ADOLAT 24

Адолатга оддийгина бир сўз сифатида эмас, виждон масъулияти сифатида ёндошиш керак

Адолат. Ҳа, бу сўз ҳар бир инсоннинг юрагида сақланган. Негаки, ҳар ким Адолатли умр кечиришни истайди. Адолатли бўлишга даъват этади.

Адолатга оддийгина бир сўз сифатида эмас, виждон масъулияти сифатида ёндошиб, уни ўз қуролига айлантирган, меҳнат фаолиятини қонун устуворлигини таъминлашга, одил судловни амалга оширишга бағишлаган ҳамюртларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Улардан бири яқинда Президентимиз томонидан 2017 йил 14 июлда жорий этилган 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Савронбек Турсуновдир.

1952 йили гўзал Фориш туманидаги Учма қишлоғида, муаллим Акром бобо хонадонида дунёга келган Савронбек Турсунов болалигиданоқ одоби, билими, интилувчанлиги, тиришқоқлиги ва аъло баҳолари билан тенгқурларидан ажралиб турарди. 

1971 йили Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирган С.Турсунов вақт топди, дегунча ўзини кутубхонага урди. Қўшимча адабиётлар ёрдамида ўз соҳасини чуқур ўрганди. 

1976 йилда талабаликнинг олтин даври билан хайрлашиб, меҳнат фаолиятини Жиззах туман прокуратурасида иш ўрганувчи вазифасидан бош­лади. Туман прокуратурасининг терговчиси бўлиб ишлаётган Алишер Мардиев унинг биринчи амалий устозига айланди. Жиззах туман прокурори бўлиб ишлаган Олтмиш Алибоев, Турсунқул Суюндиковларнинг тажрибасидан баҳраманд бўлди.

Кунлар тунларга уланадиган, бир иш орқасидан иккинчиси келадиган, жиноятнинг изини оладиган, илдизини қирқадиган жараёнларнинг катта қозонида қайнаган Савронбек Турсунов 1980 йилда Жиззах туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимидан Жиззах вилоят суди судьяси лавозимига муносиб кўрилди. Сўнгра Ғаллаорол туман судининг раиси вазифасида ишлади. Одил судловни амалга ошириш борасидаги самарали фао­лияти муносиб баҳоланиб, С.Турсунов туман судининг раислигидан бир йўла Олий суд судьяси бўлиб сайланди.

– Савронбекни интилувчан, серғайрат, ўзига топширилган ҳар қандай ишни масъулият билан бажара оладиган, энг муҳими, дили ҳам, қўли ҳам тоза инсон сифатида кўп йиллардан буён биламан ва ҳурмат қиламан, – дей­ди Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев. – Ўша пайтларда Ўзбекистон Рес­публикасининг Биринчи Президенти ташаббуси билан Олий судда “пахта ишлари”ни қайта кўриб чиқиш комиссияси тузилган бўлиб, унинг таркибига Савронбек ҳам киритилган эди. У комиссия таркибида самарали фаолият юритиб, ўзига юклатилган бошқа вазифалар қаторида Гдлян ва Иванов раҳбарлигидаги тергов гуруҳи ва “десантчи”лар томонидан тўқиб чиқарилган айблар билан жазоланган юзлаб ҳамюртларимизнинг оқланишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди. 

Савронбек Турсунов ўз ишига ўта масъулият билан ёндашар, шу сабабли у томонидан биринчи инс­танцияда, кассация инстанциясида кўрилган ишлар сифати юқори бўларди. Унинг чиқарган ҳукм ва ажримлари кўплаб судъя­лар учун нафақат намуна, қўлланма вазифасини ҳам ўтар эди. Шу тариқа судьялар орасида яхши танилгач, унинг номзоди Жиззах вилоят суди раислигига тавсия қилинди. 

– 90-йилларда одил судлов органлари учун машаққатли даврлар эди, – деб эслайди Убайдулла Мингбоев. – Чунки эски тузумнинг эски қонунлари ишламай қолганлиги ва янгилари қабул қилинмаганлиги жиноий гуруҳларнинг томир отиб кетишига ва уюшган қуролли гуруҳлар вужудга келишига замин бўлганди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин уюшган жиноий гуруҳларга қарши қаттиқ кураш бош­ланди. Жиззахда ҳам бош кўтарган жиноий гуруҳлар раҳбарлари ва аъзолари ҳибсга олинди. Мана шу вазиятда Савронбек Турсуновнинг раҳбарлик истеъдоди яхши самара берди. У бандитларнинг ишини кўриш топширилган судьяларнинг ўзининг ҳам, оиласининг ҳам ҳимоя қўрғонига айланди. Жиззахда уюшган жиноий гуруҳларга қаттиқ зарба берилди.

Дарҳақиқат, жиноятчиликка зар­­ба бериш биргина ҳуқуқ-тартибот идораларининг иши эмас, судьяларнинг ҳам вазифасидир. Бу вазифани Жиззах вилояти тимсолида юқори даражада бажара олган Савронбек Турсунов етти йиллик раҳбарлигидан кейин 1997 йилда Самарқанд вилоят суди раиси этиб тайинланди. 

Шундан кейин Савронбек Турсуновнинг судьялик фаолияти ҳарбий судлов органларида давом этди. 2002-2006 йилларда Ўзбекис­тон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосари, 2006-2013 йилларда эса ҳарбий суд раиси вазифасида фаолият юритди. Судьялик фаолияти давомида биринчи малака даражали судья, биринчи даражали адлия маслаҳатчиси махсус унвонлари, полковник ҳарбий унвони соҳиби бўлди. 

Савронбек Турсунов эришган барча муваффақиятларини Ғаффор Нурмуҳаммедов, Шермат Умаров, Убайдулла Мингбоев, Содиқжон Йигиталиев, Бўритош Мус­тафоев, Абдусамат Полвонзода, Сирожиддин Мирсафоев ва бошқа ўнлаб устозларининг номлари билан боғлайди.

Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” аса­рида қозилик фақат пок кишиларга берилиши керак, дейилганидек, қилни қирқ ёриб, адолат тарозисини адолат билан ушлаб юзлаб шогирдларнинг, жумладан, ўнга яқин вилоят суди раисларининг устозига айланган Савронбек Турсунов бутун фаолияти давомида жамоа ва жамоатчилик ўртасида пок, ҳалол ва адолатли инсон сифатида намоён бўлди.

Абдукамол РАХМОНОВ,

ҳуқуқшунос

Tegishli xabarlar

Фахрий депутатнинг совғаси

admin

Миллатнинг эркинлиги, орзу ва мақсадлари ифодаси

admin

“АДОЛАТ” СДП: КЕЧА ВА БУГУН 18 февраль – “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топган кун

admin