ADOLAT 24

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт

1989 йилнинг кузида Франциянинг Монпелье шаҳрида халқаро миқёсда анжуман бўлиб ўтди. Бу анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан олимлар, илм-фан арбоблари, турли ташкилотлар вакиллари қатнашди. Европанинг кўплаб давлатлари раҳбарлари ҳам ана шу анжуманда иштирок этдилар. Бу анжуман Монпелье университети ташкил қилинганининг 700 йиллигига бағиш­ланган эди. Шундан кейин Европанинг кўплаб давлатларидаги шаҳарларда ана шундай анжуманларни ўтказиш одатга айланди.

1990 йили Англиянинг Оксфорд, Испаниянинг Саломанка, Португалиянинг Лиссабон университетлари ҳам 700 йиллик тўйларини нишонлашди. 1998 йили Италиянинг Болонья, Салерно университетлари 840 йиллик, Англиянинг Кемб­риж университети 790 йиллик, 1994 йил Вена, Краков университетлари 630 йиллик юбилейларини ўтказишди. Кейинчалик ҳам бу анъаналар давом этиб, турли мамлакатлар дорилфунунларининг 200-300 йиллик анжуманлари бўлиб ўтди. Табиийки, ушбу анжуманларда мазкур университетларнинг жамият, илм-фан оламидаги ютуқлари, амалга оширган ишлари улуғланди. Европадаги кўп­лаб университетларнинг бундай анжуманларини ўтказишдан мақсад нима эди? Бу фақат ўша олий ўқув юртларининг 600-700 йиллик тарихи бор, бу давр ичида улар катта ютуқларга эришган, дея уларнинг жамиятдаги нуфузини оширишдан иборатмиди? Йўқ, мазкур тадбирлар ушбу анжуманларни ўтказишдан кузатилган мақсаднинг бир томони эди. Унинг яна бошқа томони ҳам бор эди. Яъни, бундай анжуманлар орқали ҳар бир халқнинг, юртнинг инсоният тарихида, илмий тараққиётида, илм-фан соҳасида етакчи бўлганлигини дунё аҳлига намойиш этиш эди. Улар ўзлари кўзлаган бу мақсадга эришдилар. Европадаги 700-800 йил илгари ташкил этилган ушбу университетлар инсоният тафаккурида, маърифатнинг юксалишида етакчи роль ўйнаган деб, эътироф қилинди. Шундай экан, ғарб мамлакатларидаги илм-фан даргоҳлари ҳисобланган илк университетлар ХII-ХIII асрларда ташкил қилинган бўлса, бундай илм-фан марказлари Шарқ ўлкаларида қачон юзага келган, хусусан, Ўрта Осиё ва Ўзбекистон ҳудудларида илм-фан, маърифатнинг маълум бир тизимда ўқитила бошланиши қайси даврлардан бошланган деган савол туғилади. 

Албатта, ўрта асрларда Ғарбда илм-маърифатни халқ орасида тарқатишда таълимнинг университет шакли юзага келган бўлса, шарқда, жумладан, мусулмон оламида мадраса тизими шакл­ланган. “Мадраса” сўзи араб тилида дарс ўргатмоқ, таълим бермоқ маъноларини билдирса, Ғарбдаги университетлар таълимлар мажмуи, йиғиндиси мазмунини англатади. Бошқача айт­ганда, мадраса ҳам, университет ҳам инсониятни маърифатли қилиш учун хизмат қилган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мусулмон дунёсида ислом маданияти, илм-фани, илоҳиёти, санъати масалаларини шарҳлаб, изоҳлаб берадиган таълим масканлари бўлган илмий мажмуалар марказлар сифатида VII-VIII асрларда пайдо бўлган. Кейин бу марказлар ўрнида илм-фан, илоҳиёт мактаблари таркиб топган. IX асрга келиб улар мадрасаларга айланган. Хўш, булар мусулмон дунёсининг қайси ҳудудларида шаклланган? 

Тарихчиларнинг баъзилари “Ислом маданияти тарихидаги маърифий тизимли биринчи мадраса 1066 йили салжуқий вазир Низом ул-Мулк томонидан Бағдод шаҳрида барпо қилинган”, деб маълумот берадилар. Бу маълумот мад­расачилик тарихини салкам минг йиллик ўтмиш билан боғласа ҳам илк мадраса айнан ана шу даврда барпо этилган деган фикрга асос бўлолмайди. Чунки мад­расалар бу санадан илгари ҳам мавжуд бўлган. Масалан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий “Бухоро тарихи” асарида Х аср бошларида бу шаҳарда “Форжак” мадрасаси бўлганлигини тилга олади. У асарида “Амири Саъид Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил даврида 325 йил ражаб ойида (937 йилнинг май-июль ойлари) Бухорога ўт тушиб, ҳамма бозорлар куйди. Олов осмонда булутдек сузиб юрди. “Кўйи бикор” — “Қизлар кўчаси”, бозорнинг тимчалари, мадрасайи Форжак, ковушдўзлар тими, саррофлар ва баззоз­лар бозори, Бухоронинг ана шу томонида то анҳор лабига боргунча нимаики бўлса, ҳаммаси куйди. Бир парча олов сачраб Масжиди Моҳ ўт олди ва у тамоман ёниб кетди”, деб ёзади. Бу маълумотдан 937 йилда Бухорода “Форжак” деб аталган мадраса фаолият юритганлиги маълум бўлади.

