ADOLAT 24

ЖУРНАЛИСТНИНГ НОНИ ҚАТТИҚ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни, яъни касб байрамимиз арафасида шоир ва носир, “Зарафшон” газетаси мухбирлигидан Самарқанд вилоят телерадиоком­панияси, “Ўзбекис­тон овози”, “Инсон ва қонун” газеталари мухбирлигигача бўлган заҳматли йўлни босиб ўтиб, “Регистон”, “Кўксарой” газеталари ташкилотчиси, “Зараф­шон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, сенатор даражасига эришган ҳамкасбимиз, таниқли журналист Фармон Тошевнинг рафиқаси, халқ таълими тизимига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийси Улмон Тошева билан суҳбатлашиш умидида “Шарқ” тез­юрар поездида Самарқанд томон яқинлашар эканман, не-не улуғ зотлар ўтган бу табаррук замин буюкларнинг издош­ларини камолот чўққисига элтаётганига ва яна улғайтираверишига ишончим ортди. 

– Улмон опа, Тошкентдан Самарқандга йўлга чиқар эканман, қалбимда сиз билан танишиш истаги кучли эди. Негаки, Ватан оиладан бошлангани каби инсон улуғлиги ортида ҳам аёл ақлу заковати, сабру матонати билан бирга жуфти ҳалолига муҳаббату фидоийлиги туради. Шундай эмасми?

– Албатта. Эркак кишининг бошига уч марта бахт қуши қўнади, дейишади. Шулардан бири ризқли касб-кори бўлса, бири оқила турмуш ўртоғи ҳисобланади. Инсонда иқтидор ва жисмоний имконият бўлсаю, оилада тинчи бўлмаса, турмуш ўртоғи ҳаётини жаҳаннамга айлантираверса, унинг иқтидори аста-секин сўниб, ўз қобиғига ўзи ўралашиб бораверади. Бу фикр нафақат эркакларга, аёлларга ҳам – барчага бирдек тегишли. 

– Оилада касбларнинг бир хиллиги ёки бири-бирига яқинлиги нечоғлик муҳим?

– Бу аҳамиятли эмас. Қарашлар, фикр­лар бирлиги, ниятлар муштараклиги муҳим. Менинг касбим ўқитувчи. 33 йил бошланғич синф ўқувчиларига дарс бердим. Болаларни жуда яхши кўраман. Кексалик нафақасига чиқишдан олдин 36 нафар қиз болалар синфини менга топширишган. Ишонасизми, шу қизалоқларимни ҳозир ҳам соғинаман, ҳатто тушларимда кўриб чиқаман. Бир умр ўқувчиларимнинг ташвиши билан яшадим, турмуш ўртоғим ўқитувчи бўлмаса ҳам менинг туйғуларимни ҳурмат қилади. Мен эса унинг ижодини қадр­лайман. Журналистиканинг машаққатини ҳис қиламан.

– Гап ўз-ўзидан журналистликдек сермашаққат касбга бориб тақалди. Сиз шу касб эгаси билан умргузаронлик қилиб келаётган аёл сифатида айтинг-чи, бу касб эгалари қандай инсонлар деган хулосага келгансиз?

– Тўғрисини айтаман, хафа бўлмайсиз. Жуда тартибсиз ҳаёт кечирувчи инсонлар – ижодкорлар, журналистлар бўлишади. Ўқитувчилар бунинг тескариси, энг тартибли инсонлардир. Ҳаёт тарзимиз қўнғироқлар билан боғлиқ: 45 минут дарс, 5 дақиқа танаффус. Дарсларимиз тугаши билан уйга шошамиз ва оила бағрида, фарзандлар қувончу ташвиши билан яшаймиз. Журналистнинг ҳаётида тартиб-интизом деган тушунча бўлмайди. Янги турмуш қурган паллаларимиз-ку турмуш ўртоғимнинг буваси ва бувиси олдида яшаганман. Чунки у киши бизни улар олдида қолдириб, Самарқанд­­га кетиб ишлаганлар. Кейинчалик болаларимиз билан биз ҳам бу ерга кўчиб келгач, анчагача унинг турмуш тарзига кўниколмай юрганман: кўпинча тонг чоғи соат 4.00да уйғониб, ижодга шўнғийди ва 7.00да ишга отланадилар. Аммо ишдан қачон келиш­лари ва кечаси неча соат ухлашлари мутлақо номаълум. Баъзида ишдан келганига 2-3 соат бўлиб-бўлмай яна ишга чақириб қолиш­лари мумкин… 

