўра ҳам ўзидан ёрқин из қолдириб, 47 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга кетганлардан бири…

Сайёд қишлоғининг яшил далаларига, ундан нарёғи бепоён чўлларга туташиб кетган очиқ осмон остидаги Тилак Жўра хонадонида бизларни марҳум шоирнинг турмуш ўртоғи Кумуш биби ва унинг фарзандлари кутиб олишди. Йўлакда Гулчеҳра опа ва Кумуш биби худди узоқ вақт кўришмаган опа-сингиллардай бир-бириларини соғинчдан куйган бағирларига босишди. Жондан азиз укасидан айрилган Гулчеҳра ва севимли ёрини эрта йўқотган Кумуш опанинг кўзларидан шашқатор бўлиб оққан ҳасрат ёшлари бир-бирига уйқашиб кетди.

Кумуш биби шу қадар вафодор, шу қадар соддадил эканки, Тилак Жўрасидан айрилиб қолганига ҳали ҳам ишонмайди. Эридан қолган улкан бисотни кунботар томондаги торгина уйчада йигирма саккиз йилдан бери кўз қорачуғидай асраб келмоқда экан. Бу бисотда шоирнинг оммага етиб бормаган талайгина илмий ишлари, шеърлари, таржималари тахланиб ётибди. Куюнчак ўғли Орифжон ҳаммасини кўз ўнгимизга келтириб қўйди. Қўли калта бўлгани учун уларни чоп эттиришга кучи, қурби етмаётганини очиқ айтди. Қани энди сахий, савобталаб, шоирнинг мероси қадрини билган маънавий бой киши бўлса-ю, кўпчиликнинг бошини қовуштириб, шу ҳовлида Тилак Жўранинг уй-музейни қуриб берса, деган ўй-хаёлларга бордик. Чунки оила аҳлининг айтишича, шоирни хотирлаб хориждан, мамлакатимизнинг турли гўшаларидан унинг ихлосмандлари келиб турар экан. Шундай машҳур шоири бор элнинг ҳотамтойлари ҳам бор, албатта. Кумуш опа ва фарзандлари, ўндан зиёд набираларига армон бўлиб келаётган бу орзу вақт келиб амалга ошишидан умидвор бўлдик. Чунки миллат дардини, қайғусини елкасида кўтарган, қабоҳат ваҳмини, қаноат заҳмини ўз кўзи билан кўрган, шеърга солган Тилак Жўранинг ҳурматини ўз ўрнига қўйиш ҳаммамизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Қоркўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров билан учрашган чоғимизда фикрларимизни ўртага ташладик. Ҳоким бу эзгу ишга киришилгани, туман марказида шоирнинг уй-музейини барпо этиш устида саъй-ҳаракат бошланганлигини айтди.
«Агар одамзод наслидан фаришта чиқса, шу бизнинг Тилак Жўра фаришта бўлса керак. Э, бунинг ҳалимлиги… Э бунинг кулишлари…», деб таъриф берганди Тилак Жўрага бир пайтлар устози, профессор Ғайбулла ас-Салом.
«Шоир Тилак Жўра шеърлари ўзидай содда ва мазмунли эди, ёзгани ҳамон тоза, ҳамон юракка яқин», деб ёзганди мунаққид Нажмиддин Комилов.
Биз сафаримиз давомида қадим Бухоронинг минорлари, арки, мадрасалари, улуғ боболаримиз абадий қўним топган манзилларида бўлдик. Ҳовузларидан сув ичдик. Навқирон Бухоронинг кўркам шаҳар ва қишлоқларини сайр қилдик, қалби дарё кишилар хонадонларида меҳмон бўлиб, неъматларидан татиб кўрдик. Машҳур курашчи Турсун полвон сулоласи мажмуасида бўлиб, ўн бир карра халқаро турнир ғолиби бўлган Нурмуҳаммад отанинг суҳбатини олдик. Шофиркон, Олот ва қоракўллик шоир ва ёзувчилар Юсуф Рўзи, Бобоқул Усмон, Карим Зулфиқор, Алишер Обиджон, Абдунаби Ҳамро, Ғофиржон Қурбонов, Комилжон Ҳайитов, Жўра Ҳамроев кабилар билан шеърхонлик қилдик, дилдан суҳбатлашдик. Давраларда Тилак Жўра ва Муҳаммад Юсуфнинг шеърларидан намуналар ўқилди, куй-қўшиқлар янгради.


Хуллас, Бухородан бир олам таассуротлар билан қайтдик. Хайрлашиш онларида адабий, маърифий алоқаларни давом эттириш, биргаликда маданият кунларини ўтказишга келишиб олдик.
Муҳиддин ОМАД,
Косонсой тумани