Х аср бошларида Бухорода ушбу мад­расадан ташқари яна Абу Ҳафс Кабир номи билан боғлиқ мадраса бўлганлиги ҳам тарихий асарларда қайд этилади. Ислом мамлакатларининг аксариятидан толиби илмлар бу ерга сабоқ олиш учун келганлар. Бу мадрасада Абу Ҳафс Кабир, унинг ўғли Абу Ҳафс Садир, невараси Абдуллоҳ ибн Муҳаммад турли фанлардан сабоқ берганлар. Манбаларда Х асрда яшаб ўтган, 971 йилда вафот этган машҳур қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоҳивайҳ Бухорода Абу Ҳафс Кабир мадрасасида таълим олганлиги келтирилади. Наршаҳий асарида 950 йилда Бухорода фаолият юритган яна бир мад­раса хусусида маълумот мавжуд. Муаррих унда “Абдулмалик ибн Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоилнинг даврида (унинг ҳукмронлик даври 954-961 йилларга тўғри келади) унинг вазири, “Китоби Яминий”нинг муаллифи (Худо раҳматига олсин) Аҳмад ибн Ҳасан ал-Утбий (унинг гўри Дарвозаий Мансур маҳалласида, хон ҳаммомининг ёнида) мадраса рўпарасига жуда яхши бир масжид бино қилди ва шу масжид, мадраса туфайли ўша мавзу камол топ­­ди”, деб қайд этади.

IX-ХII асрлар Ўрта Осиё тарихида илм-фаннинг ривожланган даври ҳисоб­ланиб, бу даврда тарих, мантиқ, фиқҳ, астрономия, математика, табобат, ҳадис, калом, тафсир ва бошқа фанлар ниҳоятда ривожланган. Бу даврда илм-фан ва ислом цивилизацияси юксак тараққий этганлиги сабабли тарихга олтин давр сифатида муҳрланган. Бу давр­нинг юксалишида мадрасалар алоҳида ўрин тутган. Муаллифи номаълум “Бухоро тарихи” асарида IX асрда Пойкент (Бойкент)да фаолият юритган яна бир мадраса хусусида шундай маълумот мавжуд: “Дарвоза” маҳалласида сарой ва унинг ичида подшоҳликка мос ҳаммом қурилди. Яна сарой дарвозаси олдига мисли кўрилмаган бошқа бир ҳаммом ҳам солинди. У сарой кўп йиллар давомида Бухоро подшоҳининг қароргоҳи бўлиб турди. Кейинроқ эса у сарой фақиҳлар учун мадраса қилинди. Сарой олдидаги ҳаммом ва бир мунча қишлоқлар мадрасага вақф қилиб берилди. Бу маълумот Бухорода мадрасачилик тизими пайдо бўлишини яна 100 йилга, Форжак мадрасаси пайдо бўлган 937 йилдан Пойкентдаги фақиҳлар мадрасаси ташкил этилган 830 йилгача кексайтиради. Милодий VIII-Х асрларда мад­расалар фақат Бухоро ва Бойкентдагина эмас, Самарқанд, Хоразм, Нахшаб, Термиз, Балх, Хўжанд, Жанд, Наса, Кушония, Хазорасп каби вилоят ва шаҳарларда мавжуд бўлганлиги ҳақида ёзма манбалар мавжуд. 

“Қадимда Самарқандда Бану нажия” қабристони атрофида “Қусамия” деб аталган бир мадраса солинган экан. У мадраса Самарқанд қўрғони ўрнида тепа устида, Оби Машҳад ариғининг яқинида, кунботар томонида эди. Мадраса мусулмон оламида машҳур эди. Ҳозирда ундан бир нишона қолмагандир”. Абу Тоҳирхожа Самарқандий “Самария” асарида тарихнинг номаълум бўлган саҳифасига ана шу тарзда аниқлик киритади. Бундан ташқари, тарихий асарларда Самарқандда IX аср охирларида Мотурид мавзеида “Работи Ғозиён” деб аталган муҳташам мадраса фаолият кўрсатганлиги ва унда улуғ аллома Абу Мансур Мотуридий таълим олганлиги қаламга олинган. Баъзи манбаларда Мотуридийнинг “Ал-Айозий” мадрасасида ўқиганлиги хусусида маълумотлар келтирилади. Самарқанд Афросиёб­ини текширган археолог­лар IX аср бошларида Арки аълодаги саройлар яқинида масжид ва мадраса бўлганлигини эътироф қиладилар. Ҳукмдорлар болаларининг таълим-тарбияси учун барпо этилган бу масжид ва мадрасалар қадимда зардуштийлар ибодатхонаси ўрнида қад ростлаган. Бош­­қа бир манбада Афросиёб яқинида Қорахоний ҳукмдор Иброҳим Тамғочхон номи билан аталган мадраса ҳам фаолият юритганлиги хусусида фикр билдирилади. Умуман, тарихий қўлёзмаларда Самарқандда IX-Х асрларда 17 та мадраса мавжуд бўлганлиги, улар илм масканлари сифатида шуҳрат топганлиги қайд этилган. Шунинг учун ҳам Х асрда яшаб ўтган араб сайёҳи Ибн Ҳавкал “Самарқанд Мовароуннаҳрнинг олиму фузалолари, адиблари йиғиладиган шаҳри бўлиб, уларнинг энг машҳурлари Самарқандда таълим-тарбия олиб камолотга эришганлар”, деб ёзади. 

VIII-IX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразм ўлкалари, бугунги кунда Ўрта Осиё деб аталадиган ҳудуд илм-фан — ҳам дунёвий, ҳам исломий илмлар ниҳоятда ривож топган минтақа ҳисобланган. Илм-фан ўчоқлари — мактаблар, мадрасалар, илмий марказлар, таълим мажмуалари кенг фаолият юритган. Шунинг учун ўша даврларда Бухорий, Самарқандий, Хоразмий, Кеший, Насафий, Фарғоний, Шоший, Косоний, Касбавий, Хўжандий номи билан минг­лаб олимлар нафақат ислом оламида, дунё миқёсида машҳур бўлганлар. IX асрнинг бошларида Бағдод халифаси Хорун ар-Рашиднинг ўғли, Марв ҳукмдори Ал-Маъмун атрофига ўрта осиёлик илм аҳлларини тўп­лайди. Марвда илмлар уйини ташкил этади. 813 йилда у отаси ўрнига халифалик бошқарувини қўлга киритгач, Марвда тўпланган илм аҳлларининг ҳаммасини Бағдодга олиб кетади. Ана шу алломалар 820 йилда “Байт ул-ҳикма” — Бағдод Маъмун академиясининг асосчиларига айланганлар. Ушбу академия жаҳон илм-фани тарихида, тараққиётида ниҳоятда катта роль ўйнаган. Академиянинг фаолиятида эса ўрта осиёлик алломалар етакчилик қилганлар. Немис олими Г.Зутер “Байт ул-ҳикма” ҳақида олиб борган тадқиқотларида академияда фаолият юритган алломалардан 500 дан ошиғининг номини келтиради. “Бу алломаларнинг аксарияти Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразм, Фарғонадан эди. Улар орасида Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ал-Жавҳарий, Марвазий, Сайид ибн Холид, Яҳё ибн Абу Мансур, Марварудий, Астурлобий, Ат-Туркий, Абу Ҳамид ас-Сағоний, Абу Вафо Бузжоний, Исфахоний, Абу Жаъфар Хуросоний, Ал-Балхий, Абу Фазл ас-Сарахсий, Исоқ Ибодий каби улуғ алломалар бор эди. Улар илмнинг астрономия, математика, геог­рафия, кимё, табобат, тарих, фалсафа, мантиқ, адабиёт, мусиқа ва бош­­қа соҳаларида етук сиймолари бўлганлар”, деб ёзади.