– Турмуш қуришдан олдин сиз фақат эл манфаати, юрт равнақи йўлида фидоий, касб масъулиятини биринчи ўринга қўядиган инсон билан умр йўлларингизни боғлаётганингизни билмагансиз ва бу касб ҳақида бошқача фикрда бўлгансиз назаримда?

– Ёшлигимда бу касб эгаларини жуда ҳурмат қилардим, уларга ҳавас қилардим. Аммо тўйимиздан кейин билдимки, журналист дегани фидоий­лик дегани, ўзгалар учун ўз ҳаловатидан, ширин уйқусидан кечиш, дегани экан. 

Журналист тўйга борадими, уйга келадими, яқинининг яхши-ёмон кунида иштирок этадими, ҳатто уйқусида ҳам унинг мия­­си – таъбир жоиз бўлса, 24 соат давомида дам олмайди, фикри-хаёли ёзилажак мақоласида, чоп этилажак газетасида, тайёрланажак асари мавзусию, сарлавҳасида бўлар экан. Жисман ёнингизда бўлса ҳам, руҳан узоқда бўлади. Албатта, бу фикрга келишим учун кўп йиллар керак бўлди. 

– Мактабдош экансизлар…

– Ҳа, шундай. Мен Пахтачи туманининг Зиёвуддин қиш­лоғида деҳқон оиласида туғилиб ўсганман. У туманимиз марказида, посёлкада яшарди. 73-сонли ўрта мактабнинг 9-синфига ўқишга борганмиз. Шу ерда уни мактабнинг аълочи, жамоатчи, фаол ўқувчиси, ташкилотчи, мактабнинг ёшлар етакчиси сифатида таниганман. Билганларим, у асли чўл ҳудуди ҳисобланган “Қарнаб” қишлоғидан бўлиб, бобоси ва момоси билан туман марказида яшарди. Отаси мактаб-интернат директори, онаси кутубхоначи бўлишган. Оилада 7 ўғил ва бир қиз бўлиб, бу киши болаларнинг тўнғичи экан. Биз у билан дўст эдик, бир-биримизни ҳурмат қилардик. Ҳаттоки, уни ёқтириб қолган дугоналарим, у билан тадбирларда бирга қатнашганим учун хат ёзиб, мендан бериб юборишар эди. 

– Бу сизнинг ғашингизни келтириб, қизғонишга ўхшаш туйғуларнинг уйғонишига сабаб бўлмасмиди?

– Йўқ, йўқ, у пайтларда ҳаё жуда кучли эди, қишлоқ жойи, биров кўнгилга ёқса ҳам унинг кўзига тикка қаралмасди, ота-онам хабар топса нима бўлади, деган қўрқув ҳар қандай туйғудан устун турарди.

– Унда сизларнинг турмушингиз ота-оналар танлови экан-да?

– Менимча, бу Фармон акангизнинг танлови бўлди. У мактабни тугатиб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирди. Мен бу университетдан йиқилгач, Бухорода яшайдиган тоғамни орқа қилиб бориб, Бухоро педагогика билим юртида ўқидим. Ўша пайтларда у менга хат ёзиб турарди.

– Хатларингиз қандай мавзуда бўларди?

– Оддийгина ҳол-аҳвол сўрашардик. Баъзида почта телеграфидан телефонда гап­лашишга чақирув қоғози келарди, поч­тага бориб, гаплашиб келардим, фақат дўс­тона, холос. Бир гал менга хат орқали масала жўнатган. Мен дугонамнинг олдига бориб, Фармон Тошевдан хат келибди, масала ечиб юборишимни сўрабди, дедим ва иккаламиз уни еча бошладик. Математика менинг жону дилим эди. Қисқартма амалларни бажариб боравердик, охирида қарасак, дил изҳори: “Мен сени севаман” деган сўз чиқса денг! Ҳаяжондан қотиб қолдим. Шу билан ўн беш кунлар жавоб ёзмадим. Ундан эса кетма-кет хатлар келарди. Ҳаммасида бир гап: “Масаланинг жавобини ёзворинг”. “Менга масаланинг жавоби керак эди…” Ўша пайтларда опам турмушга чиққан ва бахтсиз бўлиб, турмуши бузилган паллалар эди. Шунинг учун турмушга чиқишдан, опамга ўхшаб қолишдан қўрқишимни айт­дим. У эса оиласи ҳақида гапириб, унга ишонишимни айтди. Унинг совчиларини ота-онам бир йилгача қайтараверишди. Аммо қайинбобом ҳассасини дўққиллатиб келавердилар, жуда яхши бобо эдилар, охири рози бўлишди, тақдирда битилгани бўлди.

– Янги хонадонга келин бўлиб тушгач, нималардан қийналдингиз? Ўз оилангиз билан бу хонадон ўртасида қандай фарқ кўрдингиз?

– Тўйимиздан кейин янги куёв ўқишни тугатиб, ўша вақтдаги “Ленин йўли”, ҳозирги “Зарафшон” газетасида ишда қолди. Мен ҳам ўқишни тугатиш арафасида эдим. Дип­ломимни олгач, у мени уйимизга боғ томондан олиб кирди. Қарасам, момом мотам либосида. Кейин билсам, мен Бухородалигимда бобом бандаликни бажо келтирган эканлару улар мени битириш тадбирларидан мосуво қилмаслик учун мендан сир тутишган экан. Қаранг, бу кишининг ички маданияти нақадар кучлилигини. Шунинг учун атлас кўйлакларда, бошида дўппи кийиб келаётган ёш келинни одамларнинг гапидан ҳимоялаш мақсадида орқа кўчадан ҳовлимизга олиб кирган эканлар. 

Болалигимиз, ўсмирлигимиз тенгдошларимиз қатори меҳнат билан ўтган – тонгги соат 4-5ларда уйқудан туриб, уй ишлари, боққа, молларга, қўйлар, товуқларга қараш, сигир соғиш, нон ёпиш, далага чиқиш, ток кўмиш, ер ағдариш дейсизми, ҳамма оғир ишни қилганмиз. Шундай шароитда улғайган мендек қиз бу хонадонда ҳам кундалик ишларимни қийналмай давом эттиравердим. 30 сотих ерларида мева-чева, ток­лари бор эди. Уларни ҳам, ош-овқатни ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз бажаравердим. Турмуш ўртоғим шаҳарда яшаса, қайнона бувим ҳам касал бўлиб, юролмай қолгани учун оилага ўзим бош бўлиб, рўзғор тебратдим. Улар ҳам мени яхши кўрар, 12 сўм кексалик нафақаси олар, шунинг ҳам уч сўмини менга берар, эркалаб мени бибим дер, “Бибим, бирон нарса олиб енг”, дердилар. Мен помидор, бодринг ҳам етиштирар, одамлар уйқудан уйғонгунича бозорга бориб сотиб, ўн сўм пул ҳам қилар, икки ойлик чақалоғимни бувимга ташлаб, мактабга бориб ишлаб ҳам келардим. Қиш­лоқда ўсганим, ёшликдан меҳнатда қотганим учун янги хонадонда ҳеч қандай қийинчилик кўрганим йўқ. 

– Улмон опа, сиз билан ярим асрга яқин умргузаронлик қилган, сиз беш қўлдай билган Фармон ака қиёфасига чизгилар берсангиз, унга хос хислатлар нималардан иборат?

– Ҳалол одам, меҳрибон, жудаям сахий одам. Ёши улуғ бир яқин дўстлари бор эди. Бу кишига ҳожатбарор деб лақаб қўйган эдилар. Дарвозадан кириши билан отини айтмасдан ҳожатбарор деб чақирардилар. Чунки бу киши ҳамманинг, ҳар қандай инсоннинг ҳожатини чиқаради, у ҳамманинг тоғаси, тоға деб келишади.

– Сиз баъзида аёллигингизга бориб, болаларга ҳам вақт ажратинг, уйга барвақт келинг деб жанжаллашмаганмисиз?

– Ёш пайтимиз жанжаллашганман. Аммо у киши шундай мулойимлик билан: “Бўлди, бўлди, тарбиявий соат тугади. Эртага уйга барвақт келаман”, дердилару, нари борса икки кундан кейин яна шу ҳол такрорланаверарди. Ҳозир савол ҳам бермайман, фақат тун яримлай бош­ласа қўнғироқ қилиб, соғлигини сўрайман, холос. Бир нарсани биламанки, у киши мен учун, болаларим учун уйга шошади.

– Кўп ҳолларда нималардан норози бўласиз?

– Жуда кўп ишлашлари ёқмайди менга. Негаки, ёшлари етмишга етай деб қолди. Оғир жарроҳлик операцияларини бошидан ўтказганлар. Ёшларига нисбатан ишлари жуда оғир. Соғлиқлари кўтармай қолишидан қўрқаман. Куч-қуввати борлигида тунни тонгга улаб ишлади. Бунинг устига ака-укан­гиздан, қариндошларингиздан хабар олинг, умр ўткинчи, уйга ҳам фақат мизғиб олиш учун келасиз, дейман. Маҳалладан узоқлашманг, тўй-маъракадан қолманг, улар кунимизга ярайди, дейман. Меҳр-оқибатли жигарлари, биттагина синглиси бор, хабарини олинг, дейман. “Мен сизнинг опангизман, у сизнинг поччангиз”, дея ҳазиллашаман қайинсинглимга. Аммо сингил учун аканинг ўрни бўлак. 

– Устоз моддий ва маьнавий бойликнинг қай бирига эътиборлироқ? Дам олиш масканларига бориб ҳордиқ ҳам чиқариб турадими?

– У киши учун моддий бойликнинг аҳамияти, пул билан муомаласи йўқ, десаям бўлади. Чўнтагида юз сўм пули бўлса, шунинг эллик сўмини, ҳатто ҳаммасини сўраган одамга чиқариб беради. Дам олиш масаласига келсак, маблағи йўқ бўлса ҳам у кишига дам олиш имкони топилади. Яқинда ҳам Туркияга бориб, ўн кун дам олиб келдилар. Бир пайтлар “Зарафшон” газетасида ишлайдиган камхаржгина бир шогирди хорижга ишлаш учун кетаётганида унга ундан-бундан олиб, маблағдан ёрдам берган экан. Ўша шогирди бугун Америкада туризм бўйича катта мутахассис бўлиб кетибди ва устозини ўз ҳисобидан Туркияга таклиф қилди. Ўзи ҳам Туркияга келиб, устозини айлантириб, дам олдириб, кейин жўнатиб юборибди. У кишининг бундай шогирдлари жудаям кўп.

– Ижодкор халқининг кўнгли нозик бўлади, баъзида бир сўзга кўнгли тоғдек кўтарилади, баъзида, аксинча… Сиз кўпроқ мувозанатни сақлаш учун олтин ўрталикни қандай ушлайсиз?

– Аввало, у кишининг ишларига халақит бермайман ва аралашмайман. Аммо ижодкор билан яшаш осон эмас. Биз газетадаги тайёр мақолани ўқиб, унга баҳо берамиз. Аммо у ёки бу жараённи ўрганувчи, қоғозга туширувчи одамнинг ёнида бўлиш ва бу жараён, ҳолат ичида юриш, яшаш осон эмас. Баъзан эрталабдан кечгача, ҳатто туни билан ёзади, унча-бунча гапингизни эшитгиси келмайди, баъзан тунд юради, жаҳл қилади. Бундай пайтда холи қўяман, гоҳо яхши гап билан чалғитишга интиламан. 

– Сабрлимисиз?

– Жуда сабрлиман. Ҳеч кимнинг дилини оғритмайман. Сабрим етгунича ноҳақликка чидайман. Аммо сабр косам тўлса, уришиб, жанжаллашиб юрмайман, фақат жим бўлиб қоламан, баъзида узооқ вақт, ҳатто бир умр ҳам жи-и-им бўлиб кетишим мумкин… 

– Бу усулни Фармон акага ҳам қўллайсизми? Бу жимлик қанча вақтгача чўзилиши мумкин?

– Ёшлигимизда бир ойгача ҳам чўзиларди, ҳозир уч кунга етмайди. Чунки инсон ёши улғайган сари кўнгли ҳам юмшар экан. Соғлигидан хавотирланиб, телефон қиламан. 

– Юқорида таъкидлаганингиздек, журналист ҳаётида тартиб йўқ. Устоз ҳам жамиятимизнинг энг фаол аъзоси сифатида елкаларига кўплаб вазифалар залворини ортганлар. Айтганингиздек, уйдан соат 7:00 да чиқар, қайтиш вақтлари номаълум экан: гоҳ ярим кеча, гоҳо тонготар… Шундай кезларда ҳар хил фикрлар хаёлингизни бузиб, рашкнинг тиғлари бағрингизни тилмасмиди? 

– Албатта, бусиз иложи йўқ. Рашк қилмайдиган аёл борлигига ишонмайман. Айниқса, кеч келгач, шубҳага борардим, албатта. Қачон эшикдан кириб келсалар, соатга бир қараб олардим-да, ўша пайтда индамасдим, эрталаб тургач, берилажак савол аниқ эди: нега кеч келдингиз? Қаерда эдингиз? Шундай вақтларда кўпинча Ургут туман ҳокими, қалин дўсти (“Зарафшон” газетаси бош муҳаррири ҳам бўлган) Холмуҳаммад Нуруллаев олдига кетганини, ишонмасам, қўнғироқ қилиб сўрашим кераклигини айтарди. Сўролмаслигимни биларди-да… 

– Уйингизга келган меҳмонлар уй орасталигини, таом ширинлигини, дас­турхон ёзилганини кўришар экану, сиз билан танишиш бахтига муяссар бўлишмас экан. Мабодо бундай ҳолатлар устознинг ҳам рашки кучлилиги туфайли эмасми?

– Йўқ, у киши жуда оқкўнгил ва ишонувчан инсон. На менга, на қизларига бу борада танбеҳ бермаганлар. Балки, ичида бўлган бўлиши мумкин, лекин бирон марта гапирмаганлар. Аммо эркаклар даврасида ўтириш менинг характеримга бегона. Оилавий келишса, албатта, улар билан ҳамсуҳбат бўламан. 

– Тошкентда яшаб, ижод қилаётган кўпчилик журналистлар устоз ҳақида “Фармон Тошев – барча ижодкорлар учун Самарқанд дарвозаси” дея таърифлашди. Бунинг маъносини сўрасам, “Самарқандга гоҳ кечаси, гоҳ кундузи боринг, албатта, Фармон Тошев кутиб олади ва тун ярмида бўлса ҳам уйига олиб боради. Уйида ҳамиша дас­турхони безатиғлик, таоми тайёр бўлади”, дейишади. Бундай меҳмондорчиликлар сизга малол келмасмиди?

– Орасталикни, дид билан дастурхон беза­тиб, меҳмон кутишни яхши кўраман. Айниқса, аёл журналистлар келишса, мириқиб суҳбатлашаман. 

– Турмуш ўртоғингизнинг хоббиси нима? Нималарга қизиқадилар, қандай ишларни, юмушларни қилсалар завқланиб, роҳатланадилар? 

– У киши рубобни яхши чаладилар, чарчаганларида қўшиқ хиргойи қиладилар. Бунинг устига “топапалов”, “димлама”, “қозонкабоб”ни қойиллатадилар. Шу овқатларни тайёрлайдиган олис йилларни, иш тугаши билан уйга чопадиган оддий мухбирлик вақтларини соғинаман. Яширмайман, илгари бу киши футбол ўйинига, дўстлар даврасига кўпроқ интиларди, тўйларда бош­ловчилик қиларди. Ҳозир ёши улғайгач, энг катта хоббиси китоб ўқиш, шеър ёзиш бўлиб қолди. Овқатланаётган вақтида ҳам ўрнидан туриб кетиб, ижодхонасида ўша фикрини қоғозга тушириб келиб, кейин нонуштани давом эттиради.

– Устознинг ижод маҳсули, яъни ёзган мақоласи туфайли азобланган ҳолатларига гувоҳ бўлганмисиз? 

– У киши ишдаги гапни ишга, уйдаги гапни уйга ташлаб кетади. Ичи йиғлаб турган бўлса ҳам бизга сездирмасликка ҳаракат қилади. Аммо бир гал кайфиятлари анча ёмон бўлиб юрди. Кейин билсам, бир шикоят хати туфайли ишхонасини бир ой давомида прокуратура ходимлари текширишган, аммо ҳаммаси ижобий якунланган экан. Қизиғи, ўша шикоятчи ходимининг соғлиги ёмонлашиб, аҳволи оғирлашганида ҳам яна Фармон ака бошида турди, имкон қадар кўмак бериш ҳаракатида бўлдилар… 

– Устоз улуғ йўлни босиб ўтган газетага раҳбарлик қилаяптилар, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари, бундан ташқари давлатимиз, халқимиз томонидан унга бир қанча масъул вазифалар юклатилган. Фармон ака ўзининг бу даражага етишида, давлатнинг, халқнинг ишончини қозонишида кимларнинг, қайси устозларининг хизматларини алоҳида эътироф этади?

– Устозларини жуда кўп эслайдилар. Уйда ҳар гапининг бирида академик Воҳид Абдулла, Ботурхон Валихўжаев, профессор Ҳамдам Бердиёров, Суръат Орипов, Сайдулла Мирзаев, Нуриддин Шукуровлардан таҳсил олгани билан ғурурланади. Ҳамкасблари орасида Аҳмаджон Мухторовни кўп эслайди. Аҳмаджон ака бош муҳаррир бўлганида турмуш ўртоғим бўлим мудири бўлиб ишлаганлар. Аҳмаджон ака Тошкентга кетганида, Фармон ака ҳам собиқ олий партия мактабига ўқишга кирган эди. Шунда Аҳмаджон ака уни дарсдан кейин “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида ишлатиб, малакаси ошишига кўмаклашган. Улардан ташқари хўжайиним Аҳмаджон Мелибоев, Жаббор Раззоқов, Аҳмад Аъзам, Анвар Жўрабоев, Хуршид Дўстмуҳаммад каби устозлари, дўстларининг номларини ҳам ҳурмат билан тилга олади. Уларнинг кўпчилиги уйимизга ҳам келишган.

– Журналист эркин ижод қилиши, одамларга нафи тегиши, ўз ҳамкасблари, эл-юрти ичида обрў-эътибор қозониши учун унинг рафиқаси қандай хислатларга эга бўлиши лозим, деб ўйлайсиз?

– Сабрли, бардошли, шукрли, меҳнаткаш ва иродали бўлиши керак. Шунинг учун ҳам журналистнинг нони қаттиқ дейишади,. Шу номдаги китоблари ҳам бор-ку. Қаттиқ нонни бир пиёла сувга ивитиб еганига шукр қилган аёл муродига етади.

– Ҳаёт сиз учун нима? Ундан қандай сабоқ олдингиз?

– Ҳаёт – оқар сув, кўз очиб юмгунча кексалик фасли етиб келади. Унда кимгадир керак бўлиб яшамоқ лозим. Биз шундай яшаяпмиз. Бир-биримизга кераклигимизни ҳис қиламиз. Ҳаётнинг энг катта сабоғи, менга қисқа умрда ҳар нарсага аччиқ қилмаслик, ўзингни ва ўзгани қийнамасдан яшаш илмини ўргатди.

– Нималар сизга фахр туйғусини беради?

– Фарзандлар камоли! Раҳматли қайнота ва қайнонам жуда болажон эдилар. Баъзан уларнинг невараларини жонидан яхши кўришларини кўриб ҳайратланардим. Энди ўзим шу аҳволдаман. Уч қизимдан беш қиз ва икки ўғил невараларимиз бор. Катта қизим Нилуфар ўқитувчи, у оиласи билан Америкада яшайди. Ўғли Муҳаммаджон Мерлин университетини тугатиб, Вашингтонда қўшма корхонада дастурчи. Рухшона тиббиёт олийгоҳида ўқийди. Деярли ҳар куни улар билан гаплашишга ҳаракат қиламан. Наргиза қизимнинг икки қизи ва бир ўғли доимо келиб, менга уй ишларида ёрдамлашишади. Дониёр ҳар томонлама бобосига ўхшайди. Диёра Самарқанд давлат чет тиллар институтини тугатаяпти. У бизга эвара ҳадя этди. Баҳора неварам бадиий гимнастикадан Ўзбекистон чемпиони бўлганини эшитиб, қувончдан йиғлаб юборганман. Кичик қизим Нафисахон ҳам оиласи билан Англияда яшайди. Оксфорд университетини битирди. Унинг қизлари Нозима ва Амелия билан тез-тез телефон орқали гаплашмасам, кўнглим жойига тушмайди. Улар ҳаётимиз қувончи.

– Устоз – журналист, публицист, шоир, раҳбар, депутат, сенатор. Сиз учун у киши ким? Қайси бир фаолиятини кўпроқ қўллаб-қувватлайсиз?

– Мен уни кўнглида кири йўқ, инжиқлик­ларимни кўтарадиган турмуш ўртоғим, фарзандларимнинг отаси, оила бошлиғи сифатида қадрлайман. Биринчи галда у кишининг соғлиги, кайфияти тўғрисида қайғураман.

– Фармон ака ўнлаб публицис­тик, наз­мий ва насрий асарлар муаллифи ҳамдир. Ижод қилишга қачон вақт топадилар? У кишининг барча ижод намуналари билан танишмисиз ва уларнинг қайсилари сизга кўпроқ маъқул? 

– У киши ҳар куни тонг чоғи ижодхонасига кириб, нимадир қоралашни ёшлигидан кундалик турмуш тарзига киритган. Бу одатга айланган. Қандай ижод маҳсули чоп этилса, албатта, ўқийман. “Қарнабчўл қўшиғи”, “Мезон баёзи”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Тафаккур манзаралари”, “Қарнабота армони”, “Умрнинг ўртаси”, “Ўзимдек яшашни истайман”, “Бедаво кўнгил”, “Соғинч”, “Аёллар нима дейди”, “Омонат”, “Кўнгил билан суҳбат”, “Сунбула баёзи”, “Тазарру” каби ўнлаб асарлари бор. Уларнинг барчасининг ўз салмоғи ва ўқувчилари бор. Фармон аканинг ҳамма ҳикоялари ҳаётий, ҳатто ўзим гувоҳи бўлган воқеаларга асос­ланган. “Чорраҳа”, “Мерос”, “Чилла” ҳикояларини, “Отамнинг сабоқлари” публицис­тик туркумини қайта-қайта ўқийман. Чунки ундаги воқеалар менга таниш. 

– Касб байрамини нишонлаётган серқирра ижод соҳиби бўлган турмуш ўртоғингизга ва республикамиздаги барча журналистларга тилакларингиз.

– Жони тошдан бўлган, одамларни эшита оладиган, ҳамиша жамиятнинг олдинги жаб­ҳаларида меҳнат қилаётган фидоий журналистлар! Касб байрамингиз муборак! Қаламингиз ҳамиша ўткир бўлсин!

Оилада, жамиятда ўз сўзига эга, мустақил фикрли, саранжом-саришта, ҳовлини ёғ тушса ялагудек ораста сақлагувчи, хонадоннинг барча ташвишларига нозик елкасини тутган Улмон опа билан хайрлашар эканман, таниқли журналист Фармон Тошевнинг мисралари ёдимга тушади: “Сен на дўзах, на жаннат ҳақида гапирма. Бугун ўзинг шу мўъжазгина ҳовлида жаннатда яшаётганингни кўр ва ҳис қил!“ Ҳа, жаннатмонанд юртда, эзгулик йўлида жонлари фидо инсонлар билан ўтаётган ҳар бир кунимиз жаннатдан бир ҳадя бўлса, ажабмас.

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди. 

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Рамазон ойида нега нархлар кўтарилиб кетади?

admin

Болаларга муносиб туҳфа

admin