ADOLAT 24

КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ ХАЛҚАРО НОРМАЛАР БИЛАН БОЙИТИЛИШИ адолатга хизмат қилади

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни таъминлаш билан боғлиқ мавзу ва ушбу йўналишдаги қонунчилик доимо давлат, жамият ва жамоатчилик вакилларининг диққат марказида бўлиб келган. Таъкид­лаш жоизки, инсон ҳуқуқларига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти шахс эркинлиги, фуқаролар тенглиги, шахс дахлсизлиги, хусусий мулк, сайлов,  инсоннинг меҳнат қилиш, дам олиш, ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқлари, шунингдек, инсонларнинг тинч яшаш, соф ва тоза атроф муҳитга эга бўлиш, ахборот олиш каби ҳуқуқлари билан узвий боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Конс­­титуциясининг инсон ҳуқуқларига оид янги авлод қонунлари  тизимидан муносиб ўрин олганлиги, халқаро андозаларга мос бўлган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларнинг унда ўз ифодасини топ­ганлиги, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиё­сатининг устувор йўналиш­лари кесимида эришган барча ютуқларимизнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилаётганлигини эътироф этган ҳолда, бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги кенг кўламли вазифалар, хусусан, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, унинг қадр-қимматини улуғлашдек олижаноб мақсадларга эришиш баробарида жамиятимиз ҳуқуқий асосини белгиловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш зарурати кун тартибига қўйил­­ди..  

Хусусан, Конституциямизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурч­лари” деб номланган иккинчи бўлимида шахсий, сиё­сий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ ҳамда эркинликлар, шунингдек, фуқароларнинг бурч­лари ўз ифодасини топган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу бўлимда “ҳуқуқ”, “эркинлик”, “бурч” ва “кафолат” категориялари ўзаро мантиқий боғлиқликда жамланган бўлиб, буни уларнинг ҳаётда бир-бирини тақозо этиши ва тўлдириб туриши, “инсон – жамият – давлат” бош тамойилини амалга ошириш учун зарурлиги билан изоҳлаш мумкин. Таъкидлаш жоизки, инсонлар ва фуқароларнинг барча ҳуқуқлари ҳамда эркинлик­лари Конс­титуцияда белгиланади, ижросининг таъминланиши давлат томонидан кафолатланади.

Янги Конституциямизни яратиш жараёнида халқаро ва хориж тажрибасига таяниб, унинг амалдаги нормаларини, жумладан, инсон ҳуқуқларига оид норматив асосларини замонавий демократик қадриятлар ва тамо­йилларга асос­ланиб такомиллаштириш, инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига оид айрим қоидаларини мазмунан бойитиш нуқтаи назаридан фикр-мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. 

Биринчидан, Конституция­мизнинг 2-моддасини “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларация­­си” ва Озарбайжон ҳамда Арманистон Конс­титуцияларининг тегишли қоидаларини инобатга олиб қуйидаги матн билан тўлдирилса, халқаро ҳамжамият томонидан умум­эътироф этилган мазмунга эга бўлади: “Давлат инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг Конституция ва қонунлар асосида ҳимоя қилинишини, халқаро ҳуқуқ принцип­лари ва нормаларига риоя этилишини таъминлайди”. 

Иккинчидан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Дек­ларацияси” 3-моддаси, 1966 йилги “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пактнинг 6, 8-моддалари, 1995 йилги МДҲнинг “Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисида”ги конвенцияси 2-моддаси ҳамда Молдова Республикаси Конституциясининг 24-моддаси нормаларининг мазмундошлигидан келиб чиқиб, Конституциямизнинг 26-моддасини амалдаги матнидан кейин қуйидаги таҳрирдаги матн билан давом эттирилса: “Ҳеч ким тутқинликда сақланиши, мажбурий меҳнатга, ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган ишларга жалб қилиниши мумкин эмас. Одам савдосининг ҳар қандай кўриниши қонун билан тақиқланади. Ҳар ким ўзининг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ғайриҳуқуқий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга”.

Учинчидан, Декларация 5-мод­дасининг “ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак”лиги тўғрисидаги меъёр Ўзбекистон Рес­публикаси Конституция­­си 26-моддаси иккинчи қисмининг “…ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги таз­йиққа дучор этилиши мумкин эмас” деган меъёрига мослигини ҳисобга олиб, ушбу моддани қуйидаги жумлалар билан тўлдириш: “Фуқаролар юридик низоларда иштирок этаётганда ёки давлат органларида уларга нисбатан юритилаётган ишларда манфаатларини шахсан ўзлари ёки вакиллари орқали ҳимоя қилишлари мумкин. Жиноий таъқибга олинган ҳар қандай шахс ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ҳар қандай шахснинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланади. Давлат барча жисмоний ва юридик шахс­ларга солиқ, иқтисодий, юридик ва бош­­қа соҳаларда маслаҳат бериш ва ёрдам беришни мақсад қилиб оладиган адвокатура, аудит, консалтинг, солиқ маслаҳати, нотариат ва бошқа қўллаб-қувватловчи ва рағбатлантирувчи ижтимоий инс­титутларнинг қонуний фаолиятини кафолатлайди”. 

Таъкидлаш лозимки, худди шундай қоида Беларусь Республикаси Конс­титуциясининг 26-моддасида, Португалия Республикаси Конс­титуциясининг 32-моддасида, Қозоғис­тон Республикаси Конституция­сининг 77-моддасида, Россия Федерацияси Конституциясининг 49-моддасида мавжуд. Айбсизлик презумпцияси нафақат айб­ланаётган шахс, балки барча шахсларга берилган ҳуқуқий кафолат ҳисобланиб, ҳар бир инсон ўзини ҳимоя қилиш учун зарур шароит­лар билан таъминланиши лозим.

Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизнинг ижро механизми сифатида – инсон ҳуқуқлари бўйича узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши, ушбу йўналишда давлатимиз сиёсатини самарали амалга оширишга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор ва ҳурмат муносабатини босқичма-босқич таъминлаб боришга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлашга, шу жумладан, Ўзбекис­тон Рес­публикасининг иқтисодий ва сиё­сий-ҳуқуқий рейтинги ҳамда индекслардаги мавқеи­­ни яхшилашга хизмат қилади.

Рустам РЎЗИЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Жамоат хавфсизлиги 

университети профессори, 

юридик фанлари доктори

Tegishli xabarlar

Ахоли хавфсизлиги таъминланади

admin

Қонунлардаги камчиликлар мутахассислар ёрдамида бартараф қилинади

admin

Меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

admin