ADOLAT 24

Қарор лойиҳаси Халқ манфаатига хизмат қиладими?

Ҳар бир мамлакат, давлат ўз келажагини, тараққиётини, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий юксалиш йўлларини маълум бир қонунлар, қарорлар, фармонлар, фармойишлар асосида белгилаб олади. Бу қонуний ҳужжатлар нафақат ўша мамлакат ёки давлатнинг равнақ топиши учун, балки унинг халқи яхши, фаровон яшаши, тўкис ҳаёт кечириши учун ҳам хизмат қилади. Шу сабабли мамлакатимиз Президенти, республика Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинаётган қонунлар, қарорлар, фармонлар, фармойишларга халқимиз катта умид кўзи билан қарайди. Уларни мамлакатнинг истиқболли келажагини белгилаш йўлидаги асосий омиллар, ҳужжатлар деб ҳисоблайди.

Хўш, шундай экан, республикамизда айни пайтда ишлаб чиқилаётган қарорлар, қонунлар, фармонлар лойиҳаларида, ҳақиқатан, халқимизнинг, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришга, аҳолининг молиявий аҳволини яхшилашга хизмат қилиши режалаштирилмоқдами? Келинг, бу борадаги саволларга жавоб топиш учун республика ҳукуматининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасига бир назар ташлайлик. Қарор лойиҳасида электр энергияси ва табиий газ нархларини ўзгартиришга сабаб қилиб ёқилғи-энергетика тежамкорлигини рағбатлантириш, бу соҳада молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарини балансли ривожлантириш, электр энергияси ва табиий газни реализация қилишнинг бозор механизмларини ҳаётга янада кенгроқ жорий этишни таъминлаш, ушбу соҳаларни мамлакатимизда рентабелли, фойда келтирадиган жабҳага айлантириш каби масалалар кўрсатилган. Масаланинг моҳиятини яна ҳам аниқроқ, лўндароқ қилиб айтадиган бўлсак, электр энергияси ва табиий газ нархининг ошиши ва табақалаштирилган ҳолда ошиши асосида ушбу соҳаларни эркин бозор иқтисодига ўтказиш ва Энергетика вазирлигини энг бой ташкилотга айлантириш мақсади ётади.

Қарор лойиҳасига кўра, республикамизда аҳоли учун, тўғрироғи, бир абонент учун электр энергияси истеъмоли ойига 250 киловатт соат қилиб белгиланган ва бу белгиланган 250 киловатт соатнинг ҳар бир киловатт соати учун истеъмолчи 325 сўмдан пул тўлайди. Агар истеъмолчи абонент ойига 250 киловатт соатдан ошиқ электр энергияси ишлатса, унинг ҳар бир киловатт соатига нарх-наво табақалаштирилган ҳолда 650 сўмдан пул тўлаши кўрсатилган. Бу кўрсаткичлар бюджет ташкилотлари учун 800 сўмдан, юридик шахслар учун 600 сўмдан қилиб режалаштирилган.

Табиий газ бўйича аҳоли учун, аниқроғи, бир абонент учун иситиш мавсумида ойи­­га 700 куб метр белгиланган ва шу белгиланган 700 куб метрнинг ҳар куб метри учун 410 сўмдан пул тўлаш мўлжалланган. Иситиш мавсумидан бошқа вақтлар учун 200 куб метрига 410 сўмдан маблағ тўлаш режалаштирилган. Иситиш мавсуми ва иситиш мавсумидан бошқа вақтлар учун белгиланган базавий нормадан ошиқ ҳар бир куб метр табиий газ учун 1200 сўмдан пул тўлаш белгиланган. Шунингдек, бюджет ташкилотлари учун ҳар бир куб метр газ ҳақи 1300, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун 1200, иссиқлик электр станциялари учун 1000, юридик шахслар учун 1150 сўмдан жорий этилган.

Дарвоқе, 2018 йил 1 ноябрда рес­публика Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва таърифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида” деб номланган 897-сонли қарори қабул қилинган эди. Ўшанда қарорга кўра 2019 йилнинг 1 июнидан 1 киловатт соат электр энергиясининг нархи 280 сўм, табиий газнинг нархи 350 сўм кўтарилиши белгиланган эди.

Шу билан бирга қарорда 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 киловатт соат, табиий газнинг базавий нормаси иситиш мавсумида бир абонентга ойига 1000 куб метр, иситиш мавсумидан бошқа вақтларда 250 куб метр қилиб белгиланган. Белгиланган базавий нормадан ошиқ ҳар бир киловатт соат электр энергияси ва куб метр табиий газ учун 1,2 баравар миқдорида пул тўлаш жорий қилиниши кўрсатилган эди. 

Бу эксперимент (тажриба) ўша пайт­­да амалда қўлланилдими, йўқми, у қандай натижа берди, билмадик. Лекин ниҳоятда таниш манзара: 2018 йилдаги қарорда эксперимент (тажриба) сифатида белгиланган кўрсаткичлар эндиликда қарор лойиҳасида ҳам тўла аксини топган. Аксини топганда ҳам истеъмолчиларнинг, аниқроғи, халқимизнинг чўнтагига кўпроқ зиён бериши режалаштирилган тарзда намоён бўлган. Эътибор беринг, эксперимент доирасида ҳар бир абонентга базавий норма электр энергиясида 300 киловатт соат қилиб белгиланган, қарор лойи­ҳасида эса бу кўрсаткич 250 киловатт соатга туширилган. Табиий газнинг базавий нормаси экспериментда иситиш даврида 1000 куб метр, иситилмайдиган давр­­да 250 куб метр қилиб белгиланган бўлса, ана шу кўрсаткичлар лойиҳада 700, 200 куб метр ҳажмда кўрсатилган. Яъни, базавий миқдор ҳажми янада камайтирилган. Айни пайтда, экспериментда электр энергияси ва табиий газнинг базавий миқдоридан ортиқ бўлган қисмидаги ҳар бир киловатт соат ва куб метрига 1,2 баравар миқдорда пул тўлаш белгиланган бўлса, қарор лойиҳасида ушбу кўрсаткичлар базавий миқдордаги маблағ миқдоридан 2-3 баравар кўп тўланиши кўрсатилган.

Тўғри, мамлакатимизда электр энергия­­си ва табиий газ аҳолига субсидияланган ҳолда етказиб берилади. Яъни, электр энергияси ва табиий газни ишлаб чиқариш учун сарфланаётган маблағни уни истеъмол қилаётган аҳоли томонидан тўланаётган маблағ қопламайди. Шу сабабли давлат бу маҳсулотлар учун аҳолига ғамхўрлик мақсадида қўшимча пул, субсидия тўлайди. Мутахассисларнинг фикрича, давлат томонидан тўланаётган субсидиялар ҳозирги мавжуд ҳолатда абонентлар ўртасида бир хил тақсимланаётган эмиш, яъни, кимдир ушбу субсидиядан 20 фоиз фойдаланаётган бўлса, бошқа биров 80 фоизлик улушга эга бўлаётганмиш. Шу сабабли соҳада адолат мезонини тиклаш учун ислоҳотни амалга ошириш, уларнинг нархларини бозор иқтисодига мослаш керак эмиш.

Бу хусусда Энергетика вазирлиги электр энергетика соҳасини ислоҳ қилиш лойиҳа офиси директори ўринбосари Баҳром Умарбеков “Ўзбекистон овози” газетаси мухбирига берган интервюсида шундай дейди: “Аҳолига етказиб берилаётган электр энергияси учун тахминан 420 сўм харажат қилинса, истеъмолчи бунинг 300 сўмини тўлайди. Эндиликда давлат томонидан берилаётган субсидиялар истеъмолчилар ўртасида тўғри тақсимланмаётибди. Шу сабабли мувозанатни сақлаш учун янги тизим жорий этилди. Унга кўра (электр энергияси учун), ойлик истеъмол меъёри 200 киловатт соат (ваҳоланки қарор лойиҳасида 250 киловатт соат) этиб белгиланди. Мазкур миқдоргача бўлган тақдирда эски таърифлар деярли ўзгармаган ҳолда тўлов қилинади. 201 киловатт соатдан бошлаб энергия етказиб беришнинг ҳамма харажатларини тўлиқ қоп­лайдиган, субсидияланмаган ҳажмда, яъни таърифнинг икки миқдорида тўлов амалга оширилади. Натижада ижтимоий ҳимоянинг қайсидир даражада манзиллилиги таъминланади”.

Электр энергияси ва табиий газга давлат томонидан бериладиган субсидияларни “адолатли тақсимлаш” билан овора бу ислоҳчи, агар ўзлари тавсия қилган қонун лойиҳаси амалга ошса, электр энергияси ва табиий газга янги тўловлар орқали халқимизнинг иқтисодий шароитида қанча қийинчиликлар юзага келишини тасаввур қилармиканлар? Келинг, масалага факт ва рақамлар асосида ёндошайлик.

Аввало, қонун лойиҳаси кучга кирса, электр энергияси ва табиий газнинг нархи ислоҳчи директор ўринбосари айт­ганидек ўзгармасдан қолмайди. Бугунги кунда бир киловатт соати 295 сўм бўлган электр энергияси нархи 325 сўмга кўтарилади. Ёки бир куб метри 380 сўм бўлган табиий газ нархи 410 сўмга айланади. Бу нарх-наво ошишларини энергетика соҳаси ислоҳотчилари “арзимас ўзгаришлар” деб атайдилар. Бу ушбу соҳада нарх-навони оширишнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Унинг иккинчи босқичи энергетика ресурсларига нарх-наво оширилишнинг табақалаштирилган қисми билан боғлиқ. Демак, қарор лойиҳасида электр энергия­­си ва табиий газнинг нархи бир йўла икки марта оширилиши кўзда тутилган.

Хўш, бу қарор лойиҳаси тасдиқланса, аҳолининг бир абонент ҳисобида электр энергияси ва табиий газга тўлайдиган маб­лағлари сарфи қанчагача кўпаяди? Шу мақсадда Тошкент шаҳрида яшайдиган, ўндан ортиқ одам истиқомат қиладиган бир оила (бир абонент)нинг электр энергияси ва табиий газ билан боғлиқ сарф-харажатларини ҳисоб-китоб қилиб кўрдик. Оила бошлиғининг айтишига кўра, хўжалик учун бир ойда 600 киловатт соат электр энергияси сарфланар экан. Бу мавжуд нархга кўра 177 минг сўм бўлади. Бу рақам қарор лойиҳаси бўйича ҳисобланса салкам 308 минг сўмга етади. Ушбу хўжалик иситиш мавсуми даврида табиий газдан 1400 куб метр миқдорида фойдаланар экан. Бугунги нарх-наво асосида унинг баҳоси 552 сўмдан ошади. Қарор лойиҳасига мувофиқ эса ушбу газ миқдори 1 миллион 127 сўм деб баҳоланади. Иситиш мавсумидан бошқа даврда табиий газ миқдори 400 куб метрдан кўп сарфланар экан. Демак, бу ҳам қўшимча маблағ талаб қилади деган сўз.

Келинг, ана шу рақамларни умумлаштириб, ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Хулоса аниқ: қарор тасдиқланса, электр энергиясининг 1 киловатт соати ушбу оилага 501 сўмдан, табиий газники эса 1 куб метри 805 сўмдан тушади. Бошқача айтганда, мутахассислар энергетика ресурсларининг баҳосини икки бараварига оширишни режалаштирганлар. Юқоридаги оиланинг ҳисоб-китобларга кўра маблағининг салкам 1,5 миллион сўми электр ва газга сарф бўлар экан. Оилада икки ишловчи бўлса, ҳар бири 3 миллион сўмдан маош олса, унинг тўртдан бир қисми электр ва газга сарф бўлса, қолган маблағ хонадон аъзо­ларининг бир ой давомида яшашлари учун етадими? Республикамизда бундай оилалар, хонадонлар сони ниҳоятда кўп. Шундай экан, қарор қабул қилинса, уларнинг иқтисодий аҳволида қийинчиликлар юзага келмаслигига ким кафолат беради? 

Электр энергияси ҳам, табиий газ ҳам мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқарилади. Агар уларни ўзимизда ишлаб чиқармай четдан сотиб олганимизда эди, қарор лойиҳасида белгиланаётган нарх-наво ошишидан мақсадни тушунса бўларди. Шу ҳолатда эса қарор лойиҳасини мутахассислар, аввало, халқимизнинг айни пайт­даги ижтимоий-иқтисодий аҳволини ҳисобга олмасдан тайёрлаганликлари, қолаверса, электр энергия­сининг ва табиий газнинг базавий миқдорини белгилашда ҳам, базавий миқдордан ошиқ қисмига табақалаштирилган усулда нарх-наво қўйишда ҳам асоссиз ва нотўғри йўл тутганлик­лари яққол анг­лашилиб турибди. Акс ҳолда турли хил ёритқичлардан тортиб телевизор, компь­ютер, чанг юткич, музлатгич, кондиционер, уйни ва сувни иситиш асбобларига эга хонадонлар учун электр энергиясининг базавий нормаси 250 киловатт соат, газники мавсумда 700, мавсумдан бошқа вақтларда 200 куб метр қилиб белгиланмаган, уларнинг табақалаштирилган нархлари 2-3 баравар оширилмаган бўларди!