Бу маълумотлар ўрта осиёликларнинг IX аср бошларида араб тили орқали дунё илм-фанида етакчи бўлганликларини кўрсатади. Ал-Хоразмийнинг математика, алгебра фанларига асос солиши, география фанини янгича йўналишда яратиши, олам харитасини кашф этиши, Ал-Фарғонийнинг астрономия соҳасидаги беқиёс кашфиётлари, Нил дарёси сувини ўлчайдиган “Миқёс ул-Нил”ни барпо эттириши, Ат-Туркийнинг фан оламида илк устурлобларни ишлаб чиқиши, Ал-Жавҳарийнинг ҳандаса, гео­метрия фанларини янги илмий маълумотлар билан бойитиши, инсоннинг самога учиши билан боғлиқ ғояни яратиши, Ас-Сағонийнинг астрономия илмининг янги қонунларини очиб бериши, Форобийнинг фалсафа, Абу Бакр Розийнинг кимё, биология соҳаларидаги янгилик­лари ўрта осиёликларнинг илмий жаб­ҳаларда улуғ кашфиётлар яратганлик­ларини, фан оламининг кашшофлари эканликларини исботлайди. Бағдодда “Байт ул-ҳикма” (“Донишманд­лар уйи”)нинг ташкил этилиши илм-фан соҳасидаги ютуқларни марказлаштириш, уларни бир жойга тўплаш билан бирга унинг келгуси тараққиёти, ривожи учун ҳам катта йўл очиб берди. Академия ҳузурида катта кутубхона, тадқиқот ишларини олиб борадиган лабораториялар, иккита расадхона, қўлёзмаларга тартиб берадиган, уларни кўчирадиган, таъмирлайдиган ҳаттотлик, саҳҳофлик бўлимлари, таржимонлик ва бошқа илмий марказлар, мадрасалар фаолият олиб борган. Айниқса, мадрасалар академиянинг асосий таянчига айланган. Муаррихлар ўша пайтда академия ҳузурида олтита мадраса бўлганлигини таъкидлайдилар. “Байт ул-ҳикма” фаолият юритган 50-60 йил мобайнида илм-фаннинг турли соҳаларига оид 10 минг жилддан ошиқ асарлар яратилган. Мингдан ортиқ илмий кашфиётлар ҳаётга татбиқ қилинган. Академия алломаларидан аксариятининг асарлари ХIV-ХV асрларда Европа тилларига таржима қилинган ва университетларда ўқитилган. Бу маълумотлар юртимизда илм-фан юксалишида VIII-IX асрларда мадрасачилик тизими юксак тараққий этганлигини кўрсатади.

IX асрнинг сўнгги чорагига келиб Бағдодда илмий марказлар ёпилади. Расадхоналар фаолиятини тўхтатади. Академия алломалари халифалик томонидан таъқиб остига олинади. Натижада алломалар араб мамлакатларини тарк этиб, Ўрта Осиё шаҳарларига бориб ўрнаша бошлайдилар. Бу давр­­да Самарқанд, Бухоро, Кат, Гурганж илм-фан марказлари сифатида танилади. Айниқса, Хоразмда маърифат, илм-фанга эътибор янада кучаяди. Муаллифи номаълум бўлган “Таърифи шаҳри Хоразм” асарида бу хусусда бундай маълумот берилади: “Хоразм диёрида ўша пайтда (яъни Х-ХI асрларда) 12 минг жомеъ масжиди, 400 мингдан зиёд доимий фаолият юритувчи масжидлар, 4440 мад­раса бор эди. 12 минг хонақох, ҳар хонақохда мақомига етишган қутбул ҳикма ва муршид, ҳар муршиднинг 2 минг, камида 1,5 минг муридлари бўлган. 3700 машойихи кибор тариқат таълими билан машғул эрдилар”. Хоразмнинг илм-маърифат соҳасида эришган ютуқларини аллома Рашидиддин Ватвот улуғлаб “Хоразм шу даражага бориб етдики, у қўрққан ва хавф-хатарга тушганлар учун бехатар макон, қочган-қувилганларга манзилгоҳ, дарвишлар учун паноҳ жой бўлиб қолди”, деса, муаррих Ибн Арабшоҳ “Унинг пойтахти фозил кишилар жам бўладиган, уламолар манзил тутадиган, зарифлар ва шоирлар макони, адиб ва улуғ кишилар чашмаси, иззат-икромли улуғлар тоғининг кони, ҳақиқат изловчи кишилар денгизининг манбаи эди”, деб таъриф беради. Бу маълумотларнинг ҳаммаси IX-Х асрларда Хоразмда илм-фан юксак тараққий этганлигини кўрсатади. Х асрнинг охири ХI асрнинг бошида Хоразм пойтахти Гурганжда “Дор ул-ҳикма ва маъриф”, бошқача айтганда, Хоразм Маъмун академиясининг ташкил этилиши ана шу тараққиётнинг натижаси эди. Бу ерда IX аср бошида Бағдод Маъмун академиясида бошланган илмий тадқиқотлар, изланишлар, кашфиётлар давом эттирилди. Ушбу академияда математика, астрономия, геометрия, геодезия, минералогия, физика, кимё, тиббиёт, тарих, биология, фалсафа, фиқҳ, мантиқ, адабиёт, мусиқа фанлари ниҳоятда ривожланган. Манбаларга кўра, Хоразм Маъмун академиясида 400 га яқин алломалар фаолият юритган. Бу академия қошида ҳам фаннинг турли соҳаларига оид илмий лабораториялар, фан марказлари, кутубхоналар, асарларни кўчирадиган хаттотлик, саҳҳофлик даргоҳлари, кўплаб мадрасалар бўлган. 

Камол МАТЁҚУБОВ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin

Талабалар учун янги имкониятлар

admin

Келишув битими – муаммо ечими

admin