ADOLAT 24

ТАКЛИФЛАР ТАҲЛИЛИ жамоатчилик назорати янада жадаллашаётганини кўрсатмоқда

Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар “Инсон қадри учун”, “Инсон – жамият – давлат” ҳамда “Инсон – олий қадрият” тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувидаги нутқи мазкур жараённинг бениҳоя улкан аҳамияти, кўлами ва масъулиятини яна бир бор яққол намоён этди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим”, деган ўгитлари ҳаммамиз учун ҳам фаолият дастуриламали бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Қувонарлиси, мазкур тилакнинг амалдаги ифодаси сифатида, Асосий қонунимизга кенг жамоатчиликдан тушаётган таклифлар таҳлили халқимизнинг ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ва иштиёқи ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Ташаббускорлар – қонунчилик илмига эга олимларгина эмас, турли соҳа эгалари, оддий одамлар ва ёшлар экани фикримизнинг тасдиғидир. Ўз навбатида ҳеч бир таклиф эътибордан четда эмас. 

Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида ҳам бу ҳақда алоҳида эътироф этилди. Комиссия йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи атрофлича ўрганган ва комиссияга тавсия этиладиган таклифлар бўйича маълумот берилар экан, уларнинг туб мазмун-моҳияти айнан инсон ва унинг қад­ри, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя­­си, шу юртда эмин-эркин яшаб, фаровон турмуш кечириши, хуллас, ҳаётидан рози бўлишини таъминлашга қаратилгани билан диққатга сазоворлиги қайд этилди. 

Хусусан, Конституциямизнинг 13-моддасига киритиш таклифи илгари сурилаётган – инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршилик ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши ҳақидаги нормани олайлик. Аввало, ушбу меъёр жуда ўринли, ҳар томонлама ва пухта ўйланган, инсон қадрини янада юксалтиришни мақсад қилинган ҳолда таклиф этилмоқда.

Ҳудудларда бўлганимизда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкалари уларга оид қарорларнинг кейинчалик ноқонуний қабул қилинганлик важи билан қайтариб олиниши ҳолатларига кўп бор гувоҳ бўлдик. Бунинг оқибатида кўп­лаб фуқароларнинг тинчи бузилди, камига яхшигина зарар ҳам кўришди. Бундай ҳолатларнинг кўп такрорлангани боис, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш мақсадида Президентимизнинг тегишли фармони, унинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди, Ер кодексида ҳам бу борадаги нормалар мустаҳкамлаб қўйил­­ди.

Аслида бундай меъёрлар амалдаги қонунчилигимизда мавжуд. Жумладан, Солиқ кодексининг 13-моддасида: солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилган. Эндиликда бу меъёрнинг қувватини янада ошириш учун эса уни Конституция даражасида мус­таҳкамлаш лозимлиги таклиф этилмоқда. 

Бундан ташқари, Бош қомусимизда:

давлат ўз фаолиятини инсон ва жамиятнинг тинчлигини кўзлаб амалга ошириши;

мамлакатимизда инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган нормаларига асосан ҳамда Конституцияга мувофиқ тан олиниши ва кафолатланиши;

инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмаслиги;

инсоннинг асосий ҳуқуқлари дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан тегишли экани каби нормалар ҳам мустаҳкамланиши керак, назаримизда.

Зеро, мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан муқаддас ва дахлсиздир. Қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари ҳеч ким уни ҳуқуқларидан маҳрум этишга ҳақли эмас. Ҳеч ким инсоннинг шахсий ёки оилавий хаётига ўзбошимчалик билан аралашиши, оилавий сир-асрорларини ошкор қилиши, инсоннинг уй-жой дахлсизлигига тажовуз этиши мумкин эмас. Инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш қонунга хилоф хатти-ҳаракат ҳисобланади (бундай ҳаракатлар учун қонун бўйича тегиш­ли жавобгарлик белгиланган).

Аминманки, бундай нормалар фуқароларнинг ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик 

палатаси депутати, 

Конституциявий комиссия 

аъзоси 

Tegishli xabarlar

АХЛОҚИ ТУЗАЛМАГАН ФИРИБГАР жазони ўтаётиб, яна жиноятга қўл урди

admin

“Ўткан кунлар”да ўтган кунларим

admin

“Вобкент тарихи: Ўтмишдан бугунгача”

admin