Шу билан бирга қарор лойиҳасидаги тилга олинган базавий ва табақалаштирилган нарх ҳар бир абонентга мўлжаллаб белгиланган. Бу ерда “ҳар бир абонент” сўзига алоҳида эътибор қаратилганлиги бежиз эмас. Бир абонент эса баъзан 2-3 одамдан, баъзан 15-20 кишидан иборат бўлиши мумкин. Халқимиз эса болажон, кўпчилик бирга яшайди. Бир-икки одам яшайдиган хонадонлар юртимизда 10-15 фоиздан ошмайди. Баъзан шароит тақозоси, иқтисодий имконсизлик натижасида бир хонадонда 2-3, ҳатто 3-4 та оила яшаётгани ҳам айни ҳақиқат. Юқоридаги базавий нормалар эса якка тартибдаги уйлар ва турли ҳажм­даги квартиралар учун бир хил, ўша уйлар ва квартиралар квадрат метри ҳамда уларда яшаётган одамлар сони ҳисобга олинмасдан белгиланган. Масалан, бир хонали икки киши яшайдиган хонадон ҳам, уч-тўрт оила истиқомат қиладиган ҳовли ҳам бир абонент ҳисобланади. Табиийки, одам сонига қараб электр энергия ва газ истеъмоли ҳам ошиб боради. Ҳовлиларда сув, иситиш тизими газ ёки электр энергияси, баъзан иккаласи ёрдамида амалга оширилади. Натижада якка тартибдаги хонадонларда ва кўп қаватли уйлардаги квадрат метри катта бўлган квартираларда яшовчи 10-15 кишилик абонентлар электр энергия ва табиий газ истеъмолини тежашга қанча ҳаракат қилсалар ҳам белгиланган базадан ортиқ сарфлашга ва ортиқча маблағ тўлашга мажбур бўладилар. Бу эса аҳолининг турли қатламлари ўртасида электр ва газга ҳақ ундиришда, ҳақиқатан ҳам тенгсизликни, адолатсизликни келтириб чиқаради. Шунинг учун агар бундай базавий норма ва табақалаштирилган нарх қабул қилиниши зарур бўлса, бу тенгсизлик ва адолатсизликни бартараф этиш керак. Яъни, базавий нормани абонентга эмас, одам сонига қараб белгилаш керак ёки хонадонлардаги ҳар бир оилани алоҳида абонентга айлантириш шарт.

Умуман олганда, ҳукуматимиз томонидан тақдим қилинаётган қарор лойиҳасида режалаштирилаётган электр энергияси ва табиий газ нархларининг оширилишидан мақсад нима? Ислоҳотчи мутахассислар буни “иқтисодиётимизни нафақат ўстириш, балки унинг суръатини ҳам кўтариш”, “энг асосийси электр энергияси ва табиий газга бўлган эркин бозорни ўрганиш” деб баҳолашмоқда. Мақсад яхши. Аммо…

Сўзимиз бошида ҳар бир мамлакатда қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари давлат ҳамда халқ манфаатлари учун, юртнинг, эл-улуснинг, ободлиги, равнақини таъминлаш учун хизмат қилади, деган фикрни айтган эдик. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳам бир жиҳатдан давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида жамоатчилик муҳокамасига ташланган ҳужжат, деб баҳолаш мумкин. Лекин ҳар қандай мамлакатда давлат манфаатлари халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда намоён бўлади. Давлат манфаатларини ҳимоя қилиш халқ манфаатларини ҳимоя қилишдан бошланади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳар бир маърузасида “Халқ бой бўлса, давлат бой бўлади” деган гапни так­рор-такрор таъкидлайди. Шундай экан, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган, кўпчиликнинг эътирозларига сабабчи бўлаётган табиий газ ва электр энергияси учун истеъмол тўловларини икки марта — ҳам тўғридан-тўғри, ҳам базавий норма асосида ошириш билан боғлиқ қарор лойиҳасини қандай баҳолаш мумкин? Бу қарор лойиҳаси кимнинг манфаатини ҳимоя қилар экан?

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Қонуний жазо чораларини кучайтирмасдан, коррупцияни бартараф этиб бўлмайди

admin

ҚАҲРАМОН ОТА-БОБОЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ ВА   ХОТИРАСИГА ЮКСАК ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМ

admin

ДУНЁ ҲУНАРМАНДЛАРИ ҚЎҚОНДА ЖАМ БЎЛДИ

admin