ADOLAT 24

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР – фуқаролик жамиятининг муҳим элементи 

Фуқаролик жамиятининг кўлами жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига таъсир этиш имконига эга бўлган фаол фуқаролар улуши билан изоҳланади. Ҳар қандай мураккаб тузилган жамиятда, албатта, фуқароларнинг давлат билан муносабатларини бевосита ифодаловчи маълум бир механизм мавжуд бўлади. Шубҳасиз, улар орасида сиёсий партиялар муҳим ўринни эгаллайди.

Партиялар жамият сиёсий тизимининг муҳим унсури (элементи) ҳисобланади. Улар ўзаро рақобат қиладиган сиёсий курслар соҳиблари бўлиб, муайян ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари, эҳтиёжлари ва мақсадларини акс эттирувчи фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида ҳам “Ҳар ким ўз давлатини бошқаришда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга”, деб таъкидлангани бежиз эмас.

Миллий сайлов қонунчилигимизда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Бу партияларга катта ҳуқуқ ва имкониятлар беради ва улкан масъ­улият юклайди.

Жаҳоннинг турли ривожланган давлатлари қонунчилиги ва, айниқса, конституцияларида сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.

Жумладан, Германия Конституциясининг 21-моддасида қуйи­дагича келтирилган: “Партиялар халқнинг сиёсий иродасини шакл­лантиришга ёрдам беради. Улар эркин шаклланади. Уларнинг ички ташкилоти демократик тамойилларга мос келиши керак. Улар ўз маб­лағлари манбалари ва улардан фойдаланиш, шунинг­дек, мулклари тўғрисида давлат ҳисобини тақдим этиш­лари керак.

Ўз мақсадлари ёки тарафдорларининг хатти-ҳаракати билан эркин демократик тартиб асосларига зарар етказиш ёки йўқ қилишга интилаётган ёки Германия Федератив Республикасининг мавжудлигини хавф остига қўядиган партиялар конс­титуцияга зиддир”.

Швейцария Конфедерациясининг федерал Конс­титуциясида эса сиёсий партиялар халқ фик­ри ва иродасини шакллантиришда иштирок этиши, муҳим актлар ва катта аҳамиятга эга бўлган бошқа лойи­ҳаларни тайёрлашда, шунингдек, муҳим халқаро ҳуқуқий шартномаларни тузишда ўз позицияларини билдиришга таклиф этилиши белгилаб қўйилган.

Испания Қироллиги Конституциясининг 6-моддасида: “сиёсий партиялар сиёсий плюрализм принципига мувофиқ халқ иродасини шакллантириш ва ифодалашга ҳисса қўшади ва сиёсий иштирок этишнинг асосий қуроли ҳисобланади. Уларнинг ташкил этилиши ва фаолияти Конституция ва қонунларга риоя қилган ҳолда эркиндир. Уларнинг ички тузилиши ва фаолияти демократик бўлиши керак”, деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Конституцияси амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ёнма-ён бориши келгусидаги стратегияларни белгилашда алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли Конс­титуцияни такомиллаштириш борасида мамлакатимизда Конс­титуциявий комиссия ўз фаолиятини олиб бормоқда ҳамда кўпчилик фуқароларимиз ўзларининг фуқаролик позицияларини намоён этиб, Бош қомусимизга ўзларининг таклифларини бермоқдалар.

Сўнгги йилларда амалга оширилган сиёсий ислоҳотлар ҳамда кўп­лаб ривожланган мамлакатларнинг сиёсий партиялар фаолияти борасидаги тажрибаларини таҳлил қилган ҳолда Конституция­мизнинг 56-моддасини қўйидаги таҳрирда баён этишни таклиф қиламан: “Ҳар бир фуқаро ўз манфаатлари ва қизиқишларини рўёбга чиқариш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотларини тузиш ҳамда уларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти эркиндир, ҳеч кимни нодав­лат нотижорат ташкилотларига киришга ёки чиқишга мажбурлаш мумкин эмас.

Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари нодавлат нотижорат ташкилотлари деб эътироф этилади. Фақатгина сиёсий партиялар ўз вакиллари орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”.

Нодира РАСУЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги 

университети доценти

Tegishli xabarlar

“Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун”

admin

Менинг кимлигимни эл билса бўлди

admin

Халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқий мақоми

admin