ADOLAT 24

Конституциявий ислоҳотлар — адолатли жамиятни барпо этиш ва инсон қадрини юксалтириш сари

Айни шу мақсадда партия Сиё­сий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Ўзбекистон Рес­публикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Сўз тадбир иштирокчиларига

Рустам Рўзиев,

Жамоат хавфсизлиги университети профессори, 

юридик фанлари доктори

Бугунги кунда жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, Президентимиз таъбири билан айтганда, учинчи Ренесанснинг тўртта ҳалқаси бўлган мактабгача таълим, мактаб, олий таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ҳам ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан, амалдаги Конституциямизнинг 41-моддаси 2-қисмида: “Мактаб ишлари давлат назоратидадир” деган қоида белгиланган бўлиб, ҳозирда таълим-тарбия йўналишида юз бераётган реал воқеликларни эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги “2030 йилгача фанни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва шу асосидаги “2030 йилгача фанни ривож­лантириш концепцияси” ижросининг келажакда тўлақонли конституциявий ҳуқуқий меъёрини яратиш мақсадида, мазкур модданинг 2-қисмини қуйидаги “Мактабгача таълим ва мактаб ишлари мулк шаклидан қатъи назар давлат назоратидадир”, деган таҳрирда бериш зарур. Чунки ҳар иккала институт – мактабгача таълим ва мактаб ишлари бир-бирини тўлдирувчи тадрижий тусга эга ва улар бир-бирига узвий боғлиқ. Шунинг учун, биринчидан, Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятининг мақсадий йўналишлари ва вазифалари ҳар томонлама Халқ таълими вазирлигининг вазифалари билан мутаносибликда давлат назорати остида олиб борилишини тақозо қилади, иккинчидан, бу жараён Ўзбекистон ҳудудида “Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари” дастуриламал доирасида учинчи Ренесанс даврини барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг самарасини таъминлаш ва кутилаётган натижаларга эришиш учун муҳим ҳисобланади. Шунда 41-модда мазмунининг тўлиқ ифодаси қуйидаги матнда бўлади:

“Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Умумий таълим ҳамма учун тенг ва бепул бўлиши кафолатланади. Умумий таълим мажбурийдир. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларнинг умумий таълим олишларини таъминлайдилар. Хусусий мактаблар очиш ҳуқуқи кафолатланади. Хусусий мактаблар давлат рухсати билан очилади ва қонунларга тўлиқ амал қилади. Хусусий мактаблар фаолиятини тартибга солувчи тамо­йиллар давлат мактаб­лари учун белгиланган стандартларга мувофиқ бўлиши қонун ҳужжатларида назарда тутилади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”.

Бунинг мантиқий давоми сифатида Конституция 42-моддаси

“Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва ахборот-техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади. Ҳар кимга илмий ва ахборот-техникавий ижод, кашфиёт ва ихтиро эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким ёшидан ва маълумотидан қатъи назар, ўз ихтиёрига кўра, илмий изланишлар ўтказиши, ихтиро ва кашфиётлар яратиш ҳуқуқига эга. Жамият ва давлат ҳаётида ижобий натижа келтирган илмий изланишлар, ихтиро ва кашфиётлар давлат томонидан рағбатлантирилади, муносиб шарт-шароитлар яратиб берилади”

деган мазмун ва матнда ифодаланиши Конституциямизни бойитишга хизмат қилади. 


Муборак Усманова, 

Жамоат хавфсизлиги университети профессори,

 юридик фанлари доктори

Бугунги кунда бозор талаб­лари ва тамойилларининг ижтимоий ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб бораётгани, иқтисодиётда хусусийлаштириш ролининг ортиши, хўжалик юритувчи субъект­ларнинг иқтисодий эркинлигини таъминлаш, шартномавийликнинг кенгайиши меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда янги моделларни ишлаб чиқишни тақозо қилмоқда. 

Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар дам олиш вақтини ҳуқуқий тартибга солишга ҳам тўла тааллуқлидир. Шунга кўра, тараққиётимиз суръатларининг керакли даражада бўлишини таъминлаш учун ўзгартириш ва янгилаш жараёнларини узлуксиз давом эттириш, олдимизда пайдо бўлаётган муаммо ва вазифаларни ўз вақтида ҳал этишимиз, Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш кераклиги муҳим вазифага айланганлигидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган бўлсада, дам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш орқали меҳнат ҳуқуқи нормаларини бузиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Суд амалиёти ҳали меҳнат таътилидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузилишлар камаймаганлиги ва айрим нормаларни қўллашда ноаниқликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021 йилда ўтказилган текширишлар ва ўрганишларда 52530 та меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонун талаблари бузилганлиги аниқланган. Шундан меҳнат таътиллари бўйича қонун талаблари бузилиши 4,89 фоизни ёки 2568 тани ташкил қилган. 

Дам олиш ҳуқуқи инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқи сифатида кўп­лаб халқаро стандартларда ўз аксини топган. Хусусан, ушбу ҳуқуқ “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” (24-модда), “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт” (8-модда), Европа ижтимоий хартияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг бир қатор конвенцияларида мустаҳкамланганлиги, шунингдек, Хитой, Япония, Германия ва бош­­қа давлатлар конституцияларида ўз аксини топганлигини эътиборга олган ҳолда, Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда юз бераётган барча ижобий ўзгаришлар ва эришаётган ютуқларимизни ўзида акс эттириши керак. Энг муҳими, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан улуғ эканлиги ҳақидаги ғояларга асосланган бўлишига эришиш мақсадида

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “ҳар бир шахснинг дам олиш ҳуқуқига эга эканлиги, меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган ходимга қонунда белгиланган иш вақтининг давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилнинг кафолатланиши” масалалари ҳам ўз аксини топиши лозим. 


Муҳаммади Усмонов,

Жамоат хавфсизлиги университети профессори, 

юридик фанлар доктори 

Ҳозирги вақтда кўплаб ривож­ланган давлатлар табиатдаги глобал ўзгариш­ларни ҳисобга олиб, ўз Конституция­сига экологияга оид махсус қоидаларни киритмоқда. Чунки экологик хавф-хатарлар ҳозирги пайтда инсоният ва тирик мавжудотнинг қулай атроф табиий муҳитда яшаши учун глобал муаммолар, яъни экологик инқироз, экологик офат, экологик ҳалокатларни келтириб чиқармоқда.

 Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё­­да экологик муҳитнинг ёмонлашуви билан боғлиқ турли хил касалликлар кўпаймоқда, тоза ичимлик суви танқислиги ривожланмоқда, “Қизил китоб”га киритилаётган ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларининг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 

Маълумки, инсон ўз фаолиятида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ қонуниятларни эътиборга олиши ҳамда ҳозирги ва келажак авлод манфаати йўлида табиатга ва унинг биологик ресурс­ларига зарар етказмаслиги талаб этилади. Ушбу талабни таъминлашни бугунги кунда табиат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро мутаносиб уйғун ривожланишини кафолатловчи конс­титуциявий нормаларсиз тасаввур этиш қийин. Демак, Конституция асосида тартибга солинадиган энг муҳим ижтимоий муносабатлар сирасига атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, яъни экологик муносабатлар ҳам тааллуқлидир.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар жараёнида бош ғоя сифатида, энг аввало, атроф табиий муҳитнинг софлиги, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи таъминланиши керак. Фуқаролар нормал ва соғлом ҳаёт кечиришлари, меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун уларни ўраб турган атроф табиий муҳит – атмосфера ҳавоси, сув, ўсимлик дунёси, туп­роқ тоза, инсон соғлиғига зарарли таъсир этмайдиган сифат ва ҳолатда бўлиши лозим. Шу сабабдан, Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини белгилашга бағишланган иккинчи бўлимига “фуқаролар қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга”, таҳриридаги алоҳида норма киритиш мақсадга мувофиқ (Фуқароларининг бу ҳуқуқи Германия Федератив Респуб­ликаси, Беларусь, Қозоғис­тон ва Туркия Республикалари Конституцияларида ўз ифодасини топган).  

Конституцияга киритилаётган экологик муносабатларни тартибга солишга бағишланган қўшимча ва ўзгартишларда алоҳида норма сифатида экологик зарарнинг олдини олиш, яъни “ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси ифлосланишдан, бузилишдан,  зарарланишдан, ориқлаб кетишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, оқилона фойдаланмасликдан муҳофаза этилишини давлат кафолатлайди”, мазмунидаги қои­­да ўрин эгаллаши лозим. Шунингдек, “Давлат экологик мувозанатни, тирик табиатнинг турлари ва генетик фондини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлашни кафолатлайди”, таҳриридаги алоҳида қоида ҳам Асосий қонунда ўз ифодасини топиши керак. 

Экологик муносабатларни тартибга солувчи муҳим конституциявий қоидалар, юқорида айтилганлардан ташқари, ер, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига нисбатан мулкчилик, хусусан, хусусий мулкчилик муносабатларини тартибга солишга қаратилиши зарур. Чунки табиат объектларига нисбатан хусусий мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатлари жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиётини ҳаракатга келтирувчи драйвер ролини ўйнайди. Аввало, ер, ер ости бойлик­лари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захираларга нисбатан давлат мулкчилиги ўрнатилиши, хусусий мулкчилик эса баъзи табиат объектлари, масалан, томорқа ерлари, аҳолига хизмат кўрсатадиган бинолар (кафе, ресторан, сартарошхона, кичик ишлаб чиқариш бинолари, магазинлар) жойлашган ер участкалари, чет эл элчихоналари жойлашган ер участкалари, ер устига яқин жойлашган қазилма бойликлар, баъзи турдаги сувлар (қудуқ сувлари), ўсимлик (уй шароитида ўстириладиган барча ўсимлик дунёси) ва ҳайвонот дунёси (уйда боқиладиган ёввойи ҳайвон турлари) объектларига нисбатан ўрнатилиши лозим. (Табиат ресурс­ларига нисбатан хусусий мулкчилик Қозоғистон, Япония, Туркия, Россия давлатлари Конституцияларида ўз аксини топган).


Аюбхон Муҳаммадиев, 

Жамоат хавфсизлиги университети профессори,

 юридик фанлари доктори

Жиноий таъқибга учраган, лекин адолатли суд муҳокамасида бўлган фуқаронинг ҳуқуқи “HABEAS KORPUS” деб номланади ва бу атама 1679 йил 26 май куни инглиз парламенти томонидан қабул қилинган қонун — “Ҳабеас Корпус Акт” атамасидан олинган. “HABEAS KORPUS” атамаси лотинчадан ўзбек тилига ўгирилганда “танани, шахсни(судга) келтириш” маъносини англатади. 

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида, жумладан, “хабеас корпус” институтини янада такомиллаштириш орқали судларнинг мус­тақиллиги ва холислигини ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида суд ҳокимиятининг ролини тубдан ошириш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш кўзда тутилган. Наинки, инсоннинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига бўлган муносабат, унинг ҳуқуқий ҳимоя­ланганлигининг юқори даражаси — мамлакатда суд ҳокимияти шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш функциясини самарали амалга оширилаётганлигида кўринади.

Президентимизнинг 2005 йил 8 августдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги фармонига асосан, 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахс­ларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилди. Қонунда белгилаган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш самарасиз бўлган алоҳида ҳолларда ва фақат жиноят ишлари бўйича судлар ёки ҳарбий судларнинг ажримига асосан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиладиган бўлди ва бу фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз экани, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий норма амалда рўёбга чиқишининг яққол ифодаси эканлигини кўрамиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги “Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Прокурор ва терговчи томонидан судга қадар иш юритиш босқичида қўлланиб келинган процессуал мажбурлов чораларининг фақат судьянинг санкцияси асосида амалга оширилиши принципига ўтилиши юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштиришнинг туб мақсади фуқаролар шахсий эркинлиги кафолатларининг ҳаққоний амалга оширилишига, пировард натижада суд томонидан қонуний, асосли ва адолатли қарорлар чиқарилишига олиб келади. Шу муносабат билан ҳуқуқий пойдевор ҳисобланган Конституциямизда халқаро “ҳабеас-корпус” институти ўз аксини топса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Tegishli xabarlar

Илмли, маърифатли аёл – мамлакат таянчи, миллат тарбиячиси

admin

Касбида қандай муаммолар ҳал қилинмоқда?

admin

2022-2026 ЙИЛЛАРДА ХАЛҚ ТАЪЛИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА МИЛЛИЙ ДАСТУРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin