ADOLAT 24

МЕҲР ВА МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ

Меҳнат ва ҳаёт тажрибамга таяниб айта оламанки, Танг­­ри таоло суйган бандасига муносиб илм ва ҳунар билан бирга, уларни юзага чиқариб, эл-юртга наф етказиши учун истеъдод, куч-ғайрат, сабр-тоқат ва масъулият, ўз ишига меҳр ва садоқат туйғуларини ҳам ато этар экан. Агар шуларнинг биронтаси бўлмаса, олинган билим, ўрганилган касб-ҳунар қумга синг­ган томчидек, вақт синовига дош беролмасдан, йўқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Айнан ўз касбига бўлган меҳр ва садоқат, ўз ишига нисбатан масъулият ҳисси инсонни бир умр ўқиб-изланишга, ҳар қандай қийинчиликка чидаб, бугун – кечагидан, эртага бугунгидан кўра яхшироқ ишлашга ундайди. Ана шундай эътиқод билан яшайдиган ҳар қандай касб эгаси учун меҳнат қандайдир машаққат манбаи эмас, балки ҳаётини безайдиган, ишига, умрига барака берадиган неъматга айланади. 

Бизнинг касб соҳамиз – журналистика оламида ҳам бор билим ва маҳорати, истеъдоди, бутун ҳаётини миллий матбуотимиз ривожига бағиш­лаган, ўз ишининг чинакам устаси бўлган қаламкашларнинг борлиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Одатда бизнинг қавм – журналист аҳли турли касб эгалари ҳақида таърифу тавсифни аямасдан, кўпу хўп ёзади ва тўғри қилади. Жамиятимизда ёзганларимиздан ибрат олиб, яхшилар кўпайса, ёмонлар эса, ўз қилмишларидан уялиб, инсофга келса, бундан, албатта, ҳамма наф кўради. Ёзганларимиз сабаб “соя”да қолиб келаётган меҳнаткаш, камтарин ва олижаноб инсонлар эл-юрт назарига тушади. 

Афсуски, ёзарманларнинг ўзи “парда ортида” қолиб кетадиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳам, бир ҳисобдан, табиий, деб ўйлайман. Чунки оқни – оқ, қорани – қора дегани учун болага ҳеч ким раҳмат, демайди-ку!

Бошқача айтганда, журналист касбининг заҳматини билган – билади, билмаган – билмайди. Муҳаммад Фузулий ҳазратлари айтганларидек, шифои васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр…

Шу сабаб ўз ҳаётининг маъно-мазмуни, қувончи ва бахтини журналис­тикадек серзаҳмат соҳада деб билган фидойи ҳамкасбларимиз ҳақида фақат касб байрами ёки юбилей кунлари эмас, ҳар доим эслаб, бир-биримизни рағбатлантириб туриш биз – “ҳажр ила бемор ўланлар” учун ҳам қарз, ҳам фарздир.  

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг “ижод цехи”да биргаликда ишлашган ҳурматли ҳамкасбим, таниқли журналист, моҳир муҳаррир, меҳнаткаш ва камтарин инсон Анна Иванова ҳақида ушбу мақолани иншо қилмоққа киришар эканман, ушбу касбнинг заҳмати, машаққати ва масъулиятини яна бир бор чуқур ҳис этдим. 

