ADOLAT 24

Қонунларни мукаммаллаштириш ҳаёт талаби

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда фракция аъзолари “Пробация тўғрисида”ги қонун лойи­ҳасини кўриб чиқдилар. 

Йиғилишда суд томонидан тайин­ланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шунингдек, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги, бу эса ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларга олиб келаётганлиги қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан алоҳида қайд этилди.

Шунга кўра, пробация назоратидаги шахсларга суд томонидан юклатилган чеклов ва мажбуриятларнинг ижросини таъминлаш ҳамда пробация назоратини амалга ошириш, пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш бўйича тадбирларни белгилаш ҳамда амалга оширишни ўз ичига оладиган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш зарурати мавжудлиги таъкидланди.

Қонун лойиҳаси билан пробация тизимининг умумий қоидалари, пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби, пробация назоратидаги шахс­ларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробация назорати шаклини қўллаш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, пробациянинг ижтимоий мослаштириш тарзидаги шаклини қўллаш тартиби, пробация соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилмоқда.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши натижасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, уларни ижтимоий мослаштириш ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш бўйича таъсирчан ва самарали тизим яратилишига эришилади.

Шунингдек, фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Маърузада таъкидланганидек, сўнг­­ги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш, уларни сақлаб қолиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сон фармони ҳамда 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон фармони билан дарахтлар кесилишининг олдини олиш мақсадида мораторий жорий этилишига қарамасдан айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлари, шу жумладан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига ва жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги фракция аъзолари томонидан қайд этилди.

Қонун лойиҳаси билан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикаст­лантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорларини ошириш, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чораларини белгилаш, дарахтлар ва буталар қимматбаҳо нав­ларини кесиш, кундаков қилиш, шикаст­лантириш ёки йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ёки бундай жойлар учун қурилиш лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Шу билан бирга, йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 473-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

“Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекис­тон Республикасида маҳсулотлар ва хизматлар умумий хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги техник рег­ламентларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, қўллаш, мувофиқлигини баҳолаш ва давлат томонидан назорат қилиш соҳаларидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутади.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш унинг қоидалари халқаро талаб­ларга мувофиқлигини таъминлайди. Шу билан маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш масалаларида истеъмолчилар ҳамда маҳсулотларнинг хавфсизлик талабларини белгилаш орқали фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, истеъмолчиларни чалғитадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, савдо-сотиқдаги техник тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий нормаларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам бериши депутатлар томонидан алоҳида таъкид­ланди.

Фракция аъзолари томонидан берилган саволларга қонун лойиҳаси ташаббускорларининг жавоблари олиниб, ушбу қонуннинг ижросини таъминлаш, ижрочиларга етказилиши ҳамда қонун моҳияти ва аҳамияти борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш тартиби бўйича тўлиқ маълумот берилди. 

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ҳамда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Tegishli xabarlar

Наманганда муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

admin

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

admin

Диққат!!! Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан янги лойиҳа: “БИЗ СОҒЛОМ ҲАЁТНИ ТАНЛАЙМИЗ!” янги лойиҳага старт берилди

admin