Бундан роппа-роса олтмиш йил олдин Тошкент шаҳрининг Чилонзор даҳасида, зиёлилар оиласида туғилган Аннахон журналистлик орзуси кўнг­лига тушиб, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети (собиқ ТошДУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олади. Олий маълумотли журналист дипломига эга бўлган нозик-ниҳол қизалоқ ўша пайтда республиканинг энг нуфузли расмий ахборот муассасаси бўлган ЎзТАГ ташкилотига ишга келади. Турган гапки, бундай нуфузли идорага ҳар кимни ҳам ишга олишавермас эди. Аён бўладики, Анна Иванова талабалик давридаёқ ўзининг оғир-вазминлиги, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга жиддий ва масъулият билан муносабатда бўлиши, уларни ёритишдаги тезкорлиги, аниқ ва қисқа ифода услубига эга экани, тиришқоқлиги ва изланувчанлиги билан сабоқдошлари орасида алоҳида ажралиб турган. Ёш журналистнинг кейинги қизғин фаолияти буларнинг барчаси унга хос қатъий фазилатлар эканини кўрсатди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, Анна Иванова иш олиб бораётган агентлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА сифатида қайта ташкил этилгач, жонкуяр ҳамкасбимиз фаолиятида мутлақо янги давр бош­ланди, десак, муболаға бўлмайди. У кунларни тунларга, тунларни тонг­ларга улаб ишлашдан завқ олар, ҳориб-чарчаганига қарамасдан, янги топшириқни эшитиб, ҳеч қачон оғринмас эди. Ишга эрта келиб, кеч кетадиган бундай ҳамкасбимизни бутун меҳнат жамоамиз – бош директордан тортиб, оддий мусаҳҳиҳ ва ҳарф терувчиларгача ҳурмат қилар, уни агентликнинг фахри деб биларди.

“Аннанинг куч-ғайратга, сўзларни ҳис этиш қобилияти, ифода услубига қойил қоламан! – дерди кўпни кўрган оқсоқол журналистларимиз. – Мақолани қўшиқдек силлиқ ва равон қилиб ёзади, ўқиб яйраб кетасиз!” 

Яна у ҳақда гап кетса, “зарур ахборот ёки маълумотни олиш учун ҳар қандай эшикни очиб, ҳар қандай одамнинг кўнглига йўл топа олади”, “бу зукко опамиз учун ёзилмайдиган мавзунинг ўзи йўқ”, “ҳар қандай муаммони ҳам йўлини топиб, ўқувчига етказа олади” деган фикрлар, таърифу тавсифлар айтилганини кўп эшитганман.

Ватанимиз истиқлолга эришган дастлабки йилларда, бозор иқтисодиёти сари йўл тутилиб, жамиятда ўтиш даври қийинчликлари бошлангач, босар-тусарини билмасдан, бошини ҳар ёққа урганлар ҳам бўлди. Юриш-туриши омонат одамларнинг баъзилари – Ғарб, айримлари – Шарқ, яна кимлардир Шимол сари юзланди. Нима ҳам дердик, эркинлик шабадалари эса бошлагач, ҳар ким кўнглига сиққанини қилади-да!

Лекин ҳамма ҳам кўклам ҳавосидек беқарор эмас. Ҳар қандай моддий бойлик ва неъматдан ҳам ўзининг касби, халқи ва Ватани олдидаги бурчи ва масъулиятини баланд қўядиган, ўз аҳди, мавқеи ва субутида содиқ турадиганлар ҳам бор. Бунга Анна Иванованинг ўша пайт­даги танлови яққол мисол бўла олади. У турли ҳою ҳавас ва қутқуларга учмади. Ўша-ўша ўқувчилари билган, эл билган Анна Иванова бўлиб қолди. Узоқ-яқиндаги баъзи йирик нашриёт ва таҳририятлардан ваъда қилинган дурустгина лавозим, мўмайгина маош, қулайгина уй-жой ҳам унинг қарорини ўзгартира олмади. Профессионал журналист ва муҳаррир сифатида шакл­лантирган қадрдон даргоҳи – ЎзАдаги мўъжазгина хонасини, одмигина курсисини ҳеч қандай бойликка алмаштирмади.

Бугун катта ёшдаги қалам аҳли ҳақида гап очилса, бир фикрни боз таъкидлаш адолатдан бўлади, деб ўйлайман. Бу авлод вакиллари мус­тақил Ватанимизнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, халқаро ахборот майдонидаги нуфузини юксалтириш, истиқлолимизнинг мафкуравий, ғоявий асосларини мустаҳкамлашдек шарафли ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ижодкорлардир. Анна Иванова – ана шу қавмнинг энг муносиб ва ёрқин вакилларидан биридир. 

Албатта, ЎзАда ишлаган кезларимиз биз, “инжиқ” муҳаррирларга, Анна Иванованинг материалларини ўқиш ёқарди. Ҳамиша тандирдан энди узилган нондек тансиқ ва ўқишли бўларди. Бир нафасда ўқилади ва таржима қилинади, газеталар “кўзига суртиб” чоп этади, теле-радиоканаллар эфирини тўлдиради. Баландпарвоз гаплардан узоқ, қисқа, лўнда, пишиқ-пухта, ишонч­­ли ёзилади. Изоҳу саволга, таҳрирга ҳеч қачон эҳтиёж бўлмайди. Икки оёғи бир этикка тиқилиб турганида муҳаррир зоти учун бундай материал – жоннинг роҳати эмасми? 

Кутилмаган сафарлар, долзарбдан-долзарб мақолалар, репортажлар, интервьюлар эса ахборот агентлиги фаолиятига хос қайноқ, лекин одатий жараён. Хос мухбирларнинг сафар халтаси доим тайёр туради. 

“Эртага – фалон жойда муҳим тадбир. Ким боради?” деб гап бош­ласангиз, айрим йигитлар нигоҳи билан ер чиза бошлайди. Европа мамлакатларига хизмат сафари ёки сайру саёҳат эмас-да. Расмий тадбир. Тоғдек масъулияти, юки бор. Шунда биз нозиккина, ойнаги қалингина, камсуқум ҳамкасбимизга қараймиз: “Сиз нима дейсиз, Анна Витальевна?” “Бош устига!”

Бу зиёли оилада туғилиб камол топ­ган Аннаннинг ҳалимлигию юввош­лигидан эмас, яхши тарбия олганидан, меҳридан. Ўз касб-корига, она Ватани – Ўзбекистонга муҳаббатидан. 

Агентликда у қарийб ўттиз йил давомида тузук-қуруқ таътилга чиқиб, эл қатори дам олганини эслай олмайман. Қачон қарасангиз, куйиб-пишиб, елиб-югу­риб юрганини кўрасиз. “Фанлар академиясига интервьюни тасдиқлатиш учун боргандим, зўр гаплар бор!”

Яна бир гал сўрасангиз, бемор онасига камёб дори тополганидан севинчи ичига сиғмаётган бўлади. Шунда унинг аёл киши экани, оиласи, рўзғори, турмуш ўртоғи, бола-чақаси, кексайиб қолган волидаси борлигини ва бу борадаги ташвиш ва муаммоларни ҳам матонат билан енгиб, ибратли уй бекаси, меҳрибон фарзанд, ғамхўр она сифатидаги бурчини ҳам сидқидилдан адо этишга вақт ва имкон топиб келаётганини ўйлаб, ушбу ҳамкасбимизга яна бир бор тан берамиз.

Аннахон ҳар бир ишни меҳр, эътибор ва масъулият билан бажаради. Каттаю кичик, расмий ёки норасмий ҳар бир материал ва ахборотни қалб қўрини бериб ёзади. Камоли диққат билан таҳрир қилади. Оҳори кетмаган жумла ва ибораларни топади. Т­оп­ганида, азбаройи қувонганидан кўзларига ёш ҳам қалқийди.

“Барака топсин, чин дилдан ишлайди”, дейишади ҳамкасблари у ҳақда.

“Мен, албатта, ўзбек тилининг билимдони эмасман, – дейди баъзан Анна Витальевна. – Лекин, назаримда, фалон мақоланинг фалон бетидаги “сурат” сўзи жойига тушмаганга ўхшайди. Сурат эмас, суръат юксалади, тўғрими?”

Яна бир ойдинлик: Анна Иванова миллий журналистика соҳасидаги барча йирик танловларнинг ғолибаси: “Энг фаол журналист”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Олтин қалам”. Нуфузли давлат мукофотларининг – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, “Шуҳрат” медали соҳибаси. 

Куни кеча эса давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мукофотланган соҳа ходимлари қаторида жонкуяр касбдошимиз, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган Анна Иванова ҳам борлигини кўриб, жуда қувондик. Меҳнатга яраша рағбат деганлари шу-да, муборак бўлсин!

Қулман ОЧИЛ

Tegishli xabarlar

Муштарийлар билан ҳамкорлик керак

admin

МАКТАБ — ЭНГ УЛУҒ ИМОРАТ

admin

“Обод”дан шўрланиш чекинди